вторник, 20 февраля 2018 г.

"Тошшаҳаратрансхизмат" тушунарсиз иши.

Яқинда ОАВ ва интернет сайтларда Тошкент шаҳрига Беларусдан иккита, бири катта миғимли  яна бири ўрта сиғимли автобус олиб келиниб 8 февралдан  синов учун қатновга қўйилганлиги ҳақида  "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ нинг матбуот хизмати маълумотига таяниб хабарлар тарқатилди.
Хабарларда ўша автобусларнинг расмлари хам қўйилди ва улар хорижий давлат рақамларида эдилар.

Бу хабарни эшитиб менда, нафақат менда, балки кўплаб юртдошларимизда ўзимизда, жаҳон тан олган брендларнинг автобусларини ишлаб чиқараётган иккита завод бўла туриб "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ нега синов учун Беларусдан автобуслар олиб келгани хақида савол пайдо бўлди. Бугун мен  ана шу саволларимга ва автобуслар ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун корхонанинг  сайтида "боғланиш учун" деб ёзиб қўйилган рақамларига қўнғироқ қўнғироқ қилдим. Гўшакни кўтарган инсонга аввалбор ўзимни таништириб саволларимни бердим. Афсуски саволларимни эшитган ходим бу саволларимга жавоб беришга масъул эмас экан, у матбуот котибининг телефон рақамларини берди. Афсуски матбуот котибининг хонасидаги рақамга қўнғироқ қилсам ҳеч ким кўтармади. Қайта-қайта қўнғироқ қилишим ҳам фойда бермади. Ўзимизда иккита автобус ишлаб чиқарадиган завоб бўла туриб корхона нега Беларусдан автобус олиб келгани сабабини эса барибир била олмадим.
Корхонанинг сайтида эса рус тилидаги маълумотда "автобуснинг ногиронлар учун қулай қилиб жиҳозлангани" ёзилган. Ўзбекча матнда эса сабаб кўрсатилмаган.

Мен "Тошшаҳартрансхизмат" корхонасига қўнғироқ қилишдан олдин вазиятни билиш учун маълумотларни ўргандим. Маълум бўлишича 2017 йилнинг 11 март санасида Вазирлар Маҳкамаси чиқарган қарорга кўра Тошкент шахрида йўловчиларга янада қулайлик яратиш ва эскирган автобусларни янгисига алмаштириш юзасидан уч йилда, 2017-2019 йилларда "Тошшаҳартрасхизмат" АЖ умумий миқдорда 350 дона Самарқанддаги MAN заводида тайёрланган MAN А22 SNG автобусларини сотиб олиши белгиланган. Ушбу автобус ҳам экологик тоза ёқилғи бўлган сиқилган табий газда ишлайди. Яна бу автобус ҳам ногиронларга қулай бўлиши учун паст полли қилиб ишлаб чиқарилган. Унинг узунлиги 12 метрни ташкил этади ва у бир вақтнинг ўзида 90 нафар йўловчини ўз бағрига олиш имкониятига эга. Ҳозирги кунда  синовлардан муваффақиятли ўтган ушбу  автобуслардан 50 нафари Тошкент шахридаги турли йўналишларда аҳолига хизмат қилаяпти.

Шунингдек Самарқанддаги яна бир автозавод бўлмиш "Самавто" корхонасида ҳам шаҳар йўналишида фойдаланиш учун сиқилган табий газда ишлайдиган LE60 автобуси ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу автобус ҳам паст полли бўлиб ногиронлар учун қулай қилиб ишланган.
Ўтган йил кузда "Ўзавтосаноат" ушбу автобуснинг тақдимотини Тошкент шаҳрида ўтказган ва у ҳам синовлардан яхши ўтган.

Энди ана шу ерда савол туғилади; Хўш, ўзимизда бир эмас иккита автобус ишлаб чиқараётган корхона турганда бизга Беларусдан автобус олиб келишга ҳожат борми?

Охирги пайтларда бизда валюта тақчиллиги кузатилиб валюталарнинг сўмга нисбатан курси кескин ошиб кетди. Буни натижасида истеъмол товарларнинг нархи ошди. Бунга чора кўриш учун мамлакатимизда ҳозир экспортга катта эътибор берилаяпти. Экспорт билан шуғулланадиган корхоналар қўллаб-қувватланаяпти. Мақсад янада кўпроқ экспортга эришиш ва ўша экспорт ортидан мамлакатимизга кириб келадиган валюта салмоғини ошириш бўлаяпти. Президентимиз ҳам, ҳукуматимиз ҳам шуни ҳаракатида. Ана шу туфайли ҳатто кўпгина вилоят ҳокимлари ҳам турли хориж давлатларига ўзлари бориб ўзаро шартнома имзолаб келмоқдалар.
Биз учун экспортга маҳсулот чиқариш ва валюта тушумини ошириш муҳим экан, ўзимизда автобус ишлаб чиқараётган иккита катта корхона бўла туриб, хориждан валюта сарфлаб автобус олиб келиш кимга ва нимага керак бўлди?

Беларусдан олиб келиб 8 февралдан синов тариқасида қатновга қўйилган "МАЗлотос" корхонасида ишлаб чиқарилган ўрта ва катта сиғимли автобусларни "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ сайтида "ногиронлар учун жудаям қулай автобус" деб таърифланган. Аммо ўша ногиронлар учун жудаям қулай бўлган автобусни нахотки бизнинг  замонавий автозаводларимиз бўлган MAN ва "Самавто" корхоналари ишлаб чиқариб бера олмаса?

Мақолани тайёрлаш жараёнида баъзи бир сайтларда ушбу кунларда Беларусь ва Ўзбекистон ўртасида 5-ҳукуматлараро қўшма мажлис ўтказилгани ва бу мажлисда томонлар ҳар икки давлат ўртасидаги товар айирбошлашни йилдан-йилга, босқичма-босқич ошириб,  2020 йилга бориб ўзаро товар айирбошлаш хажмини 500 миллион долларга етказишни келишиб олганларини ва бу хақда Беларусь бош вазирининг ўринбосари Михаил Русий хабар берганини ёздилар. Эслатиб ўтаман 2017 йилда Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 100 миллион долларни ташкил этган.

Бу хабарни ўқиб хаёлимга "балки "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ ана шу ҳамкорлик юзасидан Беларусдан автобус олаётгандир деган гумон ҳам келди. Шундай бўлган ҳолатда ҳам корхонанинг валюта сарфлаб Беларусдан автобус сотиб олишини тушуниб бўлмайди. Тўғрироғи оқлаб бўлмайди. Майли, биз Беларусь билан яхши иқтисодий ҳамкор бўлайлик. Биз уларга маҳсулот сотайлик. Улар бизга ўз маҳсулотларини сотишсин. Аммо ўзимизда ишлаб чиқарилаётган нарсанинг муқобилини улардан олиш бу ўта тушунарсиз ҳолат. Чунки, агар биз оламиз десак Беларусда Ўзбекистонда ишлаб чиарилмайдиган кўплаб техникалар бор. Автобусни ўрнига ана ўшалардан олавериш керак. Автобусни эса шундоқ ҳам ўзимиз ишлаб чиқара оламиз. Ўйлаймизки Беларусь автобусларири синовдан ўтказаётган "Тошшаҳартрансхизмат" корхонаси буни тушуниб етади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий