среда, 23 октября 2019 г.

Усмонийлар империясининг қисқача тарихи таназзули


Усмонийлар империясининг қисқача тарихи ва таназзули

Усмонийлар империяси – бу тарих зарварақларида Евроосиё материги ва Африка қитъасининг муҳим бир бўлаги бўлган шимолий қисмида қарийб етти аср муваффақият билан ҳукм сурган ва ана шу ҳудудларнинг ривожланишига катта ҳисса қўшган буюк бир империя эди. Бу империянинг биз учун муҳим бўлган бир жиҳати шу эдики, бу империяни ўзбекларга ва Мавороуннаҳр туркларга яқин қардош бўлган турклар тузган ва ҳукмронлик қилган эдилар. Қолаверса, бу империя ҳукмдорлари ҳам, асосий аҳолиси бўлган турклар ҳам бундан 6 аср аввал Турк султони Брязид ва Мавороуннаҳр ҳукмдори Темур ўртасида фитна ортидан келиб чиққан ўша машъум урушни айтмаса икки дарё оралиғидаги ўз қардошларига доим яхшилик назари билан қараган. Бу ҳолат бугунгача давом этаяпти ва аксарият туркияликлар "ўзбеклар" дейилганда ўзининг яқин қардошини тушунади ва "Ўзбекистон ота юртим" дейди.

Тарихдан биламиз, кўп салтанатлар, империялар қайсидир бир замонларда энг авж ривожланиш, кенгайиш босқичига чиқиб, сўнг қандайдир сабаблар билан парчаланиб йўқ бўлиб кетган. Шу жумладан Усмонийлар империясининг пайдо бўлиши, ҳудудининг мисли кўрилмаган миқдорда кенгайиши ва сўнгра империянинг заифлашиши босқичлари бор. Бу империя ўз даврида бутун Европанинг барча ҳукмдорларини юрагига ғулғула ва қўрқув сола олган эди. Энг кенгайган пайтида бу империянинг ҳудуди шарқда Каспий денгизидан ғарбда Атлантика океанигача, жанубда Ҳинд океанидан, шимолда Германия, Польша, Украина ва Россия ҳудудлари билан чегарадош бўлган.
Турк салтанати тарихда ўтган кўплаб салатанатлардан фарқли равишда гарчи империя йиқитилган ва мамлакатда республика бошқаруви эълон қилинган бўлса ҳам ўз салтанатини бошқача ном билан сақлаб қолди. Тўғри, бу салтанат империя йиқитилишидан аввал ва йиқитилиши арафасида ўзининг кўплаб ҳудудларидан ажралди. Унинг қўл остида бўлган ҳудудлар ўз мустақил давлатларини туздилар. Аммо, энг муҳими турклар матонат билан ўз мустақиллигини сақлаб қолди ва ҳанузгача Туркия дунёдаги ўз обрў-эътиборига эга давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.

Тарихчилар бугун Усмонли Турк империясининг  тарихини ташкил топганидан бошлаб, тугатилган вақтгача бўлган даврини беш даврга бўладилар:
Қурилиш даври (1299-1453 йиллар оралиғида);
Юксалиш даври (1453-1683 йиллар оралиғида);
Орқага кетиш даври (1683-1792 йиллар оралиғида);
Янгилик ва йиқилиш даври (1792-1920 йиллар оралиғида).

Қўйида қисқагина бу империянинг тузилиши ва батафсил йиқитилиши ҳақида ҳикоя қиламиз.

Туркий элатлар Турк империясининг асосий ҳудуди жойлашган ва бугун Туркия республикаси жойлашган Кичик Осиё ҳудудларига 11-асрдан кўчиб кела бошлаган. Илк давлатни Ўғузтуркман қабилаларининг йўлбошчилари бўлган Тўғрулбек ва Чағрибек тузишган ва у   Салжуқийлар давлати деб ном олган. Турклар Мавороуннаҳрда яшаётган пайтларидаёқ ислом динини қабул қилишган.
Султон Алп Арслон 1071 йилда Малазгирт жангида Византия императори Роман Диоген армиясини мағлубиятга учратганидан сўнг, Салжуқийлар давлати янада кенгайди. Султон Маликшоҳ (1072—92) даврида эса салтанат гуллаб яшнади. Султон Маликшоҳнинг ўлимидан кейин Салжуқийлар салтанати парчаланиб бир-биридан мустақил турли бекликларга бўлиниб кетди ва Сурия салжуқийлари, Ироқ ва Хуросон салжуқийлари, Кирмон салжуқийлари ва Анадолу салжуқийлари каби кичик-кичик мустақил бекликлар пайдо бўлди. 13-асрнинг бошларида муғулларнинг оёғи Кичик Осиёга ҳам етди ва улар тарқоқ салжуқ бекликларини енгиб бу ерда ҳам ўз ҳукмронликларини ўрнатдилар. 13-аср охирларига келиб, мўғуллар бирмунча заифлашишди ва бир қанча мустақил турк бекликлари(бейликлари) қайта ташкил топди. 14-асрнинг бошларида Усмон бошчилигидаги Усмон беклиги(бейлиги) бошқа тарқоқ бекликлар(бейликлар)ни бирлаштириб, марказлашган кучли давлат — Усмонли турк империясини барпо этди. Ўшандан кейин бу салтанат Усмонли салтанати номи билан машҳур бўлди.
Ҳукмронлигини Усмонли беклигидан бошлаб, сўнг унинг катта бир салтанат бўлишига сабаб бўлган Усмон Бей ўғуз туркларидан, Бўзўқ уруғидан, Қайи (Қоя) тармоғидан эди.

Усмонли турк салтанати ташкил топиб, империяга айланар экан, ўша даврда Византия империяси чалажон ҳолида зўрға яшаётган ва турклар ҳали унинг пойтахти Константинаполни қўлга кирита олмаган эдилар. Аммо, шундай бўлса ҳам турклар Осиёни Европадан ажратиб турувчи Мармар бўғозидан Европа қитъаси томон ўтишди ва бирин-кетин Европа жанубида, Болқон яриморолидаги катта ҳудудларни ўзларига бўйсундиришди. Византия империяси амалда фақат Константинаполь қалъасида сақланиб қолди.

Анқара жангида султон Боязиднинг Амир Темурга ютқазиши туркларнинг Константинаполни забт этишларини ва Европанинг янада ичкарироқларига кириб боришларини бироз орқага сурди. Орадан бироз ўтиб Усмонли турклар Султон Меҳмед II Фотиҳ бошчилигида Константинополни (ҳозирги Истанбул) забт этишди (1453 йил 29 май) ва Византия империясини тарих қаърига улоқтириб юборишди.

Шундан сўнг то 17-асрнинг ўрталаригача Усмонийлар империяси фақат кенгайиб борди.
Мамлакат ҳудуди шарқдан Каспий денгизидан, ғарбда Атлантика океанигача етиб борди. Африканинг шимолий қисми тўлиғича, шунингдек Европанинг шарқий қисмидаги катта ҳудудлар турклар қўл остида эди. Қора денгиз Усмонийлар империясининг ички денгизи бўлиб қолди.  Ўрта Ер денгизи Европа давлатлари бўлмиш Италия, Франция ва Испания денгиз соҳилларини айтмаганда тўлалигича турклар назоратига ўтди.
Бирок, 17-асрнинг охирги чорагидан бошлаб Усмонийлар империясининг ҳарбий ва иқтисодий қудрати заифлаша бошлади. Аср охирларига келиб, бир қатор Европа мамлакатлари Усмонийлар империясига қарши турли тарафлардан уруш бошладилар.
1683 йилда Вена шаҳри яқинидаги жангда турклар қўшини Полша, Австрия ва Германия бирлашган қўшинларидан енгилди. 1684 йилда эса Австрия, Полша, Венеция (1686 йилдан Россия) Усмонийлар империясига қарши "Муқаддас иттифоқ" туздилар ва ўртада уруш бошлаб турклардан анча ҳудудларни тортиб олишга муваффақ бўлдилар.

Албатта, Усмонийлар салтанати ҳам қўл қовуштириб ўтирмади. Жумладан турклар 1711 йилда Прут жангида Пётр I бошчилигидаги рус қўшинини тор-мор қилди. Қуршовдаги Пётр I ваъдалар эвазига қутулишга муваффақ бўлди. Аммо, барибир турклар Европаликлардан ҳар жабҳада ортда қола бошладилар ва бирин–кетин жангларда ютқаза бошладилар. Буни натижасида 17-аср охирида империя шарқда Озарбайжон, Доғистон, Жибал, ва шимолий Эрондаги ерларни бой берди, Шарқий Европада эса Дунай жанубига чекинишга мажбур бўлди. Шимолий Кавказда эса Астраханга қадар бўлган ерларни Россияга бой берди ва Евроосиёдаги мавқеини йўқота бошлади. 18-асрда янада кўпроқ талофотлар берилди ва Усмонийлар империяси янада кўпроқ ҳудудларни йўқотди.

1768—74 йилларда бўлиб ўтган Россия–Туркия урушидан кейин Туркия Қора денгиз шимолидаги ҳудудлардан ҳам айрилди. Болқон ярим оролидаги аҳвол ҳам турклар учун ёмонлаша бошлади. 1774 йилда  Россия ва Усмонлилар салтанати ўртасида тузилган Кучук Қайнаржа сулҳ шартномасига кўра Қрим Туркиядан ажратиб олиниб, мустақил хонлик деб эълон килинди. Орадан 10 йил ўтиб, 1783 йилда Россия Қримни эгаллаб олди. 1787—91 йилларда бўлиб ўтган урушларда Усмонийлар империяси яна Россиядан мағлуб бўлди ва бунинг натижасида Россия ўз чегараларини Днестр дарёсигача кенгайтирди.

Усмонийлар империясини 1789-1807 йилларда бошқарган Султон Салим III ўз ҳукмронлик қилган йилларда салтанатда ислоҳотлар ўтказишга уринди.  Янги Низом ("Низоми жадид") деб номланган бу ислоҳотлар натижасида давлат бошқаруви, молия масалалари, савдо соҳаси, қишлоқ хўжалиги, илм-фан ва бошқа соҳаларда янгиликлар жорий этишга уринилди. Аммо бу ислоҳот яничарлар томонидан қаршиликка учради. Яничарлар исён кўтаришди ва 1807 йил 15 майда Султон Салим III ни тахтдан ағдариб ташлашди.

Султон Салим III дан кейин бу империяда яна кўплаб ҳукмдорлар ўтди, аммо уларнинг биронтаси империянинг олдинги мавқеини тиклай олмади. Аксинча, империя ўз ҳудудларини тобора йўқотиб бораверди.
Ҳали Грецияда, ҳали Сербияда қўзғолон, буёқда Россия тобора империя ҳудудларини босиб олишда давом этиб, империя 19-асрнинг ўрталарига келиб ниҳоятда ҳолдан тойди.

Греция ва Сербияда қўзғолонлар кўтарилди. Бу орада Россия Туркия ўртасида 1806— 12 йилларда бўлиб ўтган уруш оқибатида Россия сарҳадлари Прут дарёсигача кенгайди. 1828—29 йилги урушда ҳам Россия ғолиб чикди ва Туркия Грецияга мухторият мақомини беришга мажбур бўлди.

Фақатгина 1853—56 йилларда Россияга қарши олиб борилган урушда Усмонийлар салтанати ғалаба қозонди. 1856 йил 30 мартда Россия ва Усмонийлар империяси давлат вакиллари Париж сулҳини имзоладилар. Бу сулҳ  шартномасига кўра, Дунай дарёсида ҳар иккала мамлакат кемалари эркин қатнаш ҳуқуқини олди. Шунингдек Қора денгиз барча мамлакатлар савдо кемалари учун очиқ, бетараф денгиз деб эълон қилинди. Россия "Усмонийлар империясининг бутунлиги ва дахлсизлигини" тан олди.

Шундан сўнг орада давом этган тинчлик даврида Усмонийлар салтанатида Европа маданиятига, иқтисодиётига қизиқиш кучайди. Салтанатда илк банклар очилди. Европадан саноат кириб кела бошлади.
Салтанатда китоб, газета ва журналлар чоп этила бошланди. Буни натижасида эса мамлакатда
Султон Абдулазиз салтанати даври (1861—76)да  ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш ва Европа давлатларидан андоза олиб конституциявий тузум ўрнатиш тарафдори бўлган Ёш турклар ҳаракати ривожлана бошлади.
1876-1908 йилларда Усмонийлар салтанатини бошқарган Султон Абдулҳамид II тахтга чиққан йили, 1876 йил 23 декабрда тузилиши конституцияга ўхшаб кетадиган илк Асосий Қонунни эълон қилди. Ана шу Асосий Қонун Усмонийлар салтанатида эълон қилинган илк конституция деб ҳисобланади.
Аммо, Салтанатда муаммолар етарли эди ва конституция қабул қилиниши ҳам Усмонийлар салтанатининг муаммоларини ҳал қила олмади.
1877—78 йилларда яна бир марта Россия–Туркия уруши бўлиб ўтди ва бу уруш Туркиянинг енгилиши билан якун топди. Шу мағлубият ортидан Усмонийлар салтанати Болқон ярим оролидаги ўзининг ҳудудларидан батамом айрилди.
Бунинг устига ўша пайтда Усмонийлар салтанатининг Шимолий Африкадаги ҳудудларини европаликлар босиб ола бошладилар. Жумладан, 1881 йилда Франция Тунисни, 1882 йилда Буюк Британия Мисрни босиб олди. Шунингдек Марокаш ва Жазоир ҳам қўлдан кетди. Шу орада мамдакатда конституциявий тузум қуриш тарафдорлари бўлган Ёш турклар ҳаракати тузилди ва ударнинг ҳатти-ҳаоакати тобора қаттиқроқ авж олди. Султон Абдулҳамид салтанатда ислоҳотлар ўтказишга уринди аммо бу анчайин муваффақиятсиз чиқди.
Шундан сўнг у 1908 йил 23 июлда яна конституциявий тузум ўрнатишга мажбур бўлди.

Кўпчилик билади, 1-Жаҳон урушида Усмонийлар салтанати Германия тарафида бўлган ва 1914 йил 30 октябрдан бошлаб бу урушга қўшилган. Урушда Германия енгилганидан сўнг, 1917—1918 йилларда Иттифоқчилар Усмонийлар империясининг Яқин Шарқдаги ҳудудларини ҳам бирин-кетин босиб олиб, эгаллай бошладилар.
Сурия ва Ливанни Франция, Фаластин ва Иорданияни Буюк Британия босиб олди.
Арабистон ярим оролида эса инглизлар ёрдами билан бир нечта,  Ҳижоз, Нажд, Ясир, Яман каби мустақил давлатлар пайдо бўлди.
Шу тариқа Усмонийлар салтанати ўзининг Яқин Шарқ ва Форс кўрфазидаги ҳудудларидан ҳам айрилди. Шундан сўнг батамом ҳолдан тойган Усмонийлар империяси 1918 йил 30 октабрда Иттифоқчилар – 1-Жаҳон урушида ғолиб чиққан Антанта давлатларига таслим бўлди.
Буюк Британия ва Франциядан иборат Иттифоқчилар(Антанта иттифоқида Россия ҳам бор эди, аммо 1917 йилда Россияда содир бўлган Октябрь тўнтариши ортидан бу давлат 1918 йилда ўзи билан ўзи бўлиб қолган эди) Туркияни ишғол қилдилар. Турк халқи орасида миллий озодлик ҳаракати бошланди. Туркияда Озодлик уруши ("Куртулиш саваши") деб номланган ҳаракатга Мустафо Камол пошо (Отатурк) бошчилик қилди. Турклар мамлакат озодлиги учун оёққа қалқдилар. 1920-1921 йилларда бўлиб ўтган жангларда турклар Греция қўшинлари устидан ғалаба қозондилар.
1918 йил 30 октябрда "Мудрос келишуви" имзоланди. Орадан икки йил ўтиб 1920 йилда Греция билан "Савр тинчлик битими" тузилди. Бу битимга кўра греклар томонидан 1919 йил 15 майда босиб олинган Измир шаҳри Грецияга ўтиши керак эди. Аммо юқоридаги икки битимни ҳам Греция ратификация қилди, аммо миллий озодлик ҳаракати иштирокчилари босими билан Усмонийлар империяси ратификация қилмади ва ўша битимлар кучга кирмади.
Ана шу ҳолатда ўртага Мустафо Камол Отатурк чиқди ва 1922 йил 9 сентябрда бўлиб ўтган оғир жангларда ўз қўшини билан ғалаба қозониб, мамлакатдан грекларни қувишга муваффақ бўлди ва Измир босқинчилардан озод қилинди.
Умуман олганда 1918-1922 йиллар Туркия учун ниҳоятда оғир келди. Қўл остидаги чет ҳудудларни бой бергани етмагандай Усмонийлар энди Туркияни ўзини ҳам зўрға ҳимоя қилишди. 1922 йил 1 ноябрда Мустафо Камол Отатурк бошчилигидаги Туркия Буюк Миллат Мажлиси (ТБММ) Туркияда султонликни бекор қилиш ва халифаликни давлатдан ажратиш тўғрисида қонун қабул қилди. 1923 йил 24 июль куни имзоланган Лозанна сулҳ шартномасига кўра Туркиянинг чегаралари белгиланди ва Буюк Британия ва Франция бошличилигидаги Европа давлатлари томонидан Туркиянинг сиёсий, иқтисодий мустақиллиги тан олинди. Ўша йили кузга бориб, аниқроғи 1923 йил 29 октабрь куни  Туркия Буюк Миллат Мажлиси томонидан Туркия республика деб эълон қилинди. Пойтахт Истанбулдан Анқарага кўчирилди.  1924 йил 3 март куни эса охирги икки йилда шундоқ ҳам рамзий мақомга эга бўлган халифалик батамом бекор қилинди.
Усмонийлар империясининг тузилиши ва тарқаб кетишининг қисқача тарихи шу.

Бугун, ўрта асрларда Евроосиёда энг қудратли империялардан бири бўлган Усмонийлар империясининг 18-асрдан бошлаб нега таназзулга юз тута бошлагани, ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан қолоқлашгани ва охир-оқибат империя парчаланиб, турклар қўлида Кичик Осиёдаги асосан турклар яшайдиган ҳудудлар қолгани ҳақида турли хил фикрлар билдирилади. Бунинг сабаблари кўп. Менимча бунга энг асосий сабаб, туркларда илм-фан ва саноат ривожланиши орқада қолганидир. Туркларнинг жуда катта ҳудудларини эгаллашлари ва Ўрта Ер денгизининг шарқий ва жанубий соҳилларига европалик савдогарларини яқинлаштирмай қўйганлари сабабли Узоқ Шарқда жойлашган Хитой, зираворлар юрти Ҳиндистон билан савдо-сотиқ қила олмай қолган европаликлар Ҳиндистон ва Хитойга бошқа денгизлар орқали йўл қидиришга мажбур бўлдилар. Буни натижасида эса Христофор Колумб Америка қитъасини кашф этди, Васко да Гама Ҳиндистонга денгиз йўлини топди ва шу тариқа Европа савдогарлари туркларга тегишли ҳудудлар орқали савдо қилмай қўйди. Буни натижасида империяга тушадиган бож салмоғи камайиб кетди. Европа эса аксинча, кашф этилган "Янги дунё"лар ортидан ниҳоятда бойиб кетди ва айнан 18-асрдан бошлаб Европада саноат инқилоби юз берди. Охир-оқибат ҳолат шу даражага келди-ки, бир пайтлар Европадан бож олиб юрган Усмонийлар империяси иқтисодий тараққиётда Европадан сезиларли ортда қола бошлади. Бу нарса ҳатто армиядаги қўшинларни жиҳозлашда ҳам сезилди ва бунинг ортидан кечагина турклар армиясидан мағлуб бўлиб юрганлар 18-19 асрга келиб туркларни мағлубиятга учрата бошлади.
Акс ҳолда бир пайтлар Европани зир титратган Яничарларнинг қаердаги рус ёки Австрия армиясидан енгилишини бошқа нима деб баҳолаш мумкин?!

Юқорида, мақоланинг бошидан турклар қурган буюк салатанатни Усмонийлар империяси деб атаб келаётган бўлсамда, туркларнинг ўзлари бу салтанатни империя деб атамаганлар. Усмонийлар империяси атамаси – бу европаликлар томонидан Усмонийлар салтанатига берилган номдир. Олдинига Турк султонлиги деб аталган бу салтанат кейинчалик Турк халифалиги деб аталди ва 20-асрга келиб, йиқитулгунча бу салатанат ҳукмдорлари ўзларини Ислом ҳазорасининг халифалари деб аташган. Айниқса, Усмонли салтанати таркибига Яқин Шарқ, Форс кўрфази, Шимолий Африкадаги кўплаб мамлакатлар кирганидан сўнг бу салтанат Ислом оламининг ярмидан кўпини бошини қовуштирган эди.

Усмонийлар империясида умумий ҳисобда 39 та ҳукмдор ҳукм сурган. Булардан ўнтаси султон, 28 таси эса ўзини ҳам султон, ҳам Ислом оламининг халифаси деб ҳисоблаган. Бир нафари фақат халифа бўлган.
Усмонийларнинг илк ҳукмдори Ғози Усмон Бей, (милодий 1299 йилдан бошлаб ҳукмдор) Ёвуз Султон Салим I гача (милодий  1517 йилда Ислом оламининг халифаси деб тан олинган) келган ҳукмдорлар фақат Усмонийларнинг ҳукмдорлари бўлишган. 1517 йилда Миср ҳукмдори, Аббосий Мутаваккил Алаллоҳдан халифаликни қабул қилиб олган Биринчи Турк халифаси Ёвуз Султон Салимдан бошлаб, охирги ҳукмдор халифа Меҳмед Воҳиддудингача (милодий 1922 йил) бўлган ҳукмдорлар Усмонийларнинг ҳукмдори ва бутун мусулмонларнинг халифаси ҳисобланган. Ҳукмдор бўлмай фақатгина халифа бўлган киши эса Абдулмажид Афанди эди. Анқарада Туркия Буюк Миллат Мажлиси қабул қилган қонунга кўра  1920 йил 16 мартидан бошлаб салтанат бекор қилинди ва ҳукмдорлик билан халифалик бир-биридан ажратилди. Шундан сўнг халифалик ҳокимиятга аралаша олмайдиган алоҳида мақом бўлиб қолди. Султон Абдулазиз ўғли Абдулмажид Афанди Буюк Миллат Мажлиси томонидан алоҳида мақомга эга бўлган халифаликка сайланди ва 1924 йил 3 мартгача халифа мақомида қолди. 1924 йил 3 март куни Мустафо Камол Отатурк томонидан халифалик бекор қилинди.
Усмонийлар салтанати ўн учинчи асрнинг охирроқларида, аниқроғи 1299 йилда  Онадўлида, Мармара воҳасида бир беклик бўлиб бошланиб, буюк бир империя ҳолида йигирманчи аср бошида, 1920 йилда йиқитилди.

Умуман олганда, узоқ асрлар яшаган кўплаб империялар қатори Усмонийлар салтанати ҳам ўзининг қарийб 700 йиллик фаолияти мобайнида Евроосиё материги ва Африка қитъасидаги кўплаб ҳудудларга ўз таъсирини кўрсатди ва уларнинг ривожланишига сабаб бўлди. Усмонийлар империяси кенгайиши ортидан турклар оёғи қаерга етган бўлса улар ўша ҳудудларда шаҳарлар тиклашди, масжид, мадрасалар қуришди, ариқ ва каналлар қазиб сув олиб чиқишди. Бугунги кунда Шимолий Африка ва Евроосиёнинг турли мамлакатларида турк ҳукмронлиги давридан сақланиб қолган қадимий бинолар, осори-атиқалар бор. Умуман олганда туркларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси ниҳоятда каттадир. Энг муҳими Туркия жумҳурияти бугун ҳам дунёда катта обрў-эътиборга ва таъсир доирасига эга давлат ҳисобланади. Жумладан бу давлат "Катта йигирматалик давлатлари", G20 га аъзо ҳисобланади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий