Бугун тасодифан Ургут туманида кира қилиб юрган элликка яқин ҳайдовчиларнинг туман Халқ Қабулхонаси олдида ниманидир қизғин муҳокама қилиб турганларини устидан чиқиб қолдим. Булар асосан ноқонуний кира қилиб юрган ҳайдовчилар экан. Маълум бўлишича охирги пайтларда Автомобиль транспорти агентлиги вилоят бошқармаси томонидан рейдлар кўпайган ва қўлга тушган ҳайдовчилар кўп миллионли жарималар тўлашган.
Шу масалада шикоят қилиш учун улар Халқ қабулхонасига йиғилишган экан. Уларни олдида Халқ қабулхонасининг раиси, туман ҳокими, туман ЙҲХБ бошлиғи, лицензия берадиган ташкилотнинг вакили, тумандаги Йўловчи ташувчи корхона раҳбари бор эди.
Ҳайдовчилар ва маъмурлар ўртасидаги мунозарани эшитар эканман, ҳар икки тараф ҳам ўзлари келтираётган важлар бўйича ҳақ эдилар.
Ҳайдовчилар "кира қилаётган аксарият ҳайдовчиларнинг машиналари лизингга, ё арендага олинганини, ёқилғи қимматлигини (Ургутда аксар машиналар бензинда, ё пропанда юради. Туманда метан заправка йўқ. Бугунги кунда 1л пропанни нархи 3400-3700 сўм), йўллар ёмонлиги учун машиналар тез таъмирталаб бўлиб, топган пуллари ёқилғи ва машиналарининг таъмирига кетиб қолаётгани, шу учун оила боқишда қийналаётганлари, агар лицензия олсалар ва Йўловчи ташувчи корхона билан шартнома тузиб ишласалар ҳеч қандай даромад қилмасликлари ва шу сабабли ўша корхона билан тузиладиган шартномага мувофиқ уларга ҳар ой тўланиши лозим бўлган 510.000 сўмни бироз қисқартириб беришни, масалан ойига 300.000 сўм тўласалар ўзларига оғирлик қилмаслигини" айтар эдилар.
Маъмурлар эса буни иложи йўқлигини, нархлар қонун билан тасдиқлаб қўйилгани учун бу масалада ёрдам бера олмасликларини айтар эдилар.
Ҳозир йўловчи ташиш учун:
Ариза кўриб чиқилиши учун 184.300 сўм
Лицензия, (1 йилга) 645.050 сўм,
Йўловчи ташувчи корхона билан шартнома, ойига 510.000 сўм тўловлар бор
Кўча-куйда гаплашаман, аксарият киракашлар ана шу Йўловчи ташувчи корхонага ҳар ой тўланиши лозим бўлган 510.000 сўмни ҳаддан ошиқ белгиланган дейдилар. Тўғри, ўша ҳар ой тўланган 510.000 сўм пулдан учдан бир қисми корхонадан ҳайдовчиларга ойлик қилиб қайтарилади, бир қисми пенсия жамғармаларига қўшилади. Аммо киракашларнинг сўзларига кўра Йўловчи ташувчи корхонага 1 ойда 510.000 сўм, 1 йилда 6.120.000 сўм тўлаш киракашлар учун оғирлик қилаяпти.
Аслида Йўловчи ташувчи корхона ўша тўловлар эвазига ўзи билан шартнома тузган ҳайдовчиларнинг машиналарини ҳар кун ишдан олдин кўрикдан ўтказиши, ўзларини тиббий кўрикдан ўтказиши, агар кимнидир машинаси таъмирталаб бўлса уларга арзонроқ нархда эҳтиёт қисмлар етказиб бериши лозим. Аммо, улар амалда буларни биронтасини ҳам қилмайди. Аксарият ҳолларда ҳайдовчилардан пулини олиб ҳеч қандай кўриксиз йўлланмани бериб юбораверади.
Таклифим: Айнан йўловчи ташишда йиллик лицензияни ҳам, Йўловчи ташувчи корхона билан шартнома тузиб унга ойма-ой 510.000 сўм тўлаб боришни ҳам тугатиш керак ва кира қилмоқчи бўлганларга ойлик патент жорий қилиш керак ва уни жорий қилишда аҳолининг яшаш шароити албатта инобатга олиниши керак. Чунки кира қилмоқчи бўлган ҳайдовчининг тўловлари катта бўлиб бораверса, аҳолига йўл ҳақи шунча қиммат бўлиб бораверади. Шундай экан тегишли ташкилотлар шу масалани яна бир бор кўриб чиқсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ҳайдовчилар шикоят қилиш учун Халқ қабулхонаси олдига йиғилар экан, уларга тушунтириш ишларини олиб бораётган туман мутасаддилари орасида бўлган туман ҳокимининг шикоятчиларга қандай муомала қилиши мени кўпроқ қизиқтирарди. "Ўзи ноқонуний кира қилса-ю яна шикоят қилиб келса, ҳоким ҳозир буларни қувиб юборади" деб ҳам ўйладим. Аммо ҳоким анча одамохун ва оддий одам экан. Шикоятчиларга яхши гапириб, саволларга эринмай жавоб бериб, олдидаги туман мутасаддиларидан ҳайдовчиларга нима ёрдам қилиш мумкинлигини сўради. Шунингдек ҳайдовчилардан бозорлар олдида тирбандлик юзага келтирмасликни илтимос қилди.Гапирганда ҳам кескин гапирмай юмшоқлик билан тушунтирди.
Умуман олганда туман ҳокими Маматжон Турдиевни оддий халққа қилган муомаласи бошқа ҳокимларга ўрнак бўлгулик экан.
Комментариев нет:
Отправить комментарий