четверг, 22 ноября 2018 г.

Бизни еб битираётган маъракалар.

Бундан роса 50 кун олдин ён қўшнимиз бўлган чол 76 ёшида вафот этди. Жанозани ўтказиб уч кундан кейин "Худойи" қилишди. Бир қўй сўйилди. 30-40 кило гуруч дамланди. Шунга яраша жой ҳозирланди, дастурхон тузалди.
Кейин қирқ кунгача, яъни "қирқи чиққунча" ҳар пайшанба, якшанба кунлари  бу хонадондан фотиҳахонлик бўлаверди. Шунга қараб ҳар пайшанба, якшанба кунлари дастурхон тузалиб одам кутилди. 
Маҳалламизни одамлари жанозада қатнашишди, "Худойи"да  қатнашишди, камига эса яна икки-уч мартадан фотиҳага келишди. Ниҳоят жанозадан қирқ кун ўтиб "Қирқ" эҳсони бўлди. Яна битта қўй сўйилди, 30-40 килоча гуруч дамланди.  Шунга яраша жой ҳозирланди,  дастурхон тузалди.
Шу билан вафот этган чолнинг ўғли фотиҳага келувчилардан қутилди. Аммо...

Аммо,  кеча пайшанба куни қарасам туш пайтида қўшнимни хонадонидан  азага монанд кийинган бир гуруҳ маҳалладош аёллар чиқишаяпти. Улар фотиҳага келишган. Ҳа,  фотиҳага келишган. Марҳумни қабрга қўйиб келишганига 50 кун бўлаяпти. Эркаклар "Қирқ"ни ўтказиб фотиҳахонликни тугатишди. Аммо аёлларни фотиҳахонлиги икки ойда ҳам тугамаяпти. Сиз тарафларда қандайлигини билмадим-у, аммо, биз тарафларда аёллар жанозадан икки ой ўтказиб ҳам пайшанба ва якшанба кунлари аза бўлган хонадонга такрор-такрор фотиҳахонлик қилиш учун бораверадилар. Ҳозирча уларни бу ишдан қайтарадиган ҳеч ким топилмаяпти. Мабодо қайтаришса ҳам "бормасам фалонча(азадор аёлни назарда тутишаяпти) хафа бўлади" деб ҳам қўйишади.
Ўз навбатида азадор хонадон аёллари ҳам агар маҳалла аёллари фотиҳага бир бориб қайта боришмаса "фалончани оқибати йўқ, фотиҳахонликка бир марта келиб қайта келмай кетди" деб гина ҳам қилишади.

Умуман олганда мана ишлар йиғиштирилиши керак. Бошқа жойларни билмадим-у биз тарафларда бундай ишлар мажбурият даражасига чиқиб бўлган. Аза бўлган хонадон аҳллари жанозадан кейин ҳамма ишини йиғиштириб эркакларни қирқ кун, аёлларни эса 60 кун атрофида ҳар пайшанба, якшанба кунлари дастурхон тузаб кутишга мажбур.
Бундай аҳмоқона ишлар бойлар ва ўртаҳолларга билинмас, аммо камбағаллар қийналиб қолишаяпти. Боласи касал, аёлининг мазаси йўқ. Шароити ҳаминқадар. Қўлида пули йўқ. Ана шундай ҳолатда қарз олиб бўлсада турли аза маросимларини ва икки ойлаб чўзиладиган фотиҳахонликни ўтказишга мажбур.
"Ўтказмаса нима бўлади? Айб ўзида" дейсизми?
Тўғри, айб ўзида ҳам бор, буни инкор қилмайман. Аммо, биз тарафларда шундай аҳмоқ одамлар ҳам яшашади-ки кимдир нимадир сабаб бўлиб вафот этган отасини ёки онасини бирон маъракасини ўтказа олмаса ёки кечиктирса элни ичида "сен онангни ёки отангни фалон маъракасини нега ўтказмадинг?" деб сўроққа тутадиганлар ёки "сен отангни ёки онангни фалон маъракасини ўтказа олмагансан" деб камситиб, таъна қилиб гапирадиганлар бор.
Аҳмоқликни бундан ортиқ чегараси борми-ки, "Ҳой фалонча, ўтир буёққа. Сени ўзи шароитинг оғир. Онангни ёки отангни фалон маъракасини ўтказишинг шарт эмас, ундан кўра касалманд болангга, мазаси бўмаётган аёлингга қара, рўзғорингни кам-кўстига қара" демасдан аксинча "қачон ўтказасан?" ёки "нега ўтказмаяпсан?" деб сўроққа тутса ёки "ўтказа олмадинг" деб камситса.

Маъракаларни қисқартириш бўйича имомлар гапиришади, маҳалла раислари тарғиб қилишади. Аммо булар ҳеч кимга таъсир қилмаяпти. Энди бизга меъёр белгиланган қонун керак. 
Тўйларни-ку одамлар бироз йиғинишиб қилишар, аммо аза тўсатдан бўлиб қолади. Шундай экан биринчи навбатда ошиқча эҳсонлар ва фотиҳахонликни йўқотиш керак. Акс ҳолда аза бўлган хонадон жаноза ўтганидан кейин икки ой ўтса ҳам фотиҳахон аёллардан қутилмайди.

Бу гапларни нега ёзаяпман? Сабаби бу халқ ўта маъракапараст бўлиб кетди. Касал боласи ёки касалманд хотини ўлса ўлиб кетаверсин, аммо у олдин турли маъракаларни бошқалардан кам қилмай ўтказиши керак. Онасини даъволатиш керак, укасининг рўзғори ўта хароб, сингилларининг турмуши ҳам ҳаминқадар, йўқ, бу турли маъракасини бошқалардан кам қилмай ўтказиши керак. Жин урсин бундай урф-одатларни.
Сиз нима десангиз денг, аммо мен "бу элни, бу халқни кераксиз маъракалар еб битираяпти" дейман.
Энди ақлни ишлатиш, вақти келмадими яхшилар?

Комментариев нет:

Отправить комментарий