понедельник, 21 января 2019 г.

Сайёҳликни ривожлантиришда йўлларнинг аҳамияти ёки йўлларимиз қачон "йўл" бўлади?

Яқинда бир маълумотга кўзим тушди. Унга кўра аҳолиси 3 миллиондан ошиқроқ бўлган Грузияга 2018 йилда 7 миллиондан ошиқ сайёҳ келибди. Очиғи, бу маълумотни ўқиб ажабланмадим. Чунки, ўтган кузда "Зўр.тв" телеканалида "Турист.уз" кўрсатувининг бир нечта сонида кўрсатув бошловчилари Грузия бўйлаб саёҳат қилишди. Ўшанда, ўша кўрсатув баҳонасида айнан сайёҳлик соҳасида Грузияда қилинган ишлар билан қисман танишдим. Йўллар, инфратузилма, меҳмонхоналар, миллий урф-одатлар, миллий маданиятни тарғиб қиладиган турли одамлар, ҳаммаси ажойиб эди.
Ўша курсатувларни томоша қилганимдан кейин менда ҳам қачонлардир, имконияти бўлиши билан мафтункор Грузияга саёҳат қилиш орзуси пайдо бўлди.

Хўш, биз нима қилсак мамлакатимизга сайёҳлар оқимини кўпайтирамиз? Бу саволни жавобини кўп ўйлайман. Бизда, назаримда ҳаммаси бўтқа бўлиб ётибди.
Сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун авваламбор инфратузилма яхши бўлиши керак. Аэропортлардаги, темир йўл вокзалларидаги шароитлар максимал даражада сайёҳлар кириб чиқиши учун қулай ва осон бўлиши керак.
Шундан кейин энг биринчи навбатда мамлакатдаги турли йўллар жаҳон андозаси даражасида таъмирланиши керак. Токи, сайёҳлар автобусларда, микроавтобусларда, таксиларда, саёҳат қилганларида сифатли таъмирланган йўлларда қийналмай юрсинлар. Қолаверса яқинда сайёҳларга автомобиль ижарага бериш тартиби қабул қилинди, сайёҳлар ўзи ижарага оладиган автомобилларда мамлакатимиз бўйлаб яхши таъмирланган йўллар орқали маза қилиб айлансинлар.
Шу ўринда "Йўллар бироз таъмиртаталаб бўлса сайёҳлар тезюрар поездларимизда юрса ҳам бўлади-ку!" деб айтишингиз ҳам мумкин. Лекин ишонинг, мамлакатимиз ҳудуди жудаям катта эмас ва бизга келаётган сайёҳлар, нафақат бизга келаётган сайёҳлар, балки бутун дунёдаги сайёҳлар поезддан кўра юқорида ёзганимдай автобус, микроавтобус, енгил машиналарда саёҳат қилишни, йўлда юрганда хоҳлаган жойларида тўхтаб, ана шу саёҳатларда атрофларни, дала-даштларни, шаҳар-қишлоқларни қулайроқ томоша қилиб кетишни хоҳлашади.

2018 йилнинг октябрь ойида Бухорога саёҳатга бордик. Бухородаги тарихий обидаларни томоша қилиб юрар эканмиз, эътиборимни бир ҳолат тортди. Бухородаги ҳар бир тарихий объект олдида кўплаб Самарқанд вилоятига тегишли рақамдаги автобуслар, микроавтобуслар, таксилар турар эди. Тахмин қилдим, улар Самарқанддан Бухорога сайёҳларни олиб борган. Лекин, нега сайёҳларни тезюрар поезд ёки самолёт эмас, айнан автобуслар ва микроавтобуслар, таксилар олиб борган? Буни сабабини ўша автобуслар, микроавтобуслар олдида турган ҳайдовчилар ва сайёҳлик фирмаси вакилларидан сўрадим. Уларнинг айтишларича сайёҳларнинг аксарияти мамлакатимиз бўйлаб поезд ёки самолётда эмас, автобуслар ва микроавтобусларда саёҳат қилишни ёқтиришади ва аксарият ҳолларда сайёҳлик фирмаларидан буни ўзлари илтимос қилиб сўрашади. Чунки уларга шаҳар ва қишлоқларимиз оралаб юриш жудаям қизиқарли экан. Қизиққонлигимга бориб ўша ҳайдовчиларга савол бераман:
- Кеча биз ҳам Самарқандан Бухорога енгил машинада келдик. Йўлнинг аҳволи ўта қониқарсиз. Айнан шу муаммо сайёҳларга қандай таъсир қилади?
- Сайёҳлар аксарият йўлларимизни ёмон эканлигини гапиришади. Шунингдек, йўлларда ҳам, шаҳар-қишлоқларда ҳам тоза ва жаҳон талабларига жавоб берадиган ҳожатхоналар йўқ. Йўлларда тўхтаганда ёки йирик шаҳарларда айнан шу масалада қаттиқ кулгуга қолаяпмиз ва танқид эшитаяпмиз, - дейишди улар.

Ҳа, агар бизда энг биринчи навбатда катта йўллардан тортиб, энг узоқ қишлоқларгача йўлларни жаҳон андозалари даражасида созлаб қўйишса ва ўша йўлларда сайёҳлар бемалол юришса, бу ҳам бизда сайёҳлар оқимини кўпайишига сабаб бўлар эди. Тўғри-да, "йўл азоби, гўр азоби" дейишган. Йўлларни ёмонлиги туфайли қийналган сайёҳ бу юртга яна қайтиб келгиси келадими? Юртига борганда таниш-билишларига "фалон юртга бор" деб юртимизга келишни тавсия қиладими? Ўйлайманки йўқ.

Ҳожатхоналар муаммосини эшитиб Ургутдаги ҳолат эсимга тушди. Кўпчиликка маълум бу туман ҳам чет эллардан келаётган сайёҳлар ўртасида машҳур. Бу туманда сайёҳлар эътиборини тортадиган тарихий, маданий объктлар кўп. Шунингдек кўп сайёҳлар бу туманда жойлашган бозорга ҳунармандлар томонидан қўл меҳнати билан тайёрланган турли ашёларни қидириб ҳам кўп боришади. Аммо, не ажабки шу туман маркази Ургут шаҳрида битта ҳам сал шароити тузук жамоат ҳожатхонаси йўқ. Шаҳардаги деҳқон бозорида жойлашган иккита ҳожатхонага киришни эса душманимга ҳам раво кўрмайман. Шунингдек бу тумандаги кўплаб тарихий объектларга, сайёҳлар эътиборини тортадиган турли қишлоқларга борадиган йўлларнинг аксарияти дабдала бўлиб ётибди. Хўш, бундай аҳволда яна қандай қилиб сайёҳликни ривожлантириш ҳақида гапириб бўлади?
Сифатли ва тоза жамоат ҳожатхоналари нафақат Ургутда, балки бошқа туман марказларида, ҳатто аксарият вилоятлар марказларида ҳам ҳам йўқ. Бу муаммо мамлакат бўйлаб оғриқли муаммо ҳисобланади.

Чет эллик сайёҳларга бизни уй-жойларимиз борича қизиқ. Агар улар биронта уй-жойлари хароброқ қишлоқ олдидан ўтса ўша хароб уй-жойларни устидан кулмайди. Уларни борича қабул қилади. Уларга ўша жойларни томоша қилиш қизиқ. Аммо, йўллар ёмон бўлса автобусларда, микроавтобусларда, енгил машиналарда сайёҳат қилиб юрган сайёҳларга ёқмаслиги мумкин. Шу учун ҳам сайёҳликни ривожлантириш учун айнан турли йўлларни зўр қилиб таъмирлаб қўйиш ҳозир энг бирламчи вазифамиз бўлиши керак. Акс ҳолда сайёҳликни ривожлантириш ҳақида минг гапирайлик, уринайлик фойдаси бўлмаслиги мумкин. Чунки, юқорида ҳам ёздим ҳозир йўлларимизни аксарияти йўл эмас, қумли шудгор бўлиб ётибди. Сайёҳларга эса бу ҳолат ёқмайди.

P.S. Юқорида мамлакатимиздаги аксар йўлларнинг ёмонлиги ва бу сайёҳларнинг мамлакат бўйлаб саёҳат қилишларида нохуш таассурот қолдириши ҳақида ёздим. Тан олиш керак, бу муаммо Самарқанд вилояти учун ҳам ўта долзарб ва оғриқли муаммо бўлиб турибди. Узоқ шаҳар ва қишлоқларга борадиган йўлларнинг аҳволи жуда қониқарсиз.

Комментариев нет:

Отправить комментарий