пятница, 2 декабря 2016 г.

Боримиз шу....ми?

30 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган Локомотив ва Насаф жамоалари ўртасидаги кубок ўйинини стадионда томоша қилдим. Аслида бу ўйинни томоша қилишга бормоқчи эмас эдим. Аммо ўйиндан бир кун олдин тошкентлик яқин бир ошнам Локомотив фан клуби аъзолари билан Самарқандга келаётганини айтиб телефон қилиб қолди. Эртаси куни ошнам билан кўришиш ва шу баҳонада финал ўйинини кўриш учун стадионга тушдим. Ҳаво ва стадиондаги муҳит ажойиб ва роса футбол томоша қиладиган кун эди. Буни устига ўйин ҳам соат 13.00 га қўйилган бўлиб, кун ажойиб қиздирмоқда эди. Хуллас футбол томошаси учун ажойиб вазият дейсизми, ё муҳит дейсизми шундай эди. Аммо...., аммо мен мазза қилиб футбол томоша қила олмадим. Сабаби ҳар иккала жамоада ҳам ўйин сифати паст эди. Яъни ўша куни ҳар икки жамоа ҳам мазза қилиб томоша қиладиган ўйин кўрсатмади. Балки бунга Локомотив жамоасининг ўйинни бошиданоқ Насаф дарвозасига тўп киритиб олгани ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин. Чунки ҳисобда олдинда бораётган темирйўлчилар ҳар иккала бўлимда ҳам қарши ҳужумда ўйнаб, асосан ўйинни темпини туширишга уриндилар. Лекин нима бўлганда ҳам ҳозирги кунда Ўзбекистонни энг кучли икки жамоаси бўлиб турган жамоаларнинг ўйини унча шу куни қовушмади. Балки бу ўйин жуда қизиқарли ўтгандиру, менга шундай нурсиз ўтгандай туюлган бўлиши ҳам мумкин. Ёки сиз менга "Сен Европада кучли бешлик чемпионатларидан бирининг икки жамоаси ўртасидаги ўйинни томоша қилганинг йўқ. Балки бор йўғи Осиёнинг ўртамиёна чемпионатларидан бирининг икки жамоаси ўртасидаги ўйинни томоша қилдинг" дейишингиз ҳам мумкин. Аммо хоҳ савияси паст чемпионат бўлсин, хоҳ кучли бешлик чемпионатларидан бири бўлсин ўйинни завқ билан томоша қиладиган қилиб, томошабоп қилиб ўйнаса бўлади-ку!
Мен бу ерда томошабоп деб қаторлаштириб уриб ташланган голларга бой ўйинни назарда тутмаяпман. Балки хатоларсиз ва жон-жаҳди билан майдонда курашувчан бўлиб ўйнашни назарда тутаяпман. Кечаги ўйинни ё жамоалар жон-жаҳдлари билан ўйнашмади ёки бизни боримиз шу.

Шу ўринда ўтган 2015 йилнинг ёзида Тошкент шаҳрининг Гулобод маҳалласида , 41- мактабнинг шундоқ ёнидаги сунъий қопламали катта стадионда Тошкент шаҳар маҳаллалари ўртасида бўлиб ўтган норасмий шаҳар биринчилиги баҳсларини эслайман. Ўшанда гуруҳ босқичининг бир нечта ўйинларини бориб кўрдим ва ҳақиқий футбол ўйинини ўша ерда томоша қилдим. Ўшанда у ерда ўйнаган ўйинчилар профессионал футболчилар эмас эдилар. Улар футбол билан ҳар доим шуғулланишсада турли соҳада фаолият олиб бораётган ҳаваскор футболчилар эди. Аммо ажойиб қилиб тепилган жарима зарбалари ёки майдон ўртасидаги чизиқни олдидан қанот тарафлардан узоқдан тепиб гол уришлар, курашувчан ўйин, ҳамма-ҳаммаси ажойиб эди. Ўшанда жамоалар ўзларига тўп тегиши билан ҳужумга отланишар ва профессаналлардай тўпни орқада бир-бирига ошириб ўйнаб ўтириш ҳақида умуман ўйламасдилар. Қисқаси гарчи у ерда ҳаваскор футболчилар тўп тепишган бўлишсада мазза қилиб футбол томоша қилгандим. Кубок финалида эса Ўзбекистонни энг номдор футболчилари тўп суришган бўлса-да майдондаги уларни ўйинини кўриб умуман завқ туймадим.

Очиғи кубок ўйини финалини кўриб терма жамоамиз бош мураббийи Бабаянни тушунгандай бўлаяпман. Охирги пайтларда энг кўп танқид тоши шу мураббий томон отилмоқда. (Шу жумладан ўзим ҳам уни кўп танқид қиламан.) Унга қўйилаётган асосий айб терма жамоага муносиб ўйинчиларни чақирмай, асосан ўзини "севимли" ўйинчиларни чақираяпти деб бўлаяпти. Аммо кубок финалини кўриб терма жамоамиз кўрсатаётган ўйин миллий чемпионатимиз савиясига жудаям мос эканлигини англадим. Ҳозирги кунда чет элларда ўйнаётган футболчиларимизни савияси бироз тушган пайтда (масалан Ахмедов, Рашидовлар олдингидай ўйнай олишмаяпти. Сергеевни эса Хитой клублари қайтиб чақирмаса керак) , уларнинг ёнига мана шу миллий чемпионатимизда фаолият кўрсатаётган ўйинчиларимиз билан ҳозирги натижага (5 ўйиндан 9 очко) эришибдими, демак у унчалик ёмон ишламаяпти. Чунки кубок финалида майдонга тушган ўйинчилардан терма жамоа тузиб, кейин уларга Гвардиолани мураббий қилиб олиб келиб қўйсангиз ҳам у бирон натижага эришиши гумон.  Нафақат кубок финалида иштирок этган бу икки жамоада, балки қолган барча жамоаларда ҳам ўйин даражаси ва сифати, аҳволи шу. Демак бизни бўлганимиз шу, боримиз шу. Кечаги ўйинни кўриб очиғи ҳайрон қолдим ва бу икки жамоани ўйинини кўриб ҳафсалам пир бўлди. Чемпионатимиз эндигина тугади ва футболчилар ҳали формада бўлишса, футболчилар нега бундай тўп сурдилар менга қоронғу. Агар буни чарчоқдан десак бир йилда бор йўғи 35 тача ўйин ўтказишса қандай чарчашади. Агар булар 35 та ўйинда қатнашиб чарчашса ҳар ҳафтада биттадан, йилига эса 60 талаб  ўйин ўтказган Европа томонларнинг ўйинчиларини жони темирдан эканда унда.
Мен бу гапларим билан Бабаянни ёнини олмоқчи эмасман. Бор йўғи кўрганимни ёзаяпман холос. Демак ҳамма гап миллий чемпионатимизда экан. Демак биз бу ўйинимиз билан ЖЧ саралашида муваффақият қозонишимиз жуда қийин бўлади.
Бир пайтлар миллий чемпионатимизда олдинига Нефтчи жамоаси гегемонлик қилганда унга Навбаҳор жамоаси, кейинчалик Пахтакор жамоаси гегемонлик қилганда унга Бунёдкор жамоаси астойдил рақиб бўларди ва булар ўртасидаги ўзаро ўйинлар ҳайот-мамот жангига айланарди. Ўйлаб кўрсам охирги йилларда миллий чемпионатимизда бундай ҳайот-мамот даражасига чиқадиган жиддий ўйинлар умуман қолмабди. Жамоаларнинг ўзаро ўйинлари ҳаммаси сохтадай кўринади. Охирги йилларда миллий чемпионатимиз ўйинларига мухлисларнинг ташрифи йилдан йилга камайиб бораётганини асосий сабабларидан бири ҳам шу эмасми?
Майдонга мазза қилиб футбол ўйини кўраман деб тушган мухлис ланж бир ўйинни, чапанироқ бир мухлис акамиз айтганидек "боғчада болаларни ўйинчоқ талашишларига" ўхшаш нарсани кўргандан кейин қайтиб стадионга тушгиси келадими? Албатта йўқ!
Мухлисларга ўзлари мухлислик қилаётган жамоанинг аҳволи қандайлигини, уни турнир жадвалида нечанчи ўринда эканлигини фарқи йўқ. Энг муҳими рақиби ким бўлишидан қаттий назар томошабоп ва курашувчан ўйин кўрсатса бўлди. Аммо бахтга қарши ҳозирча бизнинг жамоаларда бундай сифатни бўлишига бироз бор шекилли.
Миллий чемпионатимиздаги шиддат миллий терма жамоамизни ўйинига ҳам таъсир қилишини ҳисобга оладиган бўлсак ҳар миллий чемпионатимизга шиддатли ва курашувчан ўйинлар қайтиши керак. Шунда миллий терма жамоамизнинг ўйинлари ҳам шиддатли бўлади. Бундай деяётганимни сабаби охирги йилларда миллий чемпионатимиздан шиддатли ўйинлар қандай йўқолган бўлса, миллий терма жамоамиз ижросидаги ўйинларда ҳам, хоҳ у расмий ва жиддий ўйинлар бўлсин, хоҳ ўртоқлик учрашувлари бўлсин шиддат ана шундай юқолди. Бунга исбот керак бўлса терма жамоамизнинг Осиё Кубоги 2007 даги ўйинлари ёки Катарда ўтган Осиё Кубоги 2011 йилдаги очилиш маросимида мезбонларга қарши ўтказган ўйини билан Жаҳон Чемпионати 2018 саралаш ўйинларининг иккинчи босқичидаги бешта ўйинни эслаш кифоя. Осиё Кубоги 2007 да ҳам, Осиё Кубоги 2011да ҳам терма жамоамиз ажойиб, томошабоп ва шиддатли ўйинлар ўтказганди. Жаҳон Чемпионати 2018 саралаш ўйинларини иккинчи босқичида эса бешала ўйинни ҳам бир-биридан нурсиз ўтказди ва шуларни иккитасида мағлуб бўлиб, қолган учтасида (Хитой билан бўлган баҳсни айтмаганда иккитасида) жудаям нурсиз ўйнаб рақибларини зўрға мағлубиятга учратди.
Ҳа бизни миллий чемпионатдаги "боримиз" терма жамоамизни ўйинларида ҳам яққол билинмоқда.

Сўнгги сўз ўрнида; Наҳотки шунча имконият,шунча иқтидорлар билан биз "боримиз шу" деб юраверсак. Ҳақиқатдан боримиз шуми?

Комментариев нет:

Отправить комментарий