Месси ва Роналду. Бу икки футболчини танимаган футбол мухлиси бўлмаса керак. Солиштириш учун айтадиган бўлсак гавдаси катта ва ўзи бақувват ва кучлироқ бир одамни кўрсак "Тайсон бўп кет-э" деймиз. Ёки мошинани тез бошқарадиган бир шофёрни кўрсак "Шумахер бўп кет-э" деймиз. Нима улардан бошқа боксёру Формула 1 да қатнашадиган пилот йўқми. Бор, ҳатто жудаям кўп. Аммо у иккаласи ҳам ўзининг соҳасида шунчалик шуҳрат қозонганки қачон боксёр дейишса Тайсонни, пилот дейишса Шумахерни тушунамиз. Тўғри, ўз вақтида булардай машҳур бўлган бошқа боксёру пилотлар кўп ўтган. Аммо ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб эсини таний бошлаган авлод уларни билмайди. Билгани Тайсон-у Шумахар. Шу жумладан охирги ўн йилликда футбол оламида иккита шундай ёруғ юлдузлар ярқ этиб чиқди-ки футбол мухлислари бошқа юлдузларни унутдилар. Бошқа спорт турларидаги каби футболда ҳам юлдузлар кўп чиққан. Масалан, ҳаммага маълум ва машҳур Пеле ва Марадона каби юлдузлар. Аммо футбол мухлислари бошқа спорт турларининг мухлисларидай фақат ўзлари ўйинларини кўрган футболчиларни тан оладилар. Ўйинини кўрмаганларини эса зўрлигини барибир тан олмайдилар. Агар эсингизда бўлса бундан анча йиллар олдин ФИФА футбол тарихидаги энг зўр ўйинчи ким бўлганлигини аниқлаш учун сўров ўтказди. Ўшанда Марадона ғалаба қозониб Пелени ортда қолдирганди. Буни сабаби эса ўшанда овоз беришда иштирок этганларнинг аксарияти Марадонанинг ўйинларини томоша қилган мухлислар эди. Пеле эса 50-70 йилларда ўйнаган ва уни ўйинларини томоша қилган мухлислар ҳозир жудаям кам қолган. Марадонадан кейин ҳам футбол оламида юлдузлар кўп ўтди. Аммо ҳозирги кунда футбол мухлислари уларнинг биронтасини тан олмайдилар. Тан оладиган юлдузлари фақат Месси ва Роналду. Аммо, бу учун ҳозирги мухлисларни ҳам айблаб бўлмайди. Чунки бу икки футболчи ўн йилдан ошиқроқ вақт давомида барқарор ўйин кўрсатиб футбол оламидаги кўпгина рекордларни янгилаб ташлашди. Уларни иккаласи нафақат барқарор ўйин кўрсатишди, балки юксак маҳорат билан ўйнашди. Ва ҳанузгача ўйнашаяпти.
Мен Роналдуни биринчи марта Манчестер Юнайтед таркибида ўйнай бошлаганда кўрганман. Ўшанда сочини бироз ўстириб гел суртиб ялтиратиб олган ёшгина йигитча МЮ да Фергюсон қўл остида ўнг қанот ярим ҳимоясида ўйнарди. Англия футболи бошқа миллий биринчиликларга қараганда бироз қўполроқ ўйналишини ҳисобга олсак ва мана шу чемпионатда ёш Роналдунинг юқолиб кетмай, аксинча ўз истеъдодини сайқаллаб янада маҳоратини ошириб дунёнинг энг зўр ўйинчиси даражасигача чиқиб бориши бу таҳсинга сазовор ишдир. Бир неча йил "МЮ" жамоасида тўп сурган Роналду кейинчалик "Реал" жамоасига ўтиб олдингидан-да маҳорат билан ҳанузгача ўйнамоқда. Нафақат маҳорат билан ўйнамоқда, балки бу жамоа билан кўплаб совринларга эга чиқмоқда. Испания чемпионлиги, Испания кубоги, ЕЧЛ бош соврини, Европа Суперкубоги, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионлиги, булар ҳар қандай ўйинчилар орзу қиладиган совринлардир. Роналду "Реал"да тўп сурар экан, жамоанинг узоқ йиллардан бери ўзгармай келаётган рекордларини янгилаб ташлади ва яна бир нечта рекордларни янгилаш остонасида турибди.
Мессини илк ўйинини эса 2005 йилда кўрганман. Ўшанда у Барселона жамоасида энг ёш ўйинчилардан бири бўлса-да жамоа таркибида асло юқолиб қолмади. Гавдаси кичик бўлишига қарамай кучли дриблинг устаси бўлган бу йигитча бемалол уч-тўрт ўйинчи орасидан тўпни бемалол олиб ўтиб кетаверарди. Месси "Барселона" билан ҳамма совринни, у Испания чемпионати бўладими, ё Испания Кубоги бўладими, ё ЕЧЛ Кубоги бўладими, Европа Суперкубоги бўладими ё клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионати бўладими бир неча мартадан ютган. Умуман айтганда Месси Барселона таркибида ҳамма рекордларни янгилаб чиқди.
Ҳозирги кунда дунё футбол мухлислари иккига ажралишган. Бири Роналду мухлиси бўлса, яна бири Мессининг мухлисидир. Аслида уларнинг иккаласи ҳам бир-биридан қолишмайдиган ўйинчилардир. Уларнинг энг катта ютуғи бу иккаласининг ҳам узоқ йиллардан бери доим бир хилда маҳорат билан барқарор тўп суриб келишаётганидир. Охирги йигирма йилда футбол оламида кўплаб иқтидорли юлдузлар етишиб чиқдилар. Аммо, футбол олами уларни ҳеч бирини бу икки футболчи билан солиштириб ҳам ўтирмайди. Сабаби бу иккала футболчидан бошқа бирон бир футболчи узоқ йиллардан бери маҳорат билан барқарор тўп сура олмаган. Хоҳлаган футболчиларингизни таҳлил қилиб кўришингиз мумкин ва уларни аксарияти икки мавсум яхши ўйнаса, бир мавсум умуман ўйини чиқмаган. Бу икки футболчида эса бундай бўлмаган. Улар доим маҳорат билан тўп сураверишган. Ёки жароҳатларни олинг. Ҳеч қайси футболчи жароҳатлардан холи эмас ва хоҳласа, хоҳламаса албатта бир марта бўлса ҳам жароҳат олади. Аксарият ўйинчиларда жароҳатдан кейин то ўйинларга киришиб кетгунча ва улар ўз формаларига кириб олишлари учун бироз вақт керак бўлади. Буни интервьюларида ўша футболчиларни ўзлари ҳам тан оладилар. Аммо бу икки даҳо футболчиларда ундай ҳолат йўқ. Бу иккаласи ҳам жароҳат олади. Аммо жароҳатдан тузалиши биланоқ яна олдингидай маҳорат билан тўп суриб кетаверишади. "Роналду ёки Месси жароҳат олибди икки ой майдонга туша олмас эмиш" деб эшитиб қоламиз. Ўша икки ой ўтиб уларни иккаласи ҳам соғайиб майдонга қайтгандан яна олдингидай маҳорат билан ўйин кўрсатиб кетаверишади, голларни қалаштириб уриб ташлайверишади. Тўғри, буларда ҳам ўйини чиқмай қолиш ҳолати бўлади. Аммо у ҳолат бир-икки ўйиндан нарига ўтмайди. Учинчи ўйиндан яна ўша Роналду, яна ўша Месси.
Мен Пелени ўйинларини кўрмаганман. Марадонани ўйинларини эса кўрганману эслай олмайман. Аммо, ҳозир бу иккаласини ўйинидан баҳра олаяпман. Тахминимча бу иккаласи ҳам Пеле ва Марадонани ҳар жабҳада ортда қолдириб футбол тарихидаги энг яхши ўйинчиларга айланиб бўлдилар. Бу иккаласини ҳали яна бир неча йиллар тўп тепа олишларини инобатга олсак улар футбол оламидаги рекордларни батамом янгилаб ташлайдилар ва уларнинг забт этган рекордларни яқин ўн-йигирма йиллар ичида яна қандайдир футболчилар бошқатдан янгилай олишларига мени кўзим етмайди.
Тепада "эгизаклар" деб сарлавҳа қўйдим. Ҳаётда шундай бир-бирига яқин эгизаклар бўлади-ки бирини танаси оғриса иккинчиси ҳам сезади. Бу иккаласи ҳам футбол оламидаги эгизаклардир. Бири бугун бир жамоага голларни қаторлаштириб уриб ташласа, бундан илҳом олиб иккинчиси ҳам ўша куни ёки эртасига бошқа бир жамоага ўз голларини қалаштириб уриб ташлайди. Бугун биттаси бир рекордни янгиласа, эртасига иккинчиси ҳам яна бир рекордни янгилайди. Ҳа, улар футбол оламидаги иккита бир-бирига ашаддий рақиб жамоалар таркибида тўп сурувчи эгизаклардир. Ҳа, уларга бундан ортиқ тавсиф йўқ.
Очиғи даҳо сўзини аниқ маъносини билмайман. Тахминимча эса бу сўзни кўп маънода ишлатса бўлади. Мен эса бу сўзни "Ўз ишининг устаси" маъносида ишлатаман.
Шундай экан Роналду ва Месси ҳам майдонга тушишни бошлаганларидан бери фақат ўз ишларини маҳорат билан бажариб келаётган даҳо "ҳақиқий усталар"дир.
Комментариев нет:
Отправить комментарий