воскресенье, 25 ноября 2018 г.

Ўтмишдан эртаклар.

Мана ҳаш-паш дегунча мустақиллик болалари 27 ёшга кириб қўйишди.
Нега шу тобда кимларнидир ёшини ҳисоблаб ўтирибман?  Булар СССР деб аталган давлатнинг бошқарув шаклини кўрмаган, англаб етмаган авлоддир. Булар кўзини очиб мустақил Ўзбекистонни кўрган.
Шу туфайли ана шу авлодга қайси бир шоир ўз шеърида ёзганидай "Улуғ Советлар мамлакати" ҳақида бироз тушунча бермоқчиман. Мен ақлимни таниб ўша тузумни озгинасини бўлса ҳам кўрганман-да.

Эслайман, ўша пайтларда ҳозирги туманлар "район" деб аталар, вилоят эса "область" эди. Районни бошқарадиганларни "райком", областни бошқарадиганларни "обком" дейишар эди. Обком ўз областида, райком ўз районида қарийб мутлақ ҳокимиятга эга эди. Тўғри,  уларнинг ёнида "зам" бўлиб Марказни одами юрган. Аммо унда ҳам нафс борку!

Ўша пайтда таълим тизими Халқ таълими вазирлигига бўйсунса ҳам, амалда райкомлар, раислар уларнинг устидан хўжайин эди. Мактабларга тонналаб макалатура ва металлом топшириш вазифаси юкланар эди. Шунингдек исталган раис ёки бригадир ўзининг участкасидаги мактабдан хоҳлаганича ўқувчиларни ўқитувчисига қўшиб турли дала ишларига олиб чиқа олар эди. Пахта териш мавсумида 5-6 синфдан юқори ўқувчилар қиш яқинлашиб қор ёғса ҳам ўз ўқитувчилари бошчилигида пахта далаларида юрар эди. Шу жумладан студентлар ҳам.
Мактабларда ҳам, ОТМларда ҳам тарих ўта сохталаштириб, қўрқоқларни қаҳрамон деб, қаҳрамонларни эса қўрқоқ деб ўқитилар эди.

Агар бир ҳудудга катталардан кимдир келадиган бўлса худди Гоголни "Ревизор"идагидай бир ҳафта олдин ҳаммаёқни тозалаш, дарахтларни оқлаш, кўчаларда таъмирлаш ишлари олиб борилар эди.
Қишлоқ хўжалигига кўпинча бу соҳани умуман тушунмайдиган "шонли партия"дан чиққан райком ва обкомлар хўжайинлик қилишар эди.

Куз келиб пахта очилганда ҳамма ёппасига пахта теримига жалб қилинар эди. Шунга яраша кўчалардаги баннер борми, колхоз идорасидаги алвон латта борми, мактабларнинг коридори-ю, биринчи синфларнинг "Алифбо"си борми ҳаммасида "пахта бизнинг бойлигимиз" ҳақидаги шиорлар, шеърлар ёзилган эди.

Магазинлар тўла маҳсулот бўлар, нархлар анча-мунчага оширилмас эди. Аммо ноёброқ нарсалар подприлавка сотилар ва "ширинкома"сини бермасангиз ўша ноёброқ молни тушингизда кўрар эдингиз. Шунингдек айнан бизга СССРнинг ўзидаги ёки хориждан, асосан социалистик лагерга кирувчи Шарқий Европа мамлакатлари бўлмиш Чехия, Руминия, Венгрия каби мамлакатларда тайёрланган сифатли кийим-кечак ёки бошқа маҳсулотлар умуман келмас эди. Улар асосан Россиянинг йирик шаҳарлари, Украина, Белоруссия ва Болтиқбўйи республикаларида сотилар эди.
Шунингдек машина сотиб олиш жуда муаммо эди. Машина олмоқчи бўлганлар пулини тўлаб қўйиб йиллаб кутишар ёки навбатсиз олиш учун одамини топиб "шапка" беришар эди.

Хорижга чиқиш жуда машаққат эди. Фақатгина социалистик лагерга кирувчи мамлакатларга бориш мумкин эди. Ғарб давлатларига боришга оддий одамларга мутлақо рухсат йўқ эди. Фақат давлат иши билан бориш мумкин эди. Ўшанда ҳам хавфсизлик хизматида икки-уч марта суҳбат баҳона сўроқ қилиниб.
Хорижга чиқишдан олдин паспортга "хорижга чиқиш учун рухсатнома" печати уриш шарт эди.

Тв. каналлар асосан Москваники эди. Ўзбекистон каналида ҳам тенг ярмидан кўпроқ турли кўрсатувлар рус тилида берилар эди. Йирик шаҳарларда, айниқса Тошкентда рус тили устунроқ эди. Аксар катталарнинг, интелгентларнинг болалари рус мактабларида ўқир, рус тилини билиш эса маданият белгиси ҳисобланар эди.  Айрим ҳолларда кўчада кетаётганингизда кўриниши ўзбекка жудаям ўхшаш бўлган қизга ёки аёлга ўзбекчалаб савол берсангиз "чего?" деб елка қисиб савол назари билан қарар эди. Мабодо сиз "мен русчани билмайман, илтимос, ўзбекча гапиринг" десангиз сизни нафақат русийзабонлар, балки ўзингизнинг миллатдошларингиз ҳам "миллатчилик қилма" деб  талашар эди.

Албатта, ўша даврни ёзаман деса бутун роман бўлади. Менда эса бу ерда ҳарфлар лимити бор.
"Сизни ёзганларингиз менга таниш" дейсизми? Ҳазиллашманг, у пайтда сиз онангизни қорнида ҳам йўқ эдингиз. "Барибир таниш" дейсизми? Унда кимларнидир қиёфасида ўша пайтда яшагансиз. Бошқа нима ҳам дердим. 😀

Комментариев нет:

Отправить комментарий