Миллий валютамиз сўм ўтган асрнинг охирида, 1994 йил, июль ойида муомалага киритилган эди ва ўшандан буён ўтган қарийб 24 йил давомида анча қадрсизланди. Ўшанда миллий валютамиз 1 АҚШ долларига тенг 7 сўм қилиб муомалага чиқарилган бўлса, бугунги кунда 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 8200 сўмни (2017йил, 19 декабрь ҳолатига кўра) ташкил этмоқда. Хўш бундай ҳолатда сўмимиздаги нолларни олиб ташлаб уни 1000:1 қилиб деноминация қилса нима бўлади?
Авваламбор мамлакатимиз иқтисодиёти бунга тайёр бўлиши керак ва халқаро савдода мусбат сальдога эга бўлишимиз ва ташқи савдо кўрсаткичларимизда биз экспорт қилаётган маҳсулотларимизнинг қиймати биз импорт қилиб мамлакатимизга олиб кираётган маҳсулотларимизнинг қийматидан кўп бўлиши керак. Акс холда сўмимиздан нолларни олиб ташлаб деноминация қилганимизнинг фойдаси йўқ. Чунки, агар бизнинг ташқи савдодаги импортимиз экспортимиздан кўп бўлса ва биз ташқи савдода манфий сальдога эга бўлсак бизга кириб келадиган валютадан чиқиб кетадиган валюта кўп бўлади ва оқибатда валюта тақчиллиги юзага келиб яна валюталарнинг нархи ошиб бораверади. Валютанинг нархи ошгани сайин эса истеъмол бозоридаги нарх-наволар ошаверади. Оқибатда эса ноллари олиб ташланган сўмимиз бир-икки йилнинг ичида яна қадрсизланиб нарх наволарни баҳолашда унга яна ноллар қўшилиб бораверади. Шу учун ҳам ҳар бир мамлакат учун авваламбор иқтисодиётни кўтариш, мусбат сальдога эга бўлишга ўтиш ва ташқи савдода импорт қийматидан кўра экспорт қийматини ошириш муҳимроқдир. Ана шунда деноминация қилса мақсадга мувофиқ бўлади.
Шу ўринда бир мисол келтираман 2010-2014 йилларда мамлакатимиз иқтисодиёти гуркираб ривожланди. Турли соҳаларда экспорт миқдори ошиб, импорт миқдори камайиб биз 5 йил давомида мусбат сальдога натижасини кўрсатмасак ҳам экспорт-импортда яхши натижаларга эришдик. Шу туфайли ҳам кўпгина маҳсулотларнинг ва долларнинг нархи шу беш йил мобайнида кескин ўзгаришларга учрамасдан қарийб бир хил турди. Масалан; бизга Қозоғистон, Украина ва Россия давлатларидан импорт қилиниб олиб келтириладиган кунгабоқар мойининг 1 литри шу йиллар давомида 4500-5000 сўм атрофида бўлиб турди. Ёки шу беш йил давомида АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси ҳам қора бозорда 1 АҚШ доллари 2500 сўм атрофида бўлиб турди. Аммо 2014 йилнинг кузида Украина воқеалари ортидан Жаҳон ҳамжамияти томонидан Россияга киритилган иқтисодий жазо санкциялари ортидан аввал Россияда долларнинг курси кескин кўтарилди ва бироз ўтиб МДҲ га аъзо давлатларнинг ҳаммасида доллар курси ошди. Буни устига бизнинг Украина ва Россияга қиладиган экспортимизнинг ҳажми кескин камайди. Яна Россияда рўй берган иқтисодий инқироз мамлакатимиздан бориб Россияда ишлаб юрган меҳнат мухожирларининг даромадларига ҳам кескин таъсир қилди ва бунинг оқибатида уларнинг мамлакатимизга юбораётган пулларининг миқдори кескин камайди. Ана шу омиллар ҳисобига беш йил давомида бир маромда турган иқтисодиётимизда бироз пасайиш юз берди ва бунинг ортидан бизда валюта тақчиллашуви рўй берди. Оқибатда 2500-2700 сўм атрофида бўлган доллар курси 1 АҚШ доллари 8200 сўмгача кўтарилиб борди.
Умумий хулоса шу-ки мамлакатимизда ҳозирги ҳолатда деноминация қилиш ўзини оқламайди. Деноминация қилиш учун олдин иқтисодиётимиз кўрсаткичларини бироз кўтаришимиз, валюта нархини ошиб кетаверишини тўхтатишимиз(зеро истеъмол молларининг нархлари валюта курсига қараб ошади ва пасаяди) ва мусбат сальдога эга бўлишимиз керак. Акс холда сўмимизни деноминация қилишнинг фойдаси йўқ.
Комментариев нет:
Отправить комментарий