Гап муҳаббат ва нафратдан кетар экан бу масалада футбол ҳаётга, ҳаёт эса футболга ўхшайди. Ҳар иккаласида ҳам сиз қанчалик иқтидорли бўлманг, қанчалик яхши одам бўлманг, қанчалик узоқ йиллар машаққат билан бошқалар учун меҳнат қилманг ҳаммасини биргина хато ёки ўйламасдан қилинган иш барбод қилади ва миллионларнинг сизга бўлган муҳаббатлари саноқли сонияларда батамом нафратга айланади. Бунга тарихда мисоллар кўп. Футболчилар орасида ҳам, даҳолар орасида ҳам, ҳатто оддий одамлар орасида ҳам.
Футболдаги ана шундай хатоларнинг энг машҳури ва мухлислар муҳаббатининг саноқли сонияларда нафратга айланиши бўйича энг биринчи ўринда турадигани бу кеча 18 февралда ўз туғилган кунини нишонлаган италиялик машҳур футболчи Роберто Баджонинг қилган хатосидир.
Ёш авлод бу ҳақда яхши билмас, ўтган асрнинг 80-йилларнинг охиридан 90-йилларнинг охиригача Италия футболининг гуллаб-яшнаган даври бўлди. Айниқса Италия "А" серияси ҳар жабҳада бошқа миллий биринчиликлардан бир бош поғона юқорида юрди. Шу муддат орасида дунёнинг энг кучли ўйинчилари шу ерда, "А" серияда ўйнадилар. Ва ҳатто ўшанда "А" серия ҳақли равишда "Дунёнинг кичик чемпионати" номини ҳам олган эди. Қайерда бир юлдуз пайдо бўлса уни биринчи навбатда Италия жамоалари сотиб олардилар.
Шу туфайли ҳам ўша даврда жаҳонга машҳур Марадона "Наполи" жамоасида, Ван Бастен, Гуллит ва Райкарддан иборат "учар голландлар" "Милан"да ўйнашар эди. Ва яна кўплаб дунёнинг энг сара ўйинчилари "А" серияда йиғилган эдилар. Шу туфайли ҳам ўша йилларда Еврокубокларни учаласини ҳам бир йилда Италия жамоалари ютган йиллар ҳам икки-уч марта бўлганди.
Ўша йилларда "А" серия кучайиб кетиши билан бирга Италия терма жамоаси ҳам кучли ўйин кўрсатиб 1990 йилдаги ўз уйларида ўтказилган ЖЧда бронза, 1994 йилги ЖЧда эса кумуш медални қўлга киритгандилар. Ана шу терма жамоа сафида бизнинг қаҳрамонимиз Роберто Баджо ҳам бор эди.
1990 йилда "Фиорентина"дан "Ювентус"га кўчиб ўтган қаҳрамонимиз шунчалик зўр ўйин кўрсатардики буни натижасида у 1993 йилда жаҳоннинг энг зўр ўйинчиси бўлди ва яна "Франс Футбол" нашри томонидан Европанинг энг зўр ўйинчисига бериладиган "Олтин тўп" совринини ҳам қўлга киритди. Қаҳрамонимизнинг ажойиб ўйинларидан баҳраманд бўлган мухлису мутахасислар "агар Италия терма жамоаси 1994 йилда бўлиб ўтадиган ЖЧ ҳам муносиб қатнаша олса жаҳоннинг энг яхши ўйинчиси совринини яна бор Баджо ютади" деб тахмин қила бошладилар. Амалда ҳам ўша тахминлар ўзини қисман оқлади. Роберто ЖЧда ўз терма жамоаси учун борини бериб ўйнади ва унинг финал чиқиб бориши учун ўз ўйинлари билан ёрдам берди. Аммо, финалда Роберто кейинчалик бир умр мухлислар томонидан ҳам, ўзи томонидан ҳам унутилмайдиган ўта қўпол хатога йўл қўйди. Биргина голи ҳаммасини ҳал қилиши ва унга яқин келажакда яна кўплаб совринлар-у, олам-олам шуҳрат олиб келиши мумкин бўлган ҳолатда у ўйин лотереяси бўлмиш пенальтилар сериясида Бразилия терма жамоасига гол ура олмади. Ҳа, тўп дарвозага тўғри борса майли эди. Дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди. Робертонинг бу хато зарбасидан кейин шу пайтгача уни бошларида кўтариб юришга тайёр бўлган миллионлаб мухлислари саноқли сонияларда уни батамом ёмон кўриб қолдилар ва ундан нафратланадиган одамларга айландилар.
Роберто ўша пайтда кўп нарса йўқотганини балки англаб етган, балки англаб етмагандир. Аммо у ўша голга айлантира олмаган пенальтиси туфайли саноқли сонияларда итальян халқининг қаттиқ нафратига сазовор бўлди.
Биринчи ҳатти-ҳаракат ўша ўйинни бевосита стадионда томоша қилиб ўтирган мухлислар томонидан қилинди. Улар тинимсиз равишда Робертони бор овозлари билан бақириб сўкардилар. Ундан кейин эса Робертонинг пенальтидан гол ура олмаганидан аламзада бўлган мухлисларни тўхтатиб бўлмай қолди. Бу нарсага ўйин тугаган заҳоти ўз газета ва журналларида Робертонинг гол ура олмаганидан кейин бошини чангаллаб ушлаган ҳолатидаги расмини қўйиб у ҳақда танқидий мақолалар чоп этиб, уни ландовурдан ландовурга солган журналистлар ҳам яхшига ҳисса қўшдилар. Италия терма жамоаси ўз ватанига етиб келиб, футболчилар самолётдан тушар эканлар минглаб мухлислар Робертони "Йўқол ландовур", "Даф бўл омадсиз" деб ёзилган плакатлар билан кутиб олдилар.
Энг ёмони эса у тўп сураётган "Ювентус" жамоасининг мухлислари ҳам жамоа раҳбариятидан Робертонинг жамоадан ҳайдаб юборилишини қаттиқ талаб қилиб чиқдилар.
Унга энг алам қилгани "Ювентус" мухлислари ҳам, терма жамоа мухлислари ҳам ҳал қилувчи пенальтидаги биргина ўша ахмоқона зарбасини деб унинг терма жамоадаги ва "Ювентус"даги кўплаб ҳал қилувчи ва ғалаба келтирувчи голларга муаллифлик қилганини, унинг терма жамоада ва "Ювентус"да қилган заҳматли меҳнатларини саноқли сонияларда унутдилар. У энг кўп мана шундан азобланди. Ва ўша мухлисларнинг ҳақорат-у нафратига учраганидан кейин энди футболни завқ билан ўйнамайдиган бўлди.
Кечагина ўз соч турмакларини Робертонинг орқаси думли соч турмагига ўхшатиб юрган ўн минглаб мухлисларнинг энди Робертони кўришга кўзлари, отишга ўқлари йўқ эди. Мухлисларнинг жамоадан Робертони йўқотиш керак деган талабларига қарши бора олмаган "Ювентус" жамоасининг раҳбарлари кейинги йил қаҳрамонимизни "Милан" жамоасига сотиб юборишди. Аммо Робертонинг ўйини "Милан"да ҳам унча ўхшамади. Бунга сабаб эса "Милан" билан Италиянинг турли шаҳарларига борар экан, у ҳар қадамда унга нисбатан бўлган нафратларини ошкора бетига айтадиган "тиффози"ларга дуч келавергани бўлди. Уларнинг ҳақоратлари унга кўп азоб берарди. У ҳаммасига чидарди. Аммо кундан-кун у футболдан совуб борарди. Мухлисларга уни ўша хатосини бироз унутишлари учун уни ишидан ҳам ўтиб тушадиган янги бир ҳодиса керак эди. Аммо ҳа деганда ундай ҳодиса юз бермади.
Фақатгина фаолиятининг сўнгги тўрт йилини камтарона "Брешиа"да ўтказган қаҳрамонимиз футболни яна завқланиб ўйнай бошлади. Ва тўрт йил давомида "Брешиа" учун кўплаб муҳим голларни уриб берди ва охир-оқибат бутсасини михга илди.
Унинг жамоавий ва шахсий совринлари жудаям кўп. Ўзи ҳам маҳоратли етук ўйинчи бўлган. Шу туфайли ҳам ФИФАнинг ХХ-асрнинг энг кучли футболчиларини аниқлаш учун ўтказган сўровномасида у Марадона, Пеле ва Эйсебиодан кейин тўртинчи ўринни қўлга киритган эди. Уни ўша пенальтидаги хато зарбаси туфайли итальян "тиффози"лари ёқтирмай қолганлари билан дунёда унинг яна миллионлаб мухлислари бор эди. Ўша хатосидан кейин италиялик мухлислар унга тақлидан қилган соч турмакларини кестириб ташлаган бўлсалар-да, унинг жаҳон бўйлаб сочилиб кетган мухлислари унинг ўзидан ҳам, уникига ўхшаган соч турмакларидан ҳам воз кечмаган эдилар. Шу туфайли ҳам у фаолиятининг охирги йилларини камтарона "Брешиа" жамоасида ўтказганида халқаро аудиторияда бу жамоанинг ўйинларига қизиқиш бирдан кескин ошиб кетган эди. Роберто туфайли ўшанда бу жамоанинг мухлислари ҳам анча кўпайиб қолган эди.
Мутахасисларнинг фикрларига кўра ўша омадсиз пенальти бўлмаганида у камида тўрт-беш йил жаҳон футболида энг зўр ўйинчи бўлиб юрарди. Аммо унинг тақдирида ўша пенальти голга айланмаслиги ёзилган эди.
Кеча 18 февралда ижтимоий тармоқлар орқали унинг таваллуд топган куни эканини билиб у ҳақда нималарнидир ёзишни ният қилдим. Зеро бир пайтлар ёш бўлсамда мен ҳам унинг ажойиб ўйинларидан баҳраманд бўлганман, кўриб завқ олганман.
Унинг тақдири бироз ўзгача ва қийинроқ бўлди. Аммо у сабр билан ҳаммасини енгиб ўтди. Шу туфайли ҳам унинг ўйинларини кўриб завқ олган миллионлаб мухлислар ҳанузгача уни менга ўхшаб ажойиб хотиралар билан эслайдилар. Зеро у шунга лойиқ футболчи бўлган.
Комментариев нет:
Отправить комментарий