Коррупция мамлакат заволидир
Эрталаб туман марказига ишга бориш учун қишлоғимдаги кўчага чиқаман. Бир машина келиб тўхтайди. Танийман, киракаш-таксичи. Аммо на машинасида таксининг махсус белгилари бор, на махсус рақам таққан, на тегишли ҳужжатлари бор.
Йўлда кетар эканмиз озроқ юриб катта йўлдан маҳаллани ичидаги йўлга буриламиз. Таксичига ҳайрон қарайман.
– Ака, йўлда солиқ, ЙПХ ва "Ўздарётранс"дан текширувчилар бугун "ов" қилиш учун рейдга чиқишибди, шу учун маҳаллани ичидан айланиб чиқиб кетамиз.
Уни гапларини эшитиб ҳайрон бўламан:
– Бунақа қочиб-пусиб юргандан кўра лицензия олиб қонуний ишласанглар бўлмайдими? Шунда мана бундай яқин йўл қолиб, маҳаллани ичидаги узоқ йўлдан сарсон бўлиб юрмасдингиз вақт йўқотиб, ёқилғини ошиқча сарфламай. Қолаверса ҳеч кимдан қочмас эдингиз, кимлардандир тилингиз ҳам қисиқ бўлмас эди.
– Э, қани эди шундай қилсак. Менга ҳам мана шундай қочиб-пусиб юриш ёқади деб ўйлайсизми? Қонуний ҳужжат қилиб, лицензия олиб ишлаш учун тегишли корхонага бордим. Хўжайини "мени корхонамда машинам кўп, шу учун сени корхонамга қабул қила олмайман", деди. Кейин роса илтимос қилганимдан сўнг "Майли кўндирдинг, фақат ҳужжат-пужжат қилиб ўтирмайсан, кунлик тўлов фалон сўм, эрталабдан кирани қилаверасан. Тўловни ходимим "питак"дан йиғиб олади. Агар вилоятдан, "Ўздарётранс"дан текширув бўлиб рейдга келиб қолишса огоҳлантирамиз, ўша куни кира қилишга чиқмай турасан. Бошқа кунлар ишлайверасан. Агар бу шартимга кўнмай, "йўқ, мен ҳужжат билан ишлайман" десанг мени бошимни оғритмай бошқа корхонага боравер. Қолаверса ҳужжат билан ишлайдиган бўлсанг машинангни махсус рангга бўяшинг, йўловчиларни саломатлик суғуртаси бор, уни олишинг, шунингдек "Ўздарётранс"ни бир йиллик лицензияси ҳам фалон пул, уни олишинг лозим бўлади. Шу учун тинчгина мени таклифимга кўниб ишлайвер" дейишди. Қарасам уларни шартига кўниб ишлашдан бошқа чорам йўқ. Ҳозир энди ана шу тартибда ишлаяпман. Кейин билсам корхона аксарият киракашларга шундай шартларни таклиф қилган ва шу туфайли бошқа кўпгина йўналишларда кира қилаётган ҳайдовчилар ҳам худди мендай ишлашар экан. Вилоятдан, "Ўздарётранс"дан текширувчилар келса корхона ходимлари ёки раҳбари огоҳлантиради, ўша куни ишга чиқмаймиз, бошқа пайтларда бемалол ишлайверамиз.
Лекин, шу ўринда бир нарсани таъкидлаб кетишни хоҳлар эдим, ҳамма таксичилар ҳам қонуний ишлаш тарафдори эмас. Корхона менга шарт қўйиб, мен мажбурликдан бу шартга кўнган бўлсам, кимлардир корхонага "илтимос, ҳужжатлаштириб ўтирмайлик, кунлик тўловингни ол, вилоятдан текширув келса огоҳлантирасан, ўша куни ишга чиқмайман, бошқа кунлар эса кўп қатори ишлайвераман" деб илтимос қилиб борганлар ҳам бор. Яъни таксичиларни ҳам ҳар хили бор демоқчиман.
Таксичининг гапларини эшитиб ҳайратим ошиб бораверди.
– Тахминингизча корхонага кунлик тўлов қилиб, сизга ўхшаб ишлайдиган нечта ҳайдовчи бор? Унинг қарамоғида қонуний ишлайдиган машиналар ҳам борми ўзи? – сўрайман.
– Ҳар бир маҳалла йўналишига 4-5 тадан машина кира қилади деб ўртача ҳисобласак тахминимча 100 дан ошиқ енгил машина ва "Дамас"лар бор. Балки 200 та ҳам бўлиши мумкин. Чунки, ўзларининг айтишича тумандаги асосий йўллардан бири бўлган шу катта йўлни охиригача бўлган ҳамма қишлоқ ва маҳаллаларга борадиган йўналишларни улар олишган ва бошқа корхона йўқ.
Энди қонуний юрадиган машиналарига келсак, ҳа, бор. Корхонанинг бир нечта "Дамас" ва сариқ рангга бўялган бир нечта енгил машиналари бор. Улар шаҳарлараро йўналишларда юришади шекилли, бу ерларда унча кўрмаймиз.
Ишонасизми, вилоятдан, "Ўздарётранс"дан рейд келадиган кун шу музофотдаги турли қишлоқлар ва маҳаллаларда кўчаларда одамлар такси ёки "Дамас" кутиб анча сарсон бўлишади. Сабаби, ўша куни менга ўхшаб корхона билан келишиб ноқонуний ишлайдиган киракашлар ишга чиқишмайди. Корхонанинг қонуний юрган оз сонли "Дамас"лари эса аҳолини ташиб улгура олмайди. Буни оқибатида эса одамлар кўчаларда такси ёки "Дамас" кутиб сарсон бўлишади.
– Таксичиларга бериладиган махсус авторақамларинг бўлмаса, машинани махсус рангга бўямаган, ҳужжат қилмаган бўлсанглар, унда ҳар кун эрталаб эрталаб тиббий кўрикдан ўтиш нима бўлади?– деб саволимни давом эттираман.
– Қизиқмисиз, умуман ҳужжатимиз бўлмаса тиббий кўрик ҳақида қанақа гап бўлиши мумкин?
– Кунлик тўловни тўласангиз ҳам сизнинг ҳеч қандай ҳужжатларингиз йўқ ва мана ҳозир қочиб юрибсиз. Шундай экан, ўша корхонага кунлик тўловни тўламай шу иш билан шуғулланаверсангиз бўлмайдими? Барибир ўша корхона ҳам сиз тўлаётган пулни ўз ҳисоботларида кўрсатмаяпти ва ноқонуний даромад олаяпти?
– Буни мутлақо иложи йўқ. Корхона биз одам оладиган бозор олдидаги "питак"ка битта одамини қўйиб қўйган. Биздан кунлик тўловни ҳам асосан ўша одам йиғиб олади. Уни бизга "корхонамиз ходими" дейишган, аммо тахминимизча у корхона ходими эмас, шунчаки кўчадан топиб қўйиб қўйишган. "Питак"да ўша "ходим" ва корхонага кунлик тўловни тўламай ишлашни хоҳловчи айрим ҳайдовчилар ўртасида тез-тез жанжал бўлиб туради. Кўпинча ходимнинг ҳайдовчига кучи етмаса ва кунлик тўловни ундира олмаса туман ЙПХ ёки солиқчиларидан кимнидир ёки корхона раҳбарларидан бирини чақиради ва улар келиб "кунлик тўловни берилмаса барибир ишлашга қўймасликларини, шу йўналишни улар сотиб олганларини ва ўзларининг ҳам "харажатлари борлигини" уқтириб, кунлик тўловни тўлашни хоҳламай ишламоқчи бўлган ҳайдовчиларни кунлик тўловни тўлашга охири кўндириб кетишади.
– Сизларни шу ҳолатда ишлаётганларингни туман ИИБ ЙҲХБ ходимлари, солиқчилар, ҳокимият вакиллари билишадими? – савол беришда давом этаман.
– Ҳаммаси билишса керак. Ахир куни билан ўзимиз "бекат" қилиб олган бозор олдидаги кўчада турамиз, йўловчи чақирамиз, ўтиб қайтиб кўришади. Ҳа, аниқ билишади. Аммо, ҳаммамиз кўраяпмиз ҳокимиятлар учун ҳозир асосий муаммо нима қилиб бўлса ҳам одамлар иш билан банд бўлсин ва ишсиз қолиб зинҳор ҳокимият ва халқ қабулхонасига ёрдам сўраб, иш сўраб бормасин. Шу учун ҳам улар бизнинг қандай ишлаётганимиз билан қизиқишмайди. Қандай ишласак ҳам ҳокимиятга ёрдам сўраб бормай рўзғоримизни эплаб, кунимизни кўрсак бўлди. Энди ИИБ ЙҲХБ ва солиқчиларга келсак, улар ҳаммасини билишса ҳам балки шу принципдан келиб индашмас. Балки биздан ҳеч қандай ҳужжатсиз кунлик тўловни олаётган корхона уларни "доля"сини бериб турар.
– Сиз кунлик тўловни тўлаяпсиз, лекин ўша пул корхонанинг ҳисоботларида кўрсатилмаяпти. Қонуний ишласангиз тўлаган пулларингиз ҳисоботларда кўрсатилади ва ўша пулдан солиқ тўланиб мамлакатимиз равнақига хизмат қиладику. Қолаверса ўшанда тинч ишлайсиз, ҳозиргидай қочиб юрмайсиз.
– Тўғри гапингиз. Аммо, боя ҳам айтдим мен кира қиладиган қишлоғимиз йўналиши шу корхона ҳисобида экан. Ҳарҳолда улар ўзлари шундай дейишади. Шундай ҳолатда мен бола-чақамни боқиш учун ё бу корхонани шартига кўниб ишлашим керак ёки чорасиз ўтиришим керак.
Мени энг ҳайратлантирадигани шу-ки, вилоят марказидан ноқонуний такси фаолиятини текшириш учун келадиган "Ўздарётранс" ходимлари асосан келиб бизни овлашга ҳаракат қилишади, лекин "қани мана бу йўловчи ташиш билан шуғулланаётган корхона қандай тартибда ишлаяпти?" деб корхоналарнинг ишини жиддийроқ текширишмайди. Аммо, агар жиддийроқ текширишса ҳам уларнинг ишидан камчилик топа олишмайди. Сабаби, бир неча марта рейдларда қўлга тушиб қолган таксичилар "мен кунлик тўловни корхонага тўлаяпман, агар уни тўламасам, ўша корхона мени нафақат бу йўналишда, балки бу атрофдаги бошқа йўлларда ҳам юргани қўймайди" деб уларга айтишди. Ана шунда ўша ерда бўлган корхона раҳбари ёки ходими "Бу ёлғон гапираяпти. Буни ҳам, ноқонуний юрган бошқа таксичиларни ҳам неча марта "рўйхатдан ўтиб қонуний ишланглар" деб огоҳлантирганмиз. Аммо, биронтаси гапимизга кирмаган ва доим ноқонуний фаолият юритади" деб, биздан кунлик тўлов йиғиб олишини инкор қилиб, қайтага бизни қонунбузарга чиқариб, ўзини оппоқ кўрсатиб юборди. "Ўздарётранс"дан келганлар ҳам бизни эмас, уларни гапига ишонишди. Шу тариқа корхона раҳбари ва ходимларининг айби ошкор бўлмаяпти.
– Сизларда аҳвол шундай бўлса, демак мамлакатимизнинг бошқа
ҳудудларида ҳам мана шунақа бозорлар, бекатлар олдида махсус рангга бўялмаган машиналар йўловчи чақириб ўтиришади, туман марказларидан турли қишлоқларга борадиган йўналишларда хизмат қилишади, улар ҳам сизлардай ишлар эканда?!
– Бошқа туманларда ҳам кира қиладиган танишларимиз бор, улар ҳам шу тахлит, худди биздай ишлашади. Кунлик нормани ўзлари юрадиган йўллардаги "йўналишларни эгаси" бўлган корхона йиғиб олади ва шу тариқа улар ҳам ноқонуний фаолият олиб боришади.
– Муаммоларни ва вазиятни қисман билдим. Ҳозирги вазиятда сизларни қонуний ишлашларинг учун нима ишларни қилиш керак, соҳага қандай ислоҳотлар ўтказиш керак?
– Агар "ҳамма қонуний ишласин, давлатга ҳам солиқ тушсин" дейиладиган бўлса биринчи навбатда "Дамас"лар ва енгил машиналар учун йўловчи ташиш лицензиясини нархини арзон қилиб, уни солиқдан ёки масалан ДХМ дан индивидуал тарзда беришни йўлга қўйиш керак. Шунингдек йўловчи ташиш суғурта нархини арзон қилиш керак ёки бутунлай бекор қилиш керак. Ана шунда соҳада анча тартиб бўлади ва ҳозирги кунда кимларнидир чўнтагига бекитикча кириб кетаётган пул, қонуний айланади ва давлатга ундан солиқ тушади. Мана яқинда таксиларни сариққа бўяш тартиби бекор қилинди. Энди машинани бўямай, елимли махсус қоплама ёрдамида такси рамзларини тушириб ҳам ишлайверса бўлади. Бу яхши, лекин ҳали соҳани тубдан ислоҳ қилиш иши навбатини кутиб турибди.
Ҳозир кунига "фалон мингдан" деб бир ойда анча пулни корхонага шунчаки тўлаб юбораяпмиз. Агар қонуний ишлаймиз десак бунга қўшимча "Ўздарётранс"дан йиллик лицензия ва суғурта пули, ҳаммаси йиғилиб анчагина харажат бўлади. Бундан ташқари кўраяпсиз, ёқилғи ва эҳтиёт қисмлар қиммат. Шу учун ҳар бир таксичилик билан шуғулланмоқчи бўлган ҳайдовчига максимал даражада енгилликлар бериб, аввало қандайдир корхоналарга аъзо бўлиб ишлаш қоидасини бекор қилиш керак ва сўнгра таксичиларга юқорида айтганимдай солиқдан ёки ДХМ томонидан ҳар бир киракашга якка тартибда алоҳида, арзонроқ лицензия бериш тартибини йўлга қўйиш керак. Ана шунда давлатга солиқ тушади. Акс ҳолда биз таксичилар кимларнидир чўнтагини қаппайтириб юраверамиз.
П.С. Олдинги постларимда ёзганимдай мени якка шахслар аралашган ёки камёб учрайдиган коррупция ҳолатлари ва уларнинг ечимлари эмас, балки бутун бошли тизимларнинг коррупция ботқоғига ботгани ва уларнинг ечими кўпроқ қизиқтиради.
Юқоридаги ҳолат ҳам гарчи савол-жавоб шаклида ёзилган бўлса ҳам битта таксичи билан гаплашиб эмас, балки айнан шу ҳолатни анча йиллардан бери кузатиб, гувоҳи бўлиб юрганим натижасида ёзилди ва айнан шундай ҳолат мамлакатимизнинг барча туманларида содир бўлаяпти.
Юқорида ёзганимдай агар шу соҳа ҳам ислоҳ қилинса ва таксичилик қилмоқчи бўлган ҳайдовчилар учун талаблар енгиллаштирилса, лицензия учун тўловлар арзонлаштирилса мамлакатимиз бўйлаб жуда катта сумма солиқ тушумлари тушади. Ҳозирча эса лицензия ва солиққа тушиши лозим бўлган пулни аксарият ҳолларда йўловчи ташиш билан шуғулланадиган корхона раҳбарлари ўзлаштириб юбормоқда. Ўйлайманки бу ёзганларим Адлия вазирлигини эътиборидан четда қолмайди ва соҳада қабул қилинган қарор ва қонунларни ислоҳ қилишда асқотади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий