среда, 1 февраля 2017 г.

Пул топиш йўллари ёки яна ўша Машарипов.

Назаримда кунлар жудаям тез ўтиб кетаётгандай. Мана ҳаш-паш дегунча 2017 йилнинг биринчи ойи ортда қолиб, иккинчи ойига ҳам ўтиб олдик.
Бизда ҳали мавсум бошланмаганига қарамай шу ўтган бир ой ичида футболимизда бир нечта шов-шувли воқеалар ҳам содир бўлиб улгурди.  "Бухоро" ва "Олмалиқ" жамоаларидаги кескин ўзгаришлар, "Насаф"нинг куни кеча бўлиб ўтган ўйинни йирик ҳисобда ютиб ОЧЛнинг гуруҳларга саралаш ўйинларининг кейинги босқичига чиқиши каби ҳодиса-воқеалар мухлислар томонидан ижтимоий тармоқларда ҳам, футболга ихтисослашган сайтларда ҳам роса муҳокама қилинди ва қилинаяпти. Шу орада икки кун олдин яна бир янгилик мухлислар учун ажабланарли бўлди. Бу янгиликка кўра "Пахтакор" ўзининг асосий ўйинчиларидан бири бўлмиш Ж. Машариповни ўзининг рақиби "Локомотив" сафига ижарага берган.
Бу янгилик эълон қилиниши ортидан "Пахтакор" мухлислари ва ва "Пахтакор"ни ёқтирмайдиган мухлислар ижтимоий тармоқларда ҳам, кўча-куйда ҳам ўзаро баҳс мунозара-ю муҳокамани бошлаб юбордилар.

"Пахтакор" мухлисларининг фикрига кўра жамоа Машариповни "Локомотив"га бериб юборгани билан кучсизланиб қолмайди ва жамоада унинг ўрнини босадиган бошқа ўйинчилар етарли. Ва "Пахтакор" жамоаси бир ўйинчига боғланиб қолмаган.
"Пахтакор"ни ёқтирмайдиган мухлисларнинг фикрига кўра эса "Пахтакор" жамоасининг раҳбарлари пулни жудаям яхши кўрадилар ва Машариповни "Локомотив"га бериб уни ўзлари қатнаша олмаётган ОЧЛ да "реклама" қилишни ва шу йўл билан агар Машариповга чет эллардан харидор чиқса уни яхшигина сотишни мўлжаллаганлар.
Аксарият футбол журналистларининг ва мутахасисиларнинг фикрича эса ўзи шундоқ ҳам бу йил ОЧЛ га йўлланма ололмаган "Пахтакор" раҳбариятининг жамоани кучайтириш учун бир-иккита моҳир ўйинчиларни жамоага таклиф этиш ўрнига ўзининг асосий ўйинчиларидан бири бўлмиш Машариповни "Локомотив"га бериб юбориши бу ўта тушуниб бўлмас ҳолат ва мантиқсизликдир.

Албатта, бу ерда ким тўғри фикрлаганини вақт кўрсатади.
Агар "Пахтакор" миллий чемпионатда Машариповсиз ҳам ўйнаб совринли ўринлардан бирини эгаллаб ОЧЛ га йўлланмалардан бирини қўлга киритса унда "Пахтакор" мухлислари ҳақ бўлиб чиқадилар.
Агар Машарипов ОЧЛ да ўзини кўрсата олса ва бирон-бир таниқлироқ хориж (Осиёдан ёки Россиядан) жамоасидан таклиф тушса ва сотилиб кетса унда "Пахтакор"ни ёқтирмайдиганлар ҳақ бўлиб чиқишади.
Агар "Пахтакор" ушбу мавсумда ҳам бўш ўйин кўрсатиб яна ОЧЛ га йўлланмалардан бирини қўлга кирита олмаса унда футбол мутахасисилари ва журналистлар ҳақ бўлиб чиқишади. Ҳозирча эса воқеалар ривожини кутамиз.

Қўйида эса мен масаланинг бошқа бир жиҳатига эътиборларингни тортмоқчиман.
Келинг, гапни "Пахтакор"ни ёқтирмайдиган футбол мухлисларнинг фикрларига тўхталиб бошлайлик. Хўш, "Пахтакор" раҳбарияти пулни яхши кўришса ва жамоа бюджетини бошқаларга ўйинчи сотиб ёки уни ижарага бу йўл билан жамоа учун пул ишлашса буни нимаси ёмон?
Бизнинг футболимизнинг нега аросатда юрганини асосий сабаби нимада, биласизми? Энг асосий сабаби бу жамоаларнинг ўзлари пул ишлаб топишга уринмасликлари, аксарият жамоаларда маркетинг деган тизимни умуман йўқлигидир. Мана шу сабаб туфайли ҳам аксарият жамоаларимиз кимларнидир эшигини тагида худди тиланчилардай қўл чўзиб пул сўраб ўтирадилар ва доим маблағ етишмовчилиги муаммоси билан яшайдилар. Тузукроқ маблағ топа  олмасликлари туфайли ҳам аксарият жамоалар тузукроқ ўйинчилар ва легионерларни ўз сафларига таклиф эта олмайдилар. Мана шу сабабли ҳам доим совринли ўринлар учун эмас, балки Олий Лигадан тушиб кетмаслик учун ўйнаб юраверадилар. Хўш, мана шу ҳолатда "Пахтакор" бўлишни, ўзининг бир ўйинчисини четга сотиш учун реклама қилиб бериш учун ОЧЛ да ўйнайдиган яна бир бошқа жамоага ижарага беришни, умуман ўша футболчидан фойдаланиб ҳар қандай ҳолатда пул ишлашни нима ёмон томони бор? Жамоа ўғирлик қилаётган йўқ-ку! Ўзининг бир ўйинчисини жамоага фойда келтириши учун ижарага бермоқда. Уни ОЧЛ да муносиб ўйнаб оти чиқишини, янада танилишини хоҳламоқда. Буни нимаси ёмон? Қани эди юртимиздаги ҳар бир жамоа мана шу тахлитда ишлаб, кичкина бир деталдан ҳам ўз жамоаси учун фойда келтириши мумкин бўлган ҳолатларни ҳар биридан оқилона фойдаланса эди.
Мухлисликни бир четга суриб қўйиб вазиятга холис баҳо берилса "Пахтакор" энг тўғри йўлни тутди. Баъзи ташкилотларнинг эшигида маблағ умидида тиланиб ўтиргандан кўра мана шунақа йўллар билан бўлса-да бироз маблағ ишлаб олишнинг нимаси ёмон?

Р.С.  "Мен Пахтакор"нинг мухлиси эмасман. Ҳатто уни ўша 2001 йилдаги "терма жамо базаси" ишидан кейин умуман ёқтирмай қолганман. Аммо, мени "Пахтакор"ни ёқтирмаслигим футболимиздаги жамоаларнинг боқимандаликлари ва маркетинг масалаларига бўлган эътиборсизликларини ёқтирмаслигим олдида ҳолва. Чунки, мана шу омиллар туфайли, (ўз-ўзини маблағ билан таъминлай олмаслиги, маркетингни йўқлиги ва ҳоказолар) биз минг "футболимиз ривожланмоқда" деб жар солмайлик футболимиз 25 йилдан бери бир жойда депсиниб турибди холос.(Олий лигамиз ва жамоаларимиздаги аҳвол назарда тутилмоқда) "Пахтакор"нинг ўз ўйинчисини қандайдир манфат учун бошқа бир жамоага бериб юборгани футболимиз учун ҳам "Пахтакор"нинг ўзи учун ҳам бу фожеа эмас. Ҳақиқий фожеа бу қолган жамоаларнинг пул топишда "Пахтакор"дан ўрнак олмасликлари ва 25 йилдан бери боқиманда бўлиб юрганларидир.

Комментариев нет:

Отправить комментарий