Бироз ақлини таниган одам биладики бу дунёнинг ўзи ҳам, ундаги нарсаларнинг ҳам, одам умрининг ҳам, ҳамма-ҳаммасининг ибтидо ва интиҳоси бор.
Инсоннинг умрига қарайдиган бўлсак ёшликнинг ҳам, гўзалликнинг ҳам, бахтли кунларнинг ҳам, қайғули дамларнинг ҳам, боши ва охири бор. Маъжозий маънода Холиқ Зот дунёни ана шу ибтидо ва интиҳо устига қурган десак ҳам янглишмаймиз. Шундай ҳолатлар бўладики мана шундай ибтидо ва интиҳоли ҳолат бир марта эмас бир неча марта содир бўлиши ҳам мумкин. Масалан вулқонларга ўхшаб. Уйғонади, сўнади. Яна уйғонади, сўнади. Бу ҳолат одамларда ҳам рўй бериши мумкин. Яратган бирида омадни беради, бирида уни опқўяди. Яна беради, яна опқўяди. Инсон ризқининг кўпайиши ва камайиши ҳам шунга ўхшаш нарса.
Энди буни футбол жамоаларинг ҳолатлари билан кўрадиган бўлсак жамоа бир кучайиб, зўр ўйин кўрсатиб, қисқа вақтда қўша-қўша совринларни ютиб, бирида эса умуман ўйнай олмай, буни натижасида қўйи лигаларга тушиб кетиши ҳам мумкин. Даврлар ўтиб эса яна бошқатдан муваффақиятли бўладиган бир даврни ибтидосига қадам қўйиб, яна кучли ўйнаб совринлар юта бошлаши мумкин. Кейин яна пастга шўнғиш, кейин яна кўтариш,яна шўнғиш... Ана шу жараён ҳам ибтидо ва интиҳо қоидаларига асосланади.
Кеча "Барселона" жамоаси ЕЧЛ нинг нимчорак финалида Парижнинг "ПСЖ" жамоасидан яхшигина тарсаки еди ва 0:4 ҳисобида ютқазди. Бу натижадан кейин жамоанинг кейинги босқичга чиқиши ўта қийин иш бўлади. (Ўзимнинг тахминим; чиқа олмайди). Жамоанинг Ла лигададаги ишлари ҳам унчалик яхши эмас. Жамоа "Реал" жамоасидан анча орқада қолиб кетган. Шу туфайли ҳам кўпчилик Барселонанинг инқирозга учраётгани ҳақида гапира бошладилар. Албатта битта ўйиндаги мағлубият ҳеч нарсани англатмайди Ҳали жамоанинг инқирози ҳақида гапиришга эрта. Яраланган шер янада ваҳшийлашиши ҳам мумкин. Аммо ёмон бир статистикага кўра жамоанинг ЕЧЛда охирги марта мағлубиятга учраб курашни нимчорак финалда тўхтатганига анча йиллар бўп кетган экан. Жамоанинг мухлислари ҳам, душманлари ҳам бу жамоанинг ҳар йили камида ярим финалга чиқиб боришига ўрганиб қолишган эди. Ана шу сабаблар туфайли ҳам ҳозир ҳамма жамоанинг инқирозини гапираётган бўлса ажабмас.
Албатта, "Барселона"да инқироз бошланди" дейишга ҳали эрта. Аммо, юқорида "ҳар бир ишни, даврни ўз ибтидоси билан бирга ўз интиҳоси ҳам" бор деганимдай "Барселона"нинг дунё футболида юқори ўринларда юришининг ҳам ўз интиҳоси бор. Жамоанинг ҳозирги юксак даражага чиқиши 2005-йиллардан бошланган эди. Олдинига Райкард, ундан кейин Пеп Гвардиола, ундан кейин ҳозирги мураббий Луис Энрике бошчилигида жамоа кўплаб мусобақаларда армонсиз, ҳатто ҳасад кўзи билан қаралса бошқаларга навбат бермай ҳам ютди. Шу йиллар орасида жамоа ўзи иштирок этадиган турли мусобақаларда мутахасис ва мухлислар томонидан доим фаворит ва ғолибликка асосий даъвогарлардан бири сифатида баҳоланди. Жамоа ҳам шу баҳоларга мос ўйин кўрсатиб кўплаб совринларни қўлга киритди. Энг муҳими, жамоанинг энг катта ютуғи бошқа ҳеч қандай жамоада бўлмаган ва бошқалар ҳавас қилиб ўзлаштиришга уринган "Барселона" услубида ўйнаш" номи билан аталадиган ўз услубини яратди. Ҳатто бу масалада дунёга машҳур жамоалардан бири "Реал" ҳам "Барселона" каби мақтана олмайди. (Албатта бу ерда "Реал" жамоасини камситиш ниятида ёзилмади.) Аммо, бир кун келиб бу муваффақиятли одимларнинг интиҳоси албатта бор. Бугун бўлмаса эртага, эртага бўлмаса индин барибир бу иш вақтинчаликка бўлса ҳам содир бўлади. Албатта, ўшанда Барселона қўйи лигага тушиб кетмас ёки жамоа тарқатилиб юборилмас, аммо ҳозиргидай ютуқларни кетма-кет юта олмай қолиши мумкин.
Ҳозир Барселона ҳақида ёзаяпману аммо бу ҳолат кўтарилиш ва пасайиш, яъни муваффақиятли дамларнинг ибтидоси ва интиҳоси борлигидан ҳеч бир футбол жамоаси омон қолмаган ва омон қолмайди. Аксарият жамоаларнинг тақдири шу. Узоққа бормайлик, АПЛни олайлик. Бу чемпионат ҳали АПЛ деб аталмасидан олдин ўтган асрнинг 70- йилларидан бошлаб "Ливерпуль" жамоасининг олдига тушадиган жамоа бўлмаган. Ўн беш-йигирма йил давомида жамоа ўзи иштирок этган ҳамма турнирларда ютиб чиққан. Совринларни армонсиз йиққан. Аммо ўтган асрнинг 85-йилларидан бошлаб жамоанинг ишлари орқага кета бошлади. Бироз ўтиб эса Англия футболида гегемонлик "МЮ" қўлига ўтди.
Фергюссон бошчилигида бу жамоа ҳам узоқ йиллар Англия футболининг гегемони бўлди. Ўнлаб АПЛ чемпионлиги, Англия кубоги, ЕЧЛ ғолиблиги ва ҳоказо кўплаб ютуқларни қўлга киритди. Энди эса бу жамоа ҳам ўша ютуқларнинг интиҳосини ўзида ҳис қилиб кўраяпти ва мана икки-уч йилдан бери АПЛда чемпион бўлиш уёқда турсин ЕЧЛга йўлланма берувчи кучли тўртликка ҳам кира олмай Европа миқёсидаги иккинчи даражали турнир бўлмиш Европа лигасида айланиб юрибди.
Агар мисол келтираман деса дунё футболида кўтарилиш ва пасайишга учраб ўзида муваффақиятларли юришларнинг ибтидоси ва интиҳосини ўз бошидан ўтказган жамоалар жудаям кўп. Гарчи мен "Барселона" жамоасига бироз мухлислик қилсам-да унинг бугунги кундаги муваффақиятсизликларига куюнмаяпман. Тўғри, жамоа ҳали инқирозга учрамади. Аммо инқирозга учраса ҳам буни тўғри тушунаман. Чунки муваффақиятли дамлар ва ютуқларга бурканиб юриш бу вақтинчалик ҳолат. Кимлардадир бу "Лестер"га ёки бир пайтлар порлаб чиқиб кейин қандай порлаб чиққан бўлса ўшандай сўнгган "Лидс"га ўхшаб қисқагина даврда бўлиб ўтар. Яна кимлардадир бир пайтлардаги "Ливерпуль", "МЮ" ёки ҳозирги "Барселона"га ўхшаб ўн-ўн беш, балеки йигирма йиллаб давом этади.
Шундай экан "Барселона" ютуқларга бурканиб юриш даврининг ибтидосини бошлаб қўйганига анча йиллар бўлди. Энди қачонлардир унинг интиҳоси ҳам албатта содир бўлади. "Қошиқ навбати" эса кимгадир ўтиб кетаверади. Шундай экан хотиржам бўлаверайлик азиз мухлислар!
Р.С. Балки юқоридаги гаплар Барселона мухлисларига ёқмас. Аммо начора, ҳақиқат аччиқ бўлади. Юқорида айтдим ўзим ҳам бу жамоага бироз мухлислик қиламан. Аммо, на чора ҳамма нарсанинг ҳам ибтидоси бўлганидек албатта интиҳоси ҳам борлигини биламан. Балки Барселонинг ютуқли дамларининг интиҳоси ҳали бери яқин ўн йилларда ҳам келмас. Агар шундай бўлса интиҳонинг орқага сурилгани учун мен ҳам фақат хурсанд бўламан.
Комментариев нет:
Отправить комментарий