суббота, 3 марта 2018 г.

Зиёрат туризми

Ўтган йил  бир дўстим Тошкентдан Самарқандни томоша қилиб, диққатга сазовор жойларини зиёрат қилиш учун келди. У билан шаҳарни бирга айланиб юрар эканмиз тушлик вақти бўлиб қолди. Уни ҳар доим дўстлар билан борадиган жойимиз ош марказига олиб бордим. Ичкарига кирар эканмиз кўзимиз битта-иккита столда ароқ ичиб ўтирганларга тушди. Шунда дўстим "бошқа жойга борақолайлик" деди ва уни шаҳардаги машҳур кабоб марказларидан бирига олиб бордим. Борсак у ерда ҳам аҳвол шу; кимдир ичаяпти, кимдир аллақачон сархуш бўлиб бўлган. Яна бир столда бир тўда одамлар шовқин-сурон билан қадаҳ уюштиришаяпти. У ердан ҳам чиқиб кетдик. Қисқаси ўша куни спиртли ичимлик сотилмайдиган овқатланиш шахобчасини қидириб топа олмадик. Бу ҳолатдан мен мезбон сифатида бироз хижолат ҳам бўлиб қолдим.
Ҳа, аччиқ бўлса-да ҳақиқат шу-ки, Самарқанддай мўътабар шаҳарда спиртли ичимлик сотилмайдиган битта ҳам овқатланиш шахобчаси йўқ. Мабодо қайеридадир шундай жой бўлса, у ҳақда мен билмайман.

Қўйида мен ароқнинг зарари, унинг ҳаромлиги ҳақида ёзмоқчи эмасман. Масаланинг бошқа муҳим жиҳати ҳақида фикр юритмоқчиман.
Ҳаммамизга маълумки охирги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш учун кўплаб ишлар қилинмоқда.
Бу йўлда яқинда бир гуруҳ давлатлар фуқаролари мамлакатимизга бемалол келишлари учун бир ой визасиз режим жорий қилинди.  Бир ой муддатга визасиз режим тақдим этилган мамлакатлар орасида Малайзия, Индонезия ва Форс Кўрфазидаги БАА, Қатар каби давлатлар ҳам бор. Бу давлатлар аҳолисининг аксариятини мусулмонлар ташкил этилишини инобатга оладиган бўлсак биз туризмни ривожлантиришни хоҳлар эканмиз ана шу давлатлардан келиши кутилаётган турли сайёҳларнинг хоҳиш истакларини ҳам инобатга олиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Меҳмонхоналарда жойнамозлар қўйилиши, аэропортларда намозхоналар очилиши, мамлакатимизда нафақат  халқаро ҳалол сертификатининг, балки миллий ҳалол сертификатининг ҳам жорий этилиши каби ишлар яхши бўлаяпти. Аммо яна бир муҳим муаммо борки энди ана шу муаммонинг ҳам ечимини ўйлаб кўрадиган вақт келди.

Мамлакатимизга кириб келадиган сайёҳлар камида бир неча кун шу ерда бўлишади. Ҳафта, ўн кунлаб юрадиганлари ҳам бор. Шундан келиб чиқиб турли шаҳарларимизда, айниқса сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларида уларнинг овқатланишлари учун сифатли хизмат кўрсатадиган кафе ва ресторанлар бўлиши лозим. Албатта, бу соҳада ҳам йилдан-йил ривожланиш кузатилаяпти. Кафе ва ресторанлар хизмат кўрсатиш даражаси ва овқатлар сифатини жаҳон андозаси даражасига чиқаришга ҳаракат қилаяптилар. Аммо зиёрат туризми ривожланиб юртимизга Жанубий-шарқий Осиё мамлакатлари бўлмиш Малайзия, Индонезия ёки бошқа аҳолисининг аксарияти мусулмон бўлган давлатлардан сайёҳлар оқими келиши кўпайса улар учун спиртли ичимликлар сотилмайдиган ва ҳалол хизмат тури орқали хизмат кўрсатадиган кафе ва ресторанлар албатта керак бўлади.

Аслида спиртли ичимликлар сотилмайдиган овқатланиш шаҳобчалари бизга шу пайтгача, юртимиз мусулмонлари учун ҳам керак бўлган. Аммо ундай жойларни пойтахтимиз Тошкент шаҳри ва Фарғона водийсидаги шаҳарлардан бошқа ҳеч бир шаҳарда топа олмайсиз.
Мен шу масалани ўрганиш учун Самарқанд шаҳридаги кўплаб ошхоналар, кафелар, ресторанларга кириб чиқдим. "Спиртли ичимликлар борми?" деган сўровимга  уларнинг биронтасида "бизда спиртли ичимликлар йўқ" деган жавобни эшитмадим. Кузатишларим натижасида шунга амин бўлдимки кўпгина жойларда(бундай жойлар вилоятнинг турли туманларидаги кўплаб овқатланиш шаҳобчаларида учрайди) спиртли ичимликларни сотишга лицензияси бўлмаган ҳолда "пештахта остидан" қабилида спиртли ичимликларни бемалол сотишаяпти. Ҳатто, камига бориб ўтирган хўрандадан "ароқ ҳам олиб келайми?" деб ўзлари сўрашади.

Маълумки Самарқанд вилоятида тарихимизда ўтган бир нечталаб дунё бўйлаб таниқли бўлган машҳур олимларнинг қадамжолари бор. Имом Бухорий, Шохи Зинда, Мотурудий кабиларни зиёратига нафақат юртимиз мусулмонлари, балки бутун дунёдан зиёратчилар келишади. Энди ана шу қадамжоларнинг зиёратига бошқа вилоятларимиздан келган юртдошларимизни ҳам хоҳиш ва истакларини инобатга олиб спиртли ичимлик сотилмайдиган овқатланиш шахобчаларини ҳам очиб қўйиш керак. Ҳозирча эса бу шаҳарда қўлида тегишли рухсатномаси бори ҳам, йўғи ҳам бири ошкора, бири бекитикча спиртли ичимликларни бемалол сотишаяпти. Аммо уларни тартибга олиш вақти аллақачон келиб бўлган. Шу туфайли энди тегишли органлар мамалакатимиз бўйлаб спиртли ичимликлар сотишга лицензияси бўлмаган ҳолда уларни сотаётган овқатланиш шаҳобчаларини қаттиқ назорат остига олишлари керак.

Мен юқорида Самарқанд шаҳри ва вилоятидаги аҳволни ёздим. Шунингдек сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган бошқа шаҳарлардаги аҳволни билиш учун Бухоро шаҳрида яшайдиган танишимга қўнғироқ қилиб ундан Бухородаги  вазиятни сўрадим. Танишимнинг айтишича  Бухоро шаҳрида ҳам , вилоятнинг турли туманларида ҳам у спиртли ичимлик сотилмайдиган овқатланиш шаҳобчаси, кафе ёки ресторан битта ҳам йўқ.  Демак, тарихий шаҳарларимизнинг, вилоятларимизнинг ҳаммасида шу аҳвол.

Хивада бўлмаганман, аммо бундан бир ярим йил муқаддам ишим юзасидан Хоразм вилоятининг турли туманларида, Қорақапоғистон республикасининг Тўрткўл, Элликқалъа, Беруний туманларида бир ой юрдим. Уёқларда ҳам спиртли ичимликлар сотилмайдиган овқатланиш шаҳобчасини кўрмадим. Тегишли рухсатномаси бор ёки йўқ, аксарият ошхона, кафелар спиртли ичимликларни бири ошкора, яна бири эса бекитикча сотишаётганининг гувоҳи бўлдим.

Мен бир нечта овқатланиш шаҳобчаларининг бошлиқлари ёки иш бошқарувчиларига "сизлар шу спирли ичимлик сотмай фаолият юритсанглар бўлмайдими?" деган саволимга, улар "бўлади, аммо биз спиртли ичимликларни сотмасак хўрандалар кам келишади" деб жавоб бердилар. Аслида эса бундай эмас. Тошкентда кўрганман, спиртли ичимлик сотилмайдиган овқатланиш шаҳобчаларида, кафеларда одам доим гавжум. Чунки ундай жойларга юртимиз бўйлаб катта эҳтиёж бор. Шу учун Самарқанд, Бухоро каби шаҳарларимизда ёки бошқа вилоятларимиз-у туманларимизда ҳам спиртли ичимликлар сотмайдиган овқатланиш шаҳобчаси очилса улар ҳам одамлар билан гавжум бўлади.  Чунки спиртли ичимликлар сотиладиган овқатланиш шахобчаларига кимдир ўз эътиқоди юзасидан киришни хоҳламаса, яна кимдир эса спиртли ичимликларни истеъмол қилиш натижасида ҳушини йўқотиб бақир-чақир қилиб ўтирадиган одамлар орасида ўтиришни хоҳламайди. Ана шу сабаблар туфайли бундай одамлар спиртли ичимликлар сотилмайдиган овқатланиш шахобчасида ўтиришни хоҳлайдилар.

Умуман олганда бу соҳада назорат деярли йўқ қилинадиган ишлар кўп. Жойларда ким нима хоҳласа ўшани қилаяпти. Шундай экан биз зиёрат туризмини ҳам ривожлантиришни хоҳлар эканмиз бу соҳани албатта тартибга олишимиз ва зиёратчиларга улар хоҳлаганларидай шароит яратиб қўйишимиз керак.

Комментариев нет:

Отправить комментарий