среда, 27 декабря 2017 г.

Нархлар нега ошади?

Аслида нархларнинг ошиши кўпчиликка шундоқ ҳам маълум. Ҳатто бу ҳақда халқ ўртасида "пистачи хола ҳам пистасини нархини оширибди, сабабини сўрасак "доллар ошди, мен ҳам оширдим" деяпти" деган латифанамо гаплар ҳам юради. Аммо шундай бўлсада мен бу мавзуда яна ёзаяпман. Сабаби..., сабаби охирги пайтларда нархларнинг ошишини маълум шахсларга боғлайдиган кишиларнинг  учраётганидир. Тўғри, кўп нарса бошлиққа боғлиқ, айниқса ўз қўл остида иқтисодий муҳитни яхши ёки ёмон қилиб қўйишига, аммо барибир нарх-наволарнинг ошиши ва тушиши кўпинча шахсларга боғлиқ бўлмайди, балки пистачи хола айтганидек доллар курсининг миллий валюталарга нисбатан қийматининг ошиб-тушишига боғлиқ бўлади.

Аслини олганда эса долларнинг ошиши ва тушиши иқтисодиётга, иқтисодий муҳитга боғлиқ. Қисқаси ҳаммаси занжирдай боғланганки қўйида шуларни сизга тушинтириб беришга ҳаракат қиламан.

1) Нархларнинг ошиши авваламбор доллар ошиши ортидан келиб чиқади.

Дунёдаги аксарият мамлакатлардаги турли хил истеъмол товарларининг нархлари ўша давлатдаги доллар нархига боғлиқ. Шу жумладан бизда ҳам. Агар бирон бир давлатда доллар нархи йиллар давомида бир хил тураверар экан ўша давлатдаги истеъмол товарларининг нархи йиллар давомида ошмайди. Ошса ҳам кескин ошмай арзимаган чақа миқдорида ошади. Масалан, узоққа бормайлик, ён қўшнимиз Қозоғистонда қарийб 15 йил давомида, 2000 йилдан 2014 йилнинг кузигача бир АҚШ доллари 140-160 тенге атрофида тебраниб турди ва кўпгина истеъмол товарларининг  нархи ҳам ана шу 15 йил мобайнида ўзгармади. 2000 - йиллар бошида қўшни давлатга ўтиб бир жойдан иккинчи жойга таксида бориб 500 тенге берган бўлсам, орадан ўн беш йил кейин бориб ҳам ўша масофада таксида юриб 500 тенге берганман. Ёки 15 йил олдин нимадир бир нарсани 1000 тенгега харид қилган бўлсам, орадан 15 йил ўтиб ўша нарсани яна 1000 тенгега харид қилганман ва қўшниларимизда узоқ йиллардан бери нарх ўзгармай келаётганига ҳайрон қолганман. Худди шундай ҳолат бизда ҳам 2010 - 2015 йилларда бўлди. Ўшанда доллар курси озгина ўзгаришларни айтмаса 2500-2700 атрофида тургани учун нарх-наволар кескин ўзгаришга учрамасдан бир хил турди. Масалан, 2010 йилда 4500 - 5000 сўм бўлган 1 литр кунгабоқар мойи 2015 йилнинг бошида ҳам 4500-5000 сўм эди. Ўшанда бизда истеъмол товарларнинг нархи ошмади, аммо хизмат кўрсатиш соҳасида нархлар бироз ошди. Сабаби давлат монополиясига тегишли соҳаларда тинмай нархларни ошираверишди. Масалан, ёқилғини оширишди, ёқилғига қараб жамоат транспортлари ва хусусий таксилар нархларни оширишди. Ёки коммунал тўловлар ошди ва ҳоказо.
Аммо 2014-2015 йиллларда Россия-Украина можароси ортидан Жаҳон ҳамжамияти Россияга иқтисодий санкциялар киритди ва ўша санкциялар туфайли аввалига Россияда, кейинчалик Қозоғистонда ва МДҲнинг бошқа давлатларида доллар нархи кескин ошиб кетди. Бунинг оқибатида эса МДҲ да Россия ва  Қозоғистондан бошлаб ҳамма мамлакатларда истеъмол товарлари ва хизмат кўрсатиш нархлари миллий валюталарда кескин ошиб кетди. Шу жумладан бизда ҳам. Шу ўринда Россия иқтисодиётининг минтақа мамлакатлари иқтисодиётига таъсири катта эканлигини ва Россия иқтисодиёти юксалса ёки заифлашса  минтақа давлатлари иқтисодиётига яхши ёки ёмон таъсир қилишини ҳам эътироф этиш керак. Шундан хулоса чиқариб айтамизки нафақат бизнинг ва қўшниларимизнинг балки дунёдаги аксар мамлакатлардаги нарх-наволарнинг ошиши ёки тушиши бугунги кунда "дунё валютаси" ролини бажараётган АҚШ долларининг нархига боғлиқ. Агар доллар нархи ошса нархлар ошади, агар доллар нархи тушса нархлар тушади. Шу учун хам доллар нархини бир зайлда ушлаш ҳар бир  мамлакат иқтисодиёти, шу жумладан бизнинг иқтисодиётимиз учун хам, одамларнинг яшаш шароитлари учун ҳам жуда муҳимдир.

2) Табиат ҳодисалари ва табий равишда нархларнинг ошиши.

Истеъмол товарлари ва хизмат кўрсатиш нархларининг ошиши ёки тушиши ҳам айрим ҳолларда доллар нархининг ошиши ёки тушишига боғлиқ бўлмай табий жараёнлар туфайли ҳам рўй беради. Масалан, бунда об-ҳаво ва табиат ҳодисаларининг турлича юз бериши ҳам нархларнинг ошиши ёки тушишига яхшигина сабаб бўлади. Бунда табиат ҳодисаларининг истеъмол товарларининг асосий хом-ашё базаси бўлган қишлоқ хўжалигига таъсирини инобатга олиш лозим. Масалан, ёмғир ва қорларнинг ҳар йилгидан кам ёки кўп ёғиши, тўфон ва довуллар каби табиат ҳодисаларининг юз бериши ёки бермаслиги, тошқинларнинг юз бўлиш-бўлмаслиги буларнинг ҳаммаси йиғилиб қишлоқ хўжалигига фойда келтиради ёки акс таъсир қилади ва буни оқибатида турли  минтақаларда ёки ҳатто Жаҳон бозорида турли маҳсулотларнинг нархларини кескин ошиб ёки тушиб кетишига сабаб бўлади.  Масалан, ён қўшниларимиз Қозоғистон ва Россия Жаҳон бозорида Канада билан бирга буғдойни асосий экспортчиси ҳисобланишади. Агар бирон бир йил бу икки давлатда куз ва баҳорда ёғингарчилик кам бўлса буни натижасида буғдойдан етарлича ҳосил олинмайди ва Жаҳон бозорида буғдой ва унга боғлиқ маҳсулотларнинг нархлари кескин ошиб кетади. Ёки жаҳонда етиштириладиган гуручнинг салмоқли қисмини берадиган Хитойда турли табий омиллар, тошқинлар ёки қурғокчилик туфайли гуруч ҳосили кам олинса дарров Жаҳон бозорида гуручнинг нархи кескин ошади. Ёки яна бир мисол, икки уч йилдан бери мамлакатимизда баҳорги ёғингарчилик кам бўлаяпти ва бунинг оқибатида яйловларда пичан кам бўлаяпти. Ана шу омил ҳам таъсир қилиб бизда гўшт нархи бу йил сезиларли ошди. Ёки баҳорда ёғингарчиликлар кам бўлган йилларда Қорақалпоғистон ва Хоразмга Амударёнинг суви кам боради ва бунинг оқибатида дарё ўзани пасайиб шоди кам экилади ва ўша йили гуруч қимматлаб кетади. Бундай мисоллар жудаям кўп.

Нархларнинг ошиши янгилик эмас,

Мамлакатимизда охирги бир йил ичида ёқилғи маҳсулотлари, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи кескин ошди. Аммо мустақил Ўзбекистон тарихида бундай кескин нарх ошишлари биринчи марта бўлаётгани йўқ. 1994 йил август ойида миллий валютамиз сўм 1 сўм 1 АҚШ долларига тенг қийматда муомалага чиқарилган ва ўшандан бери бизда сўмимиз тинмай қадрсизланаяпти ва унинг ортидан истеъмол товарларнинг нархи кескин кўтарилиб келаяпти.
Бундай кескин кўтарилиш илк бор 1996 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида содир бўлганди. Ўшанда қора бозорда 1 АҚШ доллари 50-55 сўм бўлиб турган ҳолда уч кун ичида доллар курси 1 доллар 150 сўмга қадар кескин кўтарилиб кетди ва қисқа муддатда истеъмол товарларининг нархи ҳам кескин кўтарилиб кетганди. Иккинчи марта нархларнинг бундай кескин кўтарилиши 1998 йилнинг кузида кузатилган эди ва қора бозорда 170-180 сўм бўлиб турган 1 АҚШ доллари қисқа муддатларда 500 сўмгача кўтарилиб борган эди. Ўшанда хам истеъмол товарларнинг нархи долларнинг қимматлашувига қараб тезда кескин ортиб кетганди. Учинчи бор бундай кескин кўтарилиш 2001 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида кузатилди. Ўшанда қора бозорда 1 АҚШ доллариринг қиймати 800-900 сўмга тенг бўлган ҳолда қисқа кунларда 1600-1650 сўмга кўтарилиб кетган ва бу кўтарилиш хам нархларнинг анча ошишига тўғри келганди. Охирги кескин кўтарилиш 2015 йилда бўлиб ўтди ва 2700-2800 бўлиб турган 1 АҚШ доллари бир неча ойда 5500-6000 сўмга чиқиб кетди ва истеъмол товарларнинг нархларини кескин ошишига сабаб бўлди.
Шундай экан нархларнинг бундай кескин ошишини маълум шахсларга нисбат бериш бу умуман нотўғри бўлган тушунчадир. Тўғри, иқтисодиётимизни маълум шахслар бошқарадилар, аммо бу дегани ҳаммасига улар айбдор дегани эмас.

Умумий хулоса шу-ки хар қандай мамлакатда нарх-наво ошишига йўл қўймасликнинг энг зўр чораси бу нима қилиб бўлса-да доллар нархининг миллий валютага бўлган қийматини қимматлашувига йўл қўймасликдир. Бунда чоралар мажбурий тарзда қўлланилмайди, балки иқтисодиётни ривожлантириш, эркинлаштириш, экспортчиларни кўпроқ-қувватлаш билан қилинади. Эътибор берсангиз ҳукуматимиз ҳозир ана шу йўлдан кетмоқда ва бу йўлда тўсиқ бўлиб турган жуда кўп чекловлар олиб ташланди. Умид қиламиз хозир қилинаётган ислоҳотлар яқин йилларда ўз мевасини беришни бошлайди.

Бозорни мажбуран арзонлаштириш чора-тадбирлари эса ўзини умуман оқламайди. Масалан, кўпгина бозорларда "арзонлаштирилган маҳсулотлар" деб ярмаркалар ташкиллаштирилади. Аммо ўша арзонлаштииилган маҳсулотларнинг аксарияти нархи арзон бўлгани билан сифати жудаям паст бўлади. Чунки ким хам яхши нарсани зарарига сотишни хоҳлайди?

Шундай экан иқтисодиётни эркинлаштириб ҳаммани "эркин бозор" шароитида рақобат билан ишлашига шароит яратиб беоавериш керак. Нархларнинг кескин ошишига келсак бу тинимсиз давом этадиган жараён эмас ва доллар нархи ўсиши тўхтагандан у ҳам тўхтайди. Шундай экан эртаги кунимизга умид билан қарайверишимиз керак. Худо хоҳласа бизни яхши кунларимиз  ҳали олдинда.

Комментариев нет:

Отправить комментарий