воскресенье, 4 ноября 2018 г.

"Берсанг оласан" ёхуд йўқолиб бораётган меҳр-оқибат ҳақида.

— Сахийликни кимдан ўргандинг, — деб сўрадилар Ҳотам Тойдан.
— Ғиштдан ўргандим, — дея жавоб қилди.
— Ҳеч замонда ғиштдан ҳам бир нарса ўрганиб бўларканми?
— Одамларнинг қатор туриб бир-бирига ғишт узатишларини кузатганмисан? Бир гал мен шундай ҳашарда қатнашдим. Ажиб бир ҳолдан ўзим учун хулоса чиқардим: қачонки қўлимдаги ғиштни узатсамгина ғишт узатишди. Узатмай, қўлда тутиб турсам, ғишт келиши ҳам тўхтади. Хаёл қилдим: демак, мол-дунё ҳам шундай. Инфоқ-эҳсон чиқариб турсанг, бирингга ўн келади. Бахиллик қилсанг, боридан ҳам барака кетади, — деган экан шунда Ҳотам Тойи.

Сахийлиги билан бутун Шарқда зарбулмасал бўлган Ҳотам Той ҳақидаги ривоятни юқорида бежизга келтирмадим.
Эртага маҳалламиз марказида яшайдиган бир қариндошимиз ўғлини ўйлантираётган эди, бугун шуни "сабзи тўғрар"и эди. Соат 3 ларда ошни еб кўчага чиқсам маҳалла четида турадиган,  узоқ масофага юра олмайдиган бир қариндошимиз кўчага чиқиб "мени уйимга олиб бориб қўядиган бирон киши бормикан?" деб қараб турган экан. Унга "юринг,  мен олиб  бориб  қўяман" деб уйига олиб бориб қўйдим. Қайтаётганимда "шошмай тур,  ишкомда узум бор,  шундан бир яшик бериб юборай" деб қолди. Қишлоқда турсам ҳам ҳовлимда узум йўқ,  майли деб қариндошимга қўшилиб ҳовлисига кирдим. Қарасам кичикроқ бир ишкомда роса узум кўп экан,  ўзим яшикни тўлдириб узуб олдим. Қариндошимни хотини келинойи ортимдан яна бир яшик узумни кўтариб чиқди. Шу пайт қарасак қариндошимни қўшниси бўлган бир қизча "сизларга ойим бериб юбордилар" деб бир челак хурмони зўрға кўтариб келиб қолди. Шунда қариндошим "Қара,  сенга узум берганимиздан буёқдан бизга хурмо келаяпти. "Буёқдан берсанг,  уёқдан оласан" дегани шу бўлса керак" деди ва хотинига  қизчани челагини бўшатиб кейин уни узум билан  тўлдириб бериб юборишни буюрди. Мен хайрлашиб ортга қайтдим.

Йўлда келар эканман ҳолимизга бир назар солдим.
Олдинлари қишлоқ жойларида(бир пайтлар шаҳарларда ҳам) меҳр-оқибат кучли эди. Ўзида сероб нарсалардан  қўни-қўшнилар ва қариндош-уруғларга ҳам улашиш одати бор эди. Охирги йилларда бояги қариндошимга ўхшаган айрим одамларни айтмаганда шу одат батамом йўқолиб бўлди. Энди одамлар ўзида сероб бўлган нарсаларни қўни-қўшнилар ва қариндош-уруғларга улашиш ўрнига бозорга чиқармоқдалар. Тўғри, ҳозир "ўзинг учун ўл етим" замони келди. Аммо бизнинг аксариятимиз ўзимизни мусулмон санаймиз. Динимизда эса қўни-қўшни ва қариндош-уруғлар ўртасида силаи раҳм қилиб уларга доим яхшилик қилишга, ёрдам беришга буюрилганмиз. Қолаверса Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламнинг  "бир-бирларинг  билан  ҳадялашиб туринглар,  ана шунда бир-бирларингга меҳр-муҳаббатларинг, оқибатларинг ортади" деб марҳамат қилган кўрсатмалари бор. Бизда олдинги замонлардаги ўзаро меҳр-оқибатни,  қўни-қўшни ва қариндош-уруғларга нарса улашишнинг ўзаги  шу  эди. Шундай экан биз бугунги кунда оғир замонларни баҳона қилиб бир-биримизга нарса улашмай  қўйганимизни, ўзаро меҳр-оқибатни йўқотиб бораётганимизни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Юқорида Ҳотам Той ҳақидаги ривоятни бежизга келтирмадим. Берсак оламиз, бермасак олмаймиз. Буни эса зинҳор эсдан чиқармаслигимиз керак.

Шу тобда одамларга "Аслингизга қайтинг. Меҳр-оқибатингизга қайтинг" деб ҳайқиргим келади. Аммо буни аввало ўзимга айтишим кераклигини ўйлаб сукут сақлайман.

Комментариев нет:

Отправить комментарий