Мени телевизорда энг ёқтириб томоша қиладиган кўрсатувларим бу – дунёнинг турли мамлакатларини, шаҳарларини, табиатини кўрсатадиган кўрсатувлардир. Ундай кўрсатувларни ўзим худди ўша мамлакатлар ёки шаҳарларда юргандай тасаввур қилиб, кўрсатувни ичига кириб кетгудай бўлиб томоша қиламан. Ана шу кўрсатувларни томоша қилар эканман, кўпинча мени диққатимни Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги араб мамлакатларидаги турли ҳунармандлар ўз буюмларини сотадиган бозорлар диққатимни тортади. Ўша бозорларда фақатгина ҳунармандлар буюмлари, халқ амалий санъати буюмлари сотилади ва айнан ана шу бозорлар ўша мамлакатларга келаётган сайёҳларни оҳанграбодай ўзига тортади.
Мен, интернет олами билан илк бор 2006 йилда танишганман. Ўшанда интернетда Гуугл қидирув тизимидан "қани, нимадир маълумот чиқиб қолармикин?" деб маҳалламни номини ёзиб маълумот қидирдим. Қарасам,уч-тўртта маълумот бор экан. Бирида юселл компаниясининг маҳалламизда антенна ўрнатгани, яна иккита хабарда эса ўша пайтдаги маҳалламиз раиси Самарқанддаги тадбирда қатнашиб, интервью бергани ҳақида экан.
Кейин Ургут деб қидирув бердим. Шунда турли тилларда Европа мамлакатларида фаолият юритадиган сайёҳлик компаниялари, фирмалари томонидан киритилган бир дунё маълумотлар чиқиб келди. Эътиборимни тортгани шу бўлди-ки, уларнинг аксариятида "Ургут – Самарқанддан 38-40 км узоқликда жойлашган шаҳарча. Бу ерда жойлашган бозорда ҳунармандлар томонидан қўлда ясалган турли қизиқарли буюмлар, сўзаналар бор" деб маълумот берилган. Эслайман, ўша пайтларда кўплаб сайёҳлар ўша бозорни таърифини ўқиб, эшитиб Ургутга келишар эди. Ўша пайтда буюм бозори эски ўрнида эди. Ўша бозорда тартиб йўқ, ҳаммаси қоришиб, аралашиб кетган эди. Аммо, бозор ўшандоқ тартибсиз ҳолатида ҳам халқ ҳунармандчилик буюмлари туфайли сайёҳларга қизиқарли эди. Кейинчалик буюм бозори ҳозирги янги ўрнига кўчирилди. Унинг бир чеккасида ҳунармандлар учун ўзлари тайёрлаган нарсаларини сотадиган расталар қилинди. Аммо, энди назаримда сайёҳлар кам келаётгандай. Сабаби, буюм бозори жудаям катта ҳудудга жойлашган. Ҳунармандлар растаси эса ўша бозорнинг энг охирида жойлашган. Уларнинг олдига бориш учун замонавий кийим- кечаклар сотиладиган расталар ва дўконлар оралаб бориш керак. Албатта, ҳунармандларимиз тайёрлайдиган турли буюмлар сайёҳларни қизиқтирса ўзлари қидириб бораверади. Аммо...
Ҳозир нафақат Ургутда, балки бошқа жойларда ҳам турли ҳунармандлар ўта тарқоқ ишлашаяпти. Уларнинг савдо қиладиган жойлари ҳам жуда тарқоқ жойлашган. Масалан, Ургутда темирчилар, тунукасозлар, бешикчилар, кулоллар шаҳарнинг турли томонларида фаолият юритадилар. Дўппи, чопон, турли кашталар сотадиганлар эса янги бозор ҳудудида. Шундан келиб чиқиб, турли туманларда жойлашган буюм бозорларига туташ қилиб ёки алоҳида бозор қилиб, кириб-чиқиш қулай жойлардан ҳунармандлар учун алоҳида расталар қилиб берилса яхши бўлар эди. Яъни, ҳунармандлар ўз маҳсулотларини хоҳлаган жойларида тайёрлайверсинлар: кимдир уйида, кимдир устахонасида, яна кимдир касаначилик корхонасида. Шунчаки уларни сотишни алоҳида бир катта растага тартиб билан жойлаштиришса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Мабодо, шу растага ташриф буюрган сайёҳни ишлаб чиқариш жараёни қизиқтирса, уни олиб бориб жараён кўрсатилавериларди.
Эсимда, бундан ўн йилча олдин Шимолий Африкадаги араб давлатларидан бирини телевизорда кўрган эдим. Уларда, мен юқорида таклиф этаётган алоҳида ҳунармандлар, халқ амалий санъати расталарига ўхшаш расталарнинг 300 йил, ҳатто 500 йилдан бери сақланиб келаётганлари бор экан. У расталар сайёҳлар билан доим гавжум бўлар экан. Агар бизда ҳам туман марказларида ана шундай расталар қурилса сайёҳларни анча жалб қилар эди. Ўша расталарни қуришда архитектураси ва бинолари чиройли, пишиқ ва албатта тарихийликдан келиб чиқиб, узоқ йиллар хизмат қиладиган қилиб тикланса янада яхши бўлади. Агар ўша алоҳида бозор ёки расталарда ҳунармадлар учун ишлаш шароити ҳам қилиб берилса ва турли ҳунармандчилик маҳсулотлари сайёҳларнинг кўз ўнгида тайёрланса ва улар жараён билан бевосита ўша жойнинг ўзида танишсалар янада мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ҳунармандлар учун алоҳида бозорлар қилиб бериб, ҳудудларга янада кўпроқ сайёҳларни жалб қилса бўлади деб ўйлайман. Ўйлайманки бу таклифимни Ўзбектуризм ва жойлардаги мутасаддилар эътиборга оладилар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий