пятница, 2 ноября 2018 г.

Чироқ ҳақида

Мана қарийб икки йилдан бери чироғимиз ўчмаяпти.  Ҳозир шу тобда ўша чироқсиз ўтирган кунларни эсласам юрагим орқамга тортиб кетади. Халқ ўша оғир кунларга чидаган, чидаб кетаверган экан-да.
Мен Оқсаройда ўтирган жанобни ҳеч ҳам тушунмаганман, тушуна олмаганман. Имконият бор жойда чироқни афғонларга пуллаб, ўз халқнини 20 йиллаб қора зулматда яшашга мажбур қилган, ҳа, ҳа, мажбур қилган ўша инсонни тушунмаганман.
Эсимда, Ургутда чироқ муаммоси 1997-98 йилларда бошланган эди. Ўшандан кейин то 2017 йилнинг бошигача Ургут туманининг шаҳар ва қишлоқларига 4-5 соатдан ошиқ   чироқ берилмаган. Ҳатто ёз пайтида ҳам. Мен бу ерда Ургут туманини ёзпяпман-у, мамлакатимизнинг ҳамма жойларида аҳвол шу эди. 2016 йилнинг август ойида нотариусга ишим тушиб Каттақўрғон шаҳрига бордим. Эътибор бериб қарасам у ерда ҳам аҳвол Ургутники билан бир хил экан. Турли идоралар, савдо дўконлари олдида қаторасига баланд овозда чинқириб движок ишлаяпти. Четдан қараганда ўта хунук ҳолат.

20 йил давомида чироқсиз ўтириш осон эмас. Бундан асосан ёш болалар, кексалар, аёллар қийналишди. Қийналишганда ҳам ёмон қийналишди. Ўша пайтларда ишим юзасидан Тошкентга қатнар эканман том маънода икки хил турмуш даражасида яшадим. Тошкентда квартирага киргандан уй иссиқ, иссиқ сув оқаяпти, чироқ ўчмайди, хуллас роҳатижон. Ургутга кечки пайт кириб келар эканман бутун бошли туманда бирон жойда йилт этган чироқни кўрмас эдим. Ҳаммаёқ зим-зиё зулмат бўлар эди.

Мен юқорида Оқсаройни ва унда яшаган жанобни эсладим. Ўзбекистонни ҳозирги қийин ҳолатига, одамларнинг Россия ва Қозоғистонда нон қидириб сарсон бўлиб юришларига шу одам айбдор. Агар шу одам ўша 1997-98 йиллардан чироқ тақчиллигига йўл қўймай ҳозиргидай ҳаммаёқни чироқ билан таъминлаб қўйганида халқимиз меҳнаткаш халқ, чет элларда сарсон бўлмай ўз уйида нимадир ишлаб чиқарар эди, нимадир очар эди. Шахсан ўзим гувоҳи бўлганман, нечталаб танийдиган одамларимни қўлларида уйда оилавий ишлаб чиқариш учун ускунага пули бор, уйда қўшимча бино бор, аммо чироқ йўқлиги уларга ўша ишни очишга халақит қилган эди. Энди чироқ узлуксиз ёнадиган бўлганда кўпчиликда ўша ишларни қилиш учун маблағ топилмаяпти.

Бир пайтлар ўз туманига сиғмаган ургутлик тадбиркорлар қўшни Жомбой, Булунғур, Самарқанд, Тайлоқ, Нуробод туманларига бориб ишлаб чиқариш линияларини очганлар. Сабаби; Ургутда газ ва чироқ таъминоти билан боғлиқ муаммолар уларни қўшни туманларга бориб ишлаб чиқариш линиялари, заводлар очишга мажбур қилган.

Бу гапларни нега ёзаяпман?
Сабаби, агар бизга чироқ узликсиз берилса одамлар қиш мавсумида ошиқча сарсон бўлмасдан уйларини чироқ билан иситаверадилар. Олдинлари қиш келаверса одамлар ўтин ва кўмир ташвишига тушиб қолишар, пул топган ўтинни ўтин бозоридан сотиб олиб келар, пул топмаган эса ҳовлисидаги дарахтлардан бирини кесиб қишга тайёрлаб қўяр эди.
Ўтган йил унча сезилмаган эди, аммо бу йил халқнинг кайфиятига қараяпман одамлар олдинги йиллардагидай ўтин ва кўмир муаммосини ўйламаяптилар. Чунки кўпчилик уйларини чироқ билан ёритадиган ускуналар билан иситишга ўтаяпти. Яъни узлуксиз берилаётган чироқ уларни бироз хотиржам қилаяпти.

Айтмоқчи бўлганим агар давлат жойларда аҳолига газни етказиб бера олмас экан, кўмир тарқатишда сусткашликлар бўлар экан, бундан буёғига чироқни бир минут бўлса ҳам узмаслиги керак. Айниқса қиш мавсумида. Ана шунда одамлар бироз одамга ўхшаб яшайдилар. Зеро ташқарида 21-аср ахир, қолаверса 20-йил чироқсиз ўтиргани ҳам етар.

Комментариев нет:

Отправить комментарий