четверг, 8 марта 2018 г.

Сариқ ранги таксилардан воз кечиш керакми?


Ҳозир қўйида ёзмоқчи бўлган гапларимни анча олдинроқ ёзмоқчи бўлган эдим. Ҳатто сарлавҳа ва мавзу ҳам тайёр эди. "Нега Тошкент шаҳридаги таксиларнинг ранги сариқ эмас?" деган. Аммо ўшанда мавзу назаримда бошқа турли муаммолар олдида арзимас бўлиб туюлган ва мен шу мавзуда ёзмай қўя қолган эдим. Аммо бугун тасодифан uza.uz сайтида  муаллиф Сайёра Шоеванинг "Натижа бермаган талаблардан воз кечиш вақти келмадими? Ёхуд сариқ такси муаммолари" номли мақоласини ўқидим-у бу мавзуда ёзмасам бўлмаслигини тушундим.

Ўша мақолада Жиззахда сариқ рангли таксилар кам экани, машинани сариққа бўяш муаммо экани ёзилган. Шунингдек муаллиф таксиларни сариққа бўяшни "натижа бермаган амалиёт" сифатида баҳолайди. Шунингдек Жиззахда кўпчилик машинасини сариқ рангга бўяш харажатидан қочиб ноқонуний фаолият юргизаётганини ёзади.  Аммо, нега мақола муаллифи Жиззахдаги бу ҳолатни ёзишдан олдин Самарқандга, Қўқонга, Урганчга ёки яна бошқа шаҳарларга бориб вазиятни кўрмайди, аҳволни ўрганмайди? Агар у  Самарқанд ёки Қўқонга ёки яна бошқа шаҳарларга бориб аҳвол билан танишганида аксарият шаҳарларимизда  кўплаб сариқ рангли таксилар юрганини ва ўша шаҳарларда ноқонуний ишлайдиган таксилар фоиз ҳисобида жудаям кам эканини кўрар эди.

Муаллиф ўз мақоласида "сариқ рангли таксилардан воз кечиш вақти келмадими? деб савол қўяди. Тўғри, мақола муаллифи ёзганидай машинани сариққа бўяш харажат талаб қилади. Аммо биз  ривожланишни хоҳлар эканмиз бизга сариқ рангли таксилар албатта керак. Юртимиз сайёҳлар ташрифи бўйича Марказий Осиёда етакчи ўринда туради. Шундай экан агар таксилардан сариқ рангни олиб ташласак ҳаммаси бўтқа бўлиб кетади ва одамларимиз ҳам, шунингдек чет эллик сайёҳлар ҳам кўчада юрган машиналарнинг қайси бири такси-ю, қайси бир оддий машиналигини ажрата олмай қоладилар. Яна бу ҳолат юртимизга келадиган сайёҳлар учун ўта ноқулай ва ўта кулгули ҳолат бўлиб кўринади. 

Жиззахда сариқ рангли таксиларнинг камлиги ва аксарият таксичиларнинг ўз машиналарида ноқонуний фаолият олиб боришлари асло бу соҳа ўзини оқламаганини билдирмайди. Аксинча, Жиззахда ушбу соҳани назорат қилиши керак бўлган тегишли ташкилотлар яхши ишламаганидан далолат беради.
Машинани сариққа бўяш харажат талаб қилса, бошоғриқ иш бўлса демак авваламбор сариқ рангдан воз кечишни эмас, балки автозаводимиздан такси рангига мос сариқ рангли машиналарни ишлаб чиқариб уни такси фаолиятини йўлга қўйган корхоналарга етказиб беришни йўлга қўйишларини талаб қилиш керак чамамда.

Энди бу соҳадаги бир тушунарсиз иш ҳақида ўз фикрларимни билдирсам. Ўша 2011 йил, 18 майда чиққан "Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора тадбирлари тўғрисидаги" қарорда Тошкент шаҳрида фаолият олиб борадиган йўналишсиз таксиларнинг ранги фил суяги рангида (бу рангни кўпчилик "қаймоқранг" деб ҳам атайди), вилоятларда фаолият олиб борадиган таксиларнинг ранги эса сариқ рангда бўлиши белгилаб қўйилган. Ана шу ерда савол туғилади: Хўш, нега энди Тошкент шаҳрида фаолият юритадиган таксиларнинг ранги бошқа вилоятларда фаолият юритадиган таксилар рангидан фарқ қилиши керак? Буни бирон арзирли сабаби борми? Тахминимча ҳеч қандай арзирли сабаби йўқ. Шундай экан бу қарорни ўзгартириб бутун мамлакатимиз бўйлаб таксилар рангини  бир хил ранг, ҳамма жойда жойда сариқ рангида қилиб қўйиш керак.
Шунингдек яна бир тушунарсиз иш шу-ки барча вилоятларда йўналишсиз таксилар ранги сариқ рангда бўлганига қарамай GM-Uzbekistan ўз автозаводидан сариқ рангли машина чиқармайди. Тошкент шаҳри учун таксилар ранги "фил суяги ранги"да( қаймоқранг) бўлиши белгиганган бўлсада ушбу рангдаги автомашиналар аҳолига сотиш учун ҳам савдога чиқарилади.  Мана шу ерда мантиқсиз иш содир бўлаяпти. Ўша ранг такси учун белгиланган экан, нега унда бу рангли машиналар очиқ савдода ҳам бор? Агар "қаймоқранг" машиналар очиқ савдода бор экан, нега унда сариқ рангли машиналар на очиқ савдода бор ва на ундай машиналар ишлаб чиқарилади?  Шундай экан автозаводимиз такси учун белгиланган рангларни очиқ савдога чиқармай, ҳар иккала рангда ҳам машина чиқариб Тошкент шаҳри ва вилоятларда жойлашган кўплаб йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарга етказиб берса мақсадга мувофиқ бўлмайдими?

Юқорида "Жиззахда тегишли ташкилотлар томонидан ноқонуний таксилар фаолияти назоратга олинмаган" дедим. Бу соҳада кўплаб туманларда, туман марказларида  ҳам назорат  ўта қониқарсиз бўлаяпти.  Узоққа бормай, бугунги воқеани ёзай.(эслатма: воқеа 08.03.2018 йилда содир бўлаяпти) Бугун туманимиз марказига чиқсам доим киракашлар томонидан тиқилинч қилинадиган бозор атрофидаги кўчаларда тиқилинч йўқ. "Бугун байрам бўлса, қайтага баттар тиқилинч бўлиши керак эди-ку", деб йўлимда давом этдим. Қарасам туман марказидаги асосий йўлнинг бозорга яқин қисмида бир гуруҳ ЙПХ ва яна бошқа тегишли ташкилот ходимлари туришибди. Улар бугун ноқонуний таксичиларни текшириш учун рейдга чиқишган экан. Чамамда улар вилоят марказидан келишган. Бозор атрофида уя қуриб олган ноқонуний таксичилар, "Дамас"ларда кира қиладиганлар уларни кўриб қочиб қолишган. Шу туфайли ҳам ҳар кун тиқилинч бўладиган кўчалар бугун очиқ экан. Бундай воқеага олдин ҳам бир-икки марта гувоҳ бўлганман. Демак, ўша ноқонуний киракашларнинг ҳар кун бемалол кўчаларни тўсиб қўйиб фаолият юритиб, фақат қачонки вилоят марказидан уларни текшириш учун рейд келганда қочиб қолишларига қараганда агар вилоят марказидан кимдир текширишга келмаса туманнинг ўзидаги тегишли ташкилотлар уларга индамайди ва уларнинг ноқонуний фаолият юритишларига панжа орасидан қарашади. Транспорт корхонаси эгалари эса кўпинча ноқонуний таксичилик қиладиганлардан "йўналишни сотиб олганман, бу йўлдан олдин ҳаққини тўлаб кейин юрасан" деб улардан кунлик ноқонуний пул йиғиб оладилар деб ҳам эшитганим бор.  Бу холатга бошқа вилоятлардаги кўплаб туманларда шахсан ўзим  гувоҳи бўлганман.

Умуман олганда бу гаплардан нима хулоса чиқади ва нима ишлар қилиш керак?
1. Биринчи навбатда Тошкент шаҳрининг алоҳида мақомини бекор қилиш ва юртимиздаги ҳамма таксиларнинг рангини бир хилъ сариқ рангда бўлишига эришиш.
2. GM-Uzbekistan  автозаводларида сариқ ранги машиналарни ишлаб чиқариб уларни мамлакатимиз бўйлаб шу сохада фаолият олиб бораётган корхоналарга етказиб беришни йўлга қўйиш.
3. Жойларда назоратни кучайтириш ва шу соҳага тегишли қарор ижросини таъминлаш.
Ана шунда муаммолар бироз ечим топиши мумкин. Аммо сариқ рангни олиб ташлаган билан назорат суст бўлаверса муаммолар ечилмай қолаверади ва қайтага бир ишни эплай олмаганимиз учун кулгуга қоламиз холос.

Комментариев нет:

Отправить комментарий