Ўзбекистондаги сиёсий партиялар сони бештага етибди ва Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Экологик партияси давлат рўйхатидан ўтказилибди. Бу ҳақда @huquqiyaxborot канали хабар бермоқда.
Янги партиянинг асосий мақсади — барқарор ривожланишга, экологик хавфсизликка эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун табиий ресурсларни сақлаш ва қулай атроф муҳитни яратишга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни сақлаш давлат, жамият ва мамлакат ҳар бир фуқаросининг вазифаси бўлишига эришишга кўмаклашиш экан.
Шу муносабат билан, Адлия вазирлигида Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари билан учрашув ўтказилди. Учрашувда партия Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раисига партия давлат рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома тақдим қилинибди.
Дунёда экология йўналишидаги қарийб 100 та сиёсий партия фаолият юритади. Одатда «яшиллар» номи билан юритилувчи бу партиялар, парламент орқали экология соҳасидаги давлат сиёсати ғояларини илгари суради.
Қайд этиш жоиз, бунгача Ўзбекистонда Либерал-демократик партия (ЎзЛиДеП), «Миллий тикланиш» демократик партияси, Халқ демократик партияси, «Адолат» социалистик партияси фаолият олиб бораётган эди. Экологик партия ўрнида эса Экологик ҳаракат бор эди, улар парламент сайловларида қатнашмас, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ўрни ҳам кафолатланган эди.
Ҳаммаси "чўткий" ва тушунарли. Аммо янги тузилган партия парламент мажлисларида ёки бошқача тартибда ҳукуматга "Газни Хитойга камроқ сотиб, ўзимизни аҳолига ҳам берайлик. Анча йиллардан бери кўпгина қишлоқ ҳудудларида газ кесиб ташлангани боис одамлар дарахтларни кесиб ўтин қилиб ёқишга мажбур бўляпти. Бу эса экологияга зарар" дея олармикин?
Шу партия ҳали партия бўлмасидан олдин, "Элогик ҳаракат" бўлиб парламентда нечтадир ўринни сайловларда қатнашмасдан эгаллаб юрганида юқоридаги муаммони кўтариб чиқа олмаган. Кўтариб чиққан бўлса ҳам мен эшитмаганман.
Энди кўтариб чиқа олармикан?
Турли ҳудудларда газ узиб ташлангани, берилаётган арзон кўмирнинг катта қисми кукундан иборат бўлгани учун одамлар қиш мавсумида уй иситиш учун ўтин олиб ёқишни афзал кўрмоқдалар.
Ўтинга пули йўқлар эса ҳовлисидаги мевали дарахтни кесиб ёқишга ҳам мажбур бўлаяпти. Масалан, ўзим ҳам ўта сифатсизлиги учун кўмир олмадим. Бозордан ўтин сотиб олишга пул топа олмадим ва кузда ҳовлимдаги бодомни кесиб ўтин қилишга мажбур бўлдим. Маҳалламда эса газ трубаларида шамол ўйнаяпти. Гази узоқ йиллар олдин кесилиб, ҳозир мен каби чорасиз қолиб ҳовлисидаги дарахтни кесиб ёқаётганлар мамлакатимизни ҳамма жойида бор.
Масалан, Ургут тумани. Бу ерда ҳафтанинг маълум кунларида бўладиган ўтин бозорлари бор. Айнан ўша кунларда бу бозорларга мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ўтин олиб келишади.
Бу йил бир юк машина ўтиннинг нархи 1 миллион сўмдан, 3 миллион сўмгача бўлаяпти. Камазларда олиб келингани 5 миллион сўмгача.
Хўш, янги партия халқни газ билан таъминлашни чорасини кўрармикин ёки одамларга дарахт кесишни тақиқлаш чорасиними? Кузатамиз.
Комментариев нет:
Отправить комментарий