Ўз оёғимизга болта ураётган раҳмдиллигимиз ва андишамиз
Жамиятда порахўрликни, коррупцияни қандай камайтиришни ўйлайман ва ўйлаб ўйимга ета олмайман. Бизда коррупция ва порахўрликни камаймаётганига менталитетимиздаги баъзи бир муҳим хислатлар ҳам тўсиқ бўлиб қолаётгандай. У ҳам бўлса андиша қилишимиз, "одамлар нима деркин? " деб ўйлашимиз ва шунингдек ўзимизнинг таниш-билишларимизни, дўст-ўртоқларимизни ҳатто коррупцияга аралашиб жиноят қилганида ҳам ҳеч қачон сотмаслигимиз ва шу ишларни худди шундай бўлиши керакдай хотиржам қабул қилишимиздир.. Ана шу хислатларимиз туфайли атрофимизда бўлаётган коррупцион ишларни кўриб кўрмасликка оламиз, шу чиркин иш ортидан нафақат юртимиз, ҳатто маҳалламиз, қишлоғимиз, туманимиз, шаҳримиз ривожланиши ортга кетаётганини, коррупцияга қўл ураётган шахслар мамлакатимиз тараққиётига болта ураётганини кўзимиз билан кўрамиз, аммо барибир лоқайдмиз. Бирида "менга нима?!" деб беъэтибор бўламиз. Бирида танишимиз, қўшнимиз ёки қариндошимизни ўйлаб ўзимизни кўрмасликка оламиз ва ҳоказо.
Сингапур давлатининг собиқ бош вазири Ли Куан Ю порахўрлик билан қандай курашган? У шундай ёзади: “Агар коррупцияни йўқ қилмоқчи бўлсангиз дастлаб ўзингизнинг энг яқин уч нафар дўстингизни фош қилинг. Сиз нимага шундай қилаётганингизни аниқ биласиз, улар ҳам худди шундай — нимага фош қилинганини аниқ билишади”.
Бизда йиллар давомида коррупцияга қарши кураш номигагина олиб борилгани учун аҳвол шу даражага келиб қолди-ки, айрим мансабдор шахслар ўз олдиларига ўзларига тегишли ва шундоқ ҳам бажаришлари лозим бўлган қандайдир ишини битириб беришларини сўраб кирган таниш, нотаниш одамлардан очиқ-ойдин ўз хизмат хоналарида пора сўраган ва олган ҳолатлар ҳам бўлди.
Охирги икки йилда коррупцияга қарши кураш анча кучайтирилгани сабабли энди порахўр ва коррупцияга мойил аксарият мутасаддилар пора олишда жуда эҳтиёткор бўлаяптилар. Энди улар кимдандир пора олишда ўша одамнинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига ушлаб бермаслигига ишониб, аниқ кўзлари етгандан кейингина пора олмоқдалар. Ёки, мурожат қилувчининг ишини битириб бермай, уни сарсон қилиб, охири мурожатчининг ўртага ҳар икки тарафга ҳам таниш бўлган кишини аралаштириб ўша одам орқали пора беришини кутмоқдалар.
Ана шундай ҳолларда, аксарият ҳолатларда ўртага таниш-билиш,
дўст ёки қариндош тушади "Бир-икки сўм ата, ишингни мен битириб бераман" деб. Бундай ҳолатда сиз қандайдир мутасаддининг ўз вазифасини бажармай, сизни сарсон қилиб ишингизни битириб бермай, ўртага одам қўшиб бир-икки сўм узатишингизни хоҳлаб, ишингизни аччиқ ичакдай чўзгани учун уни роса тегишли органларга ушлаб бергингиз келади. Аммо, "қочган ҳам Худо дейди, қувган ҳам" дейилганидай ўша мутасадди ҳам анойи эмас, тўғридан-тўғри сиздан ҳеч нарса олмайди. Ўртага ўзингизга яқин бўлган танишингиз, дўстингиз ёки қариндошингизни тушишингизни кутади ва кейин "мана мунча берсин, ишини битириб бераман" деб дардини айтади. Сиз эса ўртага тушган танишингиз, қариндошингиз ёки дўстингизни асраш учун ўша порахўрни сотмайсиз ва у ана шу зайлда кейинги ўлжа томон ўтаверади.
Ёки, бундан ҳам ёмони турли идораларда ишлайдиган порахўрларнинг айримлари, баъзи ҳолатларда айримлардан ҳам кўпроғи ўзимизнинг қўшнимиз, қариндошимиз, таниш-билишларимиздир. Биз уларнинг ашаддий порахўр эканлигини ва ҳатто ишимиз тушиб борганда бошқалардан бир сўм оладиган жойида танишимиз бўлган ҳолда биздан уч сўм олса ҳам уни ҳеч қачон ушлаб бермаймиз. Яна ўша таниш-билишга андиша қилишимиз, қўштирноқ ичидаги "одамгарчилик" бизни бу ишдан қайтаради.
Ана шу туфайли ҳам бизда коррупцияни камайтириш қийин кечмоқда. Ҳаммасига ўзимизга яқин ва дўст бўлган инсонларни аяшимиз, андиша қилишимиз сабаб бўлаяпти. Коррупцияга йўл қўйиб, пора сўраган маъсул шахсни ушлаб берайлик десак ўртада жон-жигарларимиздан кимдир турибди ёки порахўр ва коррупционер жон-жигарларимиздан ёки танишларимиздан бирининг ўзи.
Жон-жигарларни ёки таниш-билишликни ёки қадрдонликни ўйлаб коррупционер ва порахўрни ушлаб бермасак аҳвол ўзгариши қийин бўлаяпти. Шундай ҳолатларда Сингапурни оёққа турғизган Ли Куан Ю "коррупцияни йўқотмоқчи бўлсанг аввал яқин қариндошларинг, дўст ва ошналарингни ушлаб бер" деганда юз фоиз ҳақ эди.
Биз андиша қилганимиз туфайли коррупция баттар урчийверади. Қачонки бизнинг характеримизда, менталитетимизда Ватан манфати шахс манфатидан устун бўлса ана шунда коррупцияни кескин камайтириб, юртни ривожлантириш мумкин. Акс ҳолда эса ҳали бу коррупционерни қариндошим, наригисини қўшним деб андиша қилиб юраверишимиз ортидан коррупция ботқоғига ўралашиб юраверамиз.
Ана шу раҳмдиллик хислатларимиз, андиша қилишимиз туфайли ўзимиз коррупционерни ушлаб бермаганимиз майли, ҳатто бошқалар коррупцияга қарши курашса ва коррупционерни ушлаб берса ҳам буни ҳазм қила олмаймиз ва дарров коррупционерни ушлаб берган одамни қоралаб, коррупционерга раҳмлари келиб "унга ҳам осон эмаслиги, у ҳам бола-чақасини боқиши лозимлигини" айтиб, ҳатто "жамиятда шунча одам пора еяпти, битта шу ҳам еса нима бўпти?" деб фикр билдириб ҳам қўямиз.
Шундай экан, коррупцияни йўқотиш ёки камайтириш учун аввало халқни коррупцияга, коррупционерга, пора олди-бердисига бўлган муносабатини ўзгартиришим керак. Акс ҳолда, биз ҳозирги характеримиз, қўштирноқ ичидаги "андишамиз", "раҳмдиллигимиз" билан коррупцияни камайтира олмаймиз.
Комментариев нет:
Отправить комментарий