понедельник, 12 февраля 2018 г.

"Ўзбекэнерго"нинг ташаббуси

Яқинда тасодифан телеграм ижтимоий тармоғида  бир эълонга кўзим тушиб қолди. Бу эълонда ёзилишича "Ўзбекэнерго" компанияси аҳолига қулай бўлиши учун телеграм ижтимоий тармоғида канал ишга туширган ва  аҳоли жойлардаги электр энергияси билан боғлиқ муаммоларини ана шу канал администраторига мурожат қилиб жўнатишса бўлиши ёзилган эди. Каналга дарров аъзо бўлдим ва  "Ўзбекэнерго" ходимлари аҳоли мурожатига қанчалик тез жавоб қайтаришини билиш ва охирги пайтларда маҳалламизда юз бераётган электр таъминоти тақчиллигига жавоб олиш учун канал администраторига охирги пайтларда маҳалламизда электр энергияси тақчиллиги юзага келаётгани ва бу масалада ёрдам беришларини сўраб ёзиб мурожат қилдим.
Мен мурожатимни ёзганимда вилоятимиз, туманимиз, маҳалламиз номини ёзибман-у ўзимни исм-шарифим ва телефон номерини ёзмабман. Шу туфайли мурожатни жўнатганимдан сўнг тезда "Ҳурматли фуқоро, ўз исм-шарифингиз ва телефон рақамларингизни ҳам ёзинг" деган жавоб келди. Кечиктирмасдан ўзим ҳақимдаги маълумотларни ҳам ёзиб жўнатдим. Орадан икки соат ўтиб менга номаълум бир рақамдан қўнғироқ бўлаяпти. Кўтарсам туманимиз электр тармоқлари корхонасидан қўнғироқ бўлаётган экан. Улар муаммони сўрашди. Айтдим. Амалий ёрдам берамиз деб ваъда беришди. Электр энергияси таъминоти ўша куниёқ яна анча яхшиланди.

Орадан уч кун ўтиб маҳалламиз активларига ўша мурожатим ҳақида айтган эдим, улар маҳалламиз ҳудудидаги транфсорматор одам кўпайиб кетганлиги туфайли зўриқиш билан ишлаётгани, шу учун уни ё каттароғига алмаштириш ёки яна битта янги трансформатор ўрнатиб беришларини сўраб мурожат ёз дейишди. Мен маҳалла аҳли номидан ёзиб юбордим. Бу сафар ҳам икки соатда менга қўнғироқ бўлди. Кўтарсам бу сафар Самарқанд вилоят электр тармоқлари корхонаси бошлиғи экан(Исмини Маҳмуд ака деди, фамилиясини сўраб ўтирмадим). У муаммони сўради ва кейин маҳалла раиси номидан Вилоят электр тармоқлари корхонасига ёзма мурожат билан чиқишимизни, шундан сўнг ходимлар бориб вазиятни ўрганишини ва лозим топилса янги трансформатор ўрнатиб берилишини ёки  ҳозирги трансформаторимизни кучлироқ трансформаторга алмаштириб  берилишини айтди.

Мени қойил қолдирган жиҳати шу бўлди-ки компания уйда ўтириб, телефондан ёзиб юборган мурожатимга икки соатдан кечиктирмасдан жавоб бераяпти. Қилинаётган мурожатлар ортидан муаммоларнинг қанчалик бартараф этилаётгани ёки этилмаётгани бу бошқа масала. Муҳими сиз исталган жойдан телефонингиз орқали мурожат қилаверасиз ва компания ходимлари икки-уч соатлардан кечиктирмасдан "нима муаммо?" деб сиз билан боғланишаяпти ва бу иш аҳоли учун учун ниҳоятда қулай бўлаяпти.

Шу ерда "Ўзбекэнерго"нинг ушбу ибратли ишини бошқа вазирликлар, қўмиталар, компаниялар ҳам жорий қилиши керак деган хулосага келаяпман. Чунки ҳозир жойларда  турли муаммолар юзасидан кимга ва қайерга мурожат қилишни билмай юрган одамлар ҳам қанча. Узоққа бормайлик, Тошкентга ишим юзасидан тез-тез бориб келишимни биладиган маҳалладошларим "фалон муаммо юзасидан мурожат хати ёки шикоят хати ёзган эдим, шуни Тошкентга кетишда олиб кетиб, керакли жойга олиб бориб ташласанг" деб тез-тез мурожат қилишади. Уларнинг мурожатлари турли идора ва вазирликларга ёзилган бўлади. Ўша мурожатларга жавоб келиши учун хам неча кундир вақт керак. Шу учун ҳам агар юқорида таъкидлаганимдай турли вазирликлар, қўмиталар, компаниялар телеграм ижтимоий тармоғида канал очиб, "Ўзбекэнерго"га ўхшаб муаммоларни қабул қилиб, кейин унга зудлик билан саноқли соатларда жавоб бериш хизматини йўлга қўйсалар аҳоли учун ниҳоятда қулай бўлар эди.

Шу ерда ўқувчиларда "Қайси ахмоқ ҳозир хат ёзар экан? Ана www.my.gov.uz,  www.pm.uz каби сайтлар орқали мурожат қилаверадида" деган фикр туғилиши мумкин. Тўғри, аммо ўша сайтларда мурожат ёки таклифларни ёзиш учун олдин рўйхатдан ўтиш лозим экан. Рўйхатдан ўтиш учун эса телефон орқали рўйхатдан  ўтиб бўлмас экан. Фақат компьютер орқали ўтилар экан. Жойларда ҳаммада компьютер бўлмаслигини аммо ҳаммада телефон борлигини , буни устига фақат компьютер орқали рўйхатдан ўтиш мумкинлигини инобатга оладиган бўлсак,  юқоридаги сайтлар орқали мурожатдан кўра оддийгина телефон орқали мурожат қилиш ахоли учун қулайроқ. Бу масаланинг бир тарафи. Иккинчи тарафи шундаки агар турли вазирликлар, қўмиталар, компаниялар "Ўзбекэнерго"дай телеграм ижтимоий тармоғи орқали аҳоли учун қулай мурожат канали очиб қўйсалар аҳоли ўз муаммосини юқоридаги иккита сайт орқали ёзмай, ўша муаммо тегишли бўлган вазирлик, қўмита ёки компанияларнинг ўзига тўғридан-тўғри мурожат қилиш имкониятига эга бўлар  эди. Бу эса ўша мурожатларнинг тезроқ кўриб чиқмлишига замин яратар эди.
Масалан, "Ўзбекистон Темир Йўллари" компанияси мурожатлар учун канал ишга туширса аҳоли бу канал орқали ўзига керак бўлган барча маълумотларни тезда билиб олаверар эди. Ёки билетлар масаласида қандайдир муаммолар чиқса компанияга ана шу канал орқали тўғридан-тўғри мурожат қилиб муаммоларини ҳал қилаверар эди. Худди шунингдек "Ўзбекистон ҳаво йўллари"да ҳам билетлар билан боғлиқ муаммолар шу йўл билан ечилар эди ва бу аҳолига анча қулай бўлар эди. Ёки ИИВ ва унинг турли бошқармаларига мурожат ҳам осон етиб борар ва улар томонидан тез жавоб қайтарилар эди.

Шунингдек турли вазирликлар, қўмиталар ҳам ҳар бири аҳоли орасидаги   ўзига тегишли муаммоларни ана шундай йўл билан тезроқ ҳал қилиб бериши мумкин. Бу учун ўша вазирликлар, қўмиталар, компаниялардан катта харажат талаб қилинмайди. Бор йўғи ана шу мурожатларни қабул қилиб олиб жойларга зудлик билан етказиб бериш учун икки-уч нафардан ходим ишга олсалар бўлди.
Мен юқорида Ўзбекэнерго мурожатимга икки-уч соатларда жавоб берди дедим. Бу хизматни такомиллаштириб ундан ҳам тезроқ жавоб берадиган қилса бўлади.

Албатта бу ёзганларим бир таклиф холос. Аммо давлатимизнинг энг асосий устивор мақсадларидан бири  аҳолининг муаммоларини зудлик билан ҳал қилиш, уларга қулайлик яратиш бўлар экан менинг бу фикр мулоҳазаларимни тегишли ташкилотлар ўйлаб кўрадилар ва ижобий қарор чиқарадилар деб ўйлайман.

https://t.me/uzbekenergomuloqot/10

@uzbekenergomuloqot

Комментариев нет:

Отправить комментарий