воскресенье, 22 января 2017 г.

Мен шаҳар(пойтахт)да яшашни(ёки ҳаммаёқ шаҳар(пойтахт) бўлишини хоҳлайман.

Шаҳар сўзи форс тилидан тилимизга кириб келганини биламан. Аммо қачон кириб келган ёки ўша форсийларда қачондан бошлаб одамлар йиғилиброқ яшайдиган жойларга "шаҳар" атамасини қўллай бошлашган буни билмайман.

Дунёда катта-кичик жудаям кўп шаҳарлар бор. Буёғи бир неча ўн миллион одамлар яшайдиган йирик мегаполислардан тортиб, бир неча юз одам яшайдиган шаҳарчаларгача бор.
Шаҳар мақомини бериш турли давлатларда турли хил. Баъзи давлатларда бор йўғи минг киши яшайдиган аҳоли пункти ҳам шаҳар ҳисобланса, баъзи давлатларда ўн минг одам яшайдиган аҳоли пункти шаҳар ҳисобланади. Яна кимлардадир шаҳар мақомини олиш учун бундан-да бошқача қандайдир талаблар ҳам бор.

Очиғи бизнинг мамлакатимизда шаҳар мақоми қандай ҳолатда берилади буни билмайман. Билганим бизда асосан пойтахт, вилоят ва туман марказлари шаҳар мақомига эга.
Тўғри шаҳарларимиз орасида вилоят ва туман марказлари бўлмаган шаҳарлар ҳам бор. Аммо улар бармоқ билан санарлидир.

Ҳозир аксарият қишлоқ жойларида яшайдиган одамлардан ҳар замонда "шаҳарда яшаш мазза-да" деган гапни эшитиб қоламиз. Улар бу гапларида асосан йирик шаҳарларимиз бўлган вилоят марказлари ва пойтахт Тошкентни назарда тутадилар. Чунки...

Бир пайтлар 1995 йилларда шаҳар билан қишлоқ фарқ қилмай қўйганди. Чунки ҳар иккаласида ҳам шароитлар қарийб бир хил эди. Шаҳарда бор свет ва газ қишлоқда ҳам бор эди. Ёки қишлоқда йўқ канализация шаҳарда ҳам аксар маҳаллаларда йўқ эди.
Масалан; 1995-2000 йилларда Тошкент шаҳрининг қоқ маркази(жа қоқ маркази бўлмаса ҳам, марказга яқин жой) бўлган Халқаро Бизнес Маркази, Миллий банк ва Интерконтинентал(ҳозир бу меҳмонхонани номи ўзгарган) меҳмонхоналари жойлашган ҳудуднинг рўпарасида жойлашган "Шивли"(ҳозир бу маҳаллани номи "Мирза Юсуф"га ўзгарган шекилли) маҳалласида ҳовлида яшаганман. Ўшанда бу маҳаллаларда канализация йўқ эди. Ҳожатхоналар қишлоқ жойларидагидай ердан кавланган, ҳаммомларнинг суви эса ердан кавланган ўрага тушиб кетарди. 2000-йиллар арафасида канализация тортилди ва мамлакатимиз ривожлангани сайин пойтахт тобора ривожланиб бораверди.
Қишлоқ жойларида эса аксинча бор шароитлар ҳам йўқолиб кетаверди. Олдинига кўп жойлардан газ кесиб ташланди. Кейин эса электр энергияси тақчиллиги юзага келаверди. Ундан кейин эса йўлларнинг дабдаласи чиқиб кетди ва ҳоказо.
Пойтахт ва вилоят марказлари бўлган шаҳарлар эса кундан-кун чирой очиб бораверди. Ҳукуматнинг эътибори ва ёрдами билан шаҳарларимизда аҳолига яратилаётган шароитлар ҳам тобора яхшиланиб бораверди.

Қишлоқ жойидаги энг асосий муаммолардан бўлган газ ва электр энергияси таъминотининг ўта ёмонлашганлиги ва буни натижасида баъзи ҳудудларда газ бутунлай кесиб ташланган ҳолда электр энергияси суткасига бор йўғи 2-3 соат берилаётгани ҳам бор гап. Албатта ҳудудларда газ ёнаётган ва чироғи ўчирилмайдиган, ўчирилса ҳам камроқ ўчириладиган ҳудудлар ҳам талайгина. Масалан 2016 йилнинг ёзида бир ой Андижон вилоятининг Хўжаобод, Жалақудуқ, Булоқбоши туманларида юрдим. У ерларда чироқ ёниб турибди. Ўчиришар экан. Аммо кам. (Мен ёзда борган эдим. Ёзда кўп жойларда электр таъминоти яхши бўлади. Балки ҳозир қишда ўчиришаётгандир.) Ёки кузда бир ой Қорақалпоғистон республикасининг Тўрткўл, Элликқалъа, Беруний туманларида ҳам бир ой юрдим. Кузнинг совуқ кунлари бошланганига қарамай уларда ҳам электр таъминоти қониқарли даражада эди. Аммо мен яшаётган ҳудудларда қишин-ёзин электр таъминоти суткасига 4-5 соатдан ортиқ берилмайди. Тўғри ёзда бироз яхши беришади. Аммо куздан бошлаб буёғи май ойларигача аҳвол ўта ёмон даражага тушади ва электрни суткасига ҳатто 1-2 соат берса беради. Бўлмаса ўша ҳам йўқ бўлади.
Охирги пайтларда одамлар Президент порталига ёзиб ҳам бу муаммони ҳал қила олишмади. Ёзилган шикоят бўйича келаётган маҳаллий маъсул шахслардан бири "нарёқда электр энергиясини ўзи йўқлигини" айтса, яна бири ҳудудимизнинг электр таъминоти идораларидан катта миқдорда қарз бўп кетганини айтади. Яна бири эса эскириб кетган подстанцияларни электр токини кўтара олмаслигини баҳона қилади. Унга "ахир байрамларда токни ўчирмай бераяпсизлар кўтараяптику" деб берган саволимизга эса жавоб йўқ.
Қарздорликдан гап чиқар экан электр билан узлуксиз таъминланган ўша пойтахтимизда ҳам, вилоят марказларида ҳам қарздорлик борлигини биламиз. Аммо уларда чироқ бор. Бизда эса йўқ.
Электр таъминотининг, газ таъминотининг йўқлиги мумкин эркакларга, йигитларга унча билинмас. Аммо касал-бемор бор, қариялар бор, ёш болали оналар бор. Асосан ана шулар қийналишмоқда.

Юқорида 2000-йилларгача шароит борасида қишлоқ ва шаҳар ўртасида тафовут камлигини ёздим. Ўша пайтда қишлоқ жойларида ҳам ҳамма қулайликлар бўлган. Масалан; эсимда музлаткич ҳар бир хонадонда бор эди. Кейинчалик эса чироқ ўчиб ёнавериб охири ўша музлаткичларни ҳаммасини ишдан чиқарди. Ҳозир одамлар музлаткич нималигини эсларидан ҳам чиқариб юборганлар. Чунки айримларни айтмаса кўпчиликда музлаткични ўзи йўқ. Электр таъминоти бўлмаган бизникидай жойларда эса музлаткич сотиб олишга ҳожат ҳам йўқ. Чунки уни ишлатишни барибир иложи йўқ.

Энди қўйида ҳозирги кунда шаҳар ва қишлоқларимиз орасидаги шароитларни фарқини келтираман.

Биринчи навбатда пластик карта ишлатишга шаҳар жойлари қулай. Қишлоқ жойларидаги савдо дўконлари ва аҳолига хизмат кўрсатиш шахобчаларининг аксариятига ҳали терминал етиб бормади.

Иккинчиси бу чироқ ва газ таъминотидаги фарқлар. Қишлоқларнинг аксариятида йўқ. Шаҳар жойларида эса узлуксиз берилади.

Учинчиси бу инфратузилмалардаги фарқлар. Шаҳар жойларида йўллар яхши аҳволда. Жамоат транспортлари қулай ва арзон қилиб ташкиллаштирилган. Умуман бу масала кўп соҳани қамраб олади ва шаҳарлар ва қишлоқлар ўртасида катта фарқ бор.

Тўртинчидан аҳолини нон ва нон маҳсулотлари билан таъминланишидаги фарқлар. Катта шаҳарларда ва пойтахтимизда "Ўздонмаҳсулот" га қарашли аҳолига арзон нонлар пишириб етказиб берадиган нонвойхоналар кўп. Қишлоқ жойларида эса бундай нонвойхоналар йўқ. Ҳатто аҳолига ўзимизнинг буғдойдан тайёрланган арзон унни етказиб беришда ҳам сансоларликлар мавжуд.

Бешинчидан шаҳар ва қишлоқлар орасидаги фарқлардан яна бири бу ёқилғи маҳсулотларини шаҳарларда бемалол топилиши ва қишлоқ жойларида анча йиллардан бери АЁҚШлар умуман ишламай бензин ва дизель ёқилғисининг қўлда, давлат белгилаб берган нархлардан анча қиммат нархларда сотилишидир.

Умуман олганда боғча дейсизми, ё маданий ҳордиқ чиарадиган масканлар дейсизми қишлоқ жойларида йўқ ҳисоби.

Очиғи, ёзаман десам қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги фарқлар, тафовутлар кўп экан. Ана шу фарқлар туфайли ҳам одамларимиз ўзларини шаҳарларга қараб уришади. Ана шу учун ҳам мен ҳам ўз оилам билан "чироғи ва гази ўчмайдиган, бир жумрагидан совуқ, яна бир жумрагидан иссиқ сув тушадиган шаҳарларда ёки пойтахтда яшашни хоҳлайман. Аммо ҳозирча буни иложи бўлмаяпти.

Шу ўринда ишим билан пойтахтда юрганимда пойтахтликлар томонидан қишлоқ жойларидан ёки вилоятлардан пойтахтга бориб яшаётган кишиларни  камситиб гапирилган ҳолатларни устидан чиқиб қолганман ва ўшанда доим мени жавобим "агар қишлоқ жойларида ҳам электр энергиясини, газни берса сенларни олдингга келиб сенларни қош-қовоғингга қараб яшашга вилоятликларни кўзи учиб тургани йўқ. Ҳаммаси мажбурликдан. Шу юрт, шу Ватан уларнинг ҳам юрти, уларнинг ҳам Ватанидир. Уларнинг ҳам одамга ўхшаб яшашга ҳаққи бор" деган гап бўлган.

Сўнгги сўз; Янги сайланган Президентимиз Шавкат Миромонович ўша вақтинчалик Президент бўлиб тайинланган кунларидан бошлаб маъсул шахслар олдига қишлоқ аҳолисининг йиллар давомида ҳал бўлмай ётган муаммоларини босқичма-босқич ҳал қилиш масаласини қўйдилар. Бу муаммолар кейинчалик у кишининг Президентликка ўз номзодларини  қўйганларида сайловолди дастурларида ҳам ўз аксини топди. Ниҳоят бу инсон Президент бўлиб сайлангандаридан кейин зудлик билан ўша сайловолди дастурларида келтирилган қишлоқ жойларидаги кўплаб муаммоларни ҳал қилиш ишига амалий ёндаша бошладилар. Шу туфайли ҳам минтақаларга қилаётган ҳар бир ташрифларида ўша минтақадаги қишлоқ аҳолисининг турли муаммоларини ечиш бўйича маҳаллий раҳбарларга кўплаб топшириқлар бермоқдалар. Мен ўша сайлов пайтида бу инсонга овоз бериб адашмаганимни қалбан ҳис қилиб турибман. Албатта қишлоқ жойларидаги муаммолар қисқа муддатда ҳал қилинадиган муаммолар эмас. Бунга бироз вақт керак. Биз қишлоқларда яшаётган аҳоли ўз Президентимизга ишонамиз ва яқин келажакда қишлоқ аҳолисини анча йиллардан бери қийнаб келаётган муаммолар ҳал қилинишига ишонамиз.
Бизнинг янада  фаровон кунларимиз Худо хоҳласа ҳали олдинда!
Ҳали кунлар келиб бизнинг Ўзбекистонимизда шаҳар ва қишлоқларда аҳолига яратилаётган шароитларда тафовут ва фарқ қолмайди. Биз, (шахсан мени ўзим ҳам) бунга ишонамиз.

Комментариев нет:

Отправить комментарий