Бир пайтлар Чор Россияси Марказий Осиёни босиб олганидан кейин Оқ подшо истило қилган мамлакатларни "генерал-губернатор" лари орқали бошқарар эди. Большивиклар эса мустамлака ерларни майда-майда бўлакларга ажратиб, "мустақил совет республикалари" ташкил этдилар-да, ҳукумат тепасига қўғирчоқ раҳбарларни қўйдилар. Ўзбекистонда Компартия раҳбари ўзбек, иккинчи котиб албатта Москвадан юборилган рус бўлар эди. Бутун тизимда шундай эди. Узоқ вилоятдаги туман ёки заводлардан бирига борсангиз ҳам раҳбар маҳаллий кадр, ўринбосари эса Москвадан бўлар эди. Демак-ки аслида ҳамма ишни ўша иккинчи котиблар, ўринбосарлар юрғизишган.
Диққат қилайлик: Мажлислар рус тилида олиб бориш мажбурий эди. Барча расмий ҳужжатлар рус тилида юритилар эди. Шундай ҳолатда рус тилини яхши биладиганларни амалда тез кўтарилишлари мумкин эди. Демак, фарзандини улғайиб яхши амални эгаллаши учун ота-она уни русийзабон қилиб тарбиялашга ҳаракат қилар эди ва ўша оилада миллий руҳ деган нарса батамом унутилар эди. Бу илмий тилда "Ассимиляция" дейилади. Имло луғатларда "Ассимиляция - бир халқнинг бошқа бир халқ тилини ва урф-одатларини, маданиятини ўзлаштириб, ўз тили ва урф-одатларини унутиб, ўша халққа қўшилиб кетиши" деб ёзилган.
Агрессия - тажовуз, яъни миллат бошини қилич билан шарт кесиш бўлса, ассимиляция эркалаб, бошини силаб, аста-секин емириб тугатишдир.
Чингиз Айтматовнинг "Асрга татигулик кун" романидаги манқурт йигитни эслайсизми? Душман паҳлавон йигитни ўлдирмайди. Бошидаги хотирани, ақлидаги туйғуларни аста секин чиқариб ташлайди. Оқибатда у онасини ҳам танимайди. Миллатини ҳам, тилини ҳам унутади. Бундай инсонлар Ватанни танимайди.
Чингиз Айтматов Собиқ Иттифоқнинг Марказий Осиёда айнан рус тилини гегемон тилга айлантириш, маҳаллий аҳолининг ўз тарихини, маданиятини ўқиб ўрганишга йўл қўймай, маҳаллий халқларни руслаштиришга бўлган ҳаракатларини асаридаги ўша Найман онанинг душманлар томонидан Манқурт қилинган ўғли ва асар бош қаҳрамони Қозонгапнинг ўз тарихини, тилини унутган, қозоқлигидан орланадиган манқурт ўғли образи орқали очиб бера олган эди.
Биринчи раҳбарларнинг аксари Москвалик хўжайинларга яхши кўриниш учун аввало ўзлари руслашишни бошлаган эдилар. А. Икромов, Ф. Хўжаев кабилар рус аёлларига уйланган эдилар. Уларнинг фарзандлари оталарининг насаблари билан аталса-да, аслида уларнинг қонида ўзбекнинг ҳеч нарсаси йўқ эди. А. Икромовнинг ўғли Комил Икромов Москвада улғайиб, болалар ёзувчиси бўлиб етишди ва батамом руслашиб кетди. Усмон Юсуповнинг ўғли Леонид Юсупов ҳам Москвада яшаган ва у ҳам руслашиб кетган.
Бундай ҳолатни ёзувчилар оилаларида ҳам учратиш мумкин эди. Уйғун, Йўлдош Шамшаров, Туроб Тўла ўзга миллат вакилаларига уйланишди ва ўз даврида интернационал оила сифатида роса мақталишди.
Мен бу ишни қоралай олмайман. Кимга уйланиш ҳар ким ўз хоҳиши.
Кўнгил-кўнгил-да, ким кимга уйланса уйланаверсин. Аммо улар болаларини ўзбек қилиб тарбияласин. Афсуски бизда тескариси бўлган. Рус қизларига, аёлларига уйланган таниқли шахсларнинг болалари ўз тилларини, маданиятларини унутиб, руслашиб кетган эдилар.
Интернационал оила бизнинг қариндошларда ҳам бор эди. Тоғамнинг (М. Исмоилий назарда тутилаяпти) катта ўғиллари Фарруҳ акам тўйсиз, никоҳсиз бир рус қизига уйланиб олибдилар. Ўшанда худди кинолардагидай чақалоғини кўтариб олган жувонни бошлаб келиб "Это моя жена" деган эканлар. Тоғам бундан қанчалик норизо бўлмасинлар, уларга ҳовли четидан иккита хона ажратиб берганлар.
Фарруҳ акам рус хотинларидан Лола ва Алишер исмли иккита фарзанд кўрдилар. Лола исми ўзбекча бўлгани билан рус қизи бўлиб тарбия топди. Рус йигитига турмушга чиқиб рус аёлларига хос феъли билан тезда ажрашиб кетди. Ҳозир Россияда яшайди. Алишер ҳам рус йигити бўлиб улғайди. Оила қурмади. Россияга улоқиб кетиб ўша ёқда алкашлик ва гиёҳвандлик ортидан умрини хазон қилди. Уни Белгород шаҳрига кўмишган.
Не ажабки тоғамнинг иккинчи ўғиллари Ҳасан ака ҳам Ленинградда ўқиётганларида рус қизига уйланадилар. Тоғам буни эшитиб алам чекмадилар. Тоғамни фақат бир ўй "зурриётим қирқилиб кетади, номим ўчади" деган ўй қийнарди. Ҳартугул Ҳасан ака ўша рус аёли билан узоқ яшамай ажрашдилар. Кейин ўшлик қариндошларимизнинг қизига уйландилар. Набиралари Омонуллоҳ туғилганда тоғам "энди номтм ўчмайди, илдизим қуримайди" деб роса қувонган эдилар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий