Кеча мамлакатимиздаги энг аудиторияси катта янгилик сайтларидан бири бўлмиш kun.uz ўз сайтида сурхондарёдан келган хатни эълон қилди. http://kun.uz/news/2016/12/18/surhondaredan-maktub-odamlar-ciroksiz-asasga-makummi
У хатда вилоятнинг Қумқўрғон туманидаги бир маҳалла аҳолиси ўзларига электр энергияси умуман берилмаётганидан шикоят қилишибди. Ўша шикоятни ўқидиму ушбу блогпостни ёзишга қарор қилдим.
Унда Ҳозир қоп-қоронғу зулмат хонада ўтириб ушбу блогпостни қоралаяпман. Свет йўқ. Қиш, ҳаво совуқ бўлишига қарамай катта подстанцияда ўтирган навбатчи электрик ҳуши товласа суткасига бир ёки икки соат свет беради. Агар ҳуши товламаса ўшаниям бермайди. Ёзда аҳвол бироз яхши бўлади. Аммо қиш мен яшаётган жойлар ҳақиқий зимистонга айланади. Совуқ ва муздай зимистон. (Айтгунча "зимистон"ни маъноси ҳам тожикчадан таржима қилинганда "қиш" маъносини беради).
Электр энергиясини бизда бундай узилишни бошлаганига ўн беш йилча бўлди. Ўшандан бери аҳвол кундан-кун бадтар бўлиб келмоқда. Бизга нега свет берилмаслиги ҳақида одамларимиз ҳокимиятга ҳам боришган, туман электр тармоқлари раҳбарларини олдига ҳам чиқишган. Уларнинг бизга берадиган жавоби битта; "Туман "Ўзбекэнерго"дан фойдаланилган электр энергияси учун нечадир миллиард сўм қарз бўлган(бу ерда қандайдир рақамларни келтирмаганимни сабаби ўша қарзни миқдори бир хил турмай ҳар йили ошиб бормоқда) ва бу қарз тўланмагунча ёки давлат кечмагунича сизларга свет бундан ортиқ берилмайди".
Электр тармоқлари идорасининг раҳбарлари ёки ходимлари берган бу жавоб тўғри, туманимизнинг фойдаланилган электр энергияси ҳисобидан миллиардлаб қарзи бор.
Эсимда энди мустақил бўлганимизда, свет умуман ўчмайдиган замонларда маҳалламиздаги кичик подстанцияларга қарайдиган электрик монтёр арзимаган пулни эвазига қарийб ҳамма хонадонлардаги электр ҳисоблагичларни пломбасини бузиб орқага қайтартириб берганди. Ва у бу иш билан то соҳада тартиб ўрнатилгунга қадар бир неча йил шуғулланди. Кейин эшитсам нафсингга ўт тушкур электриклар нафақат маҳалламизда, балки туманимизни, вилоятимизни, мамлакатимизни кўп жойларида шу иш билан шуғулланишган экан. Ўшанда одамлар томонидан электр ўғирланиб давлатни қанча маблағи ўзлаштириб кетилгани фақат Худо билади. Кейинчалик назоратчилар уйма-уй юриб ўша пломбаси бузилган ҳисоблагичларни эгаларини бир қисмини жаримага тортишди, бир қисми таниш-билишчилик дегандай жаримадан қутилиб қолишди ва арзимаган пулга пломбаларини янгилатиб олишди. Аммо унгача бўлар иш бўлиб бўлганди.
Бундан ташқари "ақлли" одамлар томонидан ўша электр ҳисоблагични пломбасини бузмасдан ҳам уни орқага қайтаришни йўлини топганлар чиқди. Ҳа, одамзод бировни ҳаққини ейишда жудаям устомон бўлар экан.
1995-97 йиллар эди. Бозорда савдо қиламан. Ўшанда олдимизга ўрис усталар арзимаган нарсалардан ясалган бир ускунани кўтариб келишарди "олинглар" деб. "Бу нима" деб сўраганимизда "Бу электр ҳисоблагични орқага қайтарадиган асбоб. Манави иккита симни розеткага тиқасан, мана бунисини отопления батарейкасига улайсан. Шунда электр ҳисоблагичинг ўз-ўзидан орқага айланади. Батареянга озгина ток ўтади, аммо хавфли эмас. Батарея бутун "дом"га тортилгани учун ўтган ток у орқали тарқаб кетади, лекин ҳеч кимга зарари йўқ. Қўшниларингдан биронтаси ўша пайтда батареяни ушлаб кўрса ундаги паст кучланишли токни билиб кимнидир ҳисоблагични орқага қайтараётганини билиб қолиши мумкин, аммо у сен эканлигингни сезмайди, қолаверса уни ўзи ҳам шу ишни қилади" деб тушинтиришарди. Эслайман, ўшанда ўша асбобларни домлар олдида юриб сотиб юришарди ва у асбобдан кўпчилик олиб ўз ҳисоблагичини орқага қайтартирган.
Энди яна маҳалламизга қайтсам. Ўшанда ҳисоблагични орқага қайтаришдан ташқари яна электр энергиясини бошқа йўллар билан ўзлаштиришни ҳам йўллари кўп эди. Булардан бири кўчадан ҳисоблагичга тушган симлардан тўғридан-тўғри ҳисоблагичда ҳисоблатмайдиган қилиб сим тортиб олиш. Эсласам кўчамиздаги ҳар бир хонадонда ана шундай тўғридан-тўғри уланган симлар бор эди. Бу йўл билан ҳам одамларимиз томонидан қанча электр энергияси ўғирланди буни фақат Худо билади.
Бундан ташқари ўша йилларда(ҳанузгача) одамлар иморат қурганда электр билан ишлайдиган ҳар қандай устани чақирсалар уни электр ускуналарига, станокларига шундоқ кўчаларидан ўтган уч фазали юқори кучланишли симлардан сим тортиб тушиб берардилар, уста станокини бемалол ишлатаверарди. Аслида бунақа ишлар учун туман электр тармоқлари идорасига бориб электрдан неча соат фойдаланишингизга қараб уларга тахминий электр ҳаққини тўлаб, квитанция олиб келиб кейин фойдаланиш керак эди. Аммо ўтган йигирма беш йил мобайнида маҳалламизда қарийб барча хонадонларда устачилик ишлари бўлган ва станоклар ишлатишган ёки янги хонадонлар қурилган, аммо улардан биронтасини электр тармоқлари идорасидан ишлатган электр энергияси учун пул тўлаб квитанция олиб келганини эслай олмайман. Шунча йиллар давомида бу йўл билан ҳам одамлар томонидан давлатни қанча ҳаққи ейилган буниям биргина Худо билади.
Ўшанда одамлар орасида бу ўғирликларни қилмаганлари ҳам бор эди. Аммо уларнинг айби ўшанда бирини қўшним,бирини маҳалладошим,бирини қариндошим хафа бўлади деб андиша қилиб томошабин бўлиб ўтирдилар.
Бу гапларни нега ёзаяпман ёки ҳозир қоронғу зимистонда ўтириб нега эслаяпман? Сабаби мен юқорида келтирган ишлар ҳанузгача айрим жойларда, айрим одамлар томонидан содир этилмоқда. Ҳа шундай.
Биз ҳозир шундай махлуққа (узр бошқа муносиб сўз топилмади) айландикки на одамларнинг ҳаққидан қўрқамиз ва на давлатнинг ҳаққидан. Энг ёмони ҳеч қачон айбни ўзимиздан қидирмаймиз.
Шу ерда айтишингиз мумкин "ойликхўрлар(нафақахўрлар, бюджет ташкилотида ишловчилар)дан электр ҳаққини ёқса ёқмаса уларнинг маъошидан, нафақасидан олиб қолаяптику" деб. Ёки сиз, ҳа айнан сиз "менда пластик картали ҳисоблагич ўрнатилган ва мен олдиндан пул тўлаб ёқаман" дейишингиз ёки "мени қарзим йўқ, нега бошқаларни қарзи учун мен жавоб бериб қоронғу зимистонда ўтиришим керак?" дейишингиз ҳам мумкин. Аммо қўшнингиз, қариндошингиз ёки маҳалладошингиз электр энергиясини ўғирлаб ҳисоблагичини орқага қайтарганда ҳам ёки уйига уста олиб келиб унинг станокига кўчадаги симдан тортиб тушиб берганида ҳам ёки ҳисоблагични четлаб ўтиб уйига кўчадаги симдан тўғридан-тўғри сим тортиб тушганида ҳам сиз унинг ёнида эдингиз. Ҳаммасини кўриб-билиб турган эдингиз. Нега ўшанда уни бу йўлдан қайтармай томошабин бўлдингиз? Сиз жудаям ақлли одамсизку, нега ўшанда унақа ишларни касофати "бирники мингга, мингники туманга" бўлиб ўзингизга ҳам қайтишини ўйламадингиз? Шундай экан энди маҳалла, қишлоқ, туман ўша ўғирланган электр энергияси учун давлатдан миллиардлаб сўм қарз бўлганда светингизни ўчирган электрикни ҳеч кимини қолдирмай сўкишга сизни ҳаққингиз борми? Шуларни ҳам бир ўйлаб кўринг. Ўша электр идораси ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг. Бировга бир нарсани насияга "ишлатиб пулини берарсан" деб бердингиз дейлик. У берган нарсангизни ишлатиб бўлиб ҳаққини бермай, турли баҳоналар билан сизни олдингизга яна ўша нарсадан сўраб келди. Сиз ҳам ўша нарсани бир берасиз, икки берасиз, охири жонингизга тегиб сўкиб уни олдингиздан қувиб юборасиз. Шундай экан ҳаққини бермаган, нафақат бермаган балки ўғирлаб ейилган электр энергиясини яна қандай уялмай сўрайсиз?
Агар электр ҳаққини ейиш бир пайтлар содир бўлиб ҳозир ўша инсонлар тавба қилиб бошқа ундай ишларни қилмай кетганларида ҳам мен сизга бунча аччиқ гапларни ёзмасдим. Аммо минг афсуслар бўлсинки электр энергиясини ўғирлаш, ҳаққини бермаслик ҳанузгача давом этиб келаяпти. Буни гувоҳи бўлаяпман. Ўша бир замонлардан бери кўпни ҳаққини еб келаётганлар ҳали тавба қилганлари йўқ ва ўша ўғирликларида давом этаяптилар. Яратганни Ўзи уларга инсофларини бермаса ҳали бери тавба қилмайдилар ва ўғирликдан тийилмайдилар.
Биламан бу гапларим қоронғу зулматда светсиз ҳолда светларини узган электрикни сўкиб ўтирган инсонларни кўпчилигига ёқмайди. Ичларида ўша электрикка қўшиб мени ҳам сўкишар. (Ноҳақ сўксалар ўзларини сўкибдилар) Аммо холис бўлайлик.
Сизга керак свет менга ҳам керак. Аммо айб ўзимда учун бошимни эгиб зимистонда ўтирибман.
Очиғи светсиз аҳволда асосан ёш болалар, аёллар, қариялар қийналишларини кўриб мен ҳам эзилиб кетаман. Аммо уларнинг қийналаётганларига энг аввало ўзимиз айбдорлигимизни, вақтида на кўпни ҳаққидан, на давлатни ҳаққидан қўрқмай кўп нарсани ўғирлаб ўзлаштириб юборганимизни эслам виждоним икки ҳисса қийналади. Аммо қарзим бўйнимда турибди, чорасизман.
(Умуман олганда бу муаммони қандайдир ечими топилиши керак, аммо қандай қилиб бунга ақлим етмайди. Нима бўлганда ҳам биринчи навбатда ўғирликдан, кўпни ҳаққини ейишдан тўхташимиз керак! )
Р.С. Бу муаммода биргина одамлар айбдору электр тармоқлари идоралари оппоқ эмас. Улар ҳам вақтида ўзларига тегишли ишларни ташлаб қўйиб аҳоли орасидаги назорат ишларни ташлаб қўйганлар. Аммо барибир бу ўғирликка сабаб бўла олмайди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий