четверг, 28 февраля 2019 г.

туғилган кун

27 февраль. Бугун туғилган куним. Ўзи негадир шу ойни яхши кўраман. Балки, баҳор яқинлиги учундир, балки туғилган ойим шу ой бўлгани учундир, билмадим.
"Туғилган кунинг бўлса бугун дам олсанг бўлар эди, канал, пост демасдан" деяпсизми? Ҳайрон бўлманг. Одатда мен туғилган кунимни нишонламайман. Ёшлигимда ҳам нишонламаганман. Умуман олганда оиламизда туғилган кунни нишонлаш одати йўқ. На отамнинг, на онамнинг на биз фарзандларнинг туғилган кунини нишонлаш йўқ. Туғилган кун нишонланмаса ҳеч ким ажабланмайди. Бу одат ҳозир оиламда ҳам давом этаяпти. Фарзандларимни биронтасини туғилган куни нишонланмайди. Тўғри, уларни туғилган кунида уйда қандайдир тансиқроқ таъом пиширилади. Лекин, махсус дастурхон тузаш, совға олиш, табриклаш деган гаплар бўлмайди. Фарзандларим ҳам болалигидан махсус нишонланадиган туғилган кунларни кўрмай улғайишаяпти учун шу одатга ўрганишган.

Умуман олганда характерим шундайки, менга туғилган кунимни ҳам ёки ҳамма ётиб олиб байрам қиладиган янги йилни ҳам байрам қилиниши ёқмайди. Сабаби, ҳар икки кун ҳам ҳаётимнинг яна бир йили тугаганини, умрим беҳуда ўтаётганини, инсон бўлиб ҳеч кимга ёрдам бера олмай умримни совуриб юбораётганимни эслатиб туради. Шу учун ҳам ўша кунларни мен мутлақо байрам деб ҳисобламайман ва нишонламайман. Ва шу билан бирга туғилган кунини ва янги йилни дабдабали қилиб нишонлайдиган инсонларни ҳам тушунмайман. "Сен байрам деб нишонлаётганинг, ҳар икки кунда ҳам умринг бир йилга қисқараяпти, ўлим томон яна бир қадам ташлаяпсан, буни нимаси байрам?" деб ўйлайман.
Лекин, шуниси ҳам борки, шу ўйлаганларимни ҳаммасини ҳам мутлақ тўғри деб ўйламайман. Чунки, байрам қилсак ҳам, қилмасак ҳам ҳар йили туғилган кунимизда ва янги йил киришида умримиз қисқаради. Шунчаки менга ўша кунларни ўта дабдабали байрам қилиб юборишлари ёки айримларнинг ўша кунларни байрам қилишни ўзларига мажбурият қилиб олганлари ғалати иш бўлиб туюлади.

"Сен пессимист экансанку. Наҳотки бир йилда бир марта туғилган кун келади, бир марта йил алмашади, шу кунлар байрам қилишга арзимаса?! Ўзи сени луғатингда "байрам" сўзи борми? Байрам нималигини биласанми?" дейишингиз мумкин. Дейишингиз мумкин эмас, ҳозир аниқ шундай деяпсиз. Мен учун ҳам байрам бор. Бўлганда ҳам, катта эҳтимол билан, балки сизникидан кўп байрамларим бор.
Мен учун ҳар куни тонгда уйқудан соғ-саломат уйғонишим, нафақат ўзимни, балки фарзандларим, яқинларимни соғ-саломат уйғонишлари байрам. Ота-онамни соғ-саломат уйғонган, соғ-саломат юрган ҳар кунлари мен учун байрам. Қишда қор ёққан кун, баҳорда ёмғир, ёзда кунларнинг исиши мен учун байрам. Яъни табий ҳодисалар бевақт содир бўлиб ҳаммани ташвишга қўймай, ўз вақтида содир бўлиб, ҳамманинг хурсандчилигига, деҳқоннинг қут-баракасига сабаб бўлиши байрам. Юртимиз осмонининг мусаффо бўлиши, табий офатлар юз бермай, ғанимлар фитна қилмай тинч яшаётганимиз байрам. 
Қайердадир, "кимдир кимнидир бурнини уриб қонатибди" ёки "ҳороми" деб сўкибди", "кимдир ноҳақликка чидай олмай ўзини осибди", "ўзини ёқибди", "кимнидир уйини бузиб кўчада қолдиришибди" ва ҳоказо шуларга ўхшаган гапларни эшитмаган, ўқимаган куним байрам. Аммо, тан оламан бундай кунлар кам.
Худодан сўрайман ҳаммамизга, энг аввало мени ўзимга инсон берсин. Ноҳақликлар камайиб, бутунлай йўқ бўлиб ҳар кунимиз байрам бўлсин. Саломат бўлинглар!

Комментариев нет:

Отправить комментарий