четверг, 11 апреля 2019 г.

Ёритиш асбоблари

Икки кун олдин ЙПХ айрим йўл қоидаларини ўзгартирди. Шулардан бири фараларни кундуз куни ҳам ёқиб юришнинг мажбурийлиги ҳақидаги ўзгариш бўлди. Бу ўзгаришни ҳамма ҳар хил қабул қилди. Яхши бўлди деганлар ҳам бор, бизга нима керак эди деганлар ҳам. Назаримда, бизга бу нимага керак эди дейдиганлар кўпроқ.
Мени ўзим шу иш яхши бўлди деган фикрдаман.
Хўш, нега яхши иш бўлди деяпман.

Бизда, 4-5 йилдан бери айнан ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаси каша бўп келаётган эди. Қоидага кўра маълум бир вазиятлардан бошқа пайтда кундузлари ёритиш асбобларини ёқиб юриш қоида бузилиш деб ҳисобланар эди. Аммо, иккинчи тарафдан барака топкур GM Uzbekistan машинани ўт олдиргандан ёритиш асбоблари ёнадиган ва кеча-кундуз ёритиш асбоблари автоматик ёниқ турадиган машиналар ишлаб чиқаришни бошлаб юборган эди.
Шу туфайли ҳам кўчаларимизда юрган машиналардан бири ёритиш асбобларини ёқмай юрса, иккинчиси тизим автомат бўлгани учун ёқиб юрарди. Бу иш ЙПХ ходимлари учун ҳам, ҳайдовчилар учун ҳам бошоғриқ эди. Айнан шу иш учун ЙПХ ходимлари билан жанжаллашган ҳайдовчиларни бир неча марта кўрдим. ЙПХ ходими кундузи чироғини ёқиб юрган ҳайдовчини тзхтатиб жаримага тортмоқчи. Улар эса заводдан чироғи кундузи ҳам автоматик ёнадиган машиналарни кўрсатиб "булар юрибдику" дейишади. ЙПХ ходими улар заводдан шундай чиққанини, аммо оддий машиналар энди шу иш ҳамма учун бир хил қилинмагунча кундузи чироғини ёқиб юрганлар жаримага тортилишини билдирарди. Ҳайдовчи бунга эътироз билдириб, ўртада жанжал чиқар эди. Ҳатто, улар билан айни масалада ўзим ҳам жанжаллашганман ва ЙПХ га "шу қоидани тезроқ тўғирлаб қўйсанглар  бўлмайдими, ҳайдовчиларни сарсон қилмай" деб.
Мана энди шу қоида ҳамма учун бир хил бўлаяпти.
Аслида, дунёнинг кўплаб давлатларида бу қоида аллақачон жорий қилинган. Биз ҳар доимгидай карвонни охиридамиз.
Кўпчилик менга "Дунёнинг кўпгина давлатларида чироғни кундузи ёқиб юради деяпсизлар, уларда булутли, туманли ҳаво узоқ давом этади ва шу учун кундузи чироқларни ёқиб юриш жорий қилинган" дейишди.
Аммо, мен ўқиган манбаларда чироқни кундузи ёқиб юриш биргина туман ёки булутли кунлар учун эмас, энг асосийси хавфсизлик ва йўлларда тўқнашувларни камайтириш учун жорий қилинган дейилган эди.
Мен ҳайдовчиман ва катта трассаларда айнан кундузи чироқни ёқмай ҳаракатланиш ҳайдовчиларни чалғитганига кўп бора гувоҳи бўлганман. Яъни, тез бораётган ҳайдовчи олдинда турган машинани юраяптими ёки тўхтаб турибдими билмай бораверади ва агар ўша машина ҳаракатланмай тўхтаб турганини сезиб тормозни босгунча кеч бўлади ва тўқнашув содир бўлиш эҳтимоли катта.
Агар ёритиш асбобларини ёқиб юрса, орқадаги ёритиш асбоблари ҳам ёнади ва орқадан бораётган ҳайдовчилар уни ҳаракатланаётганини узоқдан биладилар. Агар узоқдан кўринаётган машинанинг орқа ёритиш асбоблари ўчиқми, демак у тўхтаб турибди ва ҳайдовчилар буеи инобатга олиб борадилар.

Қисқаси, бу қоиданинг барча ҳайдовчилар учун бир хил қилингани тўғри иш бўлди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий