пятница, 9 декабря 2016 г.

Кўпкари ва футбол (Қанчалик ўхшаш?)

Кўпкари-улоқ мусобақаси азалдан мардлар, жасурлар мусобақаси бўлган ва фақат юрагида ўти бор йигитлар кўпкари мусобақасида қатнаша олишган. Лекин шу кўпкари ҳам бизнинг ёшлик давримиздагидан ҳозиргиси анча фарқ қилиб кетибди. Юқорида айтганим кўпкарида мард, жасур йигитларнинг қатнашиши ўтмишда қолиб кетибди. Ҳозирги кўпкарида қатнашадиган йигитлар ҳам жисмоний бақувват бўлишлари мумкин, аммо уларда мардлик, жасурлик, ҳалоллик қолмабди.

Ёшлигимизда томоша қилган кўпкариларимизда соврин қўядиган кишилар кам бўлишарди. Эллик сўм, юз сўм пуллик солимларни кўпкаричи полвонлар роса талашиб, кейин ораларидаги чаққонроқ ва кучлироқлари узиб чиқиб маррага олиб келарди. Баҳслар жуда қизиқарли бўларди. Орада ишларим билан бўлиб кетиб кўпкариларга ҳам бормай кетдим ва ўтган йил бир нечта кўпкарини томошасига бордим. Бордиму, аммо борганимга пушаймонлар бўлиб келдим. Чунки энди майдонда мардлар, жасурлар эмас, балки ғирромлар ва ҳийлагарлар улоқ учун номигагина талашишарди. Йўқ, четдан қараганда улар улоқ учун худди жон-жаҳдлари билан курашгандай кўринаяптилар. Аммо эътибор билан кузатилса уларни ўз ролларини қойилмақом қилиб ўйнаётганларини гувоҳи бўласиз. Буни сабаби билан қизиқсам энди одам кўпайган, солимга соврин қўядиган кўпайган ва шу туфайли кўпкарини бошқараётган раис (кўпкарини бошқарувчи шахсни биз тарафларда "раис" дейишади) кетма-кет совринни миқдорини эълон қилиб улоқ ташлатаяпти ва яна бир тарафдан эса кимни неча пул тўёна қилиб соврин қўяётганини эълон қилиб бормоқда. Қисқаси оғзи оғзига тегмайди. Совринга қўйиладиган пулни эса ҳисоби йўқ.  Агар шу ўринда полвонлар ҳақиқий курашиб, жон-жаҳдлари билан баҳслашиб ўтираверишса минг уринишмасин совринга деб қўйилган пулни ҳаммасини олиб кета олишмайди. Чунки улоқ талашиб юраверишса совринни ҳаммаси ўйналмай вақт тугаб қолиб пул ёки бошқа буюмларнинг катта қисми тўйни эгасини ўзида қолиб кетаркан. Шу учун улар вақтдан ютиш учун энди олдингидай, биз ёшликда кўргандай улоқ талашмас эканлар, балки ўртага ташланган улоққа кимни қўли биринчи тегса гала бўлиб унга ёрдам бериб улоқни ўшани қўлига илдириб беришар ва у марра сари от қўйганида ёлғондан талашгандай қилиб орқасидан қувиб борар эканлар. Шу туфайли полвонлар улоқ ўртага олиб бориб ташлангандан тезда маррага қайтариб олиб келиб ташлаб ўз совринлари бўлмиш пул ёки нимадир бир буюмни тезда олиб кетаверар эканлар. Яна бир ғирромликлари маррага келишда ердан узиб олинган улоқни қўлда олиб келиш ўрнига кичкина чилвир билан билдирмай эгарни қошига боғлаб олиб келишар экан. Қисқаси энди кўпкари мардлар ўйини эмас, балки номардлар ўйинига айланиб бўлибди.

Хўш, бу гапларни, яъни кўпкарини футболимизга нима алоқаси бор деб ўйлаяпсизми? Жудаям алоқаси борда. Миллий чемпионатимиздаги ҳолат ҳам неча йиллардан бери мана шу ғирром ва номард кўпкаричи полвонларнинг ишига ўхшамаяптими? Полвонлар бир-бирларига ёрдамлашиб навбати билан улоқни олиб бориб ташлаганларидай бизнинг футбол жамоалар ҳам бир-бирига очко бериб, бир-бирларига ёрдамлашиб мавсум охиригача амаллаб келмаяптиларми?
Кўпкарида полвонларнинг бир-бирига ёрдамлашиб улоқни бири иккинчисига илдириб беришини "домкрат усул" дейишади. Бундай "домкрат усул"лар футболимизда ҳам бор. Мавсум охирида совринли ўринларга даъво қилмайдиган ўртамиёна жамоаларнинг ёки турнир жадвалининг юқорисидан жой олиб совринли ўринларни эгаллаб бўлган жамоаларнинг турнир жадвалининг охиридан жой олган жамоаларга охирги бир нечта турларда Олий Лигадан тушиб кетмасликлари учун ютқазиб бериб уларни баъзиларини турнир жадвалида тепароққа кўтарилиб олишларига ёрдам беришни бемалол ўша кўпкаридаги "домкрат усули"га ўхшатса бўлади.
Ёки кўпкарида қатнашаётган полвонларнинг зимдан ўзаро келишиб олишгани ва улоқни тез-тез навбати билан маррага олиб бориб ташлайверишлари бизнинг жамоаларнинг "мени уйимда сен очко бер, сени уйингда мен сенга очко бераман" ёки сеникида ҳам, меникида ҳам ўзаро дурранг ўйнаймиз" қабилида ўйнаб бир-бирларига очко беришларига ўхшамаяптими?
Ёки кўпкари ҳам охирги йигирма беш йилда мард йигитларнинг ҳалол баҳсидан ғирром йигитларнинг театрда роль ўйнашига ўхшаб қолган бўлса, миллий чемпионатимиз ҳам шу йигирма беш йилда биз минг бор "футболимиз ривожланмоқда" деб ўзимизни овутмайлик барибир орқага қараб кетаётгани ва майдонда футболчилар томонидан ҳақиқий фубол баҳсидан кўра "театр томоша"ига ўхшаш нарса кўрсатилаётгани айни ҳақиқат-ку!

Тўғри замонавий стадионлар, жамоалар қошидаги академиялар, жамоаларнинг базалари, умуман айтганда футбол инфраструктураси ривожланаяпти. Аммо бизнинг футболга энг керак бўладигани ўйин сифати ва футбол атрофидаги маркетинг ривожланмаяпти, истеъдодли ўйинчиларнинг етишиб чиқиши орқага кетаяпти, ўйинчилар ва жамоаларда курашувчанлик йўқолаяпти, ҳалоллик ва мардлик йўқолаяпти ва ҳоказо ва ҳоказо.
Бўлмаса биз шу йигирма беш йилда эҳҳе, қандай эксперементлар қилиб кўрмадик. Ҳали олий лигадаги жамоаларни  ўн саккизтага чиқардик, ҳали ўн тўрттага туширдик, яна ўн олтита қилиб қўйдик. Аммо буларнинг биронтаси олий лига ўйинларининг кескин курашлар билан ўтишига, жамоаларнинг курашувчанлигига, ҳалол ва мард ўйнашларига фойда бермади.
Яна камига ҳар йили аксарият жамоаларда бир хил муаммо; кимдадир мавсум бошида, яна кимлардадир мавсум охирида маблағ етишмаслиги бор гап. Аммо ҳеч ким анча йиллардан бери давом этиб келаётган бу муаммони қандай қилиб ҳал қилса бўлади деб уриниб ҳам кўрмайди.

Яқинда тўртинчи декабрда мамлакатимизда Президент сайлови бўлиб ўтди ва бу сайловларда шу пайтгача вақтинча Президентлик вазифасини бажарувчи бўлиб келаётган Шавкат Миромонович Мирзиёев мутлақ кўпчилик овоз билан ғалаба қозонди. Бу инсонни мутлақ кўпчилик овоз билан ғалаба қозонишида сайловолди дастурида у илгари сурган ва мамлакатимиздаги ҳар бир соҳани қамраб оладиган ислоҳотлар ўтказилиши ҳақидаги ваъдалари муҳим ўрин тутди. Сайловдан кейинги ўз партиясининг йиғилишида чиқиш қилган юрт раҳбари бундан буён ўша сайловолди дастурида эълон қилган ислоҳотларининг ҳеч бири эътибордан четда қолмаслигини ва ўша сайловдан олдин берилган ваъдаларни бажаришга қаттий киришишини айтиб халққа мурожат қилди. Албатта юрт раҳбарининг янгича ишлаш, халқ фаровонлиги ошиши йўлида ислоҳотлар ўтказиш режалари кўпчилик қатори мени ҳам тўлқинлантирди. Энди шу ўринда ЎФФ ҳам ёки доим халта-хуржун ишлари ва қарорлари билан ўзини обрўсини доим тўкиб юрадиган ПФЛ каби ташкилотлар ҳам бундан буёғига қўл қовуштириб ўтирмасдан ўз ташкилотларида ислоҳотлар ўтказиб, ишлаш тартибларини тубдан ўзгартириб ўзбек футболини ривожи учун ҳаракат қилишлари керак деб ўйлайман. Албатта  футболимизни ривожланмаётганига биргина улар сабабчи эмас, кўп нарса клубларни бошқараётган ташкилотларнинг раҳбарларига ҳам боғлиқ. Аммо ЎФФ ва ПФЛнинг ҳам "ўзбек футболининг катталари" деган номлари бор ва барибир улар ҳам ўзгаришлари ва ишлаш тартибларини ҳам ўзгартиришлари керак.
Энди эскича тартибда ишлаб бўлмайди.

Қисқасини айтганда футбол ишқибозлари футболимиздаги "ғирром кўпкари"дан  тўйиб бўлдилар. Энди бундан буёғига ишқибозларга ҳалол ва мард ўйин керак. Агар жамоаларнинг раҳбарлари ва футболчилари футбол ишқибозларини яна стадионларга қайтаришни ва футболимиз ривожланиб терма жамоамиз тузукроқ натижаларга эришишини хоҳласалар унда ҳалол ва мард ўйин кўрсатишлари керак. Акс ҳолда аҳвол яна баттарлашиб бораверади. Футбол фақат расмий статистика ёки ҳисобот учун ўйналмайди, балки ишқибозлар учун ўйналади. Шундай экан ишқибозлар доим ҳалоллик ва мардлик тарафдорлари бўлиб келишган. Асло ғирромлик ва номардлик тарафдорлари эмас!

Р.С. Кўпкарида ҳам, футболда ҳам яна бир ўхшашлик бор экан. У ҳам бўлса кўпкарида ҳамма полвонлар ёки футболда ҳамма футболчилар ҳам "номард театр актёрлари" эмас. Уларнинг орасида ҳам ҳалол улоқ талашадиган полвонлар, ҳалол футбол ўйнайдиган футболчилар бор. Аммо ишонинг улар ҳам катта қозонда номардлар билан бирга қайнаяптилар ва шу туфайли уларни борлиги ҳам билинмаяпти.

Комментариев нет:

Отправить комментарий