Ёзувчи Тоҳир Маликнинг асарларидан илк ўқиганим "Алвидо болалик" қиссаси эди. Қиссани ёшлигимда "Ёшлик" журналида ўқиган эдим. Мактаб дарсликларида С.Айнийнинг "Эски мактаб", А.Қаҳҳорнинг "Ўтмишдан эртаклар" каби болалар учун бирмунча қўрқинчли туюладиган қисса ва ҳикояларни ўқиб юрган мендай болага "Алвидо болалик" қиссаси ўзгача таъсир қилган эди. Шу қиссани қарийб ўттиз йил аввал ўқиган бўлсам-да асарнинг бош қаҳрамони Қамариддиннинг номи ҳали ҳам ёдимда. Ўшанда бу болага, унинг тақдирига роса ачинганман. Бу қиссани ўқиганимдан кейин синфдош ўртоқларим орасидаги ҳали ёш бола ҳолида нос, сигарет каби зарарли нарсаларни чекадиган, маст қилувчи ичимликларга ружу қўйган болалар билан муносабатимни бирмунча уздим.
Шу ўринда таъкидлаб кетишни хоҳлардим, ҳеч бир бола онасининг қорнидан ўғри, ё нашаванд бўлиб туғилмайди. Ёшлигида "мен келажакда ўғри, ё нашаванд бўламан" деб орзу қилмайди. Сигарет, нос, ароқ каби зарарли нарсаларга ружу қўйиб алкаш, ё кашанда бўлишни мақсад қилмайди. Бу зарарли иллатларга илашиб қолишда асосан "содиқ дўстлар"нинг ҳиссалари катта бўлади. "Сен ҳам йигитмисан? Қани битта ол" деб ичмайдиган, чекмайдиган болаларни охир оқибат ўзига ўхшаган алкаш, нашаванд қилиб тарбиялайдиган "дўстлар"ни ҳам кўп кўрганмиз. Мана шундай ҳолатда китобни роли бола тарбиясида янада яққолроқ кўринади. Китобга меҳр қўйган ва ўқиётган асаридан таъсирланаётган боланинг салбий иллатларни қилишга вақти ҳам бўлмайди.
Кейинчалик ёзувчининг "Сўнгги ўқ" ва "Шайтанат" романларини ҳам ўқидим. Ундан кейин бу ёзувчининг панд-насиҳатга йўғрилган кўплаб китоблари чиқди. Ҳафсаласизлик қилдимми, ё бошқа сабаблар бўлдими ёзувчининг бошқа китобларини ўқий олмадим. Яқинда китоб дўконига кирганимда адибнинг яна иккита китобини олдим. Китобнинг номи "Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи" деб номланган экан. Китоб биографик услубда ёзилган бўлиб, унда ёзувчи ўз ҳаётини ёзган экан. Китоб икки китобдан иборат.
Очиғи бу яқин орада бадий адабиётга тегишли биронта китобни бунчалик мазза қилиб ўқимаган эдим. Бу китобни мазза қилиб ўқиганимни сабаби китобда ёзувчининг болалигидан бошлаб буёғи 1991 йилгача бўлган воқеалар, ёзувчи ишлаган радио ва турли газета-журналлар таҳририятидаги воқеа-ҳодисалар ҳаққоний кўрсатилган. Шу жумладан ёзувчининг бир йиллик ҳарбий хизматдаги ҳаёти ҳам тасвирланган. Бу китобдаги менга энг маъқул бўлгани шу бўлди-ки ёзувчи ўша даврларда турли шоир ва ёзувчилар орасида кимлар билан ишлаган бўлса уларни ҳаммасини таржимаи ҳоллари ва характерларини ҳам қисқача бериб кетган. Масалан, охирида "Ваҳоб Рўзиматов таржимаси" деб ёзилган асарларни кўп ўқиганман. Аммо бу инсонни кимлигини билмасдим. Т. Малик домла Ваҳоб аканинг қўл остида ишлаган даврларини эслаб бу китобда ёзган экан, шу китоб орқали Ваҳоб Рўзиматовни қандай инсонлигини билдим. Ёки бир пайтлар фожеали тарзда вафот этган шоир Асқар Қосимни ҳам шу китоб орқали танидим ва унинг:
Бошгинамга ағанаган, катта
тоғлар алвидо!
Мен кетарман ҳасратланиб,
руҳи соғлар алвидо!
Бу дунёнинг шўришига
нав-ниҳоллар тебранинг,
Эслироқ боғбони йўқ,
қолди боғлар алвидо!
деган сатрларини ҳам илк марта шу китобда ўқидим.
"Шайтанат"даги Анварни протипини ёзувчи шу шоир дўстидан олган.
Собиқ Иттифоқ даврини қўмсайдиган, оғзидан бол томиб мақтайдиган инсонлар ҳалиям орамизда бор. Аммо....
Ўша мустабид тузумдан ҳамма ўз ўрнида жабр чеккан. Аммо ўша даврда энг кўп калтак миллатнинг зиёлилари бўлмиш шоир ва ёзувчиларнинг гарданида синган. Ўша пайтларда хоҳ назмий асар бўлсин, хоҳ насрий асар бўлсин миллийлик ҳақида умуман ёзиб бўлмаган. Дарров миллатчи деб муҳокама олиб чиқишган.
Ёзувчи бу китобда ўша даврдаги барча қийинчиликларни эринмай батафсил ёритиб берган. Қисқача айтганда бу китоб эндиликда мустақил бўлган жонажон Ватанимизнинг ўша даврда мустабид тузум остида яшаган даврларида адабий муҳит қандай бўлганлиги ҳақида маълумот берадиган ва тарихдан сабоқ берадиган ажойиб китоб бўлган.
Албатта кимгадир ёққан китоб кимгадир ёқмас. Аммо бу китоб китобсеварларнинг ҳаммаларига ёқади деб ўйлайман. Бу китоб фақат олиб ўқиб ундан катта бир дарс олса бўладиган китоб бўлган.
Комментариев нет:
Отправить комментарий