Одамлардаги меҳр-оқибат нега йўқолиб бораётганини, нега йилдан-йил одамлар ўз ака-укаларидан, опа-сингилларидан кечиб "ўзинг учун ўл етим" тарзида яшашга ўтаётганларини билмайман. Балки инсонлардаги "яшаш учун кураш" ҳайвоний хислатлари кучайиб бораётгандир, билмадим.
Мен ҳозир бу ҳақда фикр юритмоқчи эмасман. Мен шунчаки тарихни эсламоқчиман.
1987 йил, маҳалламизда кутилмаган иш бўлди. Кутилмаган иш деганимнинг сабаби ўшанда айтишларича ўша иш ундан олдин умуман бўлмаган экан.
Воқеа шундан иборат эди-ки, отасидан қолган катта ҳовлини ўртасидан бўлиб яшаётган икки ака-ука ўртасида ўртадаги деворни тортишда ярим метр жой учун жанжал чиқади. Ака, укасини ишдалигидан фойдаланиб деворни ўрнини укасини тарафга ярим метр суриб пойдевор қуяди. Ука кечки пайт ишдан кеч келади. Эрталаб туриб қараса акаси пойдеворни ярим метр буёқдан олибди. Акасини чақириб нега бундай қилганини сўраса акаси бунга ҳаққи борлигини айтади. Ўртада катта жанжал бўлади. Ука акага қараб ойболта олиб югурган, ака лом кўтариб ўзини ҳимоя қилган. Ҳар икки тарафдан хотинлар ва болаларнинг элдан уларни ажратиб қўйиш ҳақидаги қичқириқлари қўни-қўшниларни оёққа турғизади. Бир зумда бутун маҳалла ака-укаларнинг ҳовлисига йиғилиб уларни ажратиб қўйишади. Ҳамма ака-укаларнинг ўша ишларидан ҳайрон бўлади. Наҳотки арзимаган ер ака-укалар ўртасида бир-бирларига совуқ қурол кўтаришгача боришларига сабаб бўлса?! Бу иш маҳалла аҳлини ғоят ҳаяжонга солди. Улар ака-укаларнинг ҳар иккаласини олдиларига ўтқазиб насиҳатлар қилишди. Ака ҳар бир ишда оғирроқ бўлиши лозимлигини, ука эса акани отадай иззат қилиши лозимлигини уқтиришди. Охирида улардан бу ишларни бошқа қайтармасликларини сўраб тарқалишди.
Маҳалла аҳли ўша куни кўп насиҳат қилганига қарамай ака-ука икки йилча юзкўрмас бўлиб юрди. Одамлар эса; бири уларнинг бу ишига кулди, бири ачинди. Қисқаси бу иш маҳаллада анча пайт муҳокама мавзуси бўлиб юрди.
Орадан йиллар ўтди. СССР тарқаб кетди. Биз мустақил бўлдик. Мустақилликнинг илк йиллари оғир йиллар бўлди. Одамлар тирикчиликларини важидан анча қийналиб қолишди. "Дўстни қийинчиликда сина" деганларидай ўша йилларда одамлар ўртасида сал нарсага ўзаро жанжаллашиш кўпайди. 1995 йилга келиб маҳалламизда ўнлаб ака-укалар бир-бирлари билан жанжаллашиб юзкўрмас бўлиб юрар эдилар. Энди бир пайтлар ўша биринчи жанжаллашган ака-укаларга бориб насиҳат қилган инсонларнинг болалари ўзаро жанжаллашиб бир-бирлари билан юзкўрмас бўлган эдилар. Энди одамларнинг ҳам кайфиятлари ўзгарган, улар энди маҳаллаларидаги турли ака-укаларнинг ўзаро жанжалларига эътибор бермай ҳам қўйган эдилар ва энди ака-укаларнинг юзкўрмас бўлиши уларга одатдагидай иш туюлар эди.
Ўша пайтда арзимаган нарса туфайли ўзаро жанжаллашиб юзкўрмас бўлиб юрган одамлар орасида отам ва амаким ҳам бор эдилар. Кейинчалик отам ва амаким ўртасидаги муносабат яхшиланиб кетди. Шу жумладан бошқа аразлашиб юрганлар ҳам кимлардир олти ой, кимлардир бир йил аразлашиб юриб кейин ярашиб апоқ-чапоқ бўлиб кетишди. Аммо, минг афсуслар бўлсин-ки бир-биридан аразлаб юрганлар ярашиб олган сари буёқдан яна янгилари чиқиб бир-бирлари билан жанжаллашиб юз кўрмас бўлавердилар. Бугунги кунда ҳам бир нечта маҳалладошларимни биламан ака ёки укалари билан жанжаллашиб юзкўрмас бўлиб юрибдилар. Бу эса ўта ачинарли ҳолат.
Ака-укалар ўртасидаги муносабатлардан гап очилар экан мен доим акалар босиқроқ бўлишлари керак деб ҳисоблайман. Ўзим ҳам акаман ва шу пайтгача укам шошқалоқлик қилганда ҳам босиқлик қилиб келаяпман. Бошқаларга ҳам шундай маслаҳат бераман: Укангиз жиззаки ёки шошқалоқлик қилаяптими, сиз босиқроқ бўлаверинг. Ана шунда ака-ука ўртасида жанжал ва аразлашишлар бўлмайди. Зеро бўлмаслиги ҳам керак. Чунки укага раҳм-шавқат, акага эса худди отадай ҳурмат ва иззат кўрсатилиши керак. Сиз улардан қайси бири бўлсангиз ўзингизга лойиқ бўлинг. Укамисиз, акангизни худди отангизни иззат-ҳурмат қилгандай иззат-ҳурмат қилинг. Акамисиз, укангизга худди болангиз каби раҳм-шавқатда бўлинг. Ана шунда ҳеч қандай жанжаллар ва юзкўрмас бўлишлар содир бўлмайди. Нима дедингиз?
Комментариев нет:
Отправить комментарий