суббота, 26 января 2019 г.

Сериаллар

Яқинда Бот орқали:
_Assalomu alaykum. Sizdan iltimos ma'naviyatimizga salbiy ta'sir ko'rsatayotgan jirkanch turk seriallari haqida ham yozinglar. Oldindan rahmat_
деб мурожаат қилишибди.

Очиғи бир пайтлар мен ҳам хорижнинг фаҳшни тарғиб қиладиган сериалларининг тв. каналларда тинимсиз қўйилишига қарши эдим. Аммо кейинчалик фикрим бироз ўзгарди. Сабаби....

Сабаби одамлар сериалларга шунчалик ўрганиб қолишдики энди телевизорни сериалларсиз тасаввур қилиб бўлмай қолди. Хўш, унда нима қилиш керак?
Сериалларни қўяверишсин, аммо мавзу фақат бир хил - фаҳшни тарғиб қиладиган эмас, балки турли-туман, тарихий, ижтимоий, диний ва ҳоказо мавзуларда бўлсин ва одамлар ўзларига керагини кўраверсинлар.

Кимнидир эсида бўлса бундан анча йиллар олдин Миср телеижодкорларлари томонидан мактаб ҳаёти ҳақида, ўқитувчиларнинг муаммолари ҳақида суратга олинган бир сериални намойиш этишган эди. Ўша сериални жудаям қизиқиб томоша қилганим эсимда. Ёки корейслар суратга олган автосалонда машина сотувчи агент йигитнинг қийинчилик билан кечган ҳаёти ҳақидаги сериал ҳам бир пайтлар менда чуқур таъсурот қолдирган. Айтгунча ўша сериалда машина сотувчи агент йигит Daewoo машиналарини сотадиган автосалонда ишлайди ва "бизнинг"  Дамас машинамизни сотиш учун турли ташкилот ва фирмаларга таклиф билан кириб-чиқиб юради.

Бизникилар нега фильмларда ҳам, сериалларда ҳам воқеалар тизгинини эплаб улай олмаганлари етмагандай доим бир хил, маиший мавзуларда савияси бир-биридан паст бўлган фильм ва сериаллар оладилар тушунмайман. Улар ҳам оддий одамлар ҳаёти ҳақида, уларнинг тақдирлари ҳақида фильм ва сериалларни эплаб олсалар ҳамма қизиқиб кўради. Аммо, лекин, бироқ ҳозирча улар уйқудалар ёки маиший мавзу яхши даромад келтиради деб ўйлаяптилар. Аммо, эплай олмаяптилар.

Бизда-ку ўшандай ажойиб сериалларни суратга ололмас эканлар, майли чет элдан сериал олиб қўйишсин. Аммо фақат қўштирноқ ичидаги "севги"ни тарғиб қиладиган, ҳатто баъзида ошкора фаҳшга тарғиб қилиб юборадиган сериалларни эмас, одамларни ўйлашга, фикрлашга ундайдиган, турли соҳаларга мансуб сериалларни ҳам қўйишсин. Дунёднинг турли мамлакатларида суратга олинаётган сериаллар фақат севги ва фаҳш мавзусида олинмаяпти. Балки ҳозир ҳар қандай мавзуда турли сериаллар олиб бўлинган ва бор. Шундай экан энди фақат маиший ва севги мавзусидаги сериаллар билан бирга одамларга жиддийроқ сериалларни ҳам муқобил ўлароқ кўрсатиш керак.

Агар "одамлар кўпроқ ўшандай севги ва маиший мавзудаги сериалларни ёқтириб томоша қилишади" деб ўйласангиз адашасиз.
Мана, ўтган йил ёзда, Рамазон ойида Пайғамбаримиз с.а.в. ва Ҳазрати Умар ҳақларида олинган сериални ҳамма қизиқиб кўрди.
Қолаверса турли тарихий ва маълум соҳа одамлари ҳақида ижтимоий мавзуда олинган сериаллар қўйилса, ишонаман одамлар уларни ҳам қизиқиб кўришади.

Бу гапларим билан нима демоқчиман. "Раз" тв. каналларда севги ва маиший мавзуларда турли сериаллар қўйилаяптими, демак тарихий, диний ёки ижтимоий мавзуларда суратга олинган сериаллар ҳам улардан кўпроқ қўйилиши керак, токи одамларда танлаш ихтиёри бўлсин ва доим ўзига ёқмаган мавзулардаги сериалларни мажбуран томоша қилгунча ўзига ёққан мавзулардаги сериалларни ҳам томоша қилиш имконияти бўлсин. Ана шунда тўғри бўлади. Қисқаси, ҳар қандай ишда, хоҳ у тв.да қўйиладиган сериаллар бўлсин, хоҳ китоблар бўлсин, хоҳ автомашиналар бўлсин одамлар ниманидир мажбурлаб тиқиштирмасдан, уларга танлаш имконияти берилиши керак. Ана шунда одамлар хоҳлаган сериалини томоша қилади ва энг тўғри йўл шу бўлади.
Мени сериаллар масаласида фикрим шу.

Комментариев нет:

Отправить комментарий