НИМА УЧУН НАРХ-НАВО ОШИБ БОРМОҚДА?
Ёки метан қуйиш шаҳобчаларини қийнаётган муаммолар ҳақида аниқ гаплар
(ЎзА да метан қуйиш шаҳобчаларини қийнаётган муаммолар, уларга газни лимит асосида берилиши ортидан чиқиб келаётган муаммолар, шунингдек янги солиқ концепцияси ортидан чиқиб келган муаммолар ҳақида метан қуйиш шаҳобчаси раҳбари батафсил гапирибди. Қизиқарли бўлгани учун шуни сизларга ҳам илиндим
http://www.uza.uz/oz/society/nima-uchun-narkh-navo-oshib-bormo-da-10-01-2019?m=y&ELEMENT_CODE=nima-uchun-narkh-navo-oshib-bormo-da-10-01-2019&SECTION_CODE=society)
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА ҳамда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси ҳамкорликда 2 кун давомида республика ҳудудларидаги автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида 1 куб газнинг сотилиш нархини ўрганиб жамоатчиликка тақдим этилди.
Ана шу жараёнда юртимизда 692 газ қуйиш шохобчаси фаолият юритаётганига гувоҳ бўлдик. Маълумотларга кўра, жорий йилда яна 15 шохобча қурилиши учун рухсат берилган. Бироқ, баъзи манбаларда “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти мавжуд шохобчаларда ойлик лимит миқдорини 12 фоиздан 17 фоизгача қисқартирган айтилмоқда. Бу ҳудудлардаги газ қуйиш шохобчаларида нарх-навонинг ўзбошимчалик билан оширишга сабаб бўладими?
Бу ва бошқа бир қатор саволларга пойтахтимиздаги автомобилларга сиқилган газ (метан) қуйиш шохобчаси раҳбари Малика Муродова ўз мулоҳазаларини билдирди.
– Битта шохобчага ойига лимит асосида300куб табиий газ берилса, у йигирма ёки йигирма беш кунда сотилади. Қолган кунларда шохобча маҳсулотни икки баробар қимматига харид қилиши керак бўлади. Лимит доирасида бир куб табиий газнинг нархи 800 сўм бўлса, у тугаганда 1600 сўмдан “Ўзтрансгаз”дан харид қиламиз. Бундай нархда ҳеч қандай чеклов йўқ. Истаганча, харид қилишингиз мумкин. Лимит қисқаришига эса газни экспорт қилинаётгани рўкач қилинмоқда. Ваҳоланки, экспортга 150 долларга сотилади. Биз қўшимча олмоқчи бўлсак, қарийб 200 долларга баҳоланмоқда.
Солиқ қўмитасидан сўрадим. Лимит борлигида ҳар ойда 20 кун 1950, кейин 10 кун 2400 сўмдан сиқилган газ сотсам, кейинги ойнинг бошида яна 1950 сўмдан сотишга ҳақим борми? “Йўқ, битта нархни ушлаш керак”, деган жавобни олдим.
Лимит тугаса, ҳар ойнинг 20 кунидан кейин ёпилишим ёки ҳар ойда ўн ёки 5 кун зарарга ишлашим керак? Мисол учун, ўтган йилнинг ноябрь ойнинг 27 – санасида лимит тугади. Мен ёпилишим ёки мижозни йўқотмаслик учун нархни ушлашиб туришим керак эди. Шунда нима қилай? деган савол билан прокуратурага маслаҳат солдим. Улар тезда вилоят газга телефонограмма беринг дейишди. Уни қабулхонага юбордим. Эртасига кимда лимит ортиб қолган бўлса, сизга қўшиб берамиз, дея қўнғироқ қилишди. Лекин, декабрь ойида ҳисоб -фактура олганимда ўша уч кунда олинган қўшимча маҳсулот учун 1600 сўмдан ҳисоблаб, пул олиб қолишди.
– Демак, нархнинг кескин ошишини сиз лимитни камайтирилгани билан изоҳлайсиз ёки яна бошқа сабаблар ҳам борми?
– Лимит билан ёнма-ён солиқ масаласи ҳам турибди. Биз жорий йилнинг 1 январигача иккита – истеъмол ва ягона солиқ тўлар эдик. Улар умумий ҳаражатларни 21 фоизига тўғри келарди. Энди эса солиқлар сони кўпайди. Ер-мулк, сув, даромад, ҚҚС ва бошқалар. Шу тариқа давлатга тўлайдиган солиғимиз январдан 22 фоизга етди. Унинг устига 360 сўм ҳам қўшилди. Энг қизиғи, солиқ қодексидан 237-моддани олиб ташланиши ҳисобига биз табиий газ учун икки марта акциз солиғи тўлашга мажбур бўляпмиз.
Газнинг нархига келадиган бўлсак, унинг бир куби ҚҚС билан бизга 800 сўмга тушади. Бунда табиий газнинг нархи 567 сўм, 100 сўм акциз ва 133 сўм ҚҚС.
— Наҳотки, жуда арзон олар экансиз-ку? Қизиқ,унда нега 1900 – 1950 сўмдан сотишни хоҳламайсиз, нима ютқазасиз?
— Шу кунларда бу саволни кўпчилик бермоқда. Энди ҳисоблаб, кўринг. Январь ойида “Ўзтрансгаз” менга 300 куб лимит берди. Уни 20 кунда сотаман. 21 кундан газни 1600 сўмга оламан. Шу куни газни нархи бирдан ошади. Чунки, мен 1600 сўмдан газ олиб, устига акциз солиғини қўшсам 1960 сўм бўлади. Қандай қилиб 1950 сўмдан сотаман?
— Хўп. Шундай ҳам дейлик, лекин 2100–2200 сўмдан сотиш инсофсизликдай назаримда. Ахир, сиз йигирма кун газнинг бир кубини ҚҚСни ҳисобламаганда 667 сўмдан оляпсиз-ку?
— Оддий мисол. Мато олиб тикувчига борсангиз,либос учун қўшимча безак воситалари ва иш ҳақига тўлайсиз. Шунда олинган мато 200 минг сўм бўлса, тайёр либос ҳолида 300 минг сўм бўлади. Шунга ўхшаб биз ҳам табиий газни 667 сўмдан олсакда, уни тўрт марта тозалаб, шунча қуритамиз. Сўнгра, тўртта босқичда 2 атмосферадан 200 атмосферагача сиқилади. Ана шу жараёнлардан кейин автотранспорт воситаларига ёқилғи сифатида сотилади. Бизда савдо шохобчаси эмас, маҳсулотни тоннада олиб, литрлаб сотадиган. Аксинча, табиий газни қайта ишлайдиган мини заводмиз. 1 куб табиий газни қайта ишлаш учун камида 700–800 сўм ҳаражат киламиз. Унга 667 сўм газнинг нархи, 80 – 96 сўмгача электр энергиясининг нархини қўшинг.
Харажатимиз ҚҚС ва акцизсиз 1447 сўмдан 1613 сўмгача етади. Унга 20 фоиз ҚҚС қўшсак нарх 1736,4 дан 1935,6 сўмга, акциз солиғи360 сўм қўшилса 1 куб сиқилган газнинг нархи 2096,4 дан 2295,6 сўмгача боради. Айниқса, куз-қиш мавсумида газ босими билан боғлиқ муаммолар қўшимча энергия истеъмолига ва сиқилган газнинг тан нархини ошишига ҳам таъсир қилади.
Энди иш ҳақига келсак. Бизда 25 нафар ишчи бор. Шохобчада тўртта компрессор ишлайди. Уларни ишлатишга камида иккита мутахассис керак. Иккита одам кассада ўтиради. Чунки, 24 соат давомида битта одамга ўтириш қийин. Улар смена билан ишлайди. Яна иккита ишчи газ қўйиб туради. Шу тариқа уч сменада 18 ишчи ишлайди. Шунингдек, назорат ўлчов асбоблари мутахассиси, электрик, чилангар уста, муҳандис, ҳисобчи керак.Шохобчаларда портлашлар бўлгандан кейин биз эҳтиёт чораси сифатида битта ходимни эшик олдига қўйишга мажбур бўлдик. Улар кираётган машинанинг газ баллони созлиги, ҳужжатларининг тўғрилигини,вақтида кўрикдан ўтганини текширади.
Яна бир гап. Бизни Ўздавнефтгазинспекция, Саноатконтехназорат, Ёнғин хавфсизлиги, Табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси, Ўзстандарт каби юқори ташкилотлар текширади. Уларнинг йўриқномаларини, талабларини бажариш – бу юқори хавфга эга бўлган объектларнинг вазифаси. Табиий газдан фойдаланиш қоидаларига асосан газ тўлдириш компрессор шохобчалари, ўзимизни газ тармоғини, технологик ускуналарни соз ҳолатда сақлаш ва уни ўз ҳисобимиздан таъмирлаш-тиклаш, техник ҳолати, ички газ тармоқлари ва газдан фойдаланиш ускуналарини техник тафтишдан ўтказиш ва уларга профилактик хизмат кўрсатишимиз керак. Буларга ҳам озмунча харажат кетмайди. Мана шуларнинг ҳаммасини инобатга олинган ҳолда шохобчаларда сиқилган газнинг нархи чиқарилади.
Шундай экан, юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожлантирилиб, рақобат эркинлиги биринчи ўринга қўйилган пайтда, ДСҚ ҳам Молия вазирлиги газ қуйиш шохобчаларида нархларни оширишга асос йўқ деб ҳисоблаши, Молия вазирлиги алоҳида хабарда нархларни асоссиз оширган газ қуйиш шохобчаларига нисбатан чоралар кўрилишини маълум қилиши – шу тўғримикан?..
Сайёра Шоева тайёрлади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий