суббота, 6 января 2018 г.

Қотиллик. Ҳикоя.

Бугун эрталабдан маҳаллада дув-дув гап. Нима эмиш, кеча тунда Нусрат бобони ўз уйида бўйнидан сим билан бўғиб ўлдириб кетишибди. Нусрат бобонинг хотини болаларини олиб отасиникига кетган, ва у уйда ёлғиз экан. Хотини воқеадан эрталаб хабар топиб отасиникидан қайтиб келибди.  Бу гапни эшитиб қишлоқ одамларининг кўнглига ваҳима оралади. Қотил ким бўлса экан? Ёки улар кўпчилик бўлишганмикин? Қотилларга 70 ёшга кирай деб қолган Нусрат бобони ўлдириш нега керак бўлди? Саволлар кўп эди. Қотиллик хабари етиб боргандан Ички Ишлар ходимлари воқеа жойига тезда етиб келиб вазиятни ўргана бошладилар.

Нусрат бобо 58 ёшдалигида хотини тўсатдан қазо қилиб қолди. Орадан олти ойча вақт ўтиб қариндош-уруғ йиғилишиб, маслаҳатлашиб Нусрат бобони қўшни қишлоқдан ўрта ёшлардаги бир тул хотинга уйлантириб қўйишди. Қизлари, келинлари оналарининг ўрнига келган аёлга тинмай зуғум ўтказиб "туғмайсан, фарзандли бўлмайсан, акс ҳолда кунингни кўрсатамиз" деб дағдаға қилишарди. Уларнинг бундай қилишларига сабаб  катта ҳовлида Нусрат бобо билан яшаётган икки ўғли ва уларнинг хотинлари, қолаверса Нусрат бобонинг турмушга чиқиб кетган қизлари бир кун келиб ота ҳовлиларини ўгай укаларига қолиб кетишини умуман хоҳламасдилар. Айниқса "ҳовли менга қолиши керак" деб юрган кенжа ўғил ва унинг хотини ўгай онасининг туғишини умуман хоҳламасдилар. Улар  қанчалик қўрқитишмасин, зуғум қилишмасин  хотини Нусрат бобога уч йилда иккита фарзанд туғиб берди.  Шундан кейин Нусрат бобонинг ҳаёти ҳаёт бўлмади. Болалари ва хотинини ҳали ўғиллари турткилайди, ҳали келинлари. Уларнинг зуғуми етмагандай камига турмушга чиқиб бола-чақали бўлиб кетган қизлари ҳам келиб Нусрат бобонинг ҳаётига аралашиб унинг хотинига кун беришмайди. Нусрат бобо қизларига бир неча марта "ахир сенлар узатилиб, бошқа хонадонларнинг бекаси бўлиб кетгансанлар. Шундай экан нега келиб менинг ҳаётимга аралашасанлар?" деб гапирса ҳам улар "Оила сизники бўлгани билан сизнинг қилмишларингизни деб биз кўчада бош кўтариб юра олмай қолдик. Ҳамма бизни қўлини бигиз қилиб кўрсатаяпти" деб оталарини кўзини очирмадилар.
Нусрат отанинг "мен нима қилдим, нега сен кўчада бош кўтариб юра олмайсан?" деб берган саволига катта қизи, фарзандларининг тўнғичи ҳам шу қизи эди,  "Ахир яқинда қизимни узатсам ва набира кўрсам, мени набирам ўгай укаларим билан ўртоқ бўлиб ўсишадими? Мана шу учун эл-юрт, маҳалла аҳли устимиздан кулишаяпти", деди. Нусрат бобо эса унинг гапини эшитар экан "Эҳ хом сут эмган банда, бу дунёга бир марта келасан. Шундай экан сен кулгу бўлмагин деб фарзанд кўрмаслик, кўролмаслик бу менга ҳам, хотинимга хам оғир жабр-ку" деди. Қизлари эса гапириб-гапириб кетишди.

Ўз пуштикамаридан бўлган фарзандларнинг бундай қилишлари Нусрат отага оғир ботди. Шундан кейин оиладаги нотинчлик ва уруш-жанжаллардан безор бўлган Нусрат бобо ўзи бир пайтлар қийналиб тиклаган уйни ўғилларига қолдириб "зора шу билан қулоғим тинчиса" деб  қишлоқ четидаги узумзор боғидан бошқа уй солиб кўчиб кетди. У кўчиб кетар экан ўғилларига ҳам, келинларига ҳам, қизларига ҳам янги солган уйига боришни тақиқлади. Болаларига "Гапларинг бўлса телефон қилиб айт ёки чақир, ўзим бораман, аммо бирортанг уйимга қадам босма. Мен умримнинг охирида икки кун бўлса ҳам тинч яшашни хоҳлайман. Мақсадларинг ховлига эга чиқиш эди, ана ҳовлини сенларга бердим. Энди эса мени тинч қўйинглар", деди. Шундай қилиб Нусрат бобо қишлоқ четида, овлоқроқ жойда янги солган уйида хотини ва болалари билан яшай бошлади.  Мана энди кеча уни ўлдириб кетишибди. Уни нега ўлдиришган бу кўпчилик учун жумбоқ бўлиб қолаверди.

Туман Ички Ишлар Бўлими ЖҚБ Нусрат бобонинг қотилларини қидиришни бошлаб юборди. Бу йўлда Нусрат бобога алоқадор барча одамлар сўроққа ёки суҳбатга чақирилди. Аммо ҳеч бир натижа бўлмади. Нусрат бобонинг хотини ҳам бир неча бор сўроқ қилинди, аммо аёлдан ҳам жўяли бир гап чиқмади. Аёлнинг фақат бир гапи,  ўгай ўғиллари бир неча марта уни кўча-куйда кўриб қолиб "бобомдан қолган тиллалар отамга теккан эди, энди у ўша тиллаларни у сенга ва сенинг ҳароми болаларингга сарфлайди" деб сўкиб ҳақорат қилишгани ҳақидаги гапи терговчиларни диққат торттирди. Улар зудлик билан ўғилларни сўроққа чақиришди. Аёл билан юзлаштирилганда улар юқоридаги гапни гапириб аёлни сўкканларини тан олдилар, аммо тилла ҳақида "биз шунчаки гапиргандик" дедилар. Уларнинг айтишича улар тиллаларни ҳеч қачон кўришмаган. Оталарида тилла бор-йўқлигини билишмайди ҳам, шунчаки баъзи ёши катта маҳалладошлари ёшликдан буларга "оталарингда боболарингдан қолган тилла бор" деб гапириб келишган экан. Шунга булар ҳам "отамизда тилла бор" деб ўйлаб юришар экан. Оталари ҳовлини буларга ташлаб қишлоқ четидаги узумзор боғларидан ҳеч кимни ёрдамисиз ўзи уй солиб кўчиб кетганидан кейин улар "ўша бизга тилла ҳақида гапирган одамларнинг гапи рост экан-да" деб ўйлай бошлаганларини айтдилар. Худди шу ерда, юзлаштириш чоғида ўгай оналари ўгай ўғилларининг тилла ҳақидаги гапларини эшитиб Нусрат бобода ҳеч қачон, ҳеч қанақа тилла бўлмаганини, Нусрат бобо бир пайтлар маъсулиятли ишларда ишлаб нафақага чиққани учун анча катта миқдорда нафақа олганини, бундан ташқари каттагина узумзор боғларини кўп ишларини ҳам кексайиб қолганига қарамасдан ўзи бажарганини ва кўчиб борганларида биттагина хонани сомон сувоқ қилган ҳолда яшаб, кейинчалик нафақа пулига оила тебратиб, боғдан олинган ҳосилнинг пулини доим уйининг таъмирига ишлатганини, шу тариқа уйлари ҳам анча "одамбашара" бўлиб қолганини айтиб берди ва гапини "Раҳматли чолим бир минут ҳам тиним билмасдилар, ҳали у ишни, ҳали бу ишни доим ўзлари бажарар эдилар", деб тугатди.

Шундан сўнг терговчилар аёлни хонадан чиқариб юбордилар ва Нусрат бобонинг ўғилларига "Хўш, отангизда тилла борлиги ҳақидаги гапни қайерларда, кимларнинг олдида гапиргансизлар айтиб беринглар. Бу иш Нурмат бобонинг қотилларини топишда муҳим бўлиши мумкин" дедилар.
Ўғилларнинг каттаси бу ҳақда ҳеч кимга гапирмаган экан. Кичиги эса "улфатлари" олдида ширакайф бўлиб бу гапни бир неча марта гапирганини айтди.
Шундан сўнг ходимлар кенжа ўғилдан ўша "улфатлар"и жанозада қатнашдими? Жанозадан кейинги кунларда таъзия билдириб хонадонларингга келдими?" деб сўрадилар. Ака-укаларнинг эслашларича "улфатлар"дан иккитаси жаноза куни ҳам, ундан кейинги кунларда ҳам фотиҳага келиб туришган. Аммо яна иккитаси жанозада ҳам кўринмаган, жанозадан кейин ҳам кўнгил сўраб бирон марта фотиҳага келмаган. Ходимлар зудлик билан кенжа ўғилнинг ўша иккита "улфат"ини сўроқ қилиш учун олиб келишди. Улар олдинига "ҳеч нарсани билмаймиз" деб туриб олишди. Аммо бироздан кейин уларнинг биттаси титраб-қақшай бошлади ва ҳамма гапни айтиб берди. Шундан кейин улар айбларини тан олишди.

Айбланувчиларнинг  тан олиб айтишларича улардан бири, тергов давомида титраб-қақшаб қолгани наркотик истеъмол қилишга ружу қўйиб гиёҳванд бўлиб қолган ва бу гиёҳвандликнинг орқасидан охирги пайтларда анча қарз ҳам бўлган экан. Таниш-билишлар қарз бермай қўйгач у ўз уйидан қўлига  нима илинса ўша нарсани олиб чиқиб дуч келган одамга арзимаган пулга сотиб юбориб ўша пулга гиёҳвандлигини қилиб юраверган. Шеригини эса энди-энди гиёҳвандлик кўчасига тортаётган экан. Улар охирги пайтларда ўртоқлари бўлмиш Нусрат бобонинг кенжа ўғлидан "отамда бобомдан қолган тиллалар" бор деган гапни бир неча бор эшитишган. Нусрат бобонинг шундай катта ҳовли ва яхши уй-жойни осонгина ўғилларига қолдириб кетиши ва қишлоқ четидан хеч кимнинг ёрдамисиз яна уй тиклаб олиши бу икки "улфат"да "Нусрат бобода аниқ отасидан қолган тиллалар бор" деган ишончни туғдирган. Шундан кейин улар ўзаро тил бириктириб Нурмат бобони тунашни режалаштиришган, аммо айтишларича ўлдириш режаларида бўлмаган экан.
Ўша куни улар Нусрат бобонинг хотинини отасиникига кетаётганини кўришган ва кечки пайт қоронғуда Нусрат бобоникига боришган. Нусрат бобо таниб қолмасин деб улар юзларига қора ниқоб тақиб олишган. Олдинига Нусрат бобони қўлини боғлаб қўйиб тиллаларни топиб беришини сўраб роса қийнашган. Чол ўзида ҳеч қандай тилла йўқлигини айтгандан сўнг уни яна қийнашган. Уни қийнашаётганда чол босқинчиларнинг бирини, ўша гиёҳвандлик дардига қаттиқ мубтало бўлганини юзидаги ниқобини боғланган қўли билан ўнг келиб қолганда юлиб олади. Юзи очилиб Нусрат бобо уни таниб қолганини кўрган босқинчилар гувоҳ қолдирмаслик мақсадида  уни бўйнидан сим ўтказиб бўғиб ўлдирадилар. Кейин эса тиллаларни қидириб ҳаммаёқни остин-устун қилиб ташлайдилар. Ўзи аслида йўқ бўлган тиллаларни топа олмаганларидан кейин эса Нусрат бобонинг уйидан секин чиқиб кетадилар. Эртаси куни жанозага ҳам, жанозадан кейин фотиҳага ҳам содир бўлган ишдан ниҳоятда қўрқиб қолганлари туфайли бора олмайдилар.

Шу билан жиноят иши ҳам очилди. Маҳалла аҳли Нусрат бобонинг бехосдан ўлдирилганлигига қанчалик ажабланган бўлса, иккита туппа-тузук йигитнинг гиёҳванд бўлиб кетганига ва қотилликка қўл урганига шунчалик ажабландилар.
Нусрат бобонинг ўғиллари, келинлари, қизлари Нусрат бобонинг ўлимидан кейин ҳам ақлларини йиғиштириб олмадилар. Бориб ўгай оналарини уйидан ҳайдаб юбордилар ва ўша уйга ҳовлини укасига қолдириб Нусрат бобонинг катта ўғли оиласи билан кўчиб борди. Ўз уйидан ҳайдалган аёлнинг эса Нусрат бобо билан қонуний никоҳи бўлмагани учун қўлидан ҳеч нарса келмади. Шундан сўнг болаларини олиб ота уйига қайтиб кетди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий