воскресенье, 14 мая 2017 г.

Болалик хотиралари;Колхоз, совхоз,тамаки ёки СССРни қўмсаётганларга жавоб.

Эътибор бераяпсизми, охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда мустабид бир тузум бўлган СССР даврини мақташ, қўмсаш озгина кучайди. Очиғи ўша даврни қўмсайдиган, мақтайдиган одамларни тушунмайман. Чунки боболаримиз минг коммунист бўлишмасин, минг ўша қизил империяга хизмат қилишмасин кўпчилигининг қалбининг туб-тубида "Озод ва ҳур, мустақил Ўзбекистонни кўра олармикинман ёки кўра олмасдан бу фоний дунёдан ўтиб кетармикинман?" деган армон бўлган. Айримларимиз эса ана шу мустақилликни қадрига етмай, яқиндагина қўлимиздан ечиб олинган қуллик кишанини соғиниб қўмсаб ўтиришибди. Ундай одамларга "суфе сенга" дейман холос.
Уларнинг фикрича "СССР пайтида хаммаёқ арзончилик бўлган, эллик тийинга қорин тўйган" ва хоказо ва ҳоказо даъволар. Ўйлаб қоламан. Одам фақат қорни учун яшайдими? Унга қадр керак эмасми? Ахир СССР пайтида Ўзбекистон деса ҳеч ким билмасди. Биз ҳатто яқин хориж учун хам оддийгина "Зовет Юнион" ёки "Рашшин Федерейшн" эдикку. Энди эса биз озод, хур, мустақил Ўзбекистонмизку. Нима фақат қорин тўйдирса "СССР яхши эди"-ю, қорин тўйдирмаса мустақиллик ҳам керак эмасми? Айтинг унда, ундай инсонларни фақат қорин ғамида яшайдиган ҳайвондан нима фарқи бор?
Иккинчидан, улар даъво қилишгандай "СССР даврида қорнимиз тўқ, устимиз бут" эдими?
Йўқ, асло ундай эмасди.

Колхоз ва совхоз.

"СССР пайтида Ўзбекистонда завод ва фабрикалар йўқ эди" десам аниқ ёлғон гапирган бўламан. Завод ва фабрикалар бор эди. Аммо, барибир аҳолининг аксар қисми қишлоқ хўжалигида банд эди. Қишлоқ хўжалиги эса икки турга бўлинар эди. Колхоз ва совхозларга.
Очиғини айтаман ёши катта бўлган ҳолда бир умр шаҳардан ташқарига чиқмай колхоз нима, совхоз нима билмай ўтган инсонлар орамизда ҳанузгача бор. Ҳозирги авлод эса улар хақида, улар қандай фаолият юритишгани ҳақида умуман тасаввурга эга эмас.
Шу учун қўйида бу икки тузилманинг фаолиятлари хақида қисқача тушинтириш бериб кетишни лозим деб топдим.
Ўтган асрнинг 30-йилларида якка хўжаликларни тугатиб ўрнида коллектив хўжаликларни (яъни ҳаммаси ўртада ва бу ерда "сеники, меники" деган гап бўлмайди) тузиш хақида Московдан буйруқ бўлади ва "қизиллар" ҳамма жойда бу буйруқни амалга оширишга киришиб кетадилар. Бу йўлда олдинига бойлар таланади. Ҳа, ҳа таланади. Кечагина ўша бойларнинг хизматкори бўлган ва эндиликда ювуқсиз коммунистларга айланган инсонлар бу йўлда кўп жонбозликлар кўрсатадилар ва ўзларини иш билан таъминлаган бойларни биринчи навбатда талайдилар. Улар бу йўлда шунчалик шавқатсизлик қилдилар-ки ҳатто мол-мулкини ўз ихтиёри билан "ҳукуматга топширган" ("ҳукумат" бу ўша собиқ хизматкорлар) бойларга ҳам  шавқат қилинмади ва уларнинг аксариятини "бой-қулоқ" деб отдилар, осдилар ёки ёт ўлкаларга сургун қилдилар. Кўпчилик бойлар эса мол-мулкларини топшириб ҳам ҳукуматдан қутила олмаслигини билиб Ватанни ташлаб чет элларга қочишга мажбур бўлдилар. Ўша суронли йиллардан мамлакат бўйлаб саноқлигина бойлар мол-мулкларини ҳукуматга топширган ҳолда зўрға жазодан қутилиб қолдилар. Қолганларининг тақдири эса фожиали тугади.
Шу зайлда коллективлаштириш амалга оширилиб ўтган асрнинг 50-йилларигача қишлоқ хўжалигида фақат колхозлар фаолият кўрсатди.

Совхозларнинг тузилиши эса колхозлар тузилишидан ўзгачароқ бўлган. Совхозлар революциядан кейин тузилиши бошланган. Асмо бизнинг юртимизда асосан Иккинчи Жаҳон урушидан кейин тузилди. Урушдан ғалаба билан чиққан мамлакат ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб Марказий Осиёдаги катта-катта чўлларни қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиш учун ўзлаштира бошлади. Ана шундай дамларда тинчгина ўз уйида, ўз қишлоғида яшаб юрган инсонлар мамлакат бўйлаб минг тарғибот қилинмасин дабдурустдан "чўл ўзлаштираман" деб тап-тақир чўлларга бормас эди. Ана шу ерда ҳукумат бошқача йўл тутди. Чўлларда ерлар ўзлаштирилишидан аввал одамлар учун уй-жойлар қуриш бошланди. Кейин эса тайёр уй-жойларга чўлқуварлар таклиф этилди. Одамлар ўшанда ҳам боришни хоҳлашмади. Сабаби борган жойларида уй-жой тайёр бўлгани билан, оилалари билан кўчиб борадиган бўлишса тирикчилик нима бўлади?
Агар кузда йиғиштирилиб давлатга топшириладиган ҳосилнинг чўғига қараб ҳақ олишса унда кузгача тирикчилик қандай ўтади? Одамлар ана шу ўйлаб ҳам гарчи уй-жой тайёр бўлса-да чўлларга боришни хоҳлашмас эди.
Ана шундай ҳолатда ҳукумат ўзлаштирилаётган чўлларда колхозлар эмас, балки бажарган ишига қараб ойма-ой маъош белгиланиб тўлаб бориладиган совхозлар тузиш режасини илгари сурди. Яъни тайёр уй-жойга кўчиб келадиган чўлқуварлар худди завод фабрикаларникидай соат 9да ишга боришади, 1 соат тушликка ажратилади. Соат 6 да эса ишдан уйга қайтишади. Энг муҳими уларга ойлик маъош белгиланади ва ойма-ой маъошларини олиб бораверадилар. Ана шундан кейин бутун минтақа бўйлаб чўлларни чўлқуварлар босиб кетди.

Ана шу ерда колхоз ва совхозларнинг фарқини тушундингиз-а. Яъни колхозларда  етиштириладиган ҳосилга қараб кузда бир марта йиллик пул берилган. Совхозлар эса маъошни ойма-ой тўлаб бораверишган. Тўғри, колхозларда йилнинг бошида деҳқонларга бироз миқдорда аванс пули берилган. Аммо у аксарият рўзғорларнинг еб ичиши учун урвоқ ҳам бўлмаган.

Мана шу ерда ўша мустабид тузумнинг яна бир кирдикори ошкор бўлаяпти. Яъни ҳукумат ўзига қолса деҳқонларни эксплутация қилиб уларни колхозларда  эзиб ишлатиб юраверишни хоҳлар эди. Аммо чўлларни ўзлаштиришда уларнинг бу номери ўтмади ва ҳукумат мажбур бўлиб совхозлар тузиб,  чўлларни ўзлаштиришга борган дехқонларга ойма-ой маъошларни ўз вақтида тўлаб боришга мажбур бўлди. Чунки маъош вақтида берилмаса чўлни ўзлаштиришга борган деҳқон кўч-кўронини олиб ўз юртига, ўз қишлоғига қайтиб кетиши ҳам мумкин эди. Уларни мажбурлаб ушлаб қолишнинг эса иложи йўқ эди. Ана шу учун хам чўллардаги совхозлар учун ҳукумат пулни аямаган. Бир тарафдан колхозларда юрган дехқонни эзаверган. Иккинчи тарафдан чўллардаги совхозларга пулни сочаверган.  Ўйлаб қоламан; балки ҳозир "ўша пайтда 100 сўм ойлик олардим ҳамма нарсага етарди" дейдиганлар завод-фабрикаларда ёки совхозларда ишлашган ва ойма-ой маъошларини олиб туришгандир. Аммо, кўпмиллионли колхозларда ишлайдиган деҳқонларнинг аҳволи хароб эди. Хоҳ у узумчилик колхозида ишласин, хоҳ тамакичилик, хоҳ пахтачилик аҳамияти йўқ дехқоннинг бири икки бўлмаган. Кейин ўша даврларда деҳқонлар азбарои давлатнинг плани деб кечани кеча, кундузни кундуз демай қаттиқ мехнат қилишган. Ҳозиргилар унақа қаттиқ мехнат қилишмаяпти.

Тамакичилик.

Бизнинг туманимиз салқинлиги учун пахта экилмаган. Тоғолди қир-адирликларнинг бир қисми узумзор эди. (Мустақиллик йилларида қир-адирларнинг қолган қисмлари ҳам, ҳатто тоғ ён бағирларида ҳам токзорлар қилинди).  Текис ерларнинг ҳаммасига тамаки экиларди. Энди эслаб кўрсам ўшанда тамакида бошдан оёқ болалар ишлашган экан. Тамаки олдинига ҳовлидаги бир парча кўчат қилиниб тайёрлаб олинарди. Кейин эса уни олиб бориб сув қўйилган жўяда хитойлик шоли кўчатини экканидай тиззагача лойга ботиб экиб чиқилар эди. Тамаки экиш асосан болалар зиммасида эди. Экилгандан кейин баргини юлиш даражасигача ўсгунча уч марта чопиқ қилинарди ва буни хам асосан болалар қилишарди.
Тамаки ўсиб катта бўлгандан кейин уни баргини юлиш бошланарди. Энг ёмони ўсиб катта бўлган тамаки ўзидан шунақа ёмон ҳид тарқатарди-ки у ҳиддан кўнгилларимиз озиб кетарди. Аммо чидаб ишлардик. Узилган барглар уйга олиб келиниб бир доналаб катта игналарга ўтказиларди. Буни ҳам асосан болалар қилишарди. Игнага ўтказилган тамаки, игнадан ипга ўтказилиб қуритиш учун илинарди. Охирида қуритилган тамаки баргларини тешик-туйнуги бўлмаган бостирмада буғлаб, биринчи ферментациясини қилиб, темир прессларда тойлаб кейин тамаки қабул қилиш пунктларига олиб бориб топшириларди. Ана шу ишларнинг хаммаси ота-оналар бошчилигида болаларнинг зиммасида эди. Ўша пайтда тамакига яхши ҳақ беришарди. Аммо "аччиқники аччиққа учиб кетади" деганларидай аччиқ тамаки пулининг баракаси бўлмасди.

Туманимиз ахолиси азалдан тадбиркорлар, савдогарлар юрти саналган. Ўша пайтда ҳам ҳатто бутун Иттифоқ бўйлаб "фалонча районнинг одамлари роса бой" деган гаплар юрарди. Аммо ана шу "бой район"нинг одамларида ҳам енгил машина ҳаминқадар бор эди. 1983-85 йилларгача музофотимиздаги битта-иккита уйнинг томи шифер билан ёпилмаган бўлса бошқаларники оддий лой-сувоқ томлар эди. 1983-85 йиллардан кейин бирин-кетин уйларнинг томини чордоқ қилиб шифер ёки тунукада ёпиш урфга кирди. "Урфга кирди" деяпману аслида урфга кирмади, балки халқнинг қўли бироз пул кўриб шу ишларни қила бошлади. Халқнинг қўли пул кўришининг сабаби колхоздаги меҳнати туфайли эмас, қиш пайтларида қочиб-пусиб бўлсада СССРнинг турли шаҳарларига майиз ва бошқа қуруқ меваларни олиб бориб сотиб келишга тобора кўпроқ одам боравергани туфайли эди.

Эслайман, 1985- йилларда магазин тўла турарди, аммо халқ ҳамма нарсани сотиб олишга қодир эмас эди. Пул хисоби билан ишлатилар эди. Умуман олганда оддий халқда у кимлигидан, қайерда ишлашидан қаттий назар ошиқча пулини йиғиб орттиришга имконият бўлмасди. Чунки ҳаммаёқ арзончилик бўлгани билан ошиқча пулни ўзи бўлмасди ва бор пул рўзғордан ортмасди. Энг мухими ҳозирги шароит билан таққослаганда фарқ жуда катта эди.

Юқорида болалар меҳнатини айтдим. Тўғри биз болаларни ҳеч ким "ишла" деб мажбурламасди. Аммо ота-онамизга дала ишларида ёрдамлашиш бу ёзилмаган қонун даражасига чиққан эди.
Масалан, мени ўзим ҳам эсимни таниганим тамаки етиштириш ишларида ота-онамга ёрдамчи бўлганман. "Иж" русумли мотоциклимиз бўларди. Ёзнинг охирроқларида дадам ярим кечаси соат 2-3 ларда бизни уйғотар эдилар. Мен, опам, синглим, дадам бошчиликларида тамаки баргини юлгани жўнардик. Бориб қоронғуда пайпаслаб эрталабгача барг юлиб қайтардик(кечаси салқинда тамакининг қўланса ҳиди унча чиқмасди).  Кейин келиб чойни ичиб тамаки баргини игнага ўтқазишни бошлардик. Тушда мактабга бориб кечки соат 5 ларгача  ўқиб, келиб яна тамакини игнага ўтказишга ўтирар эдик. Кейин кечки овқатни еб яна тамакини игнага ўтказиш билан банд бўлардик. Кечки соат 11ларга бориб қўлимизда игна билан кўзимиз юмилиб кетаверарди. Шунда ота-онамиз кириб ухлашга рухсат беришарди. Ярим кечада соат 2-3ларда яна уйғотишар эди. Яна бир тарафда узум узиб қуритишга ёйиш ишлари кутиб турарди. Куз келаверса юрагимга воҳима уйғонадиган бўлиб қолган эдим. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг ўшанда мени ёшим 9-10 ларда, опам мендан бир ёш катта, синглим эса бир ёш кичик эди. Тасаввур қилаяпсизми, тамакининг хамма иши биз тенги, биздан бироз катта болалар зиммасида эди. Ота-оналар ҳам қаттиқ ишлашар эди. Мактабни битириш арафасидаги ўсмир йигит - қизлар эса чарчоқ нималигини билмай ишлашарди. Ҳозир эса ёшлар мактабни битирган, коллежни битирган, аммо ишламайди. Ота-онага ёрдам бермайди. Бизнинг давримизда аҳвол бошқачароқ эди. Биз мактабда кимнинг кийими зўрлигидан, қимматлигидан мақтанмас эдик. Балки ким тамакини тезроқ чопиб бўлди, кимнинг тамакиси энг тез ўсаяпти, тамаки баргини биринчи теримини ким биринчи териб тугатиб олди, ана шулардан мақтанар эдик. Албатта бу гаплар баъзи бировларга эртакдай туюлади. Аммо айни ҳақиқат шу эди.
Биз ана шундай оғир меҳнат остида улғайганмиз.

Бу гапларим билан нима демоқчиман. Ўша пайтда катта-ю, кичик минг ишламасин ортиқча пул орттириш амримаҳол эди. Агар ҳозирги одамлар ўша даврдагидай ишлашса хаммадан яхши яшашади. Мен ҳозиргилар ишламаяпти дейишдан йироқман. Ишлашаяпти. Кимдир ғайратли бўлган ҳолда тўрт сотих ховлисида тинимсиз ишлаб ҳаммадан яхши яшаяпти. Кимдир эса бир гектар жойда ўтириб ялқовлиги ва дангасалиги туфайли ишламай, буни оқибатида рўзғори хам ўлда-жўлда бўлиб қолиб худди СССР пайтида ишламаган ҳам зўр яшагандай "совет даври зўр давр эди, совхоздан фалон сўм ойлик олардик" деб кимдир, нимадир олдига олиб келиб ташлашини кутиб тамшаниб ётибди.

Сўзимнинг охирида нега туманимиз совет даврида ҳам "бой район" деб аталганини, хозир ҳам "қайердансан" деган саволга фалон жойданман" десам "ўҳҳў, бой туман, одамлари ҳам бой" деган таърифни эшитишимизни сабабини айтайми? Буни сабаби одамларимиз ўта меҳнаткашдирлар. Буни одамларимизнинг ҳўв кўриниб турган тоғни устида, елкасидаги идишда, сув ташиб чиқиб токзорлар бунёд қилганидан ҳам билса бўлади. Сиз хоҳланг тан олинг, хоҳланг тан олманг туманимиз одамлари шунча меҳнат қилиб ҳам СССР даврида бирлари икки бўлмаган. Мана энди Истиқлол шарофати билан бирлари икки бўлаяпти.

Р.С. Айтмоқчи бўлганим хоҳ қорин ғамида ўлчанг, хоҳ қадр топиш тарафидан ўлчанг Истиқлол, ҳурлик, Озодлик кимгадир ёт бир кучларга мустамлака бўлиб яшаб, қуллик қилиб юргандан кўра миллиард марта аълороқдир.
СССР ни қўмсаётганларга мени жавобим шу.

Комментариев нет:

Отправить комментарий