Ҳозиргина ( 29.10.2018 йил, кечки соат 20:27 да ) Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" телеграм каналида аҳолига кўмир тарқатиш ҳақида ахборот берилди.
Ўша ахборотда жумладан шундай дейилади;
"Қонунчиликка мувофиқ газ бўлмайдиган ҳудудларда аҳоли кўмир маҳсулоти билан узлуксиз равишда таъминланади.
Бунинг учун қуйидагилар амалга оширилади:
Қиш мавсумида газ бўлмайдиган ҳудудларга етарли миқдорда кўмир етказиб бериш бўйича тегишли ҳужжатлар тасдиқланади (Вазирлар Маҳкамаси – вилоят ҳокимликлари – туман ҳокимликлари);
Туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланган аҳолини кўмир билан таъминлашга оид жадвал маҳалла фуқаролар йиғинига етказилади;
Маҳалла фуқаролар йиғини келиб тушган аризаларга мувофиқ кўмирни сотиб олиш бўйича реестрни шакллантиради ва уни кўмир омборларига етказиб беради;
Кўмир омборлари маҳалла фуқаролар йиғини томонидан тақдим этилган реестрга ва тасдиқланган жадвалга асосан аҳолини кўмир маҳсулоти билан Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган нархлар асосида узлуксиз таъминлаш чораларини кўради."
Ҳуқуқий ахборот телеграм каналидаги бу маълумотларни ўқиб неча йиллардан бери табий газ бўлмаган ҳудудларда яшовчи аҳолининг кўмир олишда қийналаётганлари эсимга тушди. Очиғи, шахсан ўзим ўтган 2017 йилгача аҳолининг кўмир олишда қанчалик қийналаётганини билмаганман, кўрмаганман. Тўғри, кўмирга борган одамлар қандайдир қийинчиликлар, коррупцион схемалар ҳақида гапиришар эди. Аммо ўзимнинг бошимга тушмагани учун ўша одамлар айтган қийинчиликларни унчалик ҳис қилмаганман. Тўғри, кўмирни осонлик билан олиб келиб бўлмаслигини, қолаверса берилаётган кўмирнинг катта қисми кукундан иборатлигини кўриб, билиб юрганман. Аммо ҳаммасини ўз кўзим билан кўриб гувоҳи бўлмагунимча кўмир олиш машаққатларини танамда ҳис қилмаганман. Қолаверса охирги ўн-ўн беш йилда бир-икки марта кўмир олмаганимизни айтмаса кўмир олмаганмиз ҳисоб. Ўшанда ҳам кўмирга укам борган.
Ўтган 2017 йилда кўмирни мен олиб келдим. Аммо ўша кўмирни уйга етказиб олиб келгунча тортган азобларимни ҳозир эсласам юрагим орқамга тортиб кетади. Энг ёмони бу йил ҳам ўша азобларни тортишимни эсласам юрагим санчаяпти.
У қандай азоблар экан деб қизиқаяпсизми?
Марҳамат:
Кўмир олиш учун маҳаллага паспорт нусхалари олиб борилади. Сўнг улар сизни навбатга қўйиб қўлингизга маълумотнома беришади. Шундан сўнг неча кунлардир ўтиб туман ҳокимиятидан "бугун маҳаллаларингга фалон тонна кўмир ажратилган, бориб навбати билан олинглар" деган қўнғироқ бўлади. Шундан сўнг маҳалла раиси, унинг котиби, хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси энг аввало ўзларига тегишли одамларга "Фалон кўмир базага боринглар, бугун маҳалламизга кўмир беришади, фақат ҳаммага ошкор қилиб юборманглар, тўполон бўлиб кўмирсиз қолиб кетишларинг мумкин" дейишади. Маҳалладаги кўпчилик одамлар маҳаллага кўмир берилганини эртаси куни, кимнидир уйининг олдига кўмир тушганидан билишади.
Сиз эртаси куни эрталаб айтилган кўмир базага борасиз. Борсангиз тумонат одам. Вилоятдаги бир неча туманнинг ўнлаб маҳаллаларидан одам келган. Сиз база идорасидан кўмирни сўрайсиз ва у "маҳаллангиз раиси ёки котиби келсин, кейин сизларга кўмир берилади" дейди. Сиз кечгача кутасиз ва маҳаллангиз амалдорчаларидан ҳеч ким бормайди. База мудирига маҳаллангиздан бугун ҳеч ким кела олмаслигини, шу учун кўмирни бераверишини сўрайсиз. Аммо у рад этади. Кун бўйи совуқда ўтириб қайтиб келасиз. Эртаси куни маҳалла раисини машинангизга ёки ўзингизни машинангиз бўлмаса кўчадан киракаш ушлаб, машинага тиқиб кўмир базасига олиб борасиз. Аммо база мудири энди кўмир бера олмаслигини, сабаби кеча навбатингиз ўтиб кетганини, бугун навбатни бузса тўполон бўп кетишини тушунтиради. Шу билан маҳаллангизни кўмир оладиган биринчи навбати ўтиб кетади ва сиз кўмир ололмайсиз. Иккинчи навбатни эса яна ўн кун ёки икки ҳафта кутасиз. Ниҳоят яна ҳокимиятдан қўнғироқ бўлади ва базага жўнайсиз. Бу сафар борсангиз 20-30 нафар маҳалладошингиз ўша ерда. Қачон уйдан жўнашган, қачон етиб келишган зинҳор билолмайсиз. Маҳаллангизга ҳокимиятдан телефон бўлганда бу навбатда 40 тонна кўмир ажратилганини айтишган эди. База мудири эса 30 тонна бераман деяпти. Нечтадир вагон кўмир кам келган эмиш. Ҳақиқатдан кам келганми ёки у ўйин қилаяптими буни сиз зинҳор била олмайсиз. Сизга қўшилиб борган маҳалла раиси ёки котибининг боши қотган. Нима қилмоқ керак? Кўмир 30 тонна. Келган одам ҳам 30 тача. Лекин уларнинг ҳар бирини қўлида 2-3 тоннадан кўмирга қоғоз бор. Ўша ерда маҳалладошлар ўртасида жанжал бошланади. Бир неча соатлик жанжалдан кейин маҳалла раиси ёки котиби "кейинги навбат аниқ сизларники, ҳозир эса уйга кетаверинглар" деб бояги 30 нафар одамдан 15 тасини амаллаб уйга жўнатиб юборади. 30 тонна кўмирни эса қолган 15 та одамга 2 тоннадан бўлиб беради. Кўмир ололмай қайтиб кетганлар орасида сиз ҳам борсиз. Иккинчи марта уйга кўмирсиз қайтдингиз.
Учинчи марта навбат келганда кўмир базага олдингидан ҳам кўп маҳалладошингиз бостириб бориши мумкинлигини ва буни оқибатида учинчи навбатда ҳам кўмирсиз қолишни ўйлаб "нима қилсам экан-а?" деб бошингиз қотади. Ўйлаб-ўйлаб чорасини топасиз. Учинчи мартада сиз кўзи ожиз, ногирон бўлган қўшнингизни ўзингиз билан бирга кўмир базага олиб борасиз. Ҳужжатларингизни уни қўлига берасиз. Унинг биринчи гуруҳ ногиронлиги учун навбатсиз кўмир олиш имтиёзи бор. У "қўшним билан бирга келганман, ўзим алоҳида олиб кетсам кўмирни йўлкираси қиммат тушади" дейди ва қўшнингизни жўнатиб юбориш учун сизга ҳам кўмирни навбатсиз беришади. Ўшанда ҳам учинчи навбат куни совуқда ярим кечагача ўтириб, улгура олмай эртаси куни бориб кечки пайт олиб келасиз. Қоронғуда нима ортиб беришганини кўрмайсиз ҳам. Ярим кечада олиб келиб кўчангизга тўкдирасиз. Эрталаб туриб қарасангиз олиб келган кўмирингизнинг камида 70 фоизи кукун. "Кўчада кўмирфурушлар ҳатто кўмирнинг кукунини ҳам фалон пул сотиб юришибди. Ҳарҳолда бу ундан арзонку" деб ўзингизни юпатасиз ва ўша куни куни билан уни элайсиз. Эртаси куни эса оила аъзоларингиз ҳаво совуқ бўлишига қарамай ўзбекнинг инновацион янгиликларидан бири бўлмиш "оила шароитида, қўлда кўмир кукунидан брикет тайёрлаш усули"ни қўллаб олиб келган кўмир кукунингизни "кўмир таппи" қилиб олишади. Индини эса янги йилни бонги чалинаверади. Қаранг-а, нима бўлса ҳам амаллаб кўмир олиб қолиш ваҳимаси билан декабрь ойи тугаётганини сезмай ҳам қолибсиз. Эслатма; Баъзи йилларда сиз кўмир олиб келгунингизча янги йилнинг феврали бўлиб, бойчечак гуллашга ҳам улгуради. Ўшандай ҳолатларда қиш охирлаётган бўлса-да сиз кўмир кукунини, йўғее, кўмирни кейинги йил қиш мавсумида ёқиш учун олиб қўяверасиз.
Юқоридаги гаплар болалар мульфильмидаги Қундуз бобонинг эртаклари эмас, балки ўтган йил шахсан ўзим гувоҳи бўлган реал воқеаларнинг баёнидир. Яна тағин ҳам Жомбойдаги кўмир базанинг хўжайини мени урмоқчи бўлгани, "олиб бориб тиқиб қўймоқчи бўлгани" , яна шунингдек айнан ана шу Жомбой кўмир базада маҳалла раисингизни олиб боринг, минг навбатга туринг агар кўчадан арзонроқ нархга машина гаплашиб келсангиз навбатингиз умуман келмаслигини, лекин ўша кўмир база атрофида ўралашиб юрган ва база мудири билан ош-қатиқ бўлган шофёрлар арзимаган 50-60 км масофага 600-700 минг сўм йўлкира сўраганда ўша йўлкирага рози бўлсангиз негадир навбатсиз кўмир олишингиз мумкинлигини батафсил ёзмадим.
Мени ҳайрон қолдирадиган жиҳат шу-ки нега аҳолига кўмир етказиб бериши лозим бўлган ташкилотлар кўмирни август, сентябрь ойларида, кунлар узун ва иссиқ бўлган вақтда бошламай октябрни охиридан, ноябрни бошидан бошлайди? Мана бугун 30 октябрь, 2018 йил. Бизнинг маҳалламизда ҳали кўмир ҳақида гап йўқ. Ўтган куни маҳалла раисидан бу ҳақда сўрасам "ноябрни бошидан бизга ҳам берса керак" деди.
Ўтган йил мен кўмир олган кунимда қор аралаш ёмғир ёғаётган эди ва олиб келган кўмиримни ёмғирдан пана жойга ташиб олгунимизча у ивиб бўлди ва кейин нам тортган кўмир қиши билан тутаб чиқди ва яхши ёнмади. Бундан ҳам ёмони кўмир базаларга уч марта борган бўлсам тумонат одамлар ичида турли хил одамлар бор: Ногиронлар, қариялар, аёллар дегандай. Ҳатто улар орасида ҳомиладор аёлларни ҳам кўрдим. Уларнинг ҳаммаси ҳавонинг совуқ кунларида эрталабдан кечгача совуқда кўмир олишни кутиб ўтиришибди. Шундай экан кўмирни аҳолига август-сентябрдан бошлаб тарқатсалар мақсадга мувофиқ бўлмайдими? Қачонгача аҳоли кўмир тарқатишдаги тартибсизликлар туфайли совуқда сарсон бўлади.
Яна бир жиддий масала бу аҳолига тарқатилаётган кўмирнинг сифати. Ўтган йил уч марта бориб ўзим гувоҳи бўлдим, аҳолига тарқатилаётган кўмирнинг ярмидан кўпи кукундан иборат. Аҳолига арзон кўмир тарқатаяпмиз деб аҳолига кўмир кукунини тарқатаяптилар. Ўтган йил бир қўшнимиз 4 тоннача олиб келган кўмирини элаганда ундан бир тонна ҳам кўмир чиқмади. Ҳаммаси кукун эди. Мени ўзим олиб келганимни ҳам ярмидан кўпи кукун эди. Агар шу кўмир август-сентябрь ойларидан бошлаб тарқатилганда аҳоли кўмир кукунини ҳам сув сепиб кейин қўлда думалатиб "кўмир таппи" қилиб иссиқда қуритиб олади. Аммо ноябрь-декабрь ойларида, совуқ ва нам ҳавода олгани кўмирининг кукунини думалатиб "кўмир таппи" қилиб ололмайди. Буни биринчи сабаби совуқда кукунга сув сепиб совуқда думалатиш имконсиз бўлса, иккинчи сабаб сув сепиб думалатилгани сабабли кўмир таппи совуқда яхши қуримайди.
Умуман олганда неча йиллардан бери кузатаман аҳоли кўмир олишда турли муаммоларга дуч келмоқда. Мен юқорида ўтган йил ўзим гувоҳи бўлган воқеани зарбулмасал қилиб ёздим, аммо айнан шундай ҳолат мамлакатимизнинг аксар ҳудудларида рўй бераяпти. Шу пайтгача ижтимоий тармоқларда ҳам, кўча-куйда ҳам "мен бориб сарсон бўлмасдан кўмир олдим" деган инсонни учратмадим. У ким бўлишидан қаттий назар, зўрға юрган қариями, ҳомиладор аёлми ёки ногиронларми, ҳамма-ҳаммаси кўмир олишда сарсон бўлмоқда. Эшитаяпмиз, жойларда аҳолига озгина кўмир тарқатилиб, қолгани тарқатилди деб ҳужжатлаштирилиб кўча-куйларда кўмир сотиб кўмирфурушлик билан шуғулланадиган кимсаларга бериб юборилаяпти.
Умуман олганда аҳолига кўмир тарқатиш ишларига масъул бўлган ташкилотлар ва шахсларга саволим бор; Қачон биз одамга ўхшаб сарсон бўлмасдан бемалол кўмир оламиз? Қачон биз одамга ўхшаб тузукроқ, сифатилироқ кўмир оламиз? "Келаётган кўмирнинг бори шу" деманг. Кўча-куйда кўмирфурушлик қилаётган кимсаларнинг сотаётган кўмирида кукун умуман йўқ. Хўш, улар қайердан олаяпти сифатли кўмирни? Бу саволларимга жавоб бера олармикинсизлар?
Неча йилдан бери тегишли ташкилотлар мен юқорида келтирган муаммоларни атрофлича ўрганадилар ва аҳолига кўмир тарқатишда енгилликлар жорий этадилар деб умид қиламиз. Аммо ўзгариш йўқ. Ҳар ўша репуртуар, ҳар йил ўша қўшиқ. Бир кун келиб аҳвол ўзгарар, аммо қачон?
П.С. Шу жумлаларни ёзиш жараёнида қишлоғимиз ҳудудидаги мактаблар аҳволини ўргандим. Қишлоғимиздаги олтита мактабнинг биронтасига ҳали кўмир берилмаган. Буни қандай тушунишни ҳам билмайман. Ҳаво совуганда мен ҳовлимдаги дарахтни кесиб ёқиб турарман, аммо мактабларда болалар совуқ синфхоналарда қандай ўтиришади, қандай дарс ўтишади билмайман. Балки буни ҳанузгача мактабларга кўмир бермаган мутасаддилар билишар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий