Дунёда турли хил қизиқарли дербилар ёки иккита принципиал рақиблар ўртасидаги ўйинлар жудаям кўп. Аммо, дунё бўйича оладиган бўлсак уларни ичида энг қизиғи "Реал" ва "Барселона" жамоалари ўртасидаги қарама-қаршиликдир. Бу қарама-қаршиликни дунёнинг энг кучли футболчилари бўлмиш Роналду ва Месси бу иккита бир-бирига ашаддий рақиб жамоалар сафида бир-бирларига қарши тўп суриб давом эттириб беришади. Шу туфайли ҳам дунёдаги ҳар икки мухлисдан бири "Реал" ва Роналду мухлиси. Яна бири эса "Барселона" ва Месси мухлисидир. Яхшиям Аргентина ва Португалия давлатлари иккита қитъада жойлашган. Акс ҳолда улар тез-тез ўзаро ўйин ўтказиб бу икки давлат ўртасидаги баҳс ҳам эл-классико даражасига чиқарди. Бахтга қарши улар иккита қитъда жойлашганлар ва Португалия ва Аргентина қандайдир халқаро мусобақада ҳатто тасодифан ҳам бир-бири билан учрашавермайдилар.
Дунёдаги кўплаб бошқа мухлислар қаторида юртимиздаги ҳар иккита футбол мухлисидан бири "Реал" ва Роналдуга мухлислик қилса, иккинчиси "Барселона" ва Месси мухлисидир. Ва табийки бу икки жамоа ва бу икки футболчига мухлислик қиладиганлар бу икки жамоа ва бу икки футболчи ўртасида бўлиб ўтадиган баҳс арафасида ва баҳсдан кейин кўча-кўйларда ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам бир-бирларини қаттиқ ҳақорат қилишга ўтиб кетадилар ва ёқтирган жамоаларини, ёқтирган ўйинчиларини мақтаб, рақибни камситиб бир-бирларини қаттиқ ҳақорат қилишгача борадилар. Ана шу баҳсларда қарс ҳар иккала қўлдан баравар чиқади. Бунда Мессининг сариқ сочи ҳам ёки Роналдунинг калготка кийиб юриши ҳам мухлисларнинг эътиборидан четда қолмайди ва улар бир-бирларини ҳақорат қилишда шу юқоридаги омиллардан албатта бир-бирларига қарши қурол сифатида ишлатадилар.
Шу ўринда таъкидлаб кетишни хоҳлардим, мени ўзим ҳам "Барселона" ва Месси мухлисиман. Аммо..., аммо ҳали шу пайтгача биронта "Реал" ва Роналду мухлиси билан сўкишмадим, қаттиқ баҳслашиб талашмадим. Фақатгина енгил ҳазиллашишдан нарига ўтмадим. Унда ҳам ҳаддим сиғадиган инсонларга.
Ҳозир мен қўйида оддий мухлисликнинг ашаддийликка айланишидаги бир омилни келтирмоқчиманки зора бу ёзганларим ўз севимли жамоаси ёки ўйинчисини деб ўз дўстини, миллатдошини, юртдошини сўкиб ҳақорат қиладиган мухлисларга дарс бўлса.
Менинг бир дўстим бор. Мен "Барселона" ва Месси мухлиси бўлсам, у "Реал" ва Роналдунинг мухлисидир. Олдинлари, бир неча йиллар олдин шу дўстим билан "Реал" ва "Барселона" ёки Роналду ва Мессидан ким зўрлиги ҳақида дўстона баҳслашардик. У пайтда ижтимоий тармоқларга у ҳам, мен ҳам унча кирмасдик. Орадан бир неча йил ўтиб мен ўзгармадим ва ўша жамоалар ва футболчилардан бири деб ҳозир ҳам кимнидир ҳақорат қилишдан, йироқман. Аммо у дўстим ҳозир анча ўзгарган. Ўзгарганда ҳам салбий томонга ўзгарган. Энди у бу икки принципиал рақиб жамоалар ва футболчилардан гап кетганда олдингидай оғир босиқлик қилиб ўтирмайди. Гап очилгандан рақиб жамоани ҳам, рақиб футболчини ҳам ва уларнинг мухлисларини ҳам ижтимоий тармоқларда қаттиқ сўкиб ҳақорат қилиб ёзиб ташлайверади. Кўча-кўйда ким биландир бу мавзуда баҳслашса ҳам ўзини тута олмай тезда "Барселона" ва Мессини сўкиб ҳақорат қилишни бошлаб юборади. Ўша пайтда унга гап ҳам, насиҳат ҳам кор қилмайди. Футбол аралашмаган пайтда эса ундан яхши, ундан одобли бола йўқ. Шундай хотиржам пайтларда ундан нега бунчалик ўзгариб кетганини ва шу икки жамоа ва икки футболчи шунчалик қаттиқ асабийлашишга ва миллатдош, юртдошларни сўкиб ҳақорат қилишга арзийдими деб сўрайман. Уни жавоби янада қизиқарли чиқади. "Ака, мени биласиз олдинлари ҳали унда ижтимоий тармоқларга кирмасдик бунчалик қаттиқ баҳслашмасдим, бунчалик сўкинмасдим. Ижтимоий тармоқларга энди киришни бошлаганимда ҳам шундай эдим. Аммо қарасам у ерда болалар бир-бирларини қаттиқ сўкиб ташлайверар эканлар. Биласиз "Реал" ва Роналдуни мухлисиман. "Барселона" ва Месси мухлислари икки жамоа ўртасидаги баҳсларда мени сўкавериб, ҳақорат қилавериб мени ҳам сўкинишга, авжига чиққанда рақиб жамоа ўйинчилари ва мухлисларини қаттиқ ҳақорат қилиб ташлашга ўргатишди. Шу ерда мен ҳам ўзимни оқламайман ва кимларнидир сўкоғич бўлиб кетганига ўз навбатида мен ҳам ўз сўкинишларим билан сабабчи бўлганман. Аммо барибир мени шу куйга солган Барселонанинг мухлислари ёки менинг севимли жамоам бўлмиш Реал жамоасига, севимли ўйинчим Роналдуга қарши бўлган кишилардир. Уларни мени севимли жамоам ва севимли ўйинчиларини ҳақорат қилаверишлари мени шу куйга солди. Охирги пайтларда ҳатто севимли жамоам ва севимли ўйинчим ҳақидаги салбий гапни кўча-куйда эшитсам, ё ижтимоий тармоқларда ўқисам мени руҳиятимда салбий тарафга қаттиқ ўзгариш юз бериб ўзимни ўзим идора қила олмайдиган ҳолга тушаяпман. Ишонасизми, охирги пайтларда Испания чемпионатида қайси жамоа чемпион бўлади ёки Роналду Олтин тўпни оладими, ё йўқми менга қизиқ бўлмай қолди. Менга қизиғи "Барселона"ни яхши ўйин кўрсата олмай қоқилиши ёки Мессини яхши ўйин кўрсата олмай, буни натижасида гол ура олмай қолиши қолиши ва шу қоқилиши туфайли мен уларнинг мухлислари устидан мазза қилиб кулишим, уларни ҳақорат қилишим бўлиб қолди. Ҳатто аҳвол шу даражада етдики фақат рақиб жамоа мухлисларини сўкиб ҳақорат қилиш учунгина жамоамни ва севимли ўйинчимни муваффақият қозонишларини хоҳлаб қолдим. Асло чиройли футбол ўйини ёки футбол ривожи ёки чиройли футбол намойиши учун эмас".
Дўстимни бу гапларини эшитар эканман ҳар икки жамоани, ҳар икки футболчини мухлислари бирдай ўзларини тутиб олишлари лозимлигини англаб етдим. Мен бу ерда ўзим мухлислик қиладиган жамоанинг мухлисларини биринчи навбатда оғирроқ бўлишларини ва ҳар хил сўкинишлар билан сўкинмасликларини сўрардим. Ҳозирги ҳар иккала жамоа ва иккала футболчининг мухлислари ҳаддиларидан ошиб, чегарадан чиқиб сўкиниб ўзлари гуноҳ қилганлари етмагандай, бошқаларнинг ҳам гуноҳга ботишларига сабаб бўлаётганларини тушуниб етишлари керак.
Дўстимни иқрорига ўхшаш иқрорни мен Барселона ва Месси мухлисларининг ҳам бир нечтасидан эшитганман. Яъни уларнинг ашаддийлашиб кетишларига нариги тарафдаги "Реал" ва Роналдунинг мухлислари сабабчи бўлишган.
Демак, аҳволни юмшатиш учун ҳар икки тараф мухлислари бир-бирини ҳақоратига чидай олмай қандай ашаддийлашишган бўлишса ана шундай юмшашлари керак. Чунки ўша жамоалар ва футболчилар минг дунёнинг энг зўри бўлишмасин иккита дўстнинг, иккита қўшнининг, иккита миллатдошнинг, иккита юртдошнинг бир-бирининг шаънига ҳақорат сўзларни айтиши, ёзишига ва шу туфайли гуноҳга ботишига арзийдими? Асло йўқ!
Эшитганмиз, ўқиганмиз дунёнинг турли бурчакларида ашаддийлашиш натижасида мухлисларнинг на бир ўзларини жонларини аямасликларини, балки рақибларнинг ҳам жонларига тажовузлар қилишларини, рақиб жамоа мухлислари билан муштлашувлар уюштиришлари, ўша муштлашувларда совуқ қуролларни ишлатиб бировларни жонига қасд қилишлари ҳам бор гап. Аммо, ишонинг бу йўлда ўша бировни жонига ҳам қасд қилишга тайёр турган кишилар ҳеч қанақасига футбол мухлиси эмас! Уларнинг тарбиясида ва руҳиятида қусурлар бор. Биз мухлислик йўлида ана ўшанақаларни ўзимизга ўрнак қилишдан сақланишимиз ва бошқаларни ҳам сақлашимиз ва бундай сохта мухлислик бизнинг орамизда ҳам тарқалишини олдини олишимиз керак.
Шу ерда бундан бир неча йил олдин Мисрда бўлиб ўтган фожеани эслашни ўзи кифоя.
Ўшанда, 2012 йилда Порт Саид шаҳрида Миср чемпионатининг "Ал Масрий" ва "Ал Аҳлий" жамоалари ўртасидаги учрашувда оммавий тартибсизлик юз берган ва бу тартибсизликда тубан кимсалар пиротехника воситалари ва қўлбола қуролларни ишга солганлари туфайли 74 киши ҳалок бўлган ва 300 киши турли хил тан жароҳати олган эди. Кейинчалик Миср суди шу тартибсизликларни уюштирган 11 нафар кишини ўлим жазосига ҳукм қилди. Аммо бу барибир ҳалок бўлган инсонларни тирилтириб бера олмайдику!
Бундай қонли воқеаларга сабаб бўладиган воқеалар ҳар-ҳар замонда дунёнинг турли бурчакларида юз бериб туради.
Мен оддий бир футбол мухлиси сифатида ўшандай ҳолат нафақат бизда, балки дунёнинг бошқа жойларида ҳам рўй бермаслигини, такрорланмаслигини хоҳлардим.
Юқоридаги ёзганларимни сиз азиз футбол мухлислари хоҳлаганиздай, хоҳласангиз насиҳат, хоҳласангиз огоҳлантирув, хоҳласангиз қуруқ сафсата деб ҳисобланг. Буни қандай қабул қилиш сизни тарбиянгизга боғлиқ. Мен шунчаки дўстона мухлислик тарафдориман холос. Сизни эса ўзингиз биласиз. Мен ёздим, огоҳлантирдим, сиз эса ўқидингиз. Бундан буёғига ўзингизни қандай тутиш, кимга қандай мухлислик қилиш ўзингизга ҳавола.
Комментариев нет:
Отправить комментарий