пятница, 12 февраля 2016 г.

"КЕСАРЧА"

"КЕСАРЧА"

(Ёки айрим виждонсиз духтирларнинг жиноятлари ҳақида!)

"Кесарча" нима экан деб, ҳайрон бўлаяпсизми? "Кесарча"-бу ҳомиладор аёлни туғруқ пайтида турли сабабларга кўра, ўзи туға олмаган боласини операция қилиб олишнинг номи. Шу тобда нега "Кесарча"ни эслаб қолганимга, бу ҳақда ёзаётганимга жиддийдан ҳам жиддийроқ сабаблар бор. Ўзи аслида бу ҳақда батафсил ёзиш ниятим бор эди, аммо орқага суриб келаётган эдим. Аммо ҳозир Nargiza Usanboyeva нинг бир гуруҳда ўз синглисининг бошига тушган воқеаларни ёзганини ўқидиму жим тура олмадим.

Дунёдаги мен ҳурмат ва ҳавас қиладиган касблардан бири бу тиббиёт вакиллари. Чунки, улар доим инсонларни соғлигини ўйлаб, доим уларга ёрдам беришга ҳаракат қилиб фидокорлик кўрсатадилар. Аммо уларнинг ораларида ҳам шундай ноинсоф ва виждониниям, иймониниям пулга қўшиб сотиб, одамларни даволаш ўрнига, уларни жонига қасд қилиб қотиллик қилиб юрганлари ҳам кўп. Нафс қулига айланган инсон жамият учун, одамлар учун, энг хавфли душмандан ҳам баттарроқдир. Чунки душманни душманлиги аниқ. Нафс қулига айланган инсон эса ўзини ёнингизда дўстдай тутсада аммо "ҳаққини" бермасангиз, ҳатто сизни жонингизга тажовуз қилишдан ҳам қайтмайди. Айниқса у қўлида тиғ ушлаган духтир бўлса, янада ёмон. Чунки одамни бўшаштирадиган уколни олиб, уни тиғини остида ётганингиздан кейин, у ҳоҳлаганини қилади. Ҳоҳласа ўлдиради, ҳоҳласа тирилтиради. Буёғи "ҳаққини" беришингизга боғлиқ.

Энди асосий гапга ўтаман. Анча йиллардан бери Ўзбекистонни ҳамма минтақаларида, ҳомиладор аёлларни туғиш пайтида, оқ халатли, нафсига қул бўлган, жирканч духтирлар томонидан мудҳиш бир жиноятлар қилинмоқдаки, бу ҳақда бошқа жим ўтириб бўлмайди.
Гап шундаки, айрим оқ халатли жирканч жиноятчилар туғриқхонага туғиш учун келган соғлом аёлларни, пул учун, "ўзингиз туға олмайсиз, болани операция қилиб олиш керак, бўлмаса оқибати ёмон бўлиши мумкин"- деб қўрқитиб ўзи туға оладиганларини ҳам қорнини ёриб "Кесарча" йўли билан боласини олмоқдалар.

"Бу ерда пулни нима аҳамияти бор"-дейсизми? Бу ерда пулни аҳамияти шундан иборатки, агар бир аёл ўзи туға олса, ҳамшира ва духтирларга арзимаган суюнчи пули беради холос.
(Суюнчи пулини "арзимас" деяпману, аммо у пул духтирлар учун арзимас пул. Аммо кўп оилалар ўша арзимас пулни топа олмай, кимдандир қарз олиб обориб бераётганлар ҳам бор. Кейин анча йиллар бўлиб кетди, бунақа "суюнчи пуллари"ни олиш туғруқхоналарда мажбурий бўлиб кетди. Йўқ , ўша суюнчи пулини бермасангиз ҳам ҳеч ким, ҳеч нарса дея олмайди. Аммо туққан аёлларда "шу суюнчи пулини бермасам, аламига боламга нимадир зарар етказишдан ҳам қайтмайди булар"- деган хавотир жудаям кучли. Шу учун унақа суюнчи пулларини қарз олиб бўлсада, олиб келиб ҳамшира ва духтирларга беришади. )
Агар ўзи соғлом туға оладиган аёлни табий туғдирмай, "кесарча" йўли билан операция қилсалар, энди суюнчи пули эмас, балки "операция ҳаққи" олишади.

Аммо, ўз нафсини қули бўлган айрим духтирлар, бу берилаётган суюнчи пулини кам санаб, туғадиган аёлларни кўпроқ пулини олиш учун, жирканчдан жирканч ишларга ҳам қўл уришмоқда. Бу ишлардан энг асосийси, юқорида ёзганим, соғлом ҳолда бўлиб, ўзи ҳам туға оладиган аёлларнинг баъзиларини "сиз ўзингиз туға олмайсиз, бу соғлигингизга жиддий хавф бўлиши мумкин, шу учун болангизни кесиб оламиз"- деб, соғлом, ўзи туға оладиган айрим оналарни ҳам операция қилиб боласини олаётганларидир. Бунда энди пациент оддий суюнчи пули билан қутилмайди. Ҳа, суюнчи пули билан қутила олмайди. Энди, операция бўлгандан кейин, соғлом ҳолида қорни кесилган онанинг яқинлари операцияни қилган духтирни рози қилиш учун яхшигина пулни беришади. Ҳа, ўзларида бўлмаса қарзга олиб бўлса ҳам олиб келиб беришади. Ҳеч ким қарз бермаса, нималаринидир сотиб бўлса ҳам, духтирни ҳаққини барибир олиб келиб беришади. Улар шунга мажбурдирлар. Чунки бунақа ишларни нархи ва ҳаққи операциядан олдин "келишилади".

Ноинсофликни, виждонсизликни, орсизликни қарангки, ёлғон аралаштириб, бир тарафдан соғлом аёлни қорини кесиб, яримта қилиб, иккинчи тарафдан "сенга хизмат қилдим, болангни қорнингдан кесиб бўлсада эсон-омон олиб бердим"- деб, уни пули олинмоқда. Ҳа, ҳам уни қорнини кесиб яримта қилинмоқда, ҳам ўша "жинояти" учун уни "рози қилиб" пули олинмоқда.
Бу жиноятни, бу бедодлик, бу виждонсизликни, бу разилликни охири борми? У разил Худодан қўрқмайдими. Унга ўша "ёлғон сценарий"да ёрдам бераётганларни, у билан шерикчилик қилиб, унга қайчи узатиб турганларни, ундан тепада ўтириб, ундан "ҳаққини олиб" мана шунақа жиноятни содир этганини кўра била туриб, кўрмасликка олаётганларни шунчалик ҳам Худо уриб қўйибдими? Уларни нафс йўлида мана шунақа жиноят қилаётгаларини ҳаққи бир кун келиб олинишини, ҳаммаси учун, аввало бу дунёда, кейин эса Охиратда жавоб беришларини, қасослар бир кун келиб, албатта олинишидан улар наҳотки билишмаса?

Бу юқорида ёзганим, яъни бир соғлом аёлни ҳам яримта қилиш, ҳам пулини олиш масалани бир томонидир. Масаланининг иккинчи томони эса бунданда аянчлироқдир. Чунки ўша виждон, иймон, инсоф, одамийлик, ҳамма-ҳаммаси пулга қўшиб сотиб юборилиб, соғлом бир аёлни яримта қилиб қўйиш жараёнида, уни, ёки уни боласини, эҳтиётсизлик оқибатида батамом ногирон қилиб қўйиш, ёки минг афсуслар бўлсин-ки, ўлдириб қўйиш ҳолатлари ҳам учраяпти.
Тушунаяпсизми, эътибор бераяпсизми, пул учун, нафс учун, онгли равишда қотиллик, ёки жонга қасд қилиш ҳодисаси содир бўлаяпти. Операция вақтида у, ёки бу ички аъзосини жароҳатлаб қўйишлари, ёки болани жароҳатлаб қўйишлари оқибатида она ва боладан биттаси ё вафот этаяпти, ёки бир умрга ногирон бўлиб қолаяпти.
Виждонсизлик, орсизлик, инсофсизлик шунчалик ҳам бўладими?

Шу ўринда муштарийларда "муаллиф ошириб юборибдику"- деган фикр келаётган бўлиши ҳам мумкин. Аммо шахсан ўзим шунақа ҳолатдан иккитасига гувоҳ бўлганман. Бир неча йил олдин маҳалладаги иккита аёлда шунга ўхшаш ҳолат содир бўлди.
Биттасини соғлом ҳолида "кесарча" қилиб, операция пайтида эҳтиётсизлик туфайли, болага жароҳат етказиб, болани онасини қўлига ўлдириб бердилар.
Иккинчисини эса, аёлни соғлом ҳолида "кесарча" қилиб, духтирлар операция пайтида эҳтиётсизлик қилиб, сийдик чиқариш каналини ҳам қўшиб тикиб юбориб, буни оқибатида сийдик аёлни қовуғига тушмай, қонга ўтиб, қонни заҳарлаб шу сабаб туфайли вафот этди.

Ҳар икки ҳолатда ҳам ҳужжатлар, бу ишларда духтирларнинг айбсизлиги ҳақида тўғирланиб қўйилган экан. Биринчисида боласи ўлган аёлнинг яқинлари кўп югуришди ва ўша аёл духтирни ишдан четлаттиришди. Аммо қамата олишмади. Қизиғи, ишдан ҳайдалган духтир опа, орасини бироз совутиб, икки йилдан кейин, яна ўша жойга ишига жойлашиб олди. Айтишларича ҳалиям ақлини йиғмаган ва ҳануз соғлом аёлларни пул учун, ёлғондан қўрқитиб, қорнини кесиб, боласини олиб, ўзларини яримта қилиб юрибди.
Иккинчисида эса вафот этган аёлнинг яқинлари ҳодисани Худога солишди, қўйишди. Марҳумани кўмиб келишгандан уч-тўрт кун ўтиб, уни операциясида қатнашган ҳамшира аёл келиб, марҳуманинг яқинларидан, онасиз бўзлаб қолган болаларидан йиғлаб, кечирим сўраб, "марҳумани нафс қутқусига учиб операция қилишди, аслида операцияга ҳожат йўқ эди, ўзи ҳам туға оларди"-деб кетибди.
Мана нафсига берилган айрим оқ халатли, одамларнинг соғлиги учун ёрдам бераётган духтирларнинг аҳволи. Одамларимизнинг лоқайдликлари, тепадагиларнинг унга шерикликлари сабаб, индамасликлари туфайли улар ўз виждонларини, инсофларини, одамийликларини юқотиб қотиллик қилмоқдалар. Кимларнидир жонларига, танларига тажовуз қилмоқдалар. Болаларни эса, онасиз бўзлаб қолишларига сабаб бўлаяптилар.

Ўйлаб кўрсам, жамият учун, одамлар учун энг хавфли шахслар, қандай касбда ишлашларидан қаттий назар, ўз нафсининг қули бўлган шахслар экан. Акс ҳолда айримлар томонидан нафс учун кимнидир жонига тажовуз қилинармиди? Нафс учун кимнидир ўлдирилармиди?
Ҳа нафсининг қули бўлган инсонларда на виждон, на иймрн, на инсоф, на одамийлик, ҳеч нарса қолмас экан. Ундайларнинг одамларнинг жонига қасд қилиши ҳам, кимнидир ўлдириши ҳам, Ватанни, иймонини сотиши ҳам осон экан.

Энг ёмони бунақа жиноят ва қотилликлар Ўзбекистонни ҳамма жойида кунда бўлмаса ҳам, кунора содир бўлиб турибди. Аммо бу ҳолатдан яхшигина хабардор бўлган ССВ ҳам, ёки ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ҳам кўп ҳолларда сукут сақламоқдалар. Чунки ўз виждонини пулга сотиб, ўзганинг жонига тажовуз қилаётган духтир "ишлаган пул"идан ўз навбатида тепасидаги раҳбаригаям узатади. У раҳбар ҳам ўз навбатида ўзидан тепадагини "йўқлайди" ва бу занжир ҳолида ССВнинг мутасадди мулозимларигача етиб келади. Ишонаверинг. Акс ҳолда ўша қотил ва виждонсиз духтирни ўзлари бир кун ҳам қўймай ишдан бўшатиб қаматтиришади. Индашмаяптими, демак у даромадидан тепадагиларга ҳам узатаяпти. Бу асло туҳмат эмас. Ҳаётимизда содир бўлаётган жараёндир.

(Шу ўринда ўқувчиларда "туғриқхонага бораётган ҳамма аёлларни кесаётган экан-да"- деган фикр келмасин. Мени ёзганларим ҳам "ҳаммани" деган хулоса бермайди. Айрим соғлом аёллар кесилмоқда. Аммо ўша "айрим аёллар"нинг сони ҳам, бу кўп ҳисобланади. Чунки соғлом аёллар, сабабсиз биттаси ҳам "кесарча" қилинмаслиги керак.
Кейин аёлларимиз орасида ҳақиқатдан ҳам соғлиги тўғри келмай, боласи "кесарча" йўли билан олининиши шарт ва лозим бўлганлари бор. Уларни боласини кесиб олишларига эътирозим йўқ. Аксинча ўша операцияни қилган, қўли енгил ва ўз ишининг устаси бўлган виждонли духтирларга раҳмат айтаман. Юқоридаги гаплар, ўзи виждонини юқотиб бўлган айрим қотил духтирларга қарата ёзилган. Аллоҳ уларга ҳам инсоф берсин. Кўр кўзларини очсин)

Сўзимнинг охирида ундай инсонларга айтаман: Аллоҳдан қўрқинг, Охиратда жавоб беришдан қўрқинг. Аллоҳнинг Раҳмати билан бирга Унинг Қаҳҳорлиги ҳам бор, шундай экан Уни Қахридан қўрқинг. Зеро ҳаммаси учун, ҳатто олган нафасимизгача куни келиб, жавобини бермиз. Ўша Кунда жавоб беришдан қўрқинг.
(Аллоҳдан ёлвориб сўрайманки юқоридаги кўзини ҳам, қалбини ҳам, нафс эгаллаб олган инсонларни Ўзи ислоҳ қилсин. Уларни қалбига Ўзидан қўрқиш ва нафсини енгиш неъматини солсин. Мабодо шундан кейин ҳам ақлларини йиғмасалар уларга Ўзи кифоя қилсин. У насф бандаларини қилғиликлари туфайли азият тортган мусибат аҳлларига сабр берсин. Уларни айби билан дардманд бўлиб ётганларига шифо берсин. Вафот этганларини эса мағфират қилсин.
22 ноября 2015 г. в 10:19 ·

Комментариев нет:

Отправить комментарий