Кўрмаганнинг кўргани қурсин!
Республика аҳамиятидаги Ургут-Булунғур йўлининг қишлоғимиз ҳудудидан ўтган қисми узоқ йиллардан бери таъмирталаб бўлиб ётган эди. Ўтган йил озроқ қисмини, бу йил яна озроқ бир қисмини асфальт қилишди. Шундай қилиб йўлнинг бир қисми бирооооз эпақага келди. Ана энди баъзи учар ҳайдовчиларга Худо берди-ку, мошинани жуда тез ҳайдашади. Буни натижасида йил бошидан бери бери йўлнинг ўша бироз таъмирланган қисмида бир нечта йўл транспорт ҳодисаси рўй берди. Куни кеча эса ана шундай ЙТҲ дан бирида фожиали ҳодиса содир бўлди. Кечки пайт оқ рангдаги "Дамас" русумли автомашина тез юриши оқибатида йўл четида кетаётган иккита боладан бирини уриб юбориб қочиб кетган. Бола воқеа жойида вафот этган. Ёнидаги шериги "Дамас"нинг номерини кўра олмаган. Бола коллеждан уйига қайтаётган экан. Қайси бир номард инсоннинг ҳатти-ҳаракати билан бир йигит ота-онаси ва яқинларини бўзлатиб навқирон ёшида ҳалок бўлди.
Шу йўл республика аҳамиятига эга йўл бўлса ҳам туман марказидан бошлаб то бизнинг қишлоғимиздан чиқиб кетгунча бўлган 5-6 км қисми жудаям тор ва бу йўлни ҳеч ким кенгайтиришни хоҳламайди. Сабаби агар йўл кенгайтириладиган бўлса одамларнинг уйи бузилиши ва бузилган уйлар учун уларга товон пули тўланиши керак. Ҳозирча эса ҳатто туманимиз марказидаги аксарият йўлларни кенгайтира олмаётган ҳокимиятимиз бизнинг қишлоқдан ўтган йўлни кенгайтириш учун уйи бузиладиган аҳолига тўланадиган товон пулига етарли маблағни ҳали бери топа олмаса керак. Тағин билмадим.
Ушбу йўлни торлиги етмагандай унда умуман пиёдалар йўлакчаси ҳам йўқ. Пиёдалар йўлакчасига тегишли бўлган жойлар баъзи жойларда йўқ, баъзи жойларда қаровсиз ҳолда ётибди. Баъзи жойларда эса одамлар эгаллаб олиб ҳовлисига қўшиб юборган. Буни назорат қиладиган ва пиёдалар йўлакчасини очиб қўядиган ташкилот эса ҳозирча йўқ. Одамларимизнинг айримларида катта йўлларнинг ёқасида пиёдалар йўлакчаси ҳам албатта бўлиши кераклиги ва ўша жойни ўзлари тўғирлаб қўйиши мумкинлиги ҳақида тушунчанинг ўзи йўқ. Бундай тушунчаси борлари ҳам азбаройи ерга кўзи тўймай пиёдалар йўлакчасини қайтариб олса олган-у, аммо таъмирлаб чиройли йўлак қилиб қўйгани битта ҳам йўқ.
Ҳаммаси тақдирдан, аммо пиёдалар йўлакчаси бўлганида кеча ўша навқирон бола кўчадан эмас, ўз йўлидан юрар эдими, балки, балки....
Умуман олганда кўчаларнинг торлиги ва унда пиёдалар йўлакчасининг йўқлиги бир бизнинг қишлоққа хос ҳолат эмас. Мамлакатимизда аксар аҳоли тиқилинч яшайдиган ҳудудларда аҳвол шундай. Аммо ҳозирча бу аҳволга жавоб берадиган, одамларнинг ўзбошимчалик билан йўлларни, пиёдалар йўлакчаларини эгаллаб олганларига қарши чора кўрадиган ҳеч ким йўқ. Ҳокимиятларнинг бу бошоғриқ ишдан бошқа ташвишлари ҳам кўп. Йўлсозлар эса амалда ҳеч нарсани ҳал қила олмайдиган обрўсиз бир ташкилотга айланиб бўлишди.
Энди тузук-қуруқ пиёдалар йўлакчалари бўлмаган жойларда велосипед йўлаклари ҳақида гапириш ортиқча деб ўйлайман.
Катта кўчалар ёқасида пиёдалар йўлакчаси бўлмаганда энди велосипед учун йўлакча ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бизнинг қишлоғимиз, туманимиз, вилоятимиз марказлари нима бўпти, ҳатто пойтахт Тошкентда ҳам пиёдалар йўлакчаси йўқ. Пиёдалар, велосипедда юрадиганлар ҳозирча велосипед йўлакчаси ҳақида фақат орзу қилмоқдалар ва умид билан, сабр билан қачонлардир бизда ҳам, шаҳар ва қишлоқларимизда чиройли пиёдалар йўлакчалари, велосипед йўлакчалари қурилишини кутмоқдалар. Аммо буни пиёдалар йўлакчаси йўқ тор йўлда ҳовлиқиб машина бошқарадиганларга қани эди тушунтириб бўлса.
Умуман олганда ҳайдовчиларнинг ўзларида ҳам "бир қамчи" бор. Йўл бузуқ бўлса йўлсозларини сўкишади. Йўл таъмирланса секинроқ юрмай одам босиб ўлдиришади. Кўрмаганни кўргани қурсин дегани шу бўлса керак-да.
Комментариев нет:
Отправить комментарий