Кўпчилик кузатаяпти, БАА да футбол бўйича Осиё Чемпионати давом этаяпти. Ҳозиргина Ўзбекистон Терма жамоаси Австралия терма жамоасига нимчорак финалда, пенальтилар серияси бўйича ютқазиб, мусобақадан чиқиб кетди.
Осиё Чемпионати бошланганига анча кун бўлиб, ундан иштирок этаётган терма жамоамиз бугунги уйингача учта ўйин ўтказганига ва гуруҳдан бирмунча муваффақият билан чоракфиналга чиққан бўлса ҳам, гарчи футболга беэътибор бўлмасам ҳам, мен каналда бу чемпионат ҳақида, термамиз ўйинлари ҳақида бир оғиз гап ёзмадим.
Ёзишга навбат энди келди.
Футболни бир гуруҳ мухлислар билан томоша қилдим. Пенальтилар сериясида ютқазганимиздан кейин пенальтилар сериясида биринчи хатони Анзур Исмоилов қилган бўлсада, ҳамма иккинчи хатони қилган Марат Бикмаевни айблай бошлади. Уни термага олган Куперни айблай бошлайди. Мен эса бошқа айбловни илгари сураман: Ютқазганимизга футбол тизимимиз айбдор. Жойларда болалар футболига эътибор ноль бўлганда, мамлакат чемпионати зўрға амаллаб ўтказилаётганда, биринчи лига жамоаларининг маблағ ва стадион тарафдан аҳволлари жудаям ночор бўлганда, сиз бугун Австралияга ютқазган футболчиларимиздан нима кутган эдингиз?
Мағлубиятдан кейин баъзилар ёзгандай "терма жамоа аъзоларига гап йўқ. Қўлларидан келгунча ҳаракат қилиб ўйнадилар" деди. Мен айнан шу гапга қўшиламан. Бунақа расво тизимдан чиққан футболчилар шунчалик ўйнаб беришдими, раҳмат уларга.
Футбол тизимизга нима қилибди? дейсизми? Ҳеч нарса қилмади. Шундай кетаверсак катта эҳтимол билан бундан кейин ҳам ҳеч нарса қилмайди.
Ҳокимлар хўжайин бўлган футболни жин ҳам урмайди. Бир умр ўртамиёна бўлиб келган футболчилар, яна ўртамиёна бўлиб юраверади.
Футбол тарихини эшитгансиз-а? Англияда бир гуруҳ футбол жиннилари ўтириб қоидаларни ёзадилар. Шундан кейин ҳали у заводда, ҳали бу шаҳарда футбол фидоийлари бошчилигида жамоалар тузилади. Кейин улар бир стол атрофига йиғилиб миллий чемпионат ўтказиш ҳақида келишиб оладилар ва буёғи бугунгача келаяпти. Нега Англия футболи бугунги кунгача томошабоп? Сабаби уларни футболи бошдан оёқ бозор муносабатларига асосланган. Пул топа олмай қолган жамоа ўзи фаолият кўрсатаётган шаҳар ёки вилоят ҳокимининг олдига ёрдам сўраб югурмайди. Ҳаракат қилиб пул тополса ўйнайди. Акс ҳолда банкрот бўлиб ўрнини бошқаларга бўшатиб беради. Ҳокимлари ҳам ҳеч кимга "Ие, бу тарихий жамоа, буни сақлаб қолиш учун беш-бешдан ташлаларинг" демайди.
Футболни ривожлантириш учун вилоят футболига пул тушир деб фирма ва компанияларни мажбурламайди. "Сенларга зўр стадион ва база қуриб бераман" деб жамоа мураббийи ва футболчиларининг оғзига хўрозқанд солиб қўймайди.
27 йилдан бери футболимиз ҳокимлар қўлида. Қайси бир вилоятга футболга бироз қизиқадиган ҳоким келса, берди Худо. Футболга қизиқмайдигани келса, урди Худо. Қани айтингчи, шундай ҳолатда бизнинг терма қайергача боради? Тўйтепадан, ие кечирасиз, Нурафшондан нарига ҳам ўта олмайди ва ўта олмаяпти ҳам.
Нима қилмоқ керак?
Биринчи навбатда футболимизни ҳокимлар ва уларга садоқат билан хизмат қилаётган вилоят футбол федерациялардан, турли жамғармалардан озод қилиш керак.
Ҳамма шаҳарда 2-3 тадан стадион бор. Жамоаларга ўша стадионлар бўлиб берилсин ва уларга мустақил, бозор шароитида ишлашга қўйиб берилсин. Ҳокимларнинг шундоқ ҳам ўз ишлари тиқилиб ётибди, ишларини қилишсин. Улар жойларда футболга аралашганлари, хўжайинлик қилганлари билан футбол ривожланиб қолаётгани йўқ. Аксинча, йилдан йил орқага кетаяпти. Шундай экан буёғига энди ҳаммасини футболчиларни ўзига қўйиб беришсин.
Қисқаси тизим 180 градусга ўзгариши керак. Акс ҳолда биз 2027 йилдаги Осиё кубогида ҳам ничорак финалдан ўта олмай юраверамиз. Тушундингларми???
Комментариев нет:
Отправить комментарий