пятница, 19 июля 2019 г.

Ҳудудий электр тармоқлари АЖ ёки коммунистик бошқарув

Очиғи хоҳ тан олайлик, хоҳ тан олмайлик, бизда аксарият ташкилотларда ҳанузгача коммунистик бошқарув асоратлари, эътиборга олиб қўйинг, "коммунистик бошқарув" демаяпман, "коммунистик бошқарув асоратлари" деяпман, билиниб қолади.
Масалан, бугун эрталаб аксарият ОАВда *"Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистоннинг баъзи туманлари светсиз қолди – Тахиатош ИЭСда йирик авария"* сарлавҳаси билан хабар эълон қилинди. Бу хабар нима ҳақдалиги сарлавҳасидан маълум бўлиб турибди.
Шу ҳодиса ҳақида берилган хабарларда аввалига авария дейилди, кейин эса "авария эмас носозлик" дейилди.
Энди қизиғини эшитинг. Бугун, 18 июль куни Самарқанд вилоятининг аксарият ҳудудларида чироқ светофордай бўлиб турди. Ёнади, 3-4 соатдан кейин ўчиришади. 2-3 соатлаб ўчиқ туради, кейин яна ёқишади, яна ўчиришади, куни билан аҳвол шундай бўлди. Охири кечга бориб бу ҳолатга чидай олмадим ва Ургут туман электр тармоқлари корхонасига қўнғироқ қилдим. Менга жавоб берган ходим чироқнинг светофордай бўлиб ёқиб-ўчирилаётганига Тахиатошдаги авария, носозликни сабаб қилди ва "Энергетика тизимимиз яхлит ҳолда ишлайди. Шу учун Тахиатошдаги носозликнинг асорати бизгача келаяпти. Вилоят тинимсиз равишда "аҳоли пунктларини навбати билан ўчиринглар" деб буйруқ бераяпти. Ҳатто ўзлари ҳам вилоятдан туманимизга берилаётган электр энергияни узиб қўйяпти" деди. Шундан сўнг вилоят электр тармоқлари корхонаси мутасаддиларидан бирига қўнғироқ қилдим. Унинг айтишича у Тахиатошдаги носозликнинг Самарқанд вилоятидаги электр энергияси таъминотига таъсир кўрсатиши ёки кўрсатмаслигини билмайди. Аҳоли пунктларида чироқнинг ўчирилишига Тошкентдан, "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ бош офисидан "аҳоли пунктларининг чироқлари навбати билан ўчиринглар" деб буюришаётгани сабаб бўляпти ва шу сабабли улар чироқни ўчиришаяпти. (Ургут ва Самарқанд вилоят электр тармоқлари корхоналари ходимларининг аудио ёзуви бор).

Шунингдек охирги кунларда ижтимоий тармоқларда мамлакатимизнирг турли вилоятларида чироқ ўчириб қўйилиши билан боғлиқ шикоятлар кўп ёзилаяпти. Хўш, нега ёзнинг иссиғида электр таъминоти ёмонлашаяпти? Ҳудудий электр тармоқлари АЖнинг мақсади нима? Бир қарасанг Афғонистон билан бу мамлакатга электр энергияси экспортини ошириш ҳақида шартнома имзолайди. Яна бир қарасанг Қозоғистон томондан Ўзбекистонга энергия экспортини бошладик деган хабарлар чиқади?
Булар нима қилмоқчи? Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида чироқ тез-тез узилиб, буни натижасида аҳолида АЭСга нисбатан симпатия уйғотишми, "АЭС қурсак шу ҳолат юз бермайди" деб? Бунга ишониш қийин. Унда бугун қишда ўчмаган чироқ нега ўчирилаяпти, жавоб берадиган одам борми? Балки Ургут туман ЭТК ходими айтгандай Тахиатошдаги авариянинг таъсири бошқаларга ҳам бўлаётгандир?
Ундай десак энергия таъминотидаги узилишлар мамлакатимизнинг турли ҳудудлари бўйлаб олдиндан бор.

Юқорида гапни коммунистик бошқарув асоратлари билан бошлавдим. Ҳудудий электр тармоқлари АЖ да тахминимча коммунистик бошқарув асоратларидан яхшигина сақланиб қолган. Акс ҳолда, Тахиатошда носозлик бўпти, зудлик билан брифинг уюштириб у ҳақда ва унинг асоратлари ҳақида маълумот берилса мақсадга мувофиқ бўлмасмиди? Брифинг ҳам уюштирмасин, телеграм канали бор, 15 июлдан бери ҳеч нарса жойланмаган ва доим кимдир мақтаб нимадир ёзса ёки АЖнинг ўзи 50 млнлаб маблағ ўтказиб чиқартирган пиар мақоласини бериб турадиган, ана ўшанда эълон беришсин, Тахиатошда нима бўлган, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида чироқ нега светофордай ўчиб ёнаяпти. Бу қийин иш эмаску.  Балки ҳақиқатдан ҳам Тахиатош асоратлари мамлакатнинг бошқа ҳудудлари, масалан Самарқандда ҳам билинаётгандир. Шу учун ҳам Ҳудудий ЭТ АЖ Самарқанд вилоятида вақти-вақти билан чироқни ўчириб қўйишга буйруқ бераётгандир ва биз бир суткада 3-4 марта 3-4 соатлаб чироқсиз қолаётгандирмиз. Лекин кун.уз сайтида берилган хабарда
*"Тахиатош ИЭС Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини электр энергияси билан таъминлайди. 18 июль куни эрталаб Тахиатош Иссиқлик Электр Станциясида (ИЭС) йирик авария юз берди. Натижада Хоразм вилояти ва Қорқалпоғистон Республикасининг бир неча туманлари электр энергиясиз қолди"* деб маълумот берилган, аммо Тахиатошдаги авариянинг мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги энергия таъминотидаги узилишларга сабаб бўлиши ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.
Балки Тахиатошни баҳона қилиб, мамлакат бўйлаб чироқни ўчириб, афғонларга "сизларга экспортни оширамиз" деб берган ваъдани бажаришаётгандир.

Нима бўлганда ҳам факт шу-ки, балиқ бошидан сасияпти ва жойларда чироқнинг ўчирилиши бевосита "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖнинг Тошкентдаги бош офисидан берилмоқда.

П.С. Ҳозир соат 21:40 ва соат 17:00 ларда ўчган чироқ ҳанузгача ёнмади. Ҳаҳ, уйинг куйсин, "Ўзбекэнерго"!

Комментариев нет:

Отправить комментарий