вторник, 27 ноября 2018 г.

Телефоним экранидаги "Е"ча ёки фойда олишни хоҳламаётган Ucell.

Охирги пайтларда қандайдир инновацион лойиҳалар,  юқори технологияли қурилмалар,  5G,  осма метро,  электрон навбат ва ҳоказо ва ҳоказо терминларни,  гапларни эшитиб энсам қотадиган бўлди. Сабаби мен ўз маҳалламда ҳанузгача ибтидоий шароитда яшаяпман. Кўчамиз гарчи республика аҳамиятига эга йўл бўлсада тухумкоробкадай бўлиб дабдаласи чиқиб кетган. Чироғимиз кунлар совуши билан светофотдай ўчиб-ёниб турибди. Антеннамиз эса ҳанузгача "Е" ча билан ишлайди. Ҳозир ана шу антеннамиз билан боғлиқ иш ҳақида ёзмоқчиман.

Охирги пайтларда "электрон навбат", "электрон рўйхатга олиш", "электрон имзо", "масофадан ўқитиш" ва ҳоказо гаплар кўп гапирилаяпти. Аммо бизни маҳалламиздаги антеннага ўрнатилган 2G нинг "Е" часи билан қандай электрон ишларни бажариб бўлади, ҳайронман. Буёғда 21-асрнинг 19-йилига ўтишимизга ҳам саноқли кунлар қолди. Қолаверса чет элларда аллақачон G5 ўрнатиш ҳақида гап бўлаяпти. Биз эса 2G да "Е" чада юрибмиз.
2G ҳам ёмонмас, фақат фотони қийинроқ очиши ва видеони эса умуман оча олмаслиги кишига бироз ноқулайлик туғдиради холос.

Боя Ucell нинг твиттер аккаунти берган линкка кириб ўзимни таништириб, манзилимни ёзиб маҳалламиз аҳли номидан компаниядан маҳалламиздаги антеннага 3G ўрнатиб беришларини илтимос қилиб(!)  ёзиб юбордим.
Орадан ярим соат ўтмасдан бегона бир номердан қўнғироқ келди. Кўтарсам ёқимли бир овозда аёл киши "Ғайрат Юлдошев сизмисиз? Боя шахсий кабинет орқали Ucell компаниясига сиз ёзиб  мурожат қилган эдингизми?" деб сўради. "Ҳа, мен эдим" деб жавоб бердим.
Шундан кейин ўша ёқимли овоз соҳибаси "Мени мурожатим Ucell компаниясининг режалаштириш бўлими томонидан кўриб чиқилганини ва маҳалламиздаги антеннага 3G ўрнатиш режаси 2019-2020 йилги дастурларга киритилишини ва бу масала атрофлича ўрганилиб *агар лозим топишса ўрнатилишини*" айтди. "Агар лозим топилмасачи?" деган саволимга "буни мен билмайман" деб жавоб берди. Унга яна "охирги пайтларда турли ишлар электрон кўринишга ўтаётгани, интернетни ривожлантириш ҳақида Президент қарорлари чиқаётгани ва ўша қарорлар юзасидан ҳам маҳалламиздаги антеннага 3G ни яқин муддатларда ўрнатиб беришлари лозимлигини, қолаверса антеннамиз қарийб 30 минг аҳолига хизмат қилаётганини" айтдим. Шунда у "антеннамизга 3G ўрнатиш осон иш эмаслигини, бу учун яхшигина маблағ шартлигини, қолаверса 3G  ўрнатиш учун тегишли ташкилотлардан рухсат олиш ҳам осон иш эмаслигини" гапирди. Унга "ишларинг бизнес билан боғлиқ, интернет сифатини қанча яхшиласанглар одамларнинг интернетдан фойдаланиши ортидан шунча кўп фойда оласизлар-ку!" деб энди савол бермоқчи эдим ёқимли овоз соҳибаси бўлган хонимнинг бироз диққати ошди ва "мен режалаштириш бўлимини жавобини сизга етказдим, қолганини билмайман" деб гапни тугатиб қўя қолди.(овоз ёзиб олинган ва менда сақланаяпти)

Қаранг, компания бизни маҳалламиздаги антеннага 3G ўрнатишни 2019-2020 йиллардаги дастурга киритар экан ва кейин *агар лозим топишсагина* 3G ўрнатиб берар экан. Тасаввур қилайлик, улар лозим ҳам топишди ва 2020 йилнинг қайсидир ойида бизнинг маҳалламиздаги антеннага ўша биз учун топилмас матоҳ бўлиб турган 3G ни ўрнатишди. Барака топкурлар, унгача Илон Маск ёки унга ўхшаган яна кимдир Марсга учиб бўлади-ку! Ёки яна қайсидир компания дунёнинг ривожланган давлатларида 6G ни ҳам жорий қилиб юбориши мумкин.
Қолаверса, юқорида ҳам эсладим, компания ўзининг ҳудудий антенналарида интернет хизмати кўрсатишни қанча яхшиласа одамларнинг интернетдан фойдаланиши ортидан компания шунча фойда қилади-ку.
Кейин компания вакиласининг антеннага 3G ўрнатилиши учун яхшигина маблағ керак бўлиши ва қандайдир ташкилотлардан рухсат олишнинг қийинлиги ҳақидаги гапи ҳам анча баҳсталаб. Чунки компания битта антеннага 3G ўрнатиш учун маблағни баҳона қиладиган даражада камбағал эмас. Шунингдек Президент мамлакатимизда интернет хизматлари кўрсатишнинг сифатини ошириш ҳақида фармон чиқариб қўйган ҳолатда Ucell нинг қандайдир ташкилотлардан, қандайдир бир маҳалладаги антеннага 3G ўрнатиш учун рухсат олишнинг қийинлиги ҳақида гапириши бу ҳам ўхшамаган баҳона деб ўйладим.

Умуман олганда биз юқори технологиялар, инновацион лойиҳалар, турли электрон ишларни жорий этишни тезлаштиришни хоҳлар эканмиз нафақат Ucell компанияси, балки бошқа интернет хизмати кўрсатадиган уяли алоқа компаниялари ўз антенналарига кейинги йилнинг баҳорига қолдирмай 3G тизимини ўрнатиб бўлишлари керак. Шу жумладан уяли бўлмаган компаниялар ҳам ўз интернет хизматлари кўрсатиш сифатини кўтаришлари керак. Акс ҳолда биз телефонимиздаги 2G нинг белгиси бўлган "Е" чага термулиб кимларнидир Марсга учаётганини кузатиб ўтираверамиз.

П.С. Шунча гаплардан кейин ҳам Ucell компанияси маҳалламиздаги антеннага 3G хизматини ўрнатиб бериб телефонимиз экранидаги "Е" чани "Н" "нарвонча"га ўзгартириб бермаса бу компанияга бошқа гапим йўқ.
 

Комментариев нет:

Отправить комментарий