*Қўрқув ҳақида*
Бир яқин танишим сўраб қолди: "Сан нимадан қўрқасан?" Нимадир, деб жавоб бердим. Ҳозир ёдимда йўқ.
Умуман, мен эртадан, эртанги кунимдан қўрқаман! Бундан даҳшатли қўрқув бўлмаса керак. Чунки сиз эртага сизни нималар кутаётгани ҳақида аниқ тасаввурга эга эмассиз. Бу қўрқув бугунингиздан ишонч йўқлиги билан боғлиқ. Сизнинг бугунингиз шу даражада чалкашки, у эртангизни савол остига қўяди, уни туманлаштиради.
Нега эртамдан қўрқаман?! Бугунимга ва бугунгилар олиб бораётган ишларга, уларнинг келажагига ишонмайман. Эртага осмондан тош ёғиши мумкинлигидан қўрқмайман, ер ўз ўқидан чиқиб кетишидан қўрқмайман, зилзила бўлиб, ҳамма ер қаърига кириб кетиши мумкинлигидан қўрқмайман. Бу форс-мажор. Худо асрасин!
Мен кундалик турмушимиз икир-чикирларидан қўрқаман. Икир-чикирки, уларнинг бутун фаолияти ягона механизм сифатида тизимли ишлаши керак. Яъни тизим керак. Мен тизимсизликдан қўрқаман. Тизимсизлик шундаки, жамиятда барча саъй-ҳаракатлар ўзгармас тартиб-қоидалар эмас, балки кайфиятга қараб қурилади. Уйингизда ҳар куни чироқ бўлиши, бу - тизим.
ўлмаслиги - кайфият, бир соат бўлиши ҳам кайфият.
Шифокорнинг вазифаси беморни даволаш. Шифохонанинг вазифаси беморларни белгиланган шароитда даволаш. Тизим шунақа. Лекин шифокор беморни даволаш ўрнига касалхонанинг бир бурчагида 100 та парранда боқишга мажбур бўлса, бу - тизимсизлик. Бу қўрқув. Парранда боқиш тизимнинг талаби эмас, айримнинг кайфияти ва ақл ўлчовидаги мажбурий қарори. Қиламиз.
Ўқитувчи ўқитиши керак. Ўқувчи ўқиши керак. Мактаб ўқитувчи ва ўқувчи муносабатларига шароит яратиши керак. Тизимсизлик шундаки, ўқитувчи ўқитмасликка, ўқувчи ўқимасликка мажбур. Унинг ўрнига нима иш қилиши (ҳаммага маълум), бу - аниқ. Тизимсизлик.
Ватан барчамизники. Ватанни ҳимоя қилиш ҳаммамизнинг ишимиз. Лекин биз ҳаммамиз Ватанни ҳимоя қилиш ва ватанпарварлик, деб ўз вазифаларимиз қолиб, бошқа ишларни қилишда кўрамиз. Ман яхши кадр бўлиб, оиламни нормаль шароитларда, давлатга боқиманда қилмасдан вояга етказишим, бу, аслида, ватанпарварлик.
Йўқ, биз бошқаларнинг ишини қилишга интиламиз. Қўшнимизга ҳаётига аралашамиз, огоҳликка чақирамиз, ўқитувчи "бошқа фикрда"ги ўқувчиларни аниқлайди, маҳалла оқсоқоли маҳаллани яхши қилиш ўрнига "ким ажрашди, ким ўғрилик қилади, кимнинг уйида шовқин чиқади, ким нотўғри хаёлда юради" - шуларни ҳужжатлаштириш билан шуғулланади. Ватан ва давлат... бошқа-бошқа нарсалар. Бу тизимсизлик.
Мен эртани кўришни хоҳламайман. Мен эртани ҳис қилишни хоҳлайман. Эртага тинчлик бўлади, эртага менинг уйимга биров бостириб келмайди. Тизим шунақа нарсаки, унинг бошида турганлар қанча ўзгармасин, тизим ўзгармайди. Америкада, Буюк Британияда, Японияда мингта ҳукумат алмашсин, жамиятда тизим ўзгармайди. Ўқувчи ўқишда, шифокор даволашда давом этади. Кайфият эмас, қонун ва тизим ҳукмрон жамиятда.
Мен эртага туман ҳокими ўзгарса, ҳаётим остин-устун бўлиб кетишидан қўрқаман. Мен эртага иш раҳбарим ўзгарса, ишимни йўқотишдан қўрқаман. Мен профессионал бўлишим мумкин, лекин "шеф"им профессионалликни эмас, балки кайфияти ва унга қўйган "пахтам"га қараб келажагимни белгилаб беради.
Тизим бор жойда Сиз йўқолиб кетмайсиз. Сиз қобилиятингизга, салоҳиятингизга ишонасиз. Кўчада қолмайсиз. Юрист бўла туриб, таксистлик қилмаймиз. Балки тизимда ҳалол кураша олишимиз мумкинлиги чуқур англаймиз. Тизимсизликдан қўрқаман, даҳшатга тушаман. Эртамдан ваҳима қиламан...
П.С. Ушбу мақола ББС сайтида, 2013 йил, 13 август куни берилган [мақоладан олинди](https://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan/2013/08/130826_cy_uzwebistan_gulnara_and_uzbek_youths).
Муаллифи номаълум деб ёзишибди. Бу гаплар ўшанда кимдир томонидан ёзилиб, аноним тарқатилган бўлса ҳам, кўпчиликнинг кўнглидан ўтган гаплар эди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий