СССР ҳақида, 2-пост.
Бундан бир неча кун олдин СССР даги айрим тушунарсиз ишлар ҳақида ёзганимдан кейин муштарийлардан бир нечта "боплабсиз" деб ёзилган хабар билан бирга иккита муштарийдан "ўша даврни фақат қора томонларини ёзибсиз, яхши тарафларини ҳам ёзинг" деган мурожат ҳам бўлди. Уларнинг бири мурожат қилганида қайсидир мавзу устида ишлаб турганим учун гапни қисқа қилиб "ҳа, хўп" деб жавоб қайтардим. Иккинчи муштарийга эса.....
СССР пайти... тўғри, 1960-йиллардан кейин анча ривожландик. Шаҳарлар обод бўлди. Кўплаб завод ва фабрикалар қурилди. Инфратузилма яхшиланди. Аммо бу ишларни бизга ўрислар ёнидан қилиб бергани йўқ. Халқимизнинг пулига, шунингдек мамлакатимиздан қазиб олинган қазилма бойликлар ҳисобига, халқимизнинг оғир меҳнати ҳисобига қилинган
Тўғри, биз СССР деган давлат таркибида яшамасак ўша ишлар қилинмаслиги ҳам мумкин эди. Аммо ишонинг, СССР пайтида ўша ишлар бўлиши учун халқимиз оғир-оғир бадалларни тўлаган.
1920-30 йилларда "босмачи" деб, "бой-қулоқ" деб, кейинчалик 1937 йилдан Сталин ўлган 1953 йилгача эҳҳе қанча ҳамюртларимиз қурбон бўлишган.
Ундан сўнг Ш.Рашидовни ўлимидан сўнг бироз ўтиб 1984 йилдан бошлаб "Пахта иши" баҳона яна кўплаб юртдошларимиз жувонмарг қилиндилар.
Гоҳида кимлардандир эшитиб қоламан, "СССР пайти яхши эди, 100 -120 сўм маъош олиб бир ой ҳеч нарсани ўйламасдан яшар эдик" дейишади. Тўғри, СССР даврида ким ойлик маъош олиб ишлаган бўлса тузукроқ яшаган. Аммо қишлоқ хўжалигида банд бўлган одамларни бундай деб бўлмайди. Улар қишин-ёзин даладан бери келмай оғир шароитда яшашган.
Ўша шаҳар жойларида маъош олиб бироз тузукроқ яшаганлар ҳам 1970-75 йилдан кейин тузукроқ яшаганлар. Унгача эса ҳамманинг аҳволи бирдай оғир бўлган. Хўш, шуни "СССР даврида яхши яшаганмиз" деб бўладими?
Бу гапларни ўқиб мен ҳақимда "бу одам СССРни ёмон кўради, шу учун ёмонлаяпти" деган хаёлга бормаслигингизни сўрар эдим. Мен ўша даврни ёмонлаб ёзаётган гапларимни осмондан олмаяпман, бир қисмини ўзим кўрганман. Шунингдек машҳур адибларимизнинг эсдаликларидан, асарларидан ўқиб билганман.
Узоққа бормайлик, Шукур Холмирзаевнинг "Ўзбек характери" номли ҳикоясини ўқиган бўлсангиз мен ўша даврни тасвирлашда муболаға қилмаётганимни биласиз. Мабодо ўқимаган бўлсангиз, албатта топиб ўқинг.
Шунингдек Тоғай Муроднинг Отамдан қолган далалар деган романи ва шу роман асосида олинган фильм бор. Ана шу романда ҳам, фильмда ҳам ўша давр воқеалари ҳаққоний тасвирланган.
Энди ўзим кўрганларимга келсак 1984-85 йилларда маҳалламизда, гарчи биз туманимиз маркази Ургут шаҳри билан туташ яшаган бўлсак-да, вилоят маркази биздан бор йўғи 50 км узоқликда бўлса ҳам одамлар ўта фаровон яшашмасди. Маҳалламиздаги машина сони ўнтача ҳам чиқмас эди. Айримларда мотоцикл бор эди, қолганлар эшакда юришар эди.
Уйларнинг аксариятини томи лойсувоқ эди. Кейинчалик чердак қилиниб шифер ёки тунука билан ёпилди.
Ўша пайтда бир нарса намунали тарзда эди. Китоб чиқариш. Йил давомида ҳисобсиз китоблар чоп этилиб мамлакат бўйлаб тарқатилар эди. Аммо ўша китобларнинг аксарияти тузумга хизмат қилиши лозим бўлган китоблар эди.
Ўша давр қандай бўлганлиги ҳақида яна бир факт: Ўзбекистондаги қишлоқлардаги мактабларнинг аксарияти 1960-70 йилларда пахса билан тикланган эди ва мамлакат бойиган 1980 йилдан кейин ҳам ўша мактабларни замонавий қилиб қуриб бермаган. Ўша мактаблар мустақилликдан кейин, 2004-09 йиллардаги давлат дастури бўйича бузиб ташланиб замонавий қилиб қайта қурилди. Бунга ўзларинг ҳам гувоҳ бўлдинглар.
Кун оралатиб, ҳар бирига миллиардлаб рублни сарфлаб космосга турли мақсадларда ракета учирган СССР Ўзбекистондаги халқ пахсадан ҳашар қилиб қурган мактабларни янгилаб бера олмаган эди.
Албатта, ўша даврда Россия, Украина, Болтиқбўйи давлатлари ва Белоруссияда аҳвол биздагидай бўлмаган, уларда шароит яхшироқ бўлган. СССР фақат бизни, Ўрта Осиё республикаларини кўпроқ эзган.
Энг муҳими бизга қандай шароит қилиб бермасин ёки қорнимизни қанчалик яхши тўқламасин ўша даврда биз уларга мустамлака эдик, қул эдик.
Ўшандай ҳолатни қандай қилиб яхши тарафлари бўлиши мумкин?
Комментариев нет:
Отправить комментарий