среда, 23 ноября 2016 г.

"Футбол Ватани" ёки болалар футболи ҳақида мулоҳазалар

Бундан анча йиллар олдин футбол деганда кўпчилик Бразилияни тушунарди. Ҳа шундай, футбол Англияда ўйлаб топилган бўлса-да ишқибозлар футбол деганда Бразилияни тушунишарди. Чунки ўша даврларда Бразилия терма жамоасини довруғи дунёга тарқалиб бўлганди.

Агар жаҳоннинг футбол харитасига кўз ташлар экансиз ҳозир ҳам бразилиялик футболчиларни довруғи ва сони бошқалардан бир калла устун турганини биласиз. Нафақат Бразилия, балки Лотин Америкасидан етишиб чиқаётган футболчилар ҳозир дунёда биринчи рақамли бўлиб туришибди. Жаҳон футбол бозорида улар энг харидоргир ўйинчилар ҳисобланишади. Улардан кейин эса Африка қитъасидан етишиб чиққан футболчиларга жаҳон бозорида талаб кучли. Улардан кейинги ўринда эса Европада энг иқтидорли футболчиларни етиштираётган ва бошқа чемпионатларга экспорт қилаётган жой бу собиқ Югославия Федарациясидан мустақил бўлиб чиққан Хорватия, Босния ва Герцоговина, Словения, Словакия, Черногория ва Сербия каби Болқон яриморолидаги мамлакатларидир. Ҳозирги кунда ушбу давлатлардан етишиб чиққан футболчилар ҳам худди бразилияликларга ўхшаб дунёни ҳамма жойида тўп сураяптилар. Тўп сурганда ҳам муваффақият билан тўп сурмоқдалар.

Ҳозир шу тобда нега Бразилия ва Лотин Америкасини ёки Африкани ёки Болқоннни эслаб қолдим. Сабаби нега улардан кўплаб иқтидорли футболчилар олдин ҳам, ҳозир ҳам кўплаб чиқаяпти-ю биздан айрим футболчиларни айтмаганда дунё миқёсидаги уёқда турсин ҳатто Россия чемпионатида бемалол тўп суриб ҳеч бўлмаганда МДҲ доирасида таниқли даражасига чиқадиган ўйинчилар чиқмаяпти?
Эсланг, бир пайтлар Россия олий лигасида ўн бешталаб футболчиларимиз тўп суришган. Тўп сурганда ҳам ўз жамоаларини етакчи ўйинчилари даражасида тўп суришган. Энди-чи, энди Денисов ва Ахмедовдан бошқа ким бор?

Футболимизни эртанги кунини ўйлар эканман нега кичкинагина Болқондан  ("Кичкина" деганимни сабаби юқоридаги номларини келтирганим олтита давлатни територияси ҳам, аҳоли сони ҳам ҳаммасини қўшганда бизни давлатимизни аҳолисини сонига ва териториясига етмайди) шунча иқтидорлар чиқаяпти-ю биздан чиқмайди шуни ўйлайман ва буни асосий сабабларидан бири бизда болалар футболига эътибор умуман йўқлигини ёки шунчаки эътибор пастлиги туфайли деб биламан. Шу ерда сиз муҳтарам ўқувчи менга "футбол мактаблари, жамоалар қошидаги футбол академиялари биздаям бор ва болаларга футбол билан шуғулланишлари учун ҳамма шароитлар яратилган" деб эътироз билдиришга уринманг. Сиз ва мен билган ўша футбол мактаблари ва жамоалар қошидаги футбол академиялар юртимиздаги ҳамма футболсевар болаларни қамраб ололмаслигини ва ҳамма болаларда ҳам ундай жойларда ўқишни имконияти йўқлигини сиз ва мен яхши биламиз.

Бразилиялик ёки нигериялик футболчиларни аксариятидан футболга қандай кириб келганлари ҳақида сўралганда улар ўзлари яшаётган маҳалласида кўчада оёқяланг футбол ўйнаб улғайганларини айтадилар. Мен эса ўша интервъюларни ўқир эканман маҳалламизда ўшандай африкалик ёки бразилиялик болаларга ўхшаб биздаям оёқялангми ёки оёқ кийими биланми футбол ўйнаса бўладиган жой бор йўқлигини қидираман. Аммо бизнинг музофотларда одам жудаям тиқилинч яшайди ва бундай жойлар бизда умуман йўқ. Нафақат бизнинг музофотларда балки мамлакатимизнинг турли жойларида бўлганман ва аҳоли сал тиқилинч яшайдиган жойларнинг ҳаммасида ҳам аҳвол бир хил. Яъни болаларга эрталабдан кечгача бемалол тўп тепадиган майдон ва майдончалар умуман йўқ. Айниқса туман марказларида, вилоят марказларида, ҳатто пойтахтимиз Тошкентда ҳам аҳоли тиқилинч яшагани учун бу муаммо анча долзарбдир. Нафақат шаҳар жойлари, балки аҳоли тиқилинч яшайдиган қишлоқларда ҳам шу муаммо бор. 
Айтишингиз мумкин мактабларда спорт майдончалари бор ва у ерда болалар бемалол тўп тепса бўлади ёки юртимизда қишлоқ жойларида ҳаи мини стадионлар қурилаяпти деб. Ҳа балли, ана шу ерда сизни юрт кезмаганингиз ва юқоридаги фикрга иссиқина кабинетда ўтириб аччиққина қилиб дамланган чойни ичиб келаётганингиз аниқ бўлаяпти. Чунки, тўғри қишлоқ жойларида ҳам замонавий мини стадионлар қурилаётгани бор гап. Аммо у стадионларда ўйнаш пуллик-ку! Мен шу пайтгача ўшандай мини стадионларни биронтасини болаларга бепул футбол ўйнашлари учун бериб қўйилганини эшитмаганман ва кўрмаган. Ундай стадионларни пули бор тадбиркор бой акалар қуришмоқда ва асосан пул ишлаб фойда олиш учун қуришмоқда. Шу учун шу пайтгача биронта стадионни биронта бой ака қуриб болаларга бепул қилиб бериб қўйганини ҳам эшитмадим. Демак замонавий мини стадионларда пули бор болалар ўйнайди ёки болалар қўлига пул тушганда бориб ўйнайди ва ундай стадионларда бемалол эртлабдан кечгача футбол билан шуғулланишни умуман иложи йўқ. Энди мактабдаги спорт майдончаларига келсак юртимизни кўп жойларида бўлиб ўз кўзим билан кўрдимки аҳоли тиқилинч яшайдиган қишлоқ ва шаҳар ҳудудларидаги мактабларни аксариятида спорт майдончасини ўзи йўқ. Иккита устунга битта волейбол тўрини тортиб қўйишибди, агар шуни спорт майдончаси деб аташ мумкин бўлса. Спорт майдончаси бор мактабларда эса ундай майдончалар жисмоний тарбия дарсларидан бўшамайди. Юртимиздаги аксарият мактабларда икки сменада дарс ўтилишини инобатга олсак демак мактаблардаги спорт майдончаларида жойлашган стадионларда ҳам маҳалла болалари бемалол тўп сура олишмайди. Шундай экан бизда ёш авлодни аксариятини бемалол футбол билан шуғулланишлари учун жой йўқ. Демак биздан ҳам ҳақиқий иқтидорли футболчилар етишиб чиқиши учун олдин ҳар бир маҳаллада болалар учун бемалол тўп сура оладиган ва пул сўрамайдиган ёки мактабни қоровули қувиб солмайдиган майдон ва майдончалар керак. Ана шунда футбол бизда ҳам янги босқичга чиқиб ривожланади ва ҳақиқий иқтидорлар кўплаб чиқади. Акс ҳолда биз миллий терма жамоамизни нега ЖЧга чиқа олмаётгани ёки кучли бешликда нега ўзбекистонлик футболчи йўқлиги ёки нега Россияда ўзбекистонлик ўйинчилар кам эканлиги ҳақида баҳслашиб юраверамиз. Аслида эса биз тўғри йўлдан бориш учун болаларга ёзда чанг, қишда лой бўлса-да бемалол футбол билан шуғуллана оладиган майдонни шароитини қилиб беришимиз керак. Кейин болалар хоҳласалар у ерда оёқяланг, хоҳласалар оёқ кийимда тўп тепаверадилар.

(Менга бу муаммони ҳозирча бир ечими бордай кўринаяпти. Бу ҳам бўлса замонавий мини стадионларнинг эгалари бўлмиш бой акалар ёши 20 ёшгача бўлган болаларга стадионни тўлов пулини ярим пулига ёки ундан ҳам арзон қилиб қўйсалар ана шунда ҳар қандай ёш болалар ҳам бир марта ейиладиган музқаймоқни пулига камида бир соат футбол билан бемалол шуғулланишлари мумкин бўларди. Аммо, очиғи бой акаларни ўша ўзлари эгалик қилаётган мини стадионларни нархини ёш болалар учун ярим нархига ёки ундан ҳам камига арзонлаштириб қўйишларига мени кўзим етмаяпти. Ҳарҳолда нафс деган нарса бор.)

Ҳаммамизга маълумки АҚШ баскетболчилари дунёда энг зўрлари ҳисобланишади. Ёки МБА  (Миллий Баскетбол Асоциацияси) турнири дунёда биринчи ўринда туради. Бундан ташқари АҚШдаги ҳар бир университет, коллеж ва мактабларнинг аксариятини ўз баскетбол жамоаси бор ва улар доимо турнирларга бўлиниб ўзаро мусобақалар ўтказишади. Бундан ташқари АҚШда кўча-кўйларда ҳисобсиз баскетбол майдончалари қурилган ва у майдончаларда миллионлаб АҚШлик ёшлар бўш вақтларида баскетбол ўйини билан шуғулланадилар. Шу туфайли ҳам жаҳонда Бразилия футболда қанчалик машҳур бўлса, АҚШ баскетбол спорт тури бўйича ана шундай машҳурдир.
Демак ёшларга янада кўпроқ имкониятлар яратилса ва футбол билан бемалол шуғулланишлари имкониятлар ва шароитлар қилиб берилса яқин йилларда бизнинг футболимиз ҳам янги даражага кўтарилади. Мен бунга ишонаман.

Р.С. Юқоридаги муаммо нафақат қишлоқ маҳалларида, балки аҳоли тиқилинч яшайдиган шаҳар жойлари учун ҳам бирдай тааллуқли. Шундай экан бу муаммо бутун мамлакатимизга тегишли. Тўғри биз юқоридаги муаммолар ҳал қилинганда ҳам бразилиялик ёки хорватиялик ўйинчилар даражасига чиқмасмиз ва замонавий "Футбол Ватани"  бўлмасмиз, аммо ҳеч бўлмаганда доим футбол билан банд бўладиган миллат келажаклари соғлом ўсишади-ку!
Бунга нима дейсиз?

Комментариев нет:

Отправить комментарий