четверг, 24 января 2019 г.

Тезлик

*Тезлик чекланса одам ўлмайдими ёки тартибсиз ҳайдовчилар*

"Замбаракнинг ўқи" каналида Фарҳод Файзуллаев "Ўзбекистонда Йўл Транспорт Ҳодисаси (ЙҲТ) да одамларнинг кўп ҳалок бўлаётгани ҳақида [фикр юритиб](https://t.me/zambarakning_oqi/350) "Ўзбекистонда, аҳоли пунктларида максимал тезликни соатига 70 км.дан соатига 50 км. тезликкача тушириш" таклифини билдирибди. У шу таклифини Калгари провинцияси билан биздаги ҳолатни таққослаб олдинроқ ҳам билдирган эди.

Уни таклифи ҳам ўринлидир. Аммо мени тахминимча аҳоли пунктларида максимал тезликни соатига 50 км. тезликкача тушириш бизда ЙТҲ туфайли ҳалок бўлаётганларнинг миқдорини камайтирмайди. Сабаби: Биз, ўзбекистонлик ҳайдовчилар ўта тартибсиз ҳайдовчилармиз. Шу туфайли ҳам машина уриб ўлдираётган аксарият ҳалок бўлганлар *кимлардир томонидан қоида бузиб машина бошқарилиши туфайли ҳалок бўлганларни* ташкил этади.
Масалан, аҳоли пунктларида одам босиб ўлдирганлар соатига 70 км. тезликда эмас, соатига 80-100 км. тезликда юриб ёки светофорнинг қизил чироғида ўтиб кетиб ёки пиёдага йўл бермай одам босиб ўлдиришган.

Умуман олганда, бизда максимал тезликни пасайтиришдан олдин кўчаларимизни турли йўл белгилари билан, камералар билан жиҳозлаш, шунингдек пиёда ва ҳайдовчилар учун қулай ускуналар билан яхши жиҳозланиши керак.
Масалан, арзимаган ишлардан бири пиёдалар йўлакчасида ўрнатилган светофорларга фақат босганда қизил ёнадиган ускуна ўрнатиб чиқиш керак. Ана шунда пиёдалар учун ўрнатилган светофорлар доим яшил туради ва фақат пиёда келиб тугмасини босгандагина қизил ёнади. Бу катта маблағ талаб қилмайдиган иш. Аммо минг афсуски ҳозирча ўша ускунани ўрнатишга ҳеч ким ҳафсала қилмаяпти.

Ёки светофорларга оддий секундомер ўрнатиш ишлари ҳам ўлда-жўлда бўлиб ётибди. Қайерлардадир 1-2та ўрнатилган, бошқа жойларда эса йўқ. Светофорни олдига яқинлашганда секундомер бўлса, ундаги рақамларга қараб узоқдан мўлжални тўғри олиб борса бўлади. Секундомер йўқ светофорларда эса ҳамма "яшилда ўтиб олишга улгуриб қолай" деб шошилади. Шу учун агар бутун мамлакат бўйлаб светофорларга секундомер ўрнатилса ЙТҲ ҳодисаларини камайишига ва йўл ҳаракати қоидаларини камроқ бузилишига сабаб бўлар эди.

Ҳайдовчилардан тушаётган шунча жарима пуллари нимага сарфланаяпти билмайман. Аммо, ўша пулларга бемалол босқичма-босқич кўчалардаги йўл белгиларини янгилаш, камера, секундомер, пиёдалар учун ўрнатилган светофорларни бошқариш ускуналарини сотиб олиб ўрнатса бўлади.
Шунчаки, ўз номи билан *Йўл Ҳаракати Хавфсизлиги Хизмати* деб аталгани билан, ҳозирча бу бошқарманинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга ҳафсаласи ҳам бўлмаяпти, кучи ҳам етмаяпти.

Соҳадаги яна муҳим бир масала шу-ки аҳоли сони охирги 25-30 йилда қарийб баравар ошди. Аммо ходимлар сони унча ошгани йўқ. Ўтган йил кузда бозорлар атрофидаги тиқилинчларни назорат қилиб туришларини сўраб туманимиз ИИБ, ЙПХ бошлиғи ҳузурига кирдим. Уни айтишича ҳеч нарсага улгуришмаяпти. Сабаби, аҳолиси ярим миллиондан ошган, рўйхатга олинган техникалари 50 минг атрофида бўлган туманда бор йўғи 6 та(!) ЙПХ ходими ишлар экан. Уларни бири бошлиқ, яна бир ходим эса гувоҳнома тарқатади. Кўчада эса 4 та ходими юради. Унинг айтишича туман йўлларини назорат қилиш учун камида 30 та ходим керак. Аммо раҳбарият "келажакда ҳаммаёқ камералаштирилиб, йўллар ўшалар орқали назорат қилинади" деб штатлар сонини оширмаётган экан. Аммо келажакда ҳамма йўллар қачон камералаштирилади,  унгача ходимлар сонини кўпайтириб туришса бўлар эдими?

Комментариев нет:

Отправить комментарий