пятница, 30 декабря 2016 г.

АҚШ ва Хитой, дунё иқтисодиётидаги кураш

Дунё иқтисодиётида бир асрдан ошдики АҚШ давлати гегемонлик қилади.
(Юз қаватли иморатни илк бор Чикагода ХХ-асрнинг бошларида қурилиши, Нью-Йоркдаги метронинг XIX-асрнинг учинчи чорагида қурилиши ёки дунё автомобиль саноатининг илк пойдеворларидан бирининг ушбу давлатда қўйилиши ҳамма-ҳаммаси бу давлатнинг иқтисодий кўрсаткичлари ва имкониятлари ўша бундан юз йиллар олдин ҳам қанчалик юқори бўлганини англатади.)

Қолган ҳамма давлатларнинг иқтисодий ривожланиши унга боғлиқ. Дабдурустдан бундай деб ёзишимни қўйида математик ҳисоб-китобларсиз ва турли сайтлардаги маълумотларни келтирмасдан тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Шубҳасиз АҚШнинг энг катта ютуғи бу ўз миллий валютаси долларни рамзий маънода "Жаҳон валютаси"га айлантира олганидир. Албатта бу иш ҳам ўз-ўзидан бўлмайди. Бу учун кучли иқтисодий сиёсат ва иқтисодий ҳолат муҳим роль ўйнайди. Ўшанда, Иккинчи Жаҳон Уруши тугаб, дунёнинг турли қитъаларидан бу урушда қатнашган давлатларнинг иқтисодиёти фалажланиб вайрон бўлиб ётганидан фойдаланган ва ўша давлатларга миллиардлаб, қолаверса триллионлаб долларни чоп эттириб имтиёзли кредидит ёки беғараз ёрдам тарзида тарқатиб юборган АҚШнинг иқтисоди Иккинчи Жаҳон Уришидан умуман зарар кўрмаган. Аксинча урушаётган турли томонларга қурол-яроқ ва озиқ-овқат сотиб бундан анча бойиб ҳам олган эди. 1945-53 йилларда Президентлик қилган АҚШнинг 33-Президенти Гарри Трумэн узоқни кўра олган одам бўлган экан. Айнан унинг сай-ҳаракатлари ва пул-кредит соҳасида олиб борган ислоҳотлари АҚШ долларининг дунёга тарқаб кетишига сабаб бўлди. Иккинчи Жаҳон Урушигача Англия фунт стерлингги қайсидир маънода дунё валютаси ролини бажарар эди. Аммо урушдан кейин Трумэннинг пул ислоҳотлари туфайли дунё бўйлаб тарқалиб кетган ва жаҳон валютаси номини олган доллар фунт стерлингни дунё саҳнидан сиқиб чиқарди ва дунёнинг ҳамма жойида "айланадиган" ягона валютага айланди. АҚШнинг бу ишдаги яна бир ютуғи қайерга доллар энг кўп кириб борар экан ўша минтақадаги давлатлар иқтисодиётининг АҚШ иқтисодига қарамлиги ортиб бораверди. Хуллас, АҚШ дунё иқтисодида якка гегемон даражасига чиқди ва ҳанузгача шундай бўлиб қолаяпти.

Иккинчи Жаҳон Урушидан кейин Собиқ Иттифоқ (СССР) АҚШга ҳар тарафлама, ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий тарафдан кескин рақобат қилишга уриниб кўрди. Аммо, барибир кучи етмади ва тарқаб кетди. Уни вориси бўлиб қолган Россияни эса ҳозирча АҚШга иқтисодий тарафдан рақобат қилишга кучи етмаяпти.
(Охиргисини эслайлик, бундан икки йил муқаддам бўлиб ўтган Украина талотўпларидан Россия фойдаланиб қолди ва кўпчиликни фикрича анчайин шубҳали тарзда бўлиб ўтган референдум орқали Украинага тегишли Қрим яриморолини ўз таркибига қўшиб олди. Яна камига Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларида бош кўтариб чиққан айирмачиларни ҳар тарафлама ҳам ҳарбий, ҳам иқтисодий қўллаб-қувватлади. Шу воқеалардан кейин АҚШ бошчилигидаги халқаро ҳамжамият Россияга қарши қатор иқтисодий санкцияларни жорий этди. Буни натижасида икки йилдан бери Россия иқтисоди фалажланиб орқага кетмоқда. Россияга қарши жорий этилган санкцияларнинг жорий этилишида АҚШнинг энг кўп жонбозлик кўрсатганини инобатга олсак вазиятда фойдаланган АҚШ дунё бозорида углеводлар ва қурол-яроқ савдосидаги ўзининг асосий рақобатчиси бўлмиш Россияни яхшигина кучсизлантирганини кўрамиз. Бунда Россияда ҳам доллар курсини рублга нисбатан кескин ошиб кетганини ҳам инобатга олиш лозим.)

Бундан анча йиллар олдин Европа Иттифоқига аъзо давлатлар маслаҳатлашиб Европада доллар гегемонлигидан қутилиб ягона пул бирлигини жорий этиш ва бу йўл билан АҚШ иқтисодига боғлиқлик ва қарамликни камайтириш режасини илгари сурдилар ва Европанинг аксарият давлатларида амал қиладиган янги валюта Еврони жорий этдилар. Аммо бу янги валюта ҳам долларга қарши тура олмади. Ҳатто бугунга келиб Буюк Британия Европа Иттифоқидан чиқиш ҳақидаги ўз қарорини эълон қилгандан кейин ҳатто бу Иттифоқнинг келажаги ҳам хавф остида қолди. Бунга асосий сабаб эса ўзини оқламаган пул-кредит ислоҳотлари бўлди.

АҚШ дунё иқтисодиётида гегемонлик қилар экан яқиндан бошлаб охирги йигирма беш йилликда иқтисоди 0.7% дан кам ўсмаган Хитой унга асосий рақобатчи бўлиб майдонга чиқди. Бирин-кетин ГФР ва Япония каби давлатларни қувиб ўтган Хитой АҚШдан кейин дунёнинг иккинчи иқтисоди деган номни олди ва дунё бозорида хоҳ маҳсулот сотишда, хоҳ дунё мамлакатларига инвестиция киритишда АҚШга рақобат қила бошлади. Экспертлар томонидан аҳвол шу тарзда кетаверса яқин йилларда Хитой АҚШни ҳам қувиб ўтиб дунёнинг биринчи иқтисоди бўлади деган тахминлар ҳам илгари сурилди.

Мана шундай ҳолатда албатта АҚШ ҳам қўл қовуштириб турмайди. Ҳатто асосий рақобатчилари ҳам доллар ишлатар экан, демак бу давлат ўз рақобатчиларини иқтисодини фалажлаш учун нимадир чора кўради. Амалда шундай ҳам бўлди.

Эсингизда бўлса бир пайтлар Европа Иттифоқи давлатлари бутун Иттифоқ бўйлаб Евро пул бирлигини жорий қилганларида унинг қийматини 1 еврони 1 долларга тенг қилиб чиқарган эдилар. Дунё бозорида ЕвроИттифоқнинг компаниялари билан халқаро рақобат олиб борадиган АҚШ бунга жавобан тез орада ўз миллий валютаси бўлмиш долларнинг еврога нисбатан курсини туширишни бошлади. Тез орада бирга бир бўлиб турган евро ва доллар курси 1евро 1 доллару 45 га тенг курсгача кўтарилиб борди. Буни натижасида эса дунё бозорида ЕвроИттифоқ давлатларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг доллардаги нархи кескин ошиб кетди. Масалан бир жуфт оёқ кийими АҚШда 50 долларга тайёрланса, ЕвроИттифоқда 50 еврога тайёрланди ва курсдаги тафовут туфайли ўша туфлини баҳоси ўз-ўзидан долларда 70 доллардан ҳам юқори бўлаверди. Бундай ҳолатда дунё бозорида ЕвроИттифоқ мамлакатларида тайёрланган маҳсулотларни долларда сотилишини инобатга олсак, бу курс тафовутидан ЕвроИттифоқ компаниялари ютқазишди ва АҚШ ютиб кетди. Ўшанда АҚШ ўзида бошланган ипотека кредити билан боғлиқ иқтисодий кризисдан шу йўл билан муваффақиятли чиқиб кетганди. ЕвроИттифоқнинг иқтисодий кўрсаткичлари ўшандан бери пастлашда давом этиб келмоқда.

Энди Хитойни дунё иқтисодиётида гегемонликка интилишига келсак, АҚШ бу масалага бошқачароқ ёндошди. Хитой иқтисодиётини секинлаштириш учун биринчи навбатда дунё давлатларинг аксарият қисмида долларнинг нархи маълум бир фоизга, кимдадир 20%, яна кимдадир 50%, яна кимдадир баравардан ошиқроққа кўтарилди.(АҚШ буни қандай эплади билмадиму, аммо миллий валютаси дунё иқтисодиётининг таянчи бўлиб тургпн давлатга бу ишни қилиш қийин иш эмас) Буни натижасида аксар ривожланган ва ривожланаётган давлатларда аҳолининг харид қилиш қуввати кескин пасайди. Хўш бу АҚШга нега керак бўлди дейсизми? Ҳозир тушунтираман. Хитой саноат ва истеъмол маҳсулотларини дунё бозорига чиқарар экан, аввало унинг харидорлари бўлмиш давлатларда доллар курси кўтарилиб, буни натижасида аҳолининг харид қилиш қуввати пасайиб улар Хитойдан саноат ва истеъмол маҳсулотларини сотиб олишни камайтирадилар.

Аҳолиси миллиарддан ошганига анча йиллар бўлиб кетган Хитой арзон ишчи кучининг сони бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Шу туфайли ҳам охирги йигирма йилда Хитойда миллионлаб турли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналар очилди ва ишлаб чиқариш кўпайди. Буни натижасида Хитой дунё бозорида турли турдаги хомашёларни энг биринчи ва энг кўп олувчи харидор давлатга айланди. Ана ўша хомашёларни тайёр маҳсулотга айлантириб дунё бозорига ўз арзон маҳсулотлари билан чиққан Хитой тез орада бутун дунё бозорини эгаллади ва Made in China ёрлиғи туширилган маҳсулотлари билан дунёнинг ҳамма мамлакатига кириб борди. Нафақат кириб борди, балки рақобатда ЕвроИттифоқ давлатлари ва АҚШда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сиқиб чиқариб дунё мамлакатларини арзон саноат маҳсулотлари ва кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлайдиган асосий давлатга айланди. Бундай ҳолатда АҚШ ўзининг долларини дунё фонд бозорларида бироз камайтириши долларнинг дунё бўйлаб тақчиллашишига ва юқорида ёзганимдай дунёнинг ҳамма бурчакларида долларнинг маҳаллий валюталарга бўлган қурбини ошишига олиб келди. Буни натижасида эса дунёнинг қарийб ҳамма мамлакатларида доллар маълум фоизда қимматлаб у орқали Хитойдан келаётган маҳсулотларнинг маҳаллий валюталарда нархи ошишига сабаб бўлди. Буни натижасида эса аҳолини харид қилиш қуввати пасайди ва энди улар ўзлари яшаётган минтақадаги дўконлардан фақат ўзларига зарур бўлган маҳсулотларни (асосан озиқ-овқатни) сотиб оладиган бўлдилар. Шу туфайли дунёнинг турли мамлакатларида Хитойда ишлаб чиқрилган саноат маҳсулотларига, кийим-кечакларга ва истеъмол товарларига талаб кескин камайиб кетди. Буни натижасида Хитойнинг экспорт салоҳияти тушиб кетиб дунё мамлакатларига ўз маҳсулотларини экспорт қилиши камайди ва иқтисодий ўсиш суратлари 0.8%да 0.6%гача пастлаб келди. (Бир пайтлар Хитой иқтисодини яқин йилларда АҚШни қувиб ўтади деган иқтисодий эспертлар энди Хитой иқтисоди номаълум муддатгача пасайиб бораверишини тахмин қилмоқдалар.) Иқтисодий кўрсаткичларни пасайиши Хитойдаги корхоналарни фаолиятига ҳам сезиларли таъсир қилди ва уларнинг ишлаб чиқариш қуввати пасайгани етмагандай фонд бозорларда уларнинг акцияларнинг нархи тушиб компанияларнинг нархлари арзонлай бошлади. Энг ёмони дунё бозорида турли хомашёларнинг асосий харидори бўлмиш Хитой ўзидаги ишлаб чиқариш маълум фоизларда камайгани туфайли энди дунё бозоридан турли хомашёларни камроқ сотиб ола бошлади.  Буни натижасида дунё бозорида турли хомашёларнинг ҳам нархи кескин тушиб кетиб шусиз ҳам долларнинг кўтарилиши ўз иқтисодига салбий таъсир қилишидан қийналаётган турли давлатлар энди ўзлари экспорт қилаётган хомашёларнинг дунё бозорида нархи кескин тушишидан катта зарар кўриб баттар қийналмоқдалар.
АҚШ эса бўлаётган ишларни хотиржамлик билан томоша қилмоқда холос.
У дунё давлатларинг аксариятида маҳаллий валюталарга нисбатан доллар курсини ошишига қандай эришгани менга қоронғу.(Тахминим фонд биржаларда АҚШ томонидан сотиш учун доллар кам чиқарилди, чет давлатларга инвестиция киритилди) Аммо АҚШнинг дунё бозорида хоҳласа долларни нархини ошириши, хоҳласа тушириши бу ҳаммага маълум. Демак, бир пайтлар АҚШ ЕвроИттифоқнинг еврос пулбирлига қарши қандай чоралар кўрган бўлса, энди Хитойнинг дунё иқтисодиётида ўзидан ўтиб кетмаслиги учун шундай чоралар кўрмоқда.

Очиғи АҚШ бу ишларни қандай амалга ошираяпти билмайман. Бу ҳақда ҳатто далилим ҳам йўқ. Ҳатто аниқ қилиб бу ишларни тепасида АҚШ турибди ҳам дея олмайман. Аммо далиллар ва содир бўлаётган ишлар буларнинг ҳаммасида АҚШнинг қўли бор деб ишора қилмоқда. Чунки у дунёнинг биринчи рақамли иқтисодидир. Яна камига унинг миллий валютаси дунё иқтисодини ўйната оладиган дунё валютаси ҳисобланади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий