Охирги пайтларда ОАВ да ҳам, телевиденияда ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам, қолаверса кўча-куйда ҳам кўп муҳокама қилинадиган мавзулардан бири бу одамларнинг китоб ўқимай қўйгани ҳақида, ёш авлоднинг китобдан узоқлашаётгани хақида бўлаяпти. Бунга сабаблар кўп. Лекин назаримда бунга энг асосий сабаб кутубхоналарнинг йўқлиги деб биламан.
Эслайлик, бир пайтлар мактаб кутубхоналарининг китоб фонди қанақа бой бўларди. Бундан ташқари ҳар бир маҳаллада, қишлоқда кутубхоналар бўларди. Туман марказларида эса китоб фондига бой катта-катта кутубхоналар бўларди. Хўш, энди бориб қизиқиб кўринг қани ўша маҳаллалардаги, қишлоқлардаги кутубхоналар? Влар борми? Туман кутубхоналари фаолият кўрсатаяптими? Мактаблардаги кутубхоналарни бориб кўринг-чи қанча китоби бор?
Аҳвол ўта хароб аҳволга тушиб қолгани ҳеч биримизга сир эмас. Хўш, ана шу аҳволда одамлар қайердан китоб олиб ўқисин? Қайердан китобга қизиқсин?
Ёш авлод-чи?
Эсимда, бир пайтлар мактаб ўқиб юрганимда мен мактаб кутубхонасидан ташқари қишлоғимиздаги кутубхонага ҳам туман марказидаги кутубхонага ҳам аъзо бўлган эдим. Ҳозирги ёшлар мактабидаги ғариб кутубхонадан топа олмаган китобларни қайердан изласин? Қишлоғидаги, маҳалласидаги кутубхоналар ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетган бўлса, туман марказидаги кутубхоналар эса бир туманда умуман йўқ бўлса, иккинчисида эса номигагина фаолият юритаётган бўлса. Хўш, одамлар, ёш авлод нима қилсин? Китобларни қайердан олиб ўқисин?
Ҳалиям орамизда яхши одамлар кўп. Уларнинг баъзилари меҳрибонлик уйларига ёрдам қилишаётган бўлсалар, баъзилари маҳалласидаги, музофотидаги кам таъминланган оилаларга ёрдам қўлини чўзаяптилар. Яна бирлари эса заҳматидан, қийинчиликларидан қўрқмай авваламбор ҳамюртларимизни, ёш авлодни китобга, кутубхоналарга қайтаришни ўйлаб халқ кутубхоналарини ташкил этаяптилар.
Ана шундай одамлардан бири ижтимоий тармоқларда Дима Қаюм номи билан танилган риштонлик оддий тадбиркор Дилшод Болтабоевдир.
У ўзининг бозордаги торгина жойида жойлашган дўконини кенгайтириш ўрнига, ўша дўконининг бир четида халқ учун кутубхона ташкил этган ва унинг бу иши кўпчиликка ўрнак бўлган эди.
Жумладан яқинда Фарғона вилоятига амалий ташриф буюрган Халқ таълими вазирининг ўринбосари Алишер Саъдуллаев хам унинг бу ишига юқори баҳо бериб хурсанд бўлган эди.
Аммо, халқимизнинг маънавиятли бўлишини, китобхон бўлишини кўра олмайдиган одамлар ҳам борлигини бугунги кунда Дишод Болтабоевнинг кутубхонасига бўлган босимлар кўрсатаяпти. Бугунги кунда фахрий "халқ кутубхоначиси" унвонига эга бўлиб бўлган Дилшод Болтабоев бундан бир неча кун олдин кутубхонасига қандайдир бир бозор ходимининг кириб унга бўлган-бўлмаган гапларни айтиб таъбини тирриқ қилиб кетгани ҳақида пост қўйган эди. Ўшанда унга кўпчилик сайтларнинг ходимлари мурожат қилиб "ўша бозор ходими билан бўлган муаммони сайтларда кўтариб чиқайлик" деб мурожат қилишди. Аммо Дилшод Болтабоев "Акалар, бу одам ўз хатосини тушунди, шу учун бир марта уни кечирайлик" дегани учун ҳеч бир сайт буни ёритмади. Ўшанда у иш ҳолва бўлган экан. Бугунги кунда эса Дилшод Болтабоевнинг халқ кутубхонаси бузилиб ёпилиб кетиш хавфи остида қолаяпти. Муаммо нимада эканлигини билиш учун Дилшод ака билан қўнғироқлашиб боғландим. Унинг менга маълум қилишича Риштон туманида шу кунларда хоким алмашган. Бир пайтлар Дилшод Болтабоевни қабул қилиб унинг кутубхона ҳақидаги ғоясини қўллаб-қувватлаб бунга шароит яратиб берган ҳокимнинг ўрнига янги ҳоким тайинланган. Ана энди эса бирданига томдан таоаша тушгандай Риштон туман бош архитектори ва Риштон туман ИИБ Ёнғинга қарши кураш бўлими бошлиқлари, бозорда қурилган халқ кутубхонасини бири "ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайди" деб, иккинчиси эса "ноқонуний қурилган" деб буздириш пайида бўлаётган эканлар.
Шу ерда савол туғилади. Бу иккита ташкилот бошлиқлари аввалги ҳокимнинг Дилшод Болтабоевнинг бозорда, ўзи савдо қилиб турган дўконида халқ кутубхонаси ташкил этиш ҳақидаги таклифини қизғин қўллаб-қувватлаганини билар эдилар-ку. Ўша пайтда аввалги ҳоким даврида индай олмаган бу икки қўштирноқ ичидаги "амалдор" нега аввалги ҳоким кетиши билан бирданига халқ кутубхонасининг "ёнғин талабларига жавоб бермаслигини" ва "ноқонуний қурилганини" эслаб қолдилар? Нима, бу икки валломатга қиламан, бажараман десалар Риштон туманида бошқа иш йўқми? Ёки аввалги хоким даврида халқ кутубхонасининг " ёнғин талабларига жавоб бермаслигини" ва "ноқонуний қурилганини" билишмаганми? Эътибор берган бўлсангиз мен бу иккиьа масъул шахснинг исм-шарифларини ёзмаяпман. Ёзмайман ҳам. Чунки ёзишга арзимайди.
Дима ака билан гаплашар эканман янги ҳоким тарафингизни олмаяптими, анави иккаласига "қўй, битта кутубхона фаолият кўрсатса кўрсатибди-да" демаяптими?" деб савол бердим. "Янги ҳокимнинг қабулига кирдим, бу халқ кутубхонасининг қандай қийинчиликлар билан барпо бўлганини, аввалги ҳоким бу ишларни қўллаб-қувватлаганини унга тушинтирдим. Аммо янги ҳокимимиз "ука, агар ўша кутубхонанг ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермаса мен уни сақлаб қололмайман. Сенга эса марҳамат, кредит масаласида ёрдам берай, сен кредитни олиб шу кутубхонангни бошқа жойда қур" деб жавоб берди. Ўзингиз ўйланг, мен кредит олиб бошқа жойда кутубхона қурсам, у кутубхона "халқ кутабхонаси" сифатида халққа текинга хизмат қилса кейин мен у кредитни қандай ёпаман? Қолаверса хар йили мол-мулк солиғи чиқса, ер солиғи чиқса. Бу умуман бўлмайдиган иш" деб жавоб берди.
Мен шу ўринда Риштонга янги тайинланган ҳокимга мурожат қилмоқчиман. Жаноб ҳоким бува, ҳаммамизга маълум ҳар бир туманда бўлаётган хайрли ишларда ҳам ёки аксинча таъбни тирриқ қиладиган ишларда ҳам ҳокимларнинг роли катта. Шундай экан аввалги ҳоким пайтида ўша туман ИИБ ёнғин хавсизлиги бўлим бошлиғи ҳам, туман бош архитектори ҳам халқ кутубхонасига "осилишга" журъат эта олмаган. Бу бир бизнес лойиҳа эмас шунчаки халқни, миллатни, ёшларни китобга меҳр қўйдириш, кутубхоналарга қайтариш йўлидаги эзгу бир иш эканлигини инобатга олиб, сиз хам шундай қилинг-ки Риштонда неча йил ишласангиз ўша иккита ташкилот раҳбари қайта бу халқ кутубхонасига "осилишмасин". Яна ўша иккала ташкилотнинг раҳбарларининг аввалги ҳоким даврида жим юриб, унинг ўрнига сиз ҳоким этиб тайинланганингизга дарров ўзларини кўрсатиш учун халқ кутубхонасига "осилишлари" сизни чалғитиб қўймасин. Улар бу ишларини сизни ўрнингизга келадиган хокимга яхши кўриниш учун қилинаётган бўлиши хам мумкин. Агар сиз бир оғиз "тегма шу кутубхонага" десангиз улар тега олишмайди. Шу учун сиз улар тараф эмас, доим халқ тараф бўлинг. Ана шунда халқ доим сиз билан бирга бўлаверади. Халққа эса хозир кутубхона керак. Саломат бўлинг.
П.С. Дима Қаюмнинг халқ кутубхонаси бузилиши эмас, балки мамлакатимизнинг бошқа туманларида ҳам оммалашиши керак.
Комментариев нет:
Отправить комментарий