понедельник, 15 октября 2018 г.

Йўл муаммоси.

Чет эл киноларини кўриб биласизми нимага ҳавас қиламан? Йўлларига. Ҳа, текис ва равон йўлларига,  "қани эди бизда ҳам шундай йўллар бўлса эди" деб ҳавас қиламан. Ҳаммамизга маълум биз автосаноатда бошиданоқ ён-атрофимиздаги давлатлардан фарқли равишда бошқа йўлдан кетдик. Ўз автосаноатимизни ташкил этиб чет элдан кириб келадиган эски машиналарни мамлакатимизга кириб келишини чеклаб қўйдик. Бу яхши иш бўлдими ёки ёмонми билмайман, аммо кўчаларимизда эски шалағи чиқиб кетган автоуловлар камайиб асосан ўзимизда ишлаб чиқарилган янги машиналарнинг юргани бу ҳақиқат.  Аммо, мамлакатимизнинг аксар шаҳар ва қишлоқларида ана шу янги машиналарга мос йўлларнинг йўқлиги одамни бироз ҳафсаласани пир қилади. Тўғри-да, фалон пулга янги машинани олсанг-у уни олиб бориб қишлоғингнинг тош ёки лой йўлларида ёзда чанг, қишда эса лойга ботиб ҳайдасанг алам қилмайдими?  Ана шундай ҳолатларда  қиммат машина минадиганларга раҳмим келади.
Қишлоқлардаги ички йўлларни ёзмай қуя қолай, аммо  республика аҳамиятига эга бўлган кўпгина йўлларнинг ҳам аҳволи хароб бўлиб қолгани бугун ҳеч кимга сир эмас.  
Қўйидаги мурожат ҳам ана шундай йўллари хароб аҳволда қолаётган инсонлар томонидан қилинган.

"Республика аҳамиятига эга бўлган "Ургут-Булунғур йўлининг қишлоғимиз ўртасидан ўтган "Торинжак" ва "Испанза" участкаларидаги 4-5 км.лик қисмининг асфальти бузилиб тош йўл бўлиб қолганига ҳам 15 йилдан  ошди. Аммо уни таъмирлаш шу пайтгача ҳеч кимни эсига келмасди. 2017 йилда мамлакатимиз бўйлаб ҳар бир вилоятда, ҳар бир туманда қанча йўл асфальт қилиниши белгилаб берилганда қишлоқ аҳли ҳам ёки шу йўлдан фойдаланадиганлар ҳам "ниҳоят йўлимизни таъмирлаб беришади" деб хурсанд бўлгани ҳам рост. Аммо улар беҳудага хурсанд бўлишган экан. 2017 йилда туман йўлсозлари ушбу йўлни батамом тоши чиқиб кетган жойларини бир қисмини, бир жойда 50 метр, яна  бир жойда 100 метр дегандай  асфальт қилишди. Қолган қисми қолиб кетди.   Асфальти бироз тузук сақланган аммо чуқур ўралари бор жойлар таъмирланмасдан қолиб кетди. Бу йил ҳам қишлоқ аҳлининг бир неча бор қилган оғзаки мурожатидан сўнг ўтган йилгидай йўлнинг асфальти батамом бузилиб кетган яна бир қисми асфальт қилинди. Яна бироз қисми ҳанузгача навбатини кутаяпти. Ўтган йилдан қолиб кетган камида 15  йиллик чуқур ўралари ҳанузгача турибди.
Йўлнинг республика аҳамиятга эгалиги ва туман аҳолисининг катта қисми туман марказига чиқиш учун шу йўлдан фойдаланиши бу йўлни таъмирлашни кечиктириб бўлмаслигини, қолаверса  ушбу йўлнинг бор йўғи 4-5 км таъмирталаб эканлиги бу йўлни осонгина таъмирлаб қўйиш мумкинлигини англатади. Аммо негадир йўлсозлар буларни инобатга олмаяптилар.

Охири йўлсозларнинг маъсулиятсизлигидан безган қишлоқ одамларининг тавсияси билан шу йилнинг 13 сентябрь куни шу йўлнинг таъмирланиши юзасидан Президент порталига қўнғироқ қилиб мурожат қилишга мажбур бўлдим. Шундан сўнг орадан бироз ўтиб туман йўл бошқармаси ходимлари мендан идораларига келиб кетишни сўрашди. Шу ерда эслатиб ўтишни жоиз деб билдим, аслида ташкилот ходимлари муаммони жойига  келиб ўрганишлари ва бартараф этишлари керак эмасмиди? Йўқ, Ургут тумани йўлсозлари шунчалик кучайиб кетишибди-ки улар муаммоли йўл ҳақида Президент порталига мурожат қилган мени олдимга ўзлари келмай, мендан идораларига келиб кетишни сўрашаяпти. Мен уларга керак бўлса ўзларинг келинглар деб жавоб бердим.
24 сентябрь куни улар маҳалламизга келиб маҳалла котибига "келдик, муаммони ўргандик, 5 октябрдан иш бошлаймиз ва йўлни таъмирлаб берамиз" деб ёзилган қоғозларига қўл қўйдириб кетишибди. Менга эса учрашганлари ҳам йўқ.
Мана бугун 15 октябрь, йўлсозларнинг иш бошлаймиз деган кунидан ҳам ўн кун ўтди. Аммо ҳанузгача ишни бошлашгани йўқ.
Воқеалар тафсилотидан келиб чиқсак йўлсозлар бу йил шу йўлни таъмирламоқчи эмаслар деб тахмин қилаяпмиз. Умуман олганда йўлсозларнинг бундай маъсулиятсиз фаолият олиб боришларини ким назорат қилади?
Катта бир туманнинг учдан бир аҳолиси фойдаланадиган республика аҳамиятига эга бўлган йўл жаҳон андозасида бўлмаса-да мундайроқ бўлса ҳам қачон таъмирланади? Гап бу ерда 20-30 км эмас, балки бор йўғи 4-5 км йўлдан кетаяпти. Наҳотки арзимаган шу йўли таъмирлаб қўйиш шунча қийин бўлса?
Қолаверса Тожикистон республикаси билан алоқаларимиз яхшиланиб, Ургут туманида жойлашган "Жартепа" чегара ўтиш масканининг очилиши ушбу йўлнинг аҳамиятини янада оширди. Сабаби Тожикистон Республикасидан туманимизга кириб келадиган меҳмонлар асосан шу йўлдан юрадилар. Шу пайтгача ушбу йўлдан туманимизга меҳмонга келаётган тожикистонликлардан "йўлларингни шу қисми ўта хароб экан, наҳотки шуни таъмирлаб қўйиш шунчалик қийин бўлса" деган гапларни бир неча бор эшитдик. Аммо туман йўлсозлари бу йўлнинг аҳамиятини инобатга олмаяптилар ва йўлнинг таъмирланишини ортга сураяптилар.
Ҳурматли xabar.uz  илтимос, шу масалада ёрдам берсанглар. Ҳурмат билан Ҳиммат Ахмедов. Самарқанд вилояти, Ургут тумани, Испанза қишлоғи, Жайратепа МФЙ."

Ушбу мурожатни ўрганар эканмиз мурожатда қаламга олинган йўлнинг аҳволи ҳақиқатдан ҳам хароб эканлигини гувоҳи бўлдик. Ургут йўлсозлари ўтган 2017 йилда ҳам, жорий 2018 йилда ҳам ушбу йўлнинг бир қисмини таъмирлашган. Аммо барибир йўлнинг аҳволи анча ёмон.
Буни суратлардан ҳам билиб олсанглар бўлади.
Биз ушбу йўлни таъмирланиши масалаласида Ургут йўлсозларидан ҳам, қолаверса Самарқанд вилояти ва Республика йўл таъмирлаш бошқармаларидан жавоб кутиб қоламиз.

Яна бир нарсани таъкидлаб кетишни хоҳлар эдим. Биз юқоридаги мурожат тилга олинган кўчани аҳволини ўрганар эканмиз шу йўл ўтган қишлоқ аҳолисининг ҳам йўлга муносабати ўта ёмонлигини кўрдик. Аксарият жойларда тротуар йўл ёқасида яшайдиган одамлар томонидан эгаллаб олинган экан. Яна бир нечта жойда йўлнинг бузилиб тоши чиқиб кетиши билан қизиқсак аҳоли ўша ерни асфалтини ўйиб йўлнинг бу тарафидан нариги тарафига қувур ўтказган ва кейинчалик шу жойларнинг асфалти батамом ўйилиб кетган ва бу ишлар ҳақида одамларга ҳеч ким тушинтириш ишларини олиб бормаган экан. Мутасаддилардан ушбу йўл масаласида жавоб кутиш билан биргаликда ушбу ҳудудда яшаётган аҳолига йўллар четидаги тротуарлар ва йўлни бузиб қувур ўтказиш ишларини масаласида тушунтириш ишлари олиб боришади деб умид қиламиз.

Комментариев нет:

Отправить комментарий