суббота, 3 февраля 2018 г.

Ўқитувчи

Кеча ўғлим "дада, маркага пул беринг" деб қолди. Ўзи у маркага деб ҳар йил пул олади, лекин шу сафар унинг бу гапи қулоғимни тагида замбарак отгандай бўлиб эшитилди. "Шошма, ўқитувчингга маркани пулини ўзим олиб бориб бераман" дедим-да мактабга жўнадим. Тўғри-да, жамиятда шунча ўзгаришлар бўлаяпти-ю ўқитувчилар ўз иши билан шуғулланиш ўрнига ҳалиям марка сотиб юрибдими?
Бориб ўқитувчилар хонасига кирдим. Ўнга яқин ўқитувчи ўтирибди. Марка ҳақида сўз бошлашим билан улардан бири ўзини "жисмоний тарбия ўқитувчисиман" деб таништириб "маркани мен берганман" деди.
Унинг сўзларига кўра ўша икки пулга қиммат маркани "Болалар спортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси" чиқартиради ва мактабларда ўқувчиларга сотиш учун вилоят халқ таълими бошқармаси ва туман халқ таълими бўлимлари орқали мактабларга беради. Мактаблар эса хоҳласа ўша маркани болаларга сотсин, хоҳламаса сотмасин фарқи йўқ, пулини олиб бориб "Болалар спортини қўллаб қувватлаш жамғармаси"нинг туман бўлимига топширишлари шарт экан. Маркаларни 1-синфдан, 9-синф болаларигача сотишар экан. Яна ўша ўқитувчининг тушунтиришича сотилган маркадан тушган маблағни 25% дан қилиб тўртта ташкилот бўлиб олар экан. Булар "Болалар спортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси"нинг туман бўлими,  вилоят халқ таълими бошқармаси, туман халқ  таълими бўлими ва мактаблар.

Ман шу заҳоти ўша жисмоний тарбия ўқитувчисига ўзимнинг "мактабимизда на спорт майдончаси ва на спорт зали йўқлиги, умуман олганда туманимизда болалар спортига эътибор сустлиги ва шу туфайли ҳам туманимиздаги кўпгина мактабларда спорт майдончалари ва спорт заллари билан боғлиқ муаммо ва камчиликлар борлиги, ана шу туфайли ҳам туманимиздан турли спорт турлари бўйича жаҳон миқёсидаги чемпионлар уёқда турсин, ҳатто мамлакатимиз миқёсидаги чемпионлар ҳам етишиб чиқмаётгани, аммо бу ҳолат қачонгача давом этиши мумкинлиги, бунга қачон чек қўйилиши" ҳақидаги узундан-узун "маърузам"ни бошладим. Жисмоний тарбия ўқитувчиси ҳам, бошқа ўқитувчилар ҳам гапларимни жим эшитиб туришар эди. Шу пайт хонага мактаб директори кириб келди. У мени жон-куйдириб гапираётган гапларимни бир қисмини эшитди ва "ака юринг, хонамга чиқайлик" деб хонасига бошлади....

Директор билан анча пайт дилдан суҳбатлашдик. Мен унга эртани ўзидаёқ "Болалар спортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси"нинг туман бўлимга боришимни, нега мактабимиз 2008 йилда янгитдан қайта қурилганига қарамасдан ҳанузгача мактабда на спорт майдончаси, на спорт зали нега орадан қарийб ўн йил ўтса ҳам қурилмаётганини сабабини сўрашимни, мактабларда сотилаётган аллақандай уч пулга қиммат марка пули нима ишларга сарфланаётганини сўрайман" десам у менга, "ака, агар мени ишдан бўшатишларини ва бўшатишлари етмагандай бу туманда бу яқин орада оддий ўқитувчи бўлиб ҳам ишга кира олмаслигимни хоҳласангиз майли бораверинг. Акс холда борманг" деб ўз муаммоларини гапирди.
Унга, "ака, бугун сиз ишдан бўшатишларидан қўрқиб муаммолар ҳақида индамасангиз, эртага мен индамасам, бу муаммолар тугайдими?" десам,  "Ака, чорасизман. Кейин бу муаммони мен кўтариб чиққаним билан аҳвол ўзгаришига ишонмайман. Мабодо сиз ишонсангиз кўтариб чиқаверинг" деди.

Ҳозир кўпчилик кўча-куйда ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам таълим сифати пастлигини, ўқитувчиларнинг аксарияти "вақтим ўтса бўлди" қабилида, қўл учида  дарс ўтишлари ҳақида гапиради, ёзади. Аммо..., аммо ҳеч ким ўша ўзи айблаётган "вақтим ўтса бўлди" деб дарс бераётган ўқитувчининг ўрнида ақалли бир кун дарс бериб кўришни хоҳламайди. Тўғри-да, уйида иккита боласига эплаб тарбия бера олмаяпти, мактабда эҳҳе, қанчалаб болаларга ҳам таълим, ҳам тарбия беришни ўзи бўладими?
Ёки улар ўқитувчиларнинг муаммолари билан дуч келишсин, қани улар ўзларини қандай тутаркинлар? Қандай чидаркинлар?
Йўқ, ақалли бир кун ҳам чидай олишмайди. Бировни айблаш осон.  Агар кўзни каттароқ очиб атрофга қарасангиз ҳозир жамиятда энг хор қилинаётган инсонлар ўқитувчилар эканини кўрасиз.
Йўқ, бу муболаға эмас. Бу айни ҳақиқат. Исталган бошқа касбни олинг, у деҳқонми, тракторчими, ҳисобчими ёки қора ишчими фарқи йўқ, уларнинг хеч бири ўқитувчилардай хор эмас.
Охирги пайтларда халқ орасида ўқитувчилар хақида "ўқитувчилар универсал хизматчилардир, ҳар қандай ишни қилиб кетаверадиган" деган кинояли хазил гапнинг пайдо бўлгани бежиз эмас. Қайерга қарасанг шу бечора ўқитувчилар. "Суюнчи фильмини эсласангиз кино бош қаҳрамонинг "Ҳамма ишда мен. Қачон қарама "Шермат ўт юлиб кел. Шермат товуқларга дон бер. Шермат уни қил. Шермат буни қил. Нима, мендан бошқа одам йўқми?" деган гаплари бор. Ўқитувчилар ҳозир том маънодаги ўша кинодаги "Шермат"га айланиб бўлдилар. Шу ўтган 26 йилда (Ундан олдин Собиқ Иттифоқ даврида ўқитувчиларнинг қанчалик хор қилинганлари бу алоҳида тарих) ўқитувчи дарс берди, кўча тозалади, макалатура ва металлом йиғди, уйма-уй юриб туман электр тармоқлари ходимларига қўшилиб электр ҳаққини ундиришда қатнашди(МИБ ташкил этилди-ю, улар бу ишдан соқит қилиндилар), далага чиқиб пахта парвариш қилди(пахта толаси етиштириш жараёнида бошдан оёқ қатнашганлари учун хар бир ишни алоҳида ёзмаяпман) ва ҳоказо ва ҳоказо қилмаган иши қолмади. 

Мен Собиқ Иттифоқни ёмон кўраман. Кимлардир ҳанузгача мақтаб "у пайтда қорнимни тўқларди, фалон қурилишлар бўларди, одамлар иш билан банд эди" деб мақташади. Аммо инсон хайвон эмаску қорнини тўйдирса бўйнини сиртмоққа қаттиқроқ тиқиб кетаверса.
Ўша тузумнинг энг жирканч ишларидан бири одамларнинг эътиқодига чанг солгани бўлса, иккинчиси бизда азалдан иззат-ҳурмат қилиниб отадан кейин энг кўп ҳурматга лойиқ инсон деб эъзозланадиган ўқитувчиларни, устозларни ўзларига тегишли бўлмаган ишларга жалб этиб, уларни эксплатация қилиб хор қилгани бўлди. Биз мустақил ва озод, ҳур Ўзбекистон бўлиб  Собиқ Иттифоқнинг кўпгина жирканч ишларини тарихга улоқтирдик, кўмдик. Аммо негадир ҳанузгача ўқитувчиларга бўлган муносабат ўша-ўша бўлиб қолаверди. Ҳатто уларни ўзларига тегишли бўлмаган ишларга жалб қилишда биз ўша Собиқ Иттифоқ давридагидан баттарроқ қилдик.

Собиқ Иттифоқни ўқитувчиларимизни хор қилишида маълум мақсадлар кўзланган эди. Улар ўзбекистонликлардан кучли-кучли олимларнинг етишиб чиқишини умуман хоҳлашмаган. Аммо мустақилликдан кейин бизни нима жин урди-ки биз ўқитувчиларга нисбатан бўлган муомаламизни ўша-ўша сақлаб қолавердик. Ахир, ёш мустақил бўлган давлат учун етук кадрлар, олимлар керак эди-ку. Биз ўқитувчиларга ёмон муносабатда бўлган ҳолда ривожланишни ўйладикми?

Мен бўлиб ўтган ишларда муайян шахслардан кимларнидир айбдор қилишни хоҳламайман. Чунки ўқитувчиларнинг бундай хор бўлишларида ҳаммамиз, ҳа ҳаммаммиз айбдормиз. Айниқса мустақилликдан кейин. Агар биз ота-оналар ўз фарзандимизга таълим ва тарбия бериши керак бўлган ўқитувчиларни ноқонуний, ҳа ноқонуний ҳолда кимлардир томонидан бошқа ишларга жалб қилинаётганларини кўриб жим ўтирмаганимизда балки аҳвол бошқача бўлар эдими?

Худди шу ерда ўтган йил ўзим билар бўлиб ўтган воқеани келтираман: Ўтган йил январь ойида 9 га кирган ўғлим "дада мактабга металлом олиб боришим керак экан" деб қолди. Ҳаво совуқ, қор ёғиб кўчаларгача яхмалак бўлиб музлаган. "Шунақа ҳавода сенга металлом олиб келишни буюрганлар билан бир "ҳисоб-китоб" қилиб келай деб мактабга жўнадим. Борсам директор меҳнат таътилида экан экан, унинг ўринбосари "ака, нима қилайлик, туман халқ таълими бўлимидан мажбурлашаяпти" деб қолди. Туман халқ таълими бўлимига жўнадим. Борсам раҳбар ҳам, ўринбосар ҳам йўқ экан. Очиқ эшикларнинг бирига кирсам кадрлар бўлимининг хонаси экан.
Мени "нега совуқда, нега ёш болалар?" деган саволларимни эшитиб, "Ака, металлом режаси ўқув йилининг бошида берилади. Уни қайта ишлайдиган заводнинг тўхтовсиз ишлаши учун бир мактаб сентябрда, яна бир мактаб эса январда металлом топширади. Айб мактабингизнинг директорида. Ўзига берилган режани совуқ тушмасдан бажариб қўйса бўлар эди-ку" деб жавоб берди. "Метални килограмми фалон пул бўлса, буёғи 26 йилдан бери йиғдиришса энди ташландиқ металлом қайерда қолди? Ўқитувчилар нима қилсин? Металлом топа олмаган ота-оналар нима қилсин?" деб берган саволимга у "Ака, бизнинг аҳволимиз хам ўша мактаб директори ёки ўқитувчисиникидан яхши эмас, бизга ҳам "бажар" деб буйруқ беришади. Биз хам чорасизмиз. Бизга ана шу буйруқни берганларга қарши бора олмаймиз. Агар сизни "дух"ингиз етиб қарши бора олсангиз марҳамат, боринг. Бизга буйруқни ҳокимият берган" деди. Ҳокимият сўзини эшитиб бўшашиб қолдим ва ҳокимиятга боришга "дух" им етмади.
Ана шу ерда ота-оналарга савол туғилади: Хўш, ўқитувчи болангизни уришса ўқитувчини таъзирини бериш учун дарров етиб борасиз. Керак бўлса таъзирини бериб қўя оласиз. Лекин,  қандайдир масъул шахс, у ҳоким бўладими ёки бошқасими болангизга таълим-тарбия бериши керак бўлган ўқитувчини мактабдан, иш жойидан чиқариб кўча тозалаттиришга, пахта майдонига ҳайдаса ёки металлом йиғдирса нега жим ўтирасиз?  Жим ўтиришингиз уёқда турсин, ҳатто кўча тозалаб юрганини кўриб устидан куласиз "ҳокимиятга булардан бошқа текин мардикор йўқ" деб. Буёқда эса ўқитувчиси "текин мардикорликка" чиқиб кетгани учун болангиз дарс ўтмай бўш қолаётгани билан ишингиз йўқ.

Мана шу ерда ота-оналар билан тушунарсиз бир ҳолат юзага келаяпти; яъни ота-оналар бир тарафдан "мактабда ўқитувчилар боламга яхши таълим бермаяпти" деб ёзғиришади. Иккинчи тарафдан эса ўша болаларига таълим бериши керак бўлган ўқитувчининг кўча тозалаб юрганини одатий ҳол ҳисоблашади. Одатий ҳол ҳисобламасалар ҳам бунга лоқайд қарайдилар.
Шу ерда биз таълим сифатига ҳавас қиладиган бирорта бошқа бир давлатни мисол қилиб олайлик, масалан Япония. Агар Японияда биронта масъул шахс ўқитувчиларни кўча супуришга ёки экин майдонига ишга ҳайдасин, япониялик ота-оналар ўшанақа масъулларни "энасини Учқўрғондан кўрсатар".

Бу гапларни нега ёзаяпман? Ўқитувчилар ўзини ўзи ҳам ёки ҳатто ХТВ ҳам уларни масъул шахсларнинг турли босимларидан ҳимоя қила олмайдими демак уларни ота-оналар  ҳимоя қилишлари керак. Сиз, мен, Аҳмад, Вали ва ҳоказолар. Акс ҳолда биз яна 20 ўтиб ҳам юраверамиз "Болаларимиз саводсиз бўлаяпти, ўқитувчилар яхши ўқитмаяпти деб.

Комментариев нет:

Отправить комментарий