вторник, 30 октября 2018 г.

Чўпони кўп пода ҳалокатга маҳкум ёхуд фермерларнинг нечта хўжайини бор?


Бундан бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда ажабтовур бир сурат тарқалди. Суратнинг ажабтовурлиги шундан иборатки унда туппа-тузук кийинган, қўлида қандайдир ҳужжатлар жилдини ушлаб олган олти киши сув оқиб турган ариқ ичида иштонига ўтказиб қўйган болалардай бўлиб бошларини эгиб туришибди. Суратни кўрганларнинг ҳаммаси ҳайрон: булар ким, нега бундай ҳолатда туришибди?
Бироз ўтиб ҳаммаси ойдинлашди.

Тошкент вилояти, Оққўрғон туманида олтита турли лавозим ва ишда ишлайдиган одамлар қанчадир вақт ариқдаги сувни ичида туришга мажбурланди. Воқеа жойида эндиликда собиқ, бош вазир ўринбосари Зоир Мирзаев ҳам бўлган ва уларни ариқдаги муздай сувга кийими билан тушишга шу одам мажбурлаган. Бунга сабаб эса ўша ариқни ичида турган олтовлоннинг  иккитасибўлган фермерларнинг даласидаги экилган буғдойнинг вақтида суғорилмагани бўлган. Уларга даладаги буғдойни суғоришни "олдин пахта бўлсин,  кейин ғалла суғорасан" деб Оққўрғон туман прокурори рухсат бермаган.
Ҳаммаси шахмат ўйинига ўхшайди а? Ўзи ерни хўжайини ким? Фермерми ёки ундан тепада турадиган Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман бўлими катталарими ёки туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарими ёки туман прокурорими?

"Чўпон кўп бўлса пода ҳаром ўлади" деган халқимизнинг пурмаъно ҳикматини эшитганмисиз?  Ҳозир фермерлар ана шу тепасида чўпони кўп подага ўхшамаяптими сизни наздингизда?  Мени наздимда роса ўхшаяпти.
Бечора фермерга биттаси "ғаллани суғор" деб буйруқ беради. Иккинчиси келиб "суғорма" дейди. Учинчиси келиб "нега суғормадинг?" деб тепкилаб уради. Тўртинчиси келиб "нега суғординг?" деб ариқдаги совуқ сувга пишади.

Хўш,  фермерларга шунча хўжайин нега керак?  У қачон эркин бўлади? Ҳали белгиланган режани  бажариб қўйган бўлса ҳам ошиқча ғалласини "бошқа ҳудудларимиз режани бажара олмаяпти" деб тортиб олиб кетишади. Ҳали қўйларини бўғоз ҳолига қарамай бўғизлашади. Ҳали уришади, тепишади, сўкишади. Нима биз ўтган асрнинг 30-йилларида, мустабид бир тузум бўлган Собиқ иттифоқнинг коллективлаштириш даврида яшаяпмизми?
Э йўқ,  жаноблар. Биз йигирма биринчи асрда, демократик жамият қурганмиз деб даъво қилаётган мустақил Ўзбекистонда яшаяпмиз. Шундай экан кўзимизни каттароқ очиб бошқаларга ҳам қарайлик-чи уларда фермерларнинг  аҳволи қандай?  Қарайликчи,  Европадаги фермерларнинг устида биздагидай қишлоқ хўжалигини  тузук-қуруқ тушунмайдиган  тўрт-бешталаб ҳоким,  прокурорга ўхшаган валломатлар ҳукмронлик қилиб ўтирармикан?  Сўрайликчи,  Италия ёки Францияда фермер ҳокимиятининг идорасини қайердалигини билармикин?  Сўрайликчи,  Германиядаги фермер кунора ҳокимнинг мажлисига қатнаб ўша мажлисда ғаллани суғормагани учун ҳоким унинг онасига қўшилгани билан даъво қилиб сўкармикан?
АҚШ-демократия тимсоли. Сўрангчи,  АҚШлик фермерни ерига ўша фермердан сўроқсиз прокурор ёки штат губернаторининг ўринбосари оёқ боса олармикан?  Йўқ,  боса олмайди.

Хўш,  унда нега бизнинг фермерларни ит ҳам,  бит ҳам тепкилайди?  Нега уни ўз ҳолига қўйишмайди. Кечаги Оққўрғон фожиаси, ҳа, ҳа, айнан фожиаси охирги сигнал бўлмаяптими?  Яна нечта фермер ҳокимни сўкишини кўтара олмай ўзини осиши керак?  Яна нечтаси прокурорнинг зуғуми туфайли ўз жонига қасд қилиши керак?

Биз демократик жамият қуришни,  қурган жамиятимизда инсон манфатлари ва ҳуқуқлари бирламчи ўринда туришини хоҳлар эканмиз фермерларни  ҳокимлар ва прокурорлар чангалидан зудлик билан қутқаришимиз керак. Этикдўз  сомса ёпса,  сомсапаз этик тикиб юраверса,  ишонинг ҳеч қачон биримиз икки бўлмайди. Ҳамма ўз ишини қилиш керак. Фермерми,  марҳамат,  у ҳисоботларини фермерлар уюшмаси ва қишлоқ хўжалиги вазирлигига берсин. Аммо зинҳор уларни ишига қишлоқ хўжалигини мутлақо тушунмайдиган ИИдан чиққан ҳоким ва  прокурор аралашмасин. Улар ўз ишини қилсин. Ана шунда фермерни куни кун бўлади ва ўзи ҳам тўяди,  халқни ҳам тўйдиради. Акс ҳолда эса ҳаммаси бекор.

"Умуман олганда фермерни ҳоким ва прокурорлар назорат қилмаса у ишламайди" деган  тушунчадан воз кечишимиз керак. Фермер ҳозир бу йилгидай  қурғоқчиликка  ҳам  чидаши мумкин ёки бошқа табиат инжиқлариги енгиб ўтиши мумкин. Уни қийнаётган муаммолар табиат инжиқликлари эмас. Уни қийнаётган ҳолат тепасида бошлиқларнинг, керак, нокерак хўжайинларнинг кўплиги ва ўз ерига ва ўз ҳисобидаги маблағига ўзининг тўлақонли эга эмаслигидир. Шундай экан кечаги фермерларни ариқдаги муздай сувда қарийб бир соат туришга мажбурлаган шахслар ишдан олингани билан агар тўлақонли ўз ишига мустақил бўлмаса фермерларнинг муаммоси ҳал бўлиб қолмайди. Бирини ўрнига иккинчиси келаверади. Бири сувга тиқса, иккинчиси сўкиб дўппослайверади. Фермерларга муносабат ўзгармас экан бир одамнинг ишдан олиниши амалда ҳеч нарсани ўзгартирмайди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий